Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ҳаётларини ўрганар эканмиз, у кишининг ақл-заковатлари, илмлари, тадбиркорликлари, уддабуронликлари ва ҳар қандай вазиятда ҳам ўзларини йўқотиб қўймасликларига қойил қоламиз. У кишининг бундоқ фазилатлари айниқса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан боғлиқ ишларда яна ҳам очиқ-ойдин зоҳир бўлади.
Аммо бир ҳодисада Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ўзлари нима қилишни билмай қолганларини ўз тиллари билан иқрор бўлиб айтадилар. Ўша ҳодисада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шарафлари масаласи ўртага қўйилган эди. Бунда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг оилалари бир тараф эди. Шунинг учун ҳам у киши нима қилишни билмай, лол қолган эдилар.
Бу «Ифк ҳодисаси» эди. Бу ҳодиса Бани Мустаълиқ жангидан қайтишда бўлиб ўтган эди. Мунофиқлар бўҳтон йўли ила Оиша онамизни Сафвон ибн Муъаттал розияллоҳу анҳу билан зинода айблаб, гап-сўз тарқатган эдилар. Бу Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу учун оғир мусибат эди. У киши ўз қизлари туфайли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туҳмат бўлганидан ғоятда оғир ҳолатда қолган эдилар.
Келинг, ҳодисанинг худди шу мавзуга тегишли парчасини Оиша онамизнинг ўзларидан эшитайлик: «Ўша кунни ҳам йиғлаб ўтказдим. Кўзимдан ёш тинмади, уйқум ҳам келмади. Кечаси билан ҳам йиғлаб чиқдим. Ота-онам олдимда эдилар. Икки кечаю бир кундуз йиғладим. Йиғлайвериб, жигарим ёрилиб кетса керак, деб ўйлардим.
Ота-онамнинг олдиларида йиғлаб турган чоғимда ансориялардан бири киришга изн сўради. Унга изн бердим. У ҳам ўтириб, менга қўшилиб йиғлай бошлади.
Биз шу ҳолатда турганимизнинг устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар. Ўтирдилар. Мен ҳақимда гап-сўзлар айтилгандан бери ёнимга кирмаган эдилар. У кишига менинг ишим ҳақида бир ой ваҳий келмай туриб қолди. Ўтирганларидан кейин ташаҳҳуд айтдилар ва сўнг: «Менга сен ҳақингда шу-шулар етди. Агар сен беайб бўлсанг, Аллоҳ таоло сени албатта оқлайди. Агар гуноҳга яқинлашган бўлсанг, Аллоҳга истиғфор айт, Унга тавба қил. Чунки банда гуноҳини эътироф этиб, тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул этади», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларини тамом қилишлари билан кўз ёшим таппа-тақ тўхтади. Отамга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айт¬ган гаплари учун жавоб беринг», дедим. У киши: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алай¬ҳи васалламга нима дейишни ҳам билмайман», дедилар.
Кейин онамга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беринг», дедим. Онам ҳам: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алай¬ҳи васалламга нима дейишни ҳам билмайман», дедилар.
Мен ҳали ёш эдим, Қуръондан ҳам кўп ўқимагандим, ўзим гап бошладим: «Аллоҳга қасамки, билишимча, мен ҳақимда одамларнинг гапларини эшитдинглар. У гаплар кўксингизга жойлашиб қолди. Унга ишондинглар ҳам. Агар сизларга, “мен беайбман”, десам ҳам, бунга ишонмайсизлар. Агар мен бир ишни эътироф қилсам, Аллоҳ билиб турибдики, мен беайбман, сиз буни тасдиқ этасиз. Аллоҳга қасамки, мен билан сиз ҳозир худди Юсуфнинг отасига ўхшаймиз, у айтган гапларни эсланг: «(Менинг ишим) гўзал сабр қилишдир. Сизлар васф қилаётган нарсада эса, Аллоҳнинг Ўзи ёрдам сўралгувчидир», дедим.
Сўнгра бориб, жойимга ётиб олдим. Ҳолбуки, ўша пайтда, Аллоҳга қасамки, ўзимнинг беайб эканимни, албатта Аллоҳ мени оқлашини билар эдим. Лекин Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг мен ҳақимда тиловат этиладиган ваҳий туширишини гумон ҳам қилмаган эдим. Ўзимча, менинг ишим Аллоҳ таоло нозил этадиган тиловат қилинувчи нарсага арзимайдиган иш, деб ўйлар эдим. Лекин ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир туш кўрсалару, ўшанда Аллоҳ мени оқласа, дердим. Аллоҳга қасамки, у зотга ҳали жойларидан қимирламай, аҳли байтдан бирортаси ташқарига чиқмай туриб, Аллоҳ ваҳий нозил қилди. У зот ваҳий келганда тушадиган ҳолатга тушдилар. Сўнгра кулиб, оддий ҳолатларига қайтдилар. У зотнинг биринчи айтган гаплари менга: «Эй Оиша! Аллоҳга ҳамд айт! У сени оқлади!» дейиш бўлди. Шунда онам менга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ўрнингдан тур!» дедилар.
Мен: «Аллоҳга қасамки, мен у кишига ўрнимдан турмайман. Аллоҳдан ўзгага ҳамд ҳам айтмайман. Менинг оқловимни нозил қилган Зот Удир», дедим».
Тарихда «Ифк ҳодисаси» номи ила машҳур бўлган бу ҳодисадан бутун дунё ларзага тушган. Ифк, яъни гапни бошқа томонга буриш, иғво, бўҳтон, туҳмат уйдириш мана шундай ёмон нарсадир. Мунофиқларнинг тўқиган ифки туфайли нималар бўлмайди, дейсиз!
Ифк (бўҳтон) ҳар қандай шахсни ҳам, ҳар қандай жамиятни ҳам катта ташвишга, ларзага солади. Ифк катта-кичикни ажратиб ўтирмайди, кимга нисбатан уюштирилса, ўша одамни ташвишга солади. Хаёлини паришон қилади.
Дунёдаги энг пок аёллардан бири, энг вафоли ёстиқдошлардан биттаси, мўминларнинг покиза онаси, Сарвари оламнинг суюкли жуфти ҳалоллари, Сиддиқнинг қизи сиддиқа Оиша онамиз ифкка учраб, гап-сўзга қолдилар. Ўзларининг покликларини очиқ-равшан билиб турганларига қарамай, бу бўҳтондан юрак-бағирлари тилка-пора бўлди. Икки кечаю бир кундуз тинмай йиғладилар. Агар Расули акрам келиб, гап бошламасалар, Аллоҳ билади, яна қанча йиғлар эдилар.
Бу ифк Абу Бакр Сиддиқдек улкан саҳобийни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин дўстларини ҳам паришон қилди. У киши жигар¬гўшалари Оиша онамиз йиғлаб келганларида нима қилишни билмай қолдилар. Ҳолбуки, Абу Бакр Сиддиқ ҳаммага маслаҳат бериб, йўл-йўриқ кўрсатиб юрадиган одам эдилар. Оиша онамиз у кишига мурожаат қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига жавоб беришларини сўраганларида «Нима дейишимни билмайман», дедилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳеч бўлмаса Оиша онамиз розияллоҳу анҳонинг оқловлари Қуръони карим орқали собит бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга табрик учун бўлса ҳам бирор оғиз сўз айтиб қўйишлари мумкин эди. Лекин шу нарсани ҳам қила олмадилар. Чунки қисқа муддатга бўлса ҳам ўша гап чиқишининг ўзи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ташвишга солиб қўйганининг ўзи у кишининг тилларини боғлаб қўйган эди. У зотнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари ана шундай қиёси йўқ даражада эди.
Ифк ҳодисаси Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг яна бир фазилатлари юзага чиқишига сабаб бўлди. Бу Аллоҳ таолонинг розилиги учун ҳар қандай нарсага тайёр туриш фазилатидир. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ўзларининг бундоқ тайёргарликларини Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга бўлган муносабатларида кўрсатдилар. Авваллари у киши Мистоҳ ибн Асосага қариндош бўлгани ва фақирлиги учун нафақа бериб турардилар. Ифк ҳодисаси бўлганда Оиша онамиз ҳақида ножўя гаплар айтган оз сонли кишилар орасида Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳу ҳам бўлганлар.
Келинг, яна Оиша розияллоҳу анҳога қулоқ осайлик. У киши бу ҳақда қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр: «Аллоҳга қасамки, Оиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», деди. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди: «Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, афв этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли Зотдир».
Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мис¬тоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар». Бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу олдин Мистоҳ ибн Асоса розияллоҳу анҳуга хайри эҳсонни бировлардан бериб юборар эканлар, бу ҳодисадан кейин эса, шахсан ўзлари олиб борадиган бўлган эканлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ана шундоқ зот эдилар. Бу ишни қилишга кўпчилик ўзида журъат топа олмайди. Айниқса, оталарда қизларини гап-сўз қилганларга қарши алоҳида наф¬рат пайдо бўлади. Бу нафрат умри охиригача ҳам кетмайди. Ўз қизини ноўрин гап-сўз қилган одамга унинг айби собит бўлганидан кейин аввалгидан ҳам зиёдроқ яхшилик қилиш учун Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу каби инсон бўлиш керак.
ҲУДАЙБИЯ СУЛҲИДА