Аллоҳ намоз ўқиганим учун азоблайдими? Принтер учун
18.06.2014 й.
Саид ибн Мусайяб р.а. бир кишининг тонг отгандан сўнг икки ракатдан ортиқ намоз ўқигани ва унда узоқ рукуъ ва сажда қилганини кўриб, уни қайтарди. (Чунки у киши тонг отгандан кейин бомдоднинг суннатидан ташқари яна нафл намоз ўқиган эди. Динимизда эса тонг отгандан то қуёш чиққунга қадар бомдоднинг суннатидан бошқа нафл намоз ўқиш мумкин эмас.) Шунда ҳалиги киши Саид ибн Мусайяб р.а.га қараб: “Эй Абу Муҳаммад, Аллоҳ мени намоз ўқиганим учун азоблайдими?”, деди.
Саид ибн Мусайяб: “Йўқ, лекин суннатга хилоф қилганинг учун азоблайди”, деди. (Имом Байҳақий р.а. саҳиҳ санад билан ривоят қилган)
Жуда ажойиб жавоб. Саид ибн Мусайяб р.а. бидътчиларга қарши кескир қилич эдилар. Бугунги кунда ҳам баъзи бидъат ишлари ҳақида гапирилса, улар: “Бу ҳам намозку, нима бўлибди, ахир ибодат қиляпмизку!”, деган жавобни беришади. Масалан: фалон кечада юз ракат намоз ўқиш керак, ҳар ракатида бунча марта ихлос сурасини ўқиш керак каби суннатда ворид бўлмаган намозлар ва шунга ўхшаш бошқа бидъатларни динга нисбат бериб гапиришади. Динимиз ҳамма нарсада шомил ва комил диндир. Аллоҳ таоло бирор нарсани унутиб қолдирмаган. “Китобга ҳеч нарсани қўймай (яъни, унутиб қолдирмасдан) ёзганмиз.” Анъом;38
Яъни, инсонлар дин ишларида эҳтиёж сезадиган барча нарса Қуръони каримда баён қилинган. Бирортасини унутилиб, камчиликка йўл қўйилмаган. Пайғамбаримиз с.а.в. ҳам ваҳий орқали қандай қабул қилган бўлсалар омонатга хиёнат қилмасдан тўлиқ, бекаму кўст худди шундай етказганлар. Шунинг учун бирор ибодатни ёки ишни қиладиган бўлсак, аввало Қуръони карим ва суннатни яхши тушунган мўътабар уламоларимизнинг китобларига мурожаат қилайлик, шунда ибодатларимиз тўғри бўлади. Шунингдек вақтимизни ҳам савоб бўлмайдиган, аксинча гуноҳ бўладиган баъзи бидъат “ибодатларга” сарфлаб исроф қилишдан асраган бўламиз.
Бидъатчининг тиришиши қанчалар зиёда бўлиб борса, унинг Аллоҳ таолодан узоқлашиши ҳам шунчалар зиёда бўлиб боради, дейилган. Энг ёмони бидаътга берилган киши тавбага тавфиқ қилинмас экан. Чунки бидъатчи тавбага тавфиқ бўлиши учун қилаётган амали нотўғри эканини билиши керак бўлади.
Демак, ихлос билан қилаётган амалларимизга назар солиб кўрайлик, шариатга мувофиқми ёки йўқми? Билмасак, биладиган мутахассислардан сўраб олайлик. Чунки жонимизу-молимизни сарфлаб ихлос билан қилган амалларимизга Қиёмат куни ҳеч нарса берилмаса, аянчли ҳолатда қоламиз.

Сидиқметов Қудратуллоҳ

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz