ОДАМЛАРНИНГ ОРАСИНИ ИСЛОҲ ҚИЛИШ Принтер учун
08.04.2007 й.

Исломда мусулмон киши ўзи тўғри йўлдан юриб, зарарли нарсалардан четда туриб, фақат ўзини-ўзи тузатиш билан овора бўлиб қолишга яхшилик деб қаралмайди. Балки ҳақиқий мусулмон одамлар орасида ҳам ислоҳ ишларини олиб бориши зарур. Одамлар орасини ислоҳ қилиш, мусулмончилик ғояларидан биридир. Чунки икки шахс орасидаги адоват бориб-бориб икки тараф орасидаги адоватга айланиши турган гап. Кўпчилик халқлар ўзаро келишмовчилик натижасида бир неча жамоаларга бўлиниб кетади, улар орасида келишмовчилик авж олиб, ҳатто беҳуда қон тўкилишига ҳам сабаб бўлади.

Одамлар орасини ислоҳ қилиш олий даражадаги инсоний сифатлардан бўлиб, бу нарса фақат пок қалблардан чиқади. Одамларнинг орасини тузатиш, ҳар бир жамиятга кўп яхшилик ва манфаатлар келтиради, унинг аъзоларини жипслаштиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ мўминлар орасини ислоҳ қилишга буюрган. «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг» («Ҳужрот» сураси, 10-оят). Қуръон, шунингдек, эр-хотин орасини ислоҳ қилишга ҳам чақирган: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради» («Нисо» сураси, 35-оят). Аллоҳ одамлар орасида ислоҳ қилиш савобини баён қилиб шундай дейди: «Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, яхшилик бор. Ким ўша ишни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz