
Мазкур Кувайт давлатида бўлиб ўтган илмий анжуманда иштирок этган меҳмонлар ўз қавмларига «Васатия – ҳаёт йўли»ни қандай қилиб баён қилишлари ҳақида сўз бошладилар. Гап «Васатия» сўзининг таржимасига келиб тўхтади. Шунда бошқа тилларда бу сўзни таржима қилиш имкони йўқлиги аён бўлди. Баъзилар олдин «Васатия»ни ёзиб қавс ичида унга яқинроқ сўзни қўшиб қўйишни таклиф қилди. Бошқалар яна ўзига хос фикрларни ҳам қўшдилар.
Биз «Васатия»ни мўътадиллик деб таржима қилмоқдамиз аммо «мўътадиллик» ҳам арабча сўз дедим, менга савол назари билан қараган суҳбатдошларга ва бу борадаги бошқа баъзи фикрларимни, жумладан, қуйидагиларни ҳам айтдим:
«Аллоҳнинг китоби Қуръони Карим мўъжиздир. Унинг ҳар бир калимаси ўзига хос маънони касб этади ва ўз ўрнида ишлатилган бўлади. Агар бирор сўзни ўрнига бошқасини ишлатилса ёки сўзларнинг жойи алмаштирилса маънога футур етади. «Васат» сўзи ҳам шундай. Бу сўзнинг маъносига назар соладиган бўлсак, ўрта, мўътадил, тўғри, адолатли, энг яхши каби маъноларни англатишини кўрамиз. Аммо оятдаги «Васат» сўзининг ўрнига унинг шарҳ қилиш учун ишлатилган сўзлардан бирортасини қўядиган бўлсак, маъно тўлиқ бўлмай қолади. Чунки «Васат» сўзи уларнинг барчасининг қўшма маъносини ифода этади. Мисол учун «Васат» сўзининг ўрнига «Мўътадил»ни қўйсак, ўрта, тўғри, адолатли ва энг яхши деган маънолари йўққа чиқиб қолади. Бошқа сўзлар ҳақида ҳам худди шуни такрорлашимиз мумкин. Демак, биз «Васат» сўзини кишиларимизга шарҳ қилиб бериб, кейин ўзини таржима қилмай ишлатаверишимиз керак бўлади».
ВАСАТИЯНИНГ МАЪНОСИ ВА ТАЪРИФИ
Васатия соф арабча сўз бўлиб унинг луғавий ва истилоҳий маънолари бордир.
Васатиянинг луғавий маъноси:
Васатия араб тилидаги «васат» ўзагидан олинган бўлиб, луғат китобларида бу сўз кенг таҳлил қилинган.
Имом Исмоил ибн Ҳаммод ал-Жавҳарий ўзининг «Сиҳоҳ» номли машҳур луғат китобида жумладан қуйидагиларни келтиради:
«Васат ҳар бир нарсанинг энг тўғриси ва адолатлисидир (3-жуз. 1167-бет)».
Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Дурайд ал-Аздий ўзининг «Жамҳаратул Луғати» номли китобида келтиради:
«Васат ҳар бир нарсанинг ўртасидир. Фалончи ўз қавмининг васатидан дейилгани уларнинг аъёнларидан деганидир. Сирғанинг васати дегани унинг энг қимматли гавҳари ёпиштирилган еридир. Одамларнинг васати дегани уларнинг яхшиси деганидир (3-жуз. 29-бет)».
Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Али ал-Фаююмий ўзининг «ал-Мисбоҳул Мунийр» номли китобида ёзади:
«Васат мўътадил деганидир».
Аллома Муҳаммад ибн Яъқуб Муҳаммад Ферузободий ўзининг «ал-Қомус ал-Муҳийт» номли китобида ёзади:
«Васат ҳар бир нарсанинг энг адолатлиси ва энг яхшисидир. (Биз сизни васат уммат қилдик) яъни, энг адолатли ва энг яхши» (893-бет).
Васатиянинг таърифи:
Доктор Аҳмад Умар Ҳошим ўзининг «Васатиятул Исломи» номли китобида қуйидаги таърифни келтиради:
«Васатия истилоҳда шахснинг ҳаддан ошиш ва камчилик содир этиш тарафларига оғиб кетишдан сақлайдиган мақтовли ҳолатдир. Бошқача қилиб айтганда у икки тараф орасида бири биридан устун бўлиб кетмайдиган тарзда мувозанат ва адолатни сақлашдан иборатдир. Бунда чегарадан чиқиш ёки нуқсонга йўл қўйиш, ашаддий қаттиқ олиш ёки ўта бўй қўйиб юбориш бўлмайди. Балки афзалига, адолатлисига, яхшисига ва мукаммалига эргашилади» (7-бет).
Аллома Юсуф Абдуллоҳ Қаразовий ўзининг «ал-Хасоисул Омма лил-Ислом» номли китобида васатияни қуйидаги таърифини келтиради:
«Васатиянинг ўрнига «мувозанат» иборасини ишлатиш ҳолатлари ҳам бор. Бу билан икки бир-бирига қарши тарафлар орасида ўртамиёналик ва адолатни ирода қилинади. Токи улардан бири ўз тасирини ўтказиб бошқасини йўққа чиқармасин. Тарафлардан бири ўзига тегишли ҳақдан кўпни олиб қарши тарафга устинлик қилмасин ва уни йўқ этмасин. Қарама – қарши тарафлар дейилганда руҳонийлик ва моддийлик, якка шахс ва жамоат, воқеъийлик ва хомхаёл, собитлик ва турғинсизлик каби нарсалар кўзда тутилган бўлади. Мазкур қарама – қарши нарсалар орасида васатийликнинг жорий қилиш уларнинг ҳар бирига ўзига яраша ва керакли имкон бериш ҳамда бунда зарар етказиш ва чегарадан чиқиш, ҳаддан ташқари қаттиқ тутиш ва ҳаддан ташқари бўш қўйиб юбориш ҳолатларига йўл қўймаслик ила бўлади» (115-бет).
Бир неча Ислом Фиқҳи Академияларининг аъзоси, кўзга кўринган фақиҳ доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий жаноблари ўзларининг «ал-Маолим ваз-Завобити фии мафҳумил васатия» номли мақолаларида васатияни қуйидагича таърифлайдилар:
«Васатия бизнинг замонимизда тарқалган одатга биноан эътиқод, ўзини тутиш, низом, муомала ва ахлоқдаги мўътадилликни англатади. Бу эса ўз навбатида Ислом мўътадил дин бўлиб ҳақиқатлардан бирортасида четга чиқишга ёки ҳаддан ошишга йўл қўймаслигини англатади. Исломда динда ҳаддан ошиш ҳам, эътиқодда бир тарафлама ва ғайритабиий бўлиш бўлиш ҳам, ҳаддан ташқари қаттиқ олиш ҳам, жуда бўш қўйиб юбориш ҳам йўқ деганидир…».
Кувайтлик уламолардан шайх Аҳмад Ҳусайн Аҳмад Муҳаммад жаноблари ўзиларининг «ал-Васатия ва ҳазоратул Исломи» номли илмий баҳсларидан васатияни қуйидагича таърифлайдилар:
«Васатия мусулмон киши ўзига қабул қилиб оладиган исломий сифатлардан бир сифат эмас. Васития ҳақиқатни айтадиган бўлсак, айни Исломнинг ўзидир. Васатия Исломдир. Ислом васатиядир.
Васатия дин ва дунё ишларидаги тавозундир. Ҳаддан ошиш ҳам, ҳаддан тушиш ҳам эмас.
Васатия адолат ва мўътадилликдир. Қанаб тошиш ҳам, дангаса бўлиб ётиш ҳам эмас. Чунки васат дегани турли чеккалардан бир хил даражадаги узоқликни, доиранинг маказий нуқтасини билдиради. Шунинг учун бу лафзни ҳаддан ошиш ва ҳаддан тушишдан холис бўлган мақтовли сифатларга ишлатиш одат бўлган.
Васатия тўғриликдир ва фикрда, ўзини тутишда йўлдан чиқмасликдир. Васатия сироти мустақимдир.
Васатия омонликдир. Агар ўйлаб кўрсак, у атрофи ўралган омонлик минтақасидир».
Ўзимиздан қўшиб айтадиган гапларимиз ҳам бор. Васатийлик маъноси Қуръони Каримга хос ибора бўлса ҳам эски китобларимизда бу сўзни оммавий тарзда ишлатиш урф бўлмаган. Унинг ўрнига мўътадиллик, ўртачалик, иқтисодли бўлиш каби сўз ва истилоҳлар ишлатилган. Аммо аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, васатия мазкур сўз ва истилоҳларнинг барчасини жамловчи маънодир. Шунинг учун айни шу лафзи ишлатиш маъқул кўрилмоқда.
Яна бир нарсага алоҳида эътибор бермоғимиз лозим. Ислом таълимотларининг ва шариат аҳкомларининг барчаси васатий – мўътадилдир. Васатийликка амал қиламан деган одам шариатда кўрматилган нарсанинг ярмига амал қилсам мўътадил бўлар эканман деган хаёлга бормаслиги керак. Мисол учун, шариат ўттиз кун рўза тутишга буюрган, мен ўн беш кун тутсам васатий бўламан деган хаёлга бормаслик керак.
|