Бошқа жойда Рамазон тугагани ҳақида эълон қилинса, нима қилиш керак? Принтер учун
28.06.2014 й.
Кўпчилик мусулмонларга маълумки, ўтган йил Рамазон ойининг 29-кунида Саудия Арабистонида тўсатдан «Ҳайит» деб эълон қилинди. Баъзи мўмин-мусулмонлар бу гапни эшитиб оғизларини очиб юборишди. Лекин биз Ҳанафий мазҳабида бундай ҳолатда қандай йўл тутилишини билмаганимиз учун оғиз очмаган эдик. Аслида бундай вазиятда қандай йўл тутиш тўғри бўлади?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Саудия Арабистонида тўсатдан очишгани йўқ, балки ўша Рамазон ойининг 29-куни кечқурун янги ҳилолни кўришди. Ҳилол кўрилганидан кейин, эртага ҳайит экан, деб кечқурун эълон қилишди. Доимо шундай бўлиб келган, шариатнинг кўрсатмаси мана шу.
Энди, биздаги ҳолатда ўша олдиндан белгилаб қўйилган расмий маънодаги ҳайит куни кутилди. Бундай пайтда ҳамма ўз диёрида бўлаётган нарсани, ўша ердаги масъул кишилар тутган йўлни тутишлари лозим. Шунинг учун ҳам оғиз очилмади, оғиз очиб юборганлар эса, очиб юборган кунлари қазосини тутиб беришларига тўғри келади.
Ҳозирги кунда кўпчилик Саудия Арабистонидан берилган телекўрсатувларни кўради. Мусулмонларнинг қибласи – Каъбаи Муаззама ўша ерда. Набийимиз алайҳиссаломнинг равзалари ҳам ўша юртда. Ҳар бир мусулмоннинг қалбида у ерларга нисбатан муҳаббат, эҳтиром бўлиши керак. Халқимиз мусулмонларида бу нарса жуда ҳам кучли. Ҳар йили минглаб одамларимиз ҳаж ва умра сафарларига бориб келмоқдалар. Лекин, ҳеч қайси шаръий кўрсатмада Саудия Арабистонида рўза тутилса, бошқаларга ҳам вожиб бўлади, улар очса, бошқаларга ҳам очиш вожиб бўлади, деган гап йўқ.
Худди мана шу саволда зикр этилаётган кунларда Саудия Арабистонида, ой кўрдик деб, рўзани очиб, эртасига ҳайит қилишга қарор қилинган бўлса, Саудия Арабистонига чегарадош давлатларда, мисол учун, Ироқда, Иорданияда, Мисрда ўша куни эмас, балки, эртасига ҳайит қилинди. Чунки улар ҳам алоҳида тайёргарлик билан ҳилолни кўрган гувоҳларнинг шаҳодатини ҳисобга олишган.
Бу масала аввалдан уламоларимиз ўртасида жуда ҳам тортишувли масала бўлиб келган. Чунки, бу масала ой кўриш, хабар қилиш ва бошқа кўпгина нарсаларни ўз ичига олади. Баъзи уламоларимиз, жумладан, ҳанафий уламоларнинг баъзилари ҳам мусулмон диёрининг бир тарафида биров ҳилолни, яъни янги ойни кўрса, бошқаларга ҳам ўшанга амал қилиш, рўза тутишни бошлаш ёки тугатиш вожиб бўлади, деган гапларни айтган. Лекин, бу гаплар қадимда айтилган бўлиб, у гаплар айтилган вақтда мусулмон давлати деярли битта давлат бўлган.
Ҳозир эса мусулмон давлатлари кўпайиб кетди. Ҳар бирларининг турли соҳаларда ўзларига хос масъуллари бор. Хусусан, мана шу – ой кўриш, рўзани бошлаш ёки тугатиш масъулияти юкланган кишилар, шахслар, ташкилотлар бор. Улар ҳар бир давлатда ўзига хос тарзда иш олиб борадилар. Баъзи жойда ой кўрилса, улар очишади, бошқа жойда кўринмаса, демак, очишмайди. Ҳозирча ҳолат шундай бўлиб турибди. Бундай вазиятларда рўзадор кишиларга қайси юртда турган бўлсалар, ўша юртнинг кўпчилиги, масъуллари қилаётган амални бажариш тавсия этилади.
Мисол учун, ўзбекистонлик мўмин-мусулмонлар рўзани тутиб, Рамазоннинг охирги кунлари умра учун Саудия Арабистонига боришди. Мадийнаи Мунавварада ёки Маккаи Мукаррамада юришибди. Рамазоннинг 29-куни кечки пайт у ерда «Рамазон тугади, эртага ҳайит», деб эълон қилинди. Ўзбекистонда эса 30-куни ҳам рўза тутилаяпти. Шундай ҳолатда у ерда турганлар ўша ернинг одамларига қўшилиб, ўзбекистонлик бўлса ҳам, ўз юртида рўза тутилаётган бўлса ҳам, рўзасини очаверади.
Энди бунинг аксини олсак, Саудиядан бир киши Ўзбекистонда эди, ўз юртидан «29-куни кечқурун ҳилол кўриниб қолди, эртага ҳайит, рўза тутмаймиз» деган хабар келиб қолди. Бу ернинг одамлари эса, биз ҳилол кўрганимиз йўқ, эртага ҳам рўза тутиб, индинга ҳайит қиламиз, деган иттифоқда туришибди. Шунда, ҳалиги одам ҳам кўпчиликка қўшилиб рўза тутмоқчи бўлса, рўзасини тутади. Бунга ўхшаган ҳолатлар бор, уларни, иншааллоҳ, аста-секин тушуниб борамиз.
Хабар қилиш воситалари жорий бўлди, ҳамма мусулмон ўлкалари келишиб, рўзани бир кунда бошлаб, бир кунда тугатиб, бир кунда ҳайит қилса бўлмайдими, деган эътирозлар ёки орзу-истаклар ҳам бўлиши мумкин. Балки бу ҳамманинг орзуси бўлса керак. Аммо, Ислом олами жуда кенг. Бир ерда ой кўрилса, бир ерда кўринмай туриш ҳолатлари бўляпти. Айни вақтда уламолар ҳам, масъул кишилар ҳам мазкур ният билан, яъни тақвимни бирлаштириш, рўза тутишни бир вақтда бошлаб, бир вақтда тугатиш, ҳайитларни бир кунда қилиш орзусида амалий ишлар олиб боришяпти. Бу мақсадга эришиш йўлида махсус исломий сунъий йўлдош ҳам учирилди. Бир қанча ерларда уламолар ва мутахассислар иштирокида илмий анжуманлар бўлиб ўтди. Ўйлаймизки, илм ривожланиб бориб, уламолар ва мутахассисларнинг ҳаракатлари ўз самарасини беради. Ҳамма мўмин-мусулмонлар, қайси давлатда, қайси қитъада бўлишларидан қатъиназар, Рамазонни бир кунда бошлаб, бир кунда тугатиб, ҳайитларни бир кунда ўқиш бахтига мушарраф бўлишлари ҳам узоқ эмас, иншааллоҳ. Аллоҳ таолонинг Щзи ёрдамчи бўлсин. Валлоҳу аълам.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri