Ассалому алайкум, ҳурматли Шайх Ҳазратлари! Аллоҳ қилаётган ишларингизга ривож берсин! Мен авваллари Аллоҳга шукр намозни жуда хушъу хузуъ билан ўқир эдим. Нимадир бўлдию 2-3 ойдан бери намоз ўқисам хаёлим чалғиб кетаверяпти. Намозда хушъуни топа олмаяпман. Илтимос Ҳазрат маслаҳат беринг. Нима қилай? Яна бир илтимос, Ҳазрат муборак рамазон ойи дуолар ижобат ойида биз ғойибона шогирдларингизни дуо қилиб туринг! Аллоҳ рози бўлсин!
НАМОЗДА ХУШУЪ
Намознинг фарз, вожиб ва суннатлари борлиги маълум. Шунингдек, намознинг руҳи ҳам бўлиб, у ният, ихлос, хушуъ ва қалб ҳозирлигидан иборат.
Аввал ҳам таъкидлаб ўтилганидек, хушуъ қўрқув билан сукунатнинг бирга қўшилганидир.
Намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири хушуъдир. Айнан хушуъ орқали намоз ички покланиш омилига айланади. Хушуъли намозгина қалбни пок-лаш ва ахлоқни сайқаллашга хизмат қилади.
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ердан энг аввал кўтариладиган илм хушуъдир», – дедилар».
Тобароний ривоят қилган.
Хушуъ илм бўлиши билан бирга, нажот то¬пувчиларнинг аломати ҳамдир.
Аллоҳ таоло «Муъминун» сурасида:
«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир», деган (1-, 2-оятлар).
Маълумки, хушуъ қалбга оид амалдир. Хушуъли қалб тузук, хушуъсиз қалб бузуқдир. Қалбнинг бузуқлиги ва тузуклигига қараб инсоннинг ўзининг бузуқ ёки тузуклиги белгиланади.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлингким! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур. Огоҳ бўлингким! Ўша нарса қалбдир», – дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Абудуллоҳ ибн ас-Сунобиҳий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Банда беш вақт намозни ўз вақтида, рукуъни ва хушуъни жойига келтириб ўқиса, Аллоҳнинг зиммасида уни мағфират қилиш аҳди бўлур. Ким қилмаса, унга Аллоҳнинг зиммасида аҳд бўлмайди. Хоҳласа, мағфират қилади, хоҳласа, азоблайди», деганларини эшитганман», деди».
Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Мутаррифдан, у отасидан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам энг аъло намозхон бўлиб, намоз ўқишни бошқаларга таълим берганлар. Намоз нималигини ҳаммадан яхши англаб етганлар. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хушуъ ва хузуъини жойига қўйиб ўқиганлар.
Бу ривоятдан кўриниб турибдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, хавф олиб, йиғи тутар ва кўксиларидан тегирмон ёки қозоннинг қайнашига ўхшаш овоз эшитилиб турар экан.
У кишининг умматлари ичида ҳам хушуъ-хузуъни жойига қўядиганлари кўп бўлган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқиса, хушуъдан, қотган таёққа ўхшаб қолар эди. Сажда қилганида чумчуқлар уни девор ҳисоблаб, устига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганида, тош тушиб, кийимининг бир томонини узиб кетганда ҳам сезмаган.
Маймун ибн Меҳрон розияллоҳу анҳу айтади: «Муслим ибн Ясорни намозда у ёқ бу ёққа қараганини ҳеч кўрмадим. Бир куни у масжидда намоз ўқиётганида масжиднинг бир томони ағдарилиб, бозордаги одамлар ҳаммаси қочиб кетган, аммо у сезмай намозини ўқийверган».
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг оёғига қорасон касали тушди. Табиблар оёқни сонидан кесиб ташланмаса, дард бутун танага тарқаб, ҳалокатга олиб келади, деган қарорга келишди. Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Ундоқ бўлса, кесиб ташланглар», деди.
Табиблар: «Бунинг учун сизга банж беришимиз керак», дейишди. У киши: «Банж ҳаром, уни истеъмол қилмайман», деди.
Табиблар: «Ундоқ бўлса, оёқни сонингиздан кесиб ташлашнинг иложи йўқ», дейишди.
Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳу: «Иложи бор. Сиз асбобларингизни тайёрланг. Мен намоз ўқийман. Бир маромга етиб, баданим титрай бошлаганда, билганингизни қилаверинг, ҳеч нарса бўлмайди», деди.
Кейин у киши намозга турди. Бадани титрай бошлади. Табиблар ўша даврнинг услуби ила қорасон тушган оёқни сонидан кесишди. Сўнгра кесилган сонни қайнаб турган ёғга солиб, оқаётган қонни тўхтатганларида, Урва розияллоҳу анҳу намозни тугатиб, ҳушидан кетди.
НАМОЗДА ҚАЛБ ҲОЗИРЛИГИ
Намозда қироат, зикр, муножот ва бошқа амаллар бор. Агар қалб ҳозирлиги бўлмаса, қироат, зикр ва муножотлардан кўзланган мақсад ҳосил бўлмайди. Шунинг учун ҳам, қалб ҳозирлиги намознинг ҳаёти ва ички одобларидан бири саналади.
«Қалб ҳозирлиги» деганда қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгаларидан фориғ бўлиши англанади. Намоз ўқиб турган кишининг қалбида намоздан бошқа нарса бўлмаса, қалби ҳозир бўлган бўлади.
Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамият берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Намозда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни намозга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Намозда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.
НАМОЗДА ҚАЛБ ҲОЗИР БЎЛИШ ОМИЛЛАРИ
1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда, умумий маънони билиб, талаффуз қилинаётган нарсанинг нима эканини имкони борича билиб турсалар, яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади. Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.
Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш қиблага яқин туриш, сажда қиладиган ерига назар солиб туриш, нақ¬шинкор жойлардан четланиш ва хаёлини олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам аломатлари бор хомийсада намоз ўқидилар ва: «Бунинг белгилари мени машғул қилиб қўйди. Уни Абу Жаҳмга олиб бориб беринглар ва менга унинг анбижонийятини олиб келинглар», – дедилар».
Учовлари ривоят қилишган.
Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса, кўпинча, дунё¬нинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир ерда турмайди. Агар кўзини юмиб олса ҳам, фойда бермайди.
Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Намозга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холий бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Намозда дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.
Омир ибн Абду Қайс раҳматуллоҳи алайҳига: «Намоз пайтида нафсинг сенга бу дунё ишларидан бирортасини айтадими?» дейилганда, «Бундан кўра баданимнинг турли тарафидан найза кириб, ичимда тўқнашгани яхшироқ», деб жавоб берган экан.
Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо, имкони борича, намозда дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак.
2. Аллоҳнинг таъзими ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.
Аллоҳнинг таъзими У зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса, улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Намозида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби, албатта, ҳозир бўлади.
3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда, умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади. Намозхон одам ўқиган намозининг савобидан умидвор бўлиши лозим.
НАМОЗГА ОИД АМАЛЛАРДА ҚАЛБ ҲОЗИРЛИГИ