Аёллар ўзларини қандай сақлашлари лозим? Принтер учун
15.07.2014 й.
Яшириб нима қилайлик, ҳозирги пайтда кўча-кўйда, жамоат жойларида, турли йиғин ва маросимларда эркак ва аёллар аралаш-қуралаш юришади. Бундай ҳолатларда аёллар ўзларини қандай тутишлари ҳақидаги динимиз таълимотларини тушунтириб берсангиз.

ЖАВОБ: Бу саволга мукаммал жавобни Қуръони каримнинг Нур сурасидаги 31-оятдан топишимиз мумкин. Аллоҳ таоло бундай дейди: “(Эй Муҳаммад),  мўминаларга айтинг: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, фақат зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар... Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар».
Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда.
«Мўминаларга айтинг: «кўзларини тийсинлар...» Мусулмон эркаклар каби, муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Агар бехосдан назарлари тушса, кўзларини бошқа томонга буришлари керак. Чунки аёлларнинг эркакларга давомли назар солишлари ўртада фитна, ҳаром ишлар, зино келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, аёл киши бошқа аёлнинг авратига назар солиши ҳам ман этилади. Аёлнинг аёлга нисбатан аврати киндигидан тиззасигачадир.
Уламоларимиз Қуръони карим оятларини ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини чуқур ўрганиб чиқиб, аёлларнинг эркакларга назар солишида енгил йўл тутилганини таъкидлашган. Аёллар бир жойда ўтириб олиб, номаҳрам эркакка ноўрин қарамоқлари ҳаром. Аммо кўча-кўйдаги ёки ҳаром бўлмаган ўйинлар ўйнаётган эркакларга узоқдан қарашса бўлади.
Имом Бухорий, Имом Муслимлар ривоят қилган ҳадисда зикр қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни ҳабашийларнинг масжиддаги ўйинларига қараб турганларида Оиша онамиз ҳам у зотнинг орқаларида туриб томоша қилганлар. У зот Оиша онамизни улардан тўсиб турганлар. Оиша онамиз ўзларига малол келгандагина қайтиб кетганлар. Шу билан бирга, ўша пайтда аёлларнинг масжид, бозор ва бошқа жойларга боришига, сафарга чиқишига рухсат берилган. Табиийки, бу ҳолатларда эркакларни кўришади.
«...Фаржларини сақласинлар...» Бу ибора эркаклардаги каби аёлларда ҳам икки маънони ифода этади: аёллар фаржларини ҳаром иш, зинодан сақласинлар ҳамда бировнинг назари тушишидан сақласинлар.
Аёл кишининг номаҳрам эркакларга нисбатан аврати юзи ва икки кафтидан ташқари бутун баданидир. Маълумки, муслима аёлга баданини номаҳрам эркаклардан тўсиб юриш Аллоҳ томонидан буюрилган. Мўмина-муслима аёл шарафини сақлаш учун Аллоҳнинг амрига итоат этиб, авратини номаҳрам эркаклардан беркитиши керак. Бунинг учун эса, юзи ва икки кафтидан бошқа бутун танасини тўсиб турадиган кийим кийиши лозим. Шунингдек, кийим юпқа, баданга ёпишган, тор бўлмаслиги ҳам зарур. Яъни, номаҳрам эркакларнинг эътиборини жалб қилмайдиган даражада бўлиши керак.
Имом Абу Довуд Оиша онамиздан ривоят қилган ҳадисда у зотнинг олдиларига опалари Асмаъ бинти Абу Бакр юпқа кийим билан кирганларида, у ерда ўтирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларини ўгириб олганлар ва: «Эй Асмаъ, аёл киши ҳайз кўрадиган бўлганидан кейин ундан мана бу ва мана бундан бошқа жойи кўринмаслиги керак«, деб икки кафтлари ва юзларига ишора қилганлари айтилган.
Ибн Жарир Табарий ўз тафсирларида Оиша онамиздан келтирган ривоятда у киши айтадиларки: «Олдимга она бир акам Абдуллоҳ ибн Туфайлнинг қизи зийнатланган ҳолда кирган эди. Расулуллоҳ келиб қолдилар ва юзларини ўгирдилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, бу она бир акамнинг қизи, ёш қиз», дедим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши балоғатга етгандан кейин ундан юзи ва мана бу жойларидан бошқа жойи кўриниши ҳалол эмас», деб ўз билакларини тутамлаб кўрсатдилар. Ушлаган жойлари билан кафтлари орасида яна бир тутамча жой қолди».
Ҳанафий мазҳаби уламолари аёл кишига юз ва кафтларини очиб юришга изн берар эканлар, юз ва қўлни зийнатламасдан, табиий ҳолда тутишни шарт қилиб қўйишган.
«...ва зийнатларини кўрсатмасинлар...» Зийнат деганда чиройли кийимлар, тақинчоқлар ва аёллар ўзларини чиройли кўрсатиш учун ишлатадиган турли воситалар кўзда тутилади.
Исломда аёл кишига зебу зийнат ҳалол қилинган. Чунки чиройли бўлишга уриниш ҳар бир аёлнинг табиатида бор. Аллоҳ уларни шундай қилиб яратган. Ҳар бир аёл эрига ва яқинларига чиройли кўрингиси келади. Замон ўтиши билан зийнат ўзгариши мумкин, аммо аёл кишининг зийнатга бўлган рағбати ўзгармайди. Ислом аёл кишидаги ушбу рағбатни эътиборга олади. Аёл кишига зийнатланиш учун рухсат беради. Шу маънода эркакларга ҳаром қилинган тилла, кумуш ва шойи-ипаклар аёллар учун ҳалолдир. Лекин Исломда ушбу зебу зийнатнинг таъсир доираси тартибга солинган. Аёлларнинг зебу зийнатлари номаҳрам-бегона эркакларнинг кўзини ўйнатишга, шаҳвоний ҳисларини қўзғашга, фитна чиқишига ва зинога йўл очилишига сабаб бўлмаслиги керак. Аёл киши шунинг учун ушбу оятга амал қилиб, зийнатини номаҳрамлардан беркитиши лозим.
«...фақат зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли)». Яъни, беркитишнинг имкони бўлмай қолганда гуноҳ эмас. Мисол учун, беихтиёр шамол турибми ёки бошқа сабабданми, зийнати зоҳир бўлиб кўриниб қолса, гуноҳ ҳисобланмайди.
«Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар». Яъни, бошларига ўраган рўмоллари фақат сочларини эмас, балки томоқлари, кўксилари ва кўкракларини ҳам тўсиб турсин. Токи, уларнинг жамоли бегона кўзларга нишон бўлмасин, турли фитналар келтириб чиқармасин.
Ушбу амру фармонларни ҳақиқий мўмина аёллар улкан итоат билан кутиб олишган. Чунки уларнинг қалблари илоҳий нур ила мунаввар эди. Уларнинг нафслари зийнатларини кўз-кўз қилишни истаса ҳам, ўзлари Аллоҳнинг фармонига сўзсиз бўйсунишган. Жоҳилият даврида аёллар иффат ва шарм-ҳаё билан кийинишни билишмас эди. Чиройларини кўз-кўз қилишда мусобақалашишар эди. Соч ўримларини, бўйинларини, томоқларини, қулоқларидаги тақинчоқларини, ҳатто кўксиларини очиб юришар эди. Ушбу ояти карима нозил бўлганидан кейин мўмина аёллар тамоман бошқа ҳолатга киришди. Буни Оиша онамиз ҳам жуда яхши англатиб қўйганлар. Имом Абу Довуд қилган ривоятда эса, Софийя бинти Шайбар розияллоҳу анҳо қуйидагиларни айтадилар: «Биз Оишанинг олдида ўтириб Қурайш аёллари ва уларнинг фазилатларини зикр қилдик. Шунда Ойиша розияллоҳу анҳо: «Албатта, Қурайш аёлларининг фазли бор. Аммо мен, Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг китобини тақсимлашда ва нозил бўлган нарсага иймон келтириш борасида ансорий аёллардан афзалини кўрмадим. Нур сурасидаги: «Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар» ояти нозил бўлганда эрлари Аллоҳ улар учун нозил этган нарсани тиловат қилиб бердилар. Эркаклар ўз хотини, қизи, синглиси ва ҳар бир аёл қариндошига тиловат қилишди. Бирорта ҳам аёл қолмай, ҳаммаси дарҳол тўнини олиб, бошига ёпди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан (намозда) худди бошларида қарға тургандек (қора ёпинчиқ билан) туришар эди».
Шундай қилиб, Исломда гўзалликдан завқланиш ҳалол ва тўғри йўлга қўйилди. Аёлларнинг чиройи ва зебу зийнатлари бегона эркакларнинг ҳирсларини қўзғаш учун кўз-кўз қилинмасди, балки ўзларининг жуфти ҳалолларига ҳалол завқ берадиган бўлди (Аллоҳ билувчидир).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort