Шариат Ислом динининг амалий қисмини тартибга соладиган, бошқача қилиб айтганда қонуншунослик қисми эканини ҳамма яхши билади. Баъзилар уни фиқҳ ёки Ислом ҳуқуқшунослиги деб номлайди. Яна бошқа исмлар билан аташлар ҳам бор.
Ўз навбатида бошқа қонуншуносликларга назар соладиган бўлсак, икки хил ҳолатни кўрамиз.
Баъзи бир таълимотлар қадимги кўрсатмалардан бошқасини қабул қилиш мумкин эмаслигидан ноқулай вазиятга тушиб қолган.
Яна бирлари эса, қонун қоидаларининг тинимсиз ўзгаришидан безганлигини кўрамиз.
Кўпчилик шариатда биртарафламалик бор деган нотўғри тушунчада юради. Уларнинг фикрича шариат бундан ўн беш аср олдин ўртага қўйилган қонун қоидалар тўплами бўлиб, ўз вазифасини ўтаб эскириб қолган ва ҳозирги замон талабига жавоб бера олмайди.
Мазкур кўпчиликнинг бу даъвоси пуч эканини баён қилишдан олдин ўша кўпчилик билиши лозим бўлган ҳақиқатни эслатиб қўйишимиз лозим бўлади. Бошқа таълимотларда, уларнинг таъбири билан айтганда диний қонунлар алоҳида, дунёвий қонунлар алоҳида бўлади.
Исломда эса, мазкур икки нарса қўшилган ҳолда шариат деб аталган бирликни ташкил этади.
Бу ҳақиқатни англаб етиш учун биргина оятни ўрганиб чиқишнинг ўзи кифоя қилади.
Аллоҳ таоло «Жума» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Жума кунида, намозга нидо қилинган пайтда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир. Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз», деган (9-10-оятлар).
Оятдаги «намозга нидо қилинган пайтда»дан мурод, имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир.
«Эй иймон келтирганлар! Жума кунида, намозга нидо қилинган пайтда, Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг».
Худди шу оят билан икки ракатли жума намози мусулмонлар жамоат билан ўқишга фарз қилинди. Унинг вақти-пешин намозининг вақти. Яъни, жума куни пешин ўрнига жамоат билан жума ўқилади.
Оятдаги Аллоҳнинг:
Оятнинг охирида Аллоҳ таоло жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти.
«Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир».
Маълумки, аввалги оятда Аллоҳ таоло азондан кейин савдони тарк этиб намозга шошилишга буюрган эди. Энди эса жума намози тамом бўлгандан сўнг яна аввалги ҳолатга қайтиш мумкинлигини баён қилмоқда.
«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг…»
Намоздан кейин ким савдосига, ким касал кўргани, ким илм талабига ва ҳоказо-ҳамма ўз ишига қайтиши мумкин.
«ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг…»
Аллоҳнинг фазлини талаб қилиш давомида дунёга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, йўлдан адашиш ҳам мумкин. Шунинг учун оятнинг охирида,
«ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз», дейилмоқда.
Демак, ҳам ибодат, ҳам тижорат бир оятнинг ўзида келмоқда. Намоз ўқиб бўлгандан кейин Аллоҳнинг фазлидан талаб қилиш тавсия қилинмоқда.
Ислом қонунчилигида – шариатда собит туриши лозим бўлган асосларни муҳофаза қилган ҳолда ҳаётнинг шароит, замон ва макон ўзгариши билан ўзгариб турадиган қисмида маълум қоидалар асосида янгиланиб туриш йўлга қўйилган. Бошқача қилиб айтилганда, ана шу тариқа васатийлик татбиқ қилинган.
Зотан, дунё собит ва ўзгарувчан нарсалардан иборат. У собит нарсаларнинг саботи ва ўзгарувчан нарсаларнинг ўзгариши билан обод.
Ўзимиз яшаб турган ер куррасини олиб кўрайлик. Унда катта, маълум ва машҳур уммонлар, қуруқликлар, денгизлар ва юксак тоғлар бор. Улар собит турадилар. Ўзгарувчан бўлсалар, бўлмайди.
Шунингдек, мазкур нарсалар билан бирга яна сой ва дарёлар, кичик дарахтзорлар, ер майдонлари ва ҳакозолар бор. Улар ўзгариб туради. Чунки ҳаёт ўзи шуни тақозо қилади. Дунё уларнинг ўзгариши билан обод.
Худди шунингдек, динда ҳам собит нарсалар бор. Улар ўзгарувчан бўлиши мумкин эмас.
Масалан, ақийда масалалари. Бугун Аллоҳга ёки бошқа иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга ишониб туриб, кейин уни ўзгартириб бўлмайди.
Шунингдек, диннинг рукни ҳисобланган, асосни ташкил этган нарсалар ҳам собит бўлади. Бундоқ масалаларни Аллоҳ таоло ўзи батафсил баён қилиб, инсоннинг аралашувига йўл қўймаган.
Ҳаёт ўзгариши билан ўзгариб турадиган масалаларни эса бўш қўйиб, мусулмонлар ақлларини ишлатиб, ижтиҳод қилишларига йўл очиб берган.
Фиқҳ уламолари асосан худди шу масалаларда ижтиҳод қиладилар. Уларнинг ҳужжат ва далилларни тушуниш даражалари, масалани ҳал этиш услубларига қараб ижтиҳодларининг натижаси турлича чиқади.
Улуғ мужтаҳидларимиз Қуръони Карим ва суннати набавия асосида, шариат қоидаларини маҳкам тутиш билан бирга, ҳар замон ва маконга салоҳияти бор Ислом динининг ғоялари, мақсадлари, инсонларнинг имконлари ва эҳтиёжларини ҳам ҳисобга олиб, иш юритганлар.
Ҳа, Ислом шариатининг кўзга кўринган афзалликларидан бири асосий нарсалар ва мақсадларда собитлик ҳамда иккинчи даражали нарсалар ва воситаларда эгилувчанликни жамлашдир.
Шариат ўзининг собитлик қисми – асосий қоидалари ва мақсадлари ила йўқ бўлиб кетиш ҳамда бузилишдан, тўғри нотўғри ўзгаришларнинг тасиридан сақланади. Зотан, шариатнинг вазифаси ўзи хатони тўғрилаш, эгилганни тиклашдан иборатдир.
Шариат ўзининг иккинчи даражали нарсалар ва воситаларда эгилувчанлиги ила ҳаёт янгиликларига мослашади ва ҳар бир замон ва маконга салоҳиятли бўлади.
Шариатнинг собитлик – асосий қоидалар ва мақсадлар қисми инсоннинг дахли йўқ илоҳий таълимотлардан иборатдир. Бундай нарсаларни диний истилоҳда қатъий – кескин ҳал этилган – ҳукмлар деб аталади. Улар Қуръон ва Суннатда ҳамда мусулмон умматининг ижмоъида узил- кесил ҳал қилинган ҳукмлардир. Уларнинг ҳақида ижтиҳод қилишга ҳеч ҳожат қолмаган.
Мисол учун, намоз, закот, рўза ва ҳажнинг фарзлиги, зино, хамр ичиш, рибо, қимор кабиларнинг ҳаромлиги, меросдаги ҳиссаларни ва талоқ ва вафот иддаларини белгиланиши кабиларни келтиришимиз мумкин.
Ушбу ва уларга ўхшаш бошқа ҳукмларни қайта кўриш ёки муҳокама қилиш бировнинг хаёлига ҳам келмайди. Чунки, бу каби ҳукмларда инсон ижтиҳодига имкон қолмаганини ҳамма яхши билади.
Шариатнинг иккинчи даражали нарсалар ва воситалар қисмида инсоннинг ижтиҳодига кенг йўл очиб берилган. Бу қисмни мутахассис уламолар «зонниёт» деб атайдилар. Яъни қатъиймас ҳукмлар дегани.
Улар Қуръон ва Суннатда ҳамда мусулмон умматининг ижмоъида узил - кесил ҳал қилинмаган ҳукмлардир. Чунки бу масалаларни аслида узил – кесил ҳал қилиш нияти бўлмаган. Улар замон ва вазиятга қараб ўзгариши мумкин масалалар бўлгани учун Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай қолишини ирода қилган.
Мазкур масалаларга ечим топиш учун мужтаҳидларнинг ижтиҳодига кенг шароит ярадилган. Улардан баъзилари матнларда келган сўзларнинг сиртидан ҳукм олишни йўлга қўйганлар ва зоҳирийлар деб аталганлар. Бошқалари эса, машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб имомлари каби матн билан бирга унинг ишораси ва руҳига ҳам диққат билан этибор берганлар.
Бунинг устига шаръий матнлар – оят ва ҳадисларда зикри келмаган масалалар ҳам бор. Бу турдаги масалларни ҳал қилишда фақиҳларга ижтиҳод эшикларининг барча табақалари кенг очилган.
Фақиҳларимиз бу борада ўз ижтиҳодларида суянадиган яна бошқа манбалар ҳам бор. Улар масолиҳи мурсала, урф, шаруъ ман қоблана шаръун лана, истиҳсон, истисҳоб ва мазҳаби саҳобийлардир.
Шариатдаги васатийлик тимсоли сифатида катта мужтаҳид уламолар томонидан фиқҳнинг кичик шўъбаларида ишлатиш учун жорий қиилнган қоидаларни олишимиз мумкин. Келинг, мазкур қоидаларнинг баъзиларини эсга олайлик.
1. Машаққат енгилликни жалб қилади.
2. Зарур нарсалар ман қилинган нарсаларни мубоҳ қилади.
3. Икки зарардан енгилини қилинади.
4. Музтаррлик гуноҳни кўтаради.
5. Умумий зарарни йўқотиш учун хусусий зарарни раво кўрилади.
6. Зарарни қайтариш фойдани жалб қилишдан афзалдир.
Шу тарзда, васатийлик – мўтадилликни ўзига шиор қилиб олган Ислом фиқҳи замонлар оша мусулмонларнинг талабларига жавоб бериб келмоқда ва ўзининг барча замонлар ҳамда маконларга мос эканини исбот қилмоқда. Бу ҳақиқатни жаҳоннинг кўзга кўринган мусулмонмас қонуншунослари ҳам эътироф қилмоқдалар.
Сиз муҳтарамларнинг эътиборингизга «Ислом шариатбарча замон ва маконларда татбиқ қилишга салоҳиятли» номли китобдан баъзи иқтибосларнинг тақдим этамиз:
«Венадаги дорулфунуннинг ҳуқуқшунослик куллияси декани профессор Шибрил 1927 йилда бўлиб ўтган ҳуқуқ анжуманида қуйидагиларни айтган:
«Башарият Муҳаммад (алайҳиссалом)дек кишининг ўзига мансублигидан фахрланади. У киши ўқиш – ёзишни ўрганмаганига қарамай бунда ўн неча аср аввал биз оврополиклар икки минг йилдан кейин эришсак ҳам бахтли бўладиган қонунларни келтирган».
Бутун дунёга машҳур адиб ва файласуф Берднард Шоу айтади:
«Мен доимо Ислом дини ғоятда эҳтиром қиламан. Чунки бу динда қувват ва ҳаётийлик бордир. Менимча, фақат ушбу дингина ҳаракатлантирувчи кучга эгадир ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олади».
Ингилиз тарихчиси Виллиз ўзининг «Инсоният тарихи ифодалари» китобида:
«Овропо ўзининг идорий ва тижорий қонунлари бўйича Исломдан қарздордир», дейди.
Франсуз тарихчиси Сийдую:
«Наполённинг қонуни имом Молик мазҳабидаги «Шарҳи Дирдийр ала матни Халийл» номли фиқҳ китобидан кўчирмадир».
1937 йилда Лоҳай шаҳрида қонунлар ҳақида илмий анжуман бўлиб ўтди. Унга ал-Азҳар аш-Шариф ҳам таклиф этилди. Уни катта уламолардан иккитаси тамсил этти ва «Ислом шариатида маданий ва жиноий масъулият» ҳамда «Ислом фиқҳининг мустақилиги ва Ислом шариати ва Рим қонунлари орасида алоқа борлиги тўғрисидаги барча даъволарнинг асоссизлиги» мавзуларида маъруза қилдилар.
Илмий анжуман ўз ишининг охирида ғарбий қонуншунослар учун ўта муҳим ва тарихий бўлган қуйидаги қарорларни қабул қилди:
1. Ислом шариатини умумий қонунчиликнинг муҳим манбаларидан бир манба деб эътироф қилиш.
2. Ислом шариати барҳаёт ва ривожланиб борувчидир.
3. Ислом шариати ўзи мустақил ва бошқалардан олинган эмас» (98-99-бетлар).
Худди шунга ўхшаш илмий анжуманлар 1948 йилда Лоҳайда ва 1950 йилда Парижда бўлиб ўтган ва мазкур қарорлардан ҳам аҳамиятлироқ қарорларни қабул қилган.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Ислом шариати энг мўътадил, яхшис, адолатли ва афзал қонунчилик – васатийдир. Қай бир фиқҳий ҳукм бўладиган бўлса, албатта, унда васатийлик – мўътадиллик ва ўрталик бордир.
Шартномалар орқали бўладиган муомалаларда икки шартлашувчи тараф ўртасида тавозун бўлиши учун адолат, эътидол риоя қилинган. Шу тариқа ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш, жавр қилиш ва нуқсонга йўл қўйишнинг олди олинган.
Касб маъносини оладиган бўлсак, унда ҳалол – пок йўллар кенг очиб қўйилган ва ҳаромдан ҳазар қилиш талаб қилинган.
Имом Шотибий раҳматуллоҳи алайҳ Қуйидагиларни ёзади:
«Шариат ўз тақозо қилган таклифларда ўртача ва адолатли йўл тутувчидир. У банданинг касбига дохил бўлган ишда икки тарафга ҳам мойил бўлмай адолат билан туради. Унга машаққат бўлишига ҳам йўл қўймади ва уни бошвоқсиз ташлаб ҳам қўймайди. У барча бандалардан ғоятда мўътадилликни тақозо қиладиган тавозунли таклифдан иборатдир…».
«…Агар шариатнинг умумий қоидаларидан бирортасини оладиган бўлсанг, чуқур тааммул қилиб кўр, албатта, васатийликни кўрасан. Қачон тарафлардан бирига мойилликни кўрсанг, албатта, у воқеъликдан келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган ҳолатнинг муолажаси учундир. Агар униси ҳам, буниси ҳам бўлмаса, албатта, васатийликни ярақлаб турганини, мўътадиллик йўлини равшанлигини кўрасан. Ана шу унга қайтиладиган аслдир ва паноҳ топиладиган мустаҳкам қалъадир» (Мувофақот. 2-жуз. 116-119-бет).
Ибн ал-Жавзий раҳматуллоҳи алайҳ ёзади:
«Билки, бизнинг шариатимизнинг асллари аниқдир, қоидалари маҳкамдир. Унда нуқсон ва айб йўқ. Бошқа шариатлар ҳам шундоқ. Аммо офат динда бидъатни юзага келтирувчилардан ёки жоҳиллардан киради» (Сойдул Хотир. 161 – бет).
Шариатдаги мўътадиллика энг яхши амал мусулмонлар жумҳури эътироф қилган ва эргашган тўрт фиқҳий мазҳабда ўз ифодасини топган. Мўътадилликдан четлаган фиқҳий мазҳаблар ўз-ўзидан таралиб кетган ёки урунишлар мазҳаб шаклини ола билмаган. Асрлар давомида мазкур тўрт фиқҳий мазҳабларга қарши турли ҳужумлар, бўҳтон ва туҳматлар бўлиб туради. Мазкур қарши тарафларни ўрганиб кўрилса, васатийликдан йироқ бўладилар. Шунинг учун ҳам улар бир оздан кейин унут бўладилар. Васатийликни олган тўрт мазҳаб эса давом этаверади.
|