Мўмина аёллар зийнатларини кимдан яширишмайди? Принтер учун
21.07.2014 й.
Ҳозирги шароит тақозосига кўра эркак ва аёллар аралашиб юрадиган бўлиб кетди. Шариатимизда мўмина аёлларнинг ўз зийнатларини кимлардан яширмасликларига ижозат берилган?  

ЖАВОБ: Аёлларнинг номаҳрам эркакларга зийнатларини кўрсатишни шариат қатъий ман этган. Қуръони каримнинг Нур сурасида (31-оят) Аллоҳ таоло мўмина аёлларни ўз зийнатларини бегона эркакларга кўрсатмасликка буюрган. Мўмина аёллар қасддан ёки бепарволик билан зийнатларини кўрсатиб юриши мутлақо мумкин эмас. Фақат эркаклар тоифасида қуйидагилар истисно қилинган, аёллар уларга зийнатларини кўрсатишлари мумкин:
1. «Эрларига...» Муслима аёлнинг зийнатларини кўришга энг ҳақли одам унинг эридир. Шунингдек, эр аёл танасининг ҳамма жойини кўришга ҳақлидир.
2. «...ё оталарига...» Мўмина-муслима аёлга отаси энг бош маҳрам бўлади. Шунинг учун унга зийнатини кўрсатса, ҳалол. Ота ва ундан кейин зикр қилинадиган маҳрамлари учун аёлнинг никоҳи ҳаромдир, улар унга уйланишни, умуман шаҳват билан қарашни хаёлга ҳам келтиришмайди. Шунинг учун мўмина аёл ушбу маҳрамларга зийнатини кўрсатса бўлади. Юзини, қўлини, оёғини ва уй ичида очиб юришга мажбур бўладиган баъзи аъзоларини, жумладан хамир қилаётганда билагини, уй супураётганда болдирини кўрсатса, гуноҳи йўқ. Эҳтиёж юзасидан рухсат берилган. «Оталар» дейилганда катта ота, бобо ва боболарининг оталари ҳам кўзда тутилади.
3. «...ё эрларининг оталарига...» Яъни, қайин оталарига. Бунга қайин отанинг оталари ва катта қайин оталарнинг оталари ҳам киради. Улар ҳам ота ўрнида. Улар ҳам келинларига маҳрам, ўртадаги муносабатда уйланиш ёки шаҳват назари деган нарсаларнинг бўлиши мумкин эмас.
4. «...ё ўғилларига...» Бунга ўз ўғиллари, ўғилларидан ва қизларидан бўлган ўғил набира ва чабиралар киради. Буларнинг ҳаммаси ҳам аёл киши учун маҳрам, улар орасида оила қуриш ёки шаҳват билан қараш умуман мумкин бўлмаган иш, шунинг учун ҳам муслима аёлга уларга зийнатини кўрсатишга рухсат берилган.
5. «...ё эрларининг ўғилларига...» Яъни, эрларининг бошқа хотиндан бўлган ўғиллари. Булар ҳам мўмина-муслима аёл учун маҳрам саналади. Ораларида никоҳ бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки ўртада она-болалик алоқаси бор. Шунинг учун зебу зийнат ва чирой ўртада шаҳватни уйғотмайди.
6. «...ё ака-укаларига...» Бунда туғишган ака-укалар, ота бир ака-укалар ва она бир ака-укалар ҳаммаси баробардирлар. Уларнинг барчаси маҳрам ҳисобланади, сингилларининг зийнатини кўрсалар майли.
7. «...ё ака-укаларининг ўғилларига...» Бунда ҳам туғишган, ота бир ва она бир ака-укаларнинг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл ака-укаларнинг фарзандларига амма бўлади. Ўртада маҳрамлик бор, уйланиш ёки шаҳват билан қараш умуман бўлиши мумкин эмас. Бошқа маҳрамлар қатори булар ҳам ҳаёт тақозоси ила доимо бир-бирлари билан кўришиб, аралашиб туришга эҳтиёжлари бор. Шунинг учун ҳам жиянларига аммаларининг зийнатларига қарашларига рухсат берилган.
8. «...ё опа-сингилларининг ўғилларига...» Бу ҳолатда ҳам туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларининг ўғиллари кўзда тутилган. Аёл улар учун хола бўлади. Ўртада маҳрамлик бор. Шунинг учун мўмина аёл зийнатларини уларга кўрсатса, бўлади.
Аммо мўмина-муслима аёлнинг эркак маҳрамлари бу билан тугамайди. Оятда зикри келмаган маҳрамлар ҳам бор. Мисол учун, амакилар, тоғалар ва куёвлар. Шунингдек, эмикдошлик орқали маҳрам бўлганлар бор. Улар ҳақида ояти каримада бирор нарса дейилмаган бўлса ҳам, ҳадисларда келган ҳукмлардан қиёс қилиб, мўмина-муслима аёл уларга зийнатини кўрсатишининг гуноҳи йўқ, деб фатво берилган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиз розияллоҳу анҳога эмикдошлик орқали амакиси ва тоғаси бўлган эркаклардан қочиб, ҳижоб олишга рухсат бермаганлар. Шундай экан, насаб орқали бўлган амаки ва тоғаларга, албатта, зийнатини кўрсатишга рухсат бор.
 Имом Абу Довуд қилган ривоятда бу хусус яна ҳам равшанроқ баён этилган: «Оиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Ҳузуримга Афлоҳ келган эди, ундан яшириндим. У: «Амакинг бўлсам ҳам, мендан қочасанми?!» деди. Мен: «Қаердан менга амаки бўласан?!» дедим. У жавоб бериб: «Сени акамнинг хотини эмизган», деди. «Мени эмизса, аёл киши эмизган, эркак киши эмас», дедим. Сўнг олдимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар, бўлган гапни айтиб бердим. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, у амакинг бўлади, ҳузурингга кираверсин», дедилар».
Юқорида зикр қилинган маҳрамларнинг ҳаммаси абадий маҳрам ҳисобланадилар. Яъни, уларнинг мазкур мўмина аёлга уйланишлари абадий ҳаром қилингандир. Аммо маҳрамлиги вақтинчалик шахслар ҳам бўлади. Мисол учун, опа-сингилларининг эрлари вақтинчалик маҳрам саналади, яъни, опа билан никоҳда турган эркакка унинг синглисига уйланиши ҳаром саналади. Опа билан ажрашгандан кейингина сингилни никоҳига олиш ҳалол бўлади.
Уларга нисбатан қандай муомалада бўлиш керак? Бу ҳукм шариатда чегаралаб қўйилмаган. Уламоларимизнинг айтишларича, буни чегаралашнинг имкони ҳам йўқ. Чунки бундай қариндошлик алоқалари турлича бўлади. Шунинг учун ҳукми ҳам турлича. Бунда қариндошлик нисбати, ёш, ҳолатлар, бир жойда яшашадими ёки айричами ва бошқа омиллар ҳам эътиборга олинади.
Мисол учун, Оиша онамизнинг опалари Асмаъ бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайинсингиллари бўлади ва у зотдан қочмаганлар. Уйларига бемалол кириб юрганлар. Ҳолбуки, икковлари орасидаги никоҳнинг ҳаромлиги вақтинчалик бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг қизлари Умму Ҳониъ розияллоҳу анҳо ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васалламдан қочмаганлар. Ҳолбуки, икковларининг ораларида никоҳ дуруст бўлган.
Шу билан бирга, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида Фазл ибн Аббосдан қочганлар. Ҳолбуки, Зайнаб бинти Жаҳш онамиз Фазл ибн Аббос аммаларининг қизи бўлган. Шунга ўхшаш ҳолатларни ўрганган уламоларимиз, юқорида айтилганидек, бундай ишларда шароитга қараб ҳукм чиқарилади, дейишган. Шунингдек, қариндошлигида шубҳа бўлган эркаклардан ҳам мўмина аёллар ўзларини ҳижобда тутганлари яхши, дейилади.
Энди маҳрам ҳисобланмаса ҳам, мўмина аёл зийнатини кўрсатса, бўладиган шахсларнинг зикри келади.
9. «...ё аёлларга...» Яъни, мўмина аёллар ўзга аёлларга зийнатларини кўрсатса бўлади. Уламоларимиз бу ҳақда турли фикрлар айтишган. Баъзилари: «аёллар«дан мурод ҳамма хотинлар, дейишган. Баъзилари мусулмон аёлларни назарда тутишган, бошқа бирлари эса, ўзларига тегишли хотинлар, деб айтишган. Чунки фосиқа, фожира аёллар муслима аёлнинг авратини, зийнатини кўрса, унга яқинлашса, фисқу фужурга бошлаши, фитна чиқариши мумкин, дейишган.
10. «...ё ўз қўлларида мулк бўлганларга...» Бу иборадан қул ва чўриларига зийнатларини кўрсатсалар, бўлаверади, деган маъно чиқади. Аммо уламоларимиз бу ҳақда ҳам икки хил фикр айтишган. Биринчи тоифа уламолар: бундан мурод фақат чўрилар, қуллар эмас, чунки қул ҳам номаҳрам эркак, шаҳвати бор, озод бўлгандан кейин ўз аёл хўжайинига уйланиши мумкин, дейишган. Ундай бўлса, аввал «аёлларга» деб туриб, кейин «чўриларига» дейишнинг нима ҳожати бор? Чўри ҳам аёл-ку, деган эътирозга, аввал ҳур аёллар зикр қилинди, кейин чўриларга мумкин эмас экан-да, деган гумон уйғонмасин учун улар ҳам санаб ўтилди, дейишган.
Иккинчи тоифа эса, «ё ўз қўлларида мулк бўлганларга» жумласидан мурод муслима аёлнинг мулки бўлган қул ва чўрилардир, бунда нафақат чўри, балки қул ҳам кўзда тутилган, дейдилар ва ўз гапларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирадилар. Имом Абу Довуд Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир қул олиб келиб, Фотима розияллоҳу анҳога совға қиладилар. Фотима розияллоҳу анҳонинг эса, биттагина кийими бўлиб, бошини беркитса, оёғи очилиб қолар, оёғини беркитса, боши очилиб қолар эди. У кишининг қийналиб қолганини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Майли, сенга ҳеч гап йўқ. Булар сенинг отанг ва ғуломинг», дедилар.
 11. «...ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга...» Булар табиий, жисмоний жиҳатдан эркаклиги ўлган кимсалар бўлиб, қорин тўйғазиш учун одамларнинг хизматини қилиб юришади. Уларда умуман шаҳват, аёлларга қизиқиш деган нарсанинг ўзи бўлмайди. Муслима аёл ана шундай одамларга ҳам зийнатини кўрсатса бўлади.
12. «...ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли)...» Чунки кичкина болалар аврат нима, шаҳват нима, билишмайди.
Кўриш орқали фитна содир бўлмаслиги, зинога элтиш эҳтимоли уйғонмаслиги учун уларнинг йўли тўсилгандан кейин, энди эшитиш орқали фитна туғдирадиган йўлларни ҳам тўсиб, мўмина аёлларга: «Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар», дейилмоқда.
Жоҳилият даврида аёллар оёқларига ҳам турли тақинчоқлар, қўнғироқлар тақиб олишар экан. Кейин эса, эркакларнинг эътиборини жалб этиш учун оёқларини ерга қаттиқ-қаттиқ уриб, ҳалиги тақинчоқларнинг овозини чиқаришар экан. Бу эса, ўз навбатида эркакларнинг шаҳватини қўзғаган, аёлнинг ортидан тушиб хиралик қилишига ва охир-оқибат зинога олиб бориши мумкин бўлган. Шунинг учун, махфий зийнатларни ошкор этиш мақсадида ўша зийнатларнинг овозини қасддан чиқаришга ҳаракат қилиш ҳам Исломда тақиқланди.
Руҳшунос олимларнинг таъкидлашларича, баъзи одамларда аёлларнинг чиро-йини кўриб, шаҳвати қўзимаса ҳам, улардаги зийнатларнинг овозидан ҳирслари уйғонар экан. Ҳолбуки, Қуръони карим бу ҳақиқатни бир минг тўрт юз йил му-қаддам эътиборга олган.
Ушбу ояти каримадан олинган қоидага биноан, мўмина-муслима аёлларга бегона эркакларнинг шаҳватини қўзғатиб, фитнага сабаб бўлмасликлари учун нафақат ҳирсни қўзғотадиган овоз бериш, балки шунга восита бўлиб қоладиган бошқа нарсалар ҳам жоиз эмас (Аллоҳ билувчидир).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri