Ота ўз фарзандидан кечиши мумкинми? Принтер учун
28.08.2014 й.
Эндигина олти ёшга тўлган синглим (она бир, дада бошқа, ҳозир у киши билан бирга эмасмиз) “дада” деб юрагимизни эзиб юборди. Ҳар куни соғинади. Онам бунга чидай олмай укамни уларникига олиб борди, лекин уни қабул қилишмади. “Бу боланинг менга ўлигининг ҳам, тиригининг ҳам кераги йўқ, ундан қиёматгача кечдим”, деди. Наҳотки фарзанддан кечиш мумкин?! Ахир улар фаришта каби-ку! Онам биз учун ота топиб бераман деб, яна битта отага зор фарзанд саноғини кўпайтирди. Энди онам нима қилишни билмаяптилар. Иккита эдик, учта бўлдик. Энди нима қилсак бўлади?

ЖАВОБ: Сиз айтиб ўтган «ота» Аллоҳнинг олдида гуноҳкор ва фарзанди олдида жиноятчидир. Онаси билан ажрашган бўлса, боласидан тонишга ҳақи йўқ. У фарзанд ҳақларини адо этиши лозим. Кўпинча одамларда динимиз таълимотларини билмаслик бу каби ҳолатларга сабаб бўлади. Ҳар бир ота-она фарзанд ҳақларини яхши билиши ва уларга амал қилиш лозим.
Исломда фарзандларнинг ҳуқуқлари риоя қилинган бўлиб, булар уларнинг ота-оналари ёки яқин қариндошлари, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилгандир. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилмоқлик мажбурийдир.
Фарзандларнинг қандай ҳуқуқлари бор? Уламоларимиз бу саволга жавоб тарзида жумладан, қуйидагиларни зикр қилишади:
1. Насаб. Никоҳнинг асл мақсадларидан бири ҳам насл-насабни сақлашдир. Бусиз оила ҳам, жамият ҳам бўлмайди. Фарзанднинг ота-онаси никоҳдан ўтган, ҳалол-пок яшагандагина насаби аниқ ва пок бўлади.
2. Бўлажак фарзандга муносиб она ва ота танлаш. Ислом бола ҳақида у ҳали дунёга келмасидан анча олдин, оила қуришга тайёргарлик кўрилаётган пайтдан бошлаб қайғура бошлайди.  «Талхийс» китобида Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Сизлар нутфангизга муносиб жуфти ҳалолни ихтиёр қилинглар. Ўзингизга муносибларга никоҳланинг ва уларга никоҳлаб беринг» (Ибн Можа ва Дора Қутний). Оила қурилар экан, ота-онанинг диндорлиги, ахлоқи, одобига, инсонийлигига алоҳида эътибор берилади. Сабаби, улардаги хислат ва фазилатлар ҳам, ёмон одатлар ҳам болага кўчиши исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатдир.
3. Эмизиш. Туғилган фарзанд, аввало эмишга муҳтож, бу эса онасининг вазифаси. Шаръий узр сабабли она эмиза олмаса, эмизувчи топиш ва уни рози қилиш отанинг иши ҳисобланади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «Ким эмизишни мукаммал қилишни ирода этса, оналар фарзандларни тўлиқ икки йил эмизурлар», деган (233-оят). Гўдакнинг ҳақларидан бири ва оналарнинг энг мўътабар вазифаси фарзандни икки йил эмизишдир. Янги туғилган гўдак жисми ва руҳининг ўсишига онасининг сутидан афзал озуқа йўқ. Боланинг суяги онанинг сути билан шаклланади, шунингдек, унинг бошқа тарафлари, руҳий ровожланишига ҳам она сути зарур озуқа ҳисобланади. Ушбу озуқанинг муддати тўлиқ икки йил бўлиши керак. Адашган инсоният бу қуръоний ҳақиқатни бир минг тўрт юз йилдан кейин тушуниб етди. Ҳозирги пайтда илмий текширишлардан сўнг гўдак учун энг яхши озуқа онанинг сути ва уни тўлиқ икки йил эмизиш керак, деган гапни айтишмоқда. Тарихдан маълумки, дунёга довруғ солган аксари буюк алломаларга, фозилу уламоларга болалик пайтида оталари ҳаром касб билан топилган бир луқма ҳам таом едирмаган, оналари уларни бетаҳорат эмизишмаган.
4. Боланинг ота-онадаги ҳақларидан бири унга муносиб исм танлашларидир. Ота-онанинг вазифаларидан бири фарзандга маънодор, чиройли исм қўйишдир. Ҳусайн ибн Ҳасан Марвазий «Китобул бирри вассилати»да Абул Мўътамирдан келтирган ривоятда ёзади: «Умар ибн Абдулазизнинг ҳузурида масалаларни эслашди. Шунда бир киши бундай деди: «Менга етиб келган хабарга қараганда, туғилган болага исм қўймай туриб ўлган бўлса, қиёмат куни отасига: «Мени исмсиз тарк қилдинг-ку!» дейди». Шунинг учун ҳар бир мусулмон ота-она бу муҳим ишга алоҳида эътибор ила ёндошмоғи лозимдир. Фарзанд катта бўлиб, оқ-қорани таниганда ўз исмидан уяладиган бўлмасин, балки исми унга зийнат бўлиб турсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: исмларнинг яхшиси бандалик ва ҳамдни билдирувчисидир, деганлар. Шунинг учун Аллоҳ таолога бандалик маъносини англатувчи «Абдуллоҳ», «Абдурроҳман», «Абдуссаттор» ва Аллоҳ таолога ҳамд маъносини англатувчи «Ҳамидуллоҳ» каби исмлар яхши исмлар ҳисобланади. Шунингдек, пайғамбарларнинг, саҳобаларнинг ва салафи солиҳларимизнинг исм-лари яхши исмлари ҳисобланади. Қизларга ҳам ўтган аҳли иймон момоларимиз, саҳобия аёллар ва эзгулик маъносини англатувчи исмлар қўйиш керак.
5. Ақиқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳақларидандир. Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», дедилар» (Бухорий, Абу Довуд, Термизий, Насаий).
6. Янги туғилган боланинг қулоғига азон ва такбир айтиш. Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Фотима розияллоҳу анҳонинг туққан боласи Ҳасан ибн Алининг қулоғига азон айтаётганларини кўрдим» (Абу Довуд ва Термизий). Ушбу ҳадиси шарифга биноан янги туғилган фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига иқома айтмоқ мандубдир. Аллоҳнинг зикри янги туғилган боланинг қулоғига кирган биринчи нарса бўлиши қандай ҳам яхши! Албатта, бу улуғ нарсанинг ўзига яраша баракаси бўлади.
7. Янги туғилган боланинг танглайини кўтариш. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Менинг ўғлим туғилганда уни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордим. У зот унга «Иброҳим» деб исм қўйдилар, хурмо ила танглайини кўтардилар ва унга барака тилаб дуо қилиб, менга тутқаздилар. У болаларимнинг каттаси эди» (Бухорий ва Муслим). Кўпчилик саҳобалар ўзларининг янги туғилган фарзандларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб боришар эди. У зот алайҳиссалом ёш болаларни кўрсалар, жуда хурсанд бўлар эдилар. Янги туғилганларга Абу Мусо розияллоҳу анҳунинг ўғлига қилган муносабатни қилар эдилар. Ана шу ишга тақлид қилиб янги туғилган фарзандни солиҳ кишилар ҳузурига олиб бориш мусулмонлар ичида доимий одатга айланган. Бу иш энг марғуб ишдир. Солиҳ, дуогўй кишиларнинг янги туғилган болалар учун дуо қилишлари, айниқса, барака тилаб дуо қилишлари жуда ҳам яхши ишдир. Барча ота-оналар бунга катта эътибор беришлари керак.  
8. Ҳомийлик. Бола етти ёшга киргунча бировнинг ҳимоясига муҳтож. Яъни, доимо овқатланиш, кийиниш, ювиниш ва бошқа ҳолатларда катталарнинг ёрдамига муҳтож. Бу ишларни унинг ота-онаси, улар бўлмаса, яқин қариндошлари амалга оширишлари вожибдир.
9. Валийлик. Етти ёшдан балоғат ёшига етгунча бўлган болалар валийга, ўзидан катта раҳбарга муҳтождирлар. Бу иш ҳам ота-она бўлмаса, яқин қариндошларига юклатилади.
10. Нафақа. Болаларнинг нафақаси, яъни уларни озиқ-овқат, кийим кечак, турар-жой билан таъмин этиш отанинг бурчидир. Бу нарсалар ҳалол бўлиши матлубдир. Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили ушбудир: Аллоҳ таоло Бақара сурасида: «У (она)ларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлганидан кейин боланинг ўзига нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч бир шубҳа қолмайди. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Фақат унга билдирмай олсамгина бўлур», деди. «Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот (Бухорий ва Муслим). Унга бу ишда худди ота-онаси ва хотинининг нафақасидаги каби бирор киши шерик бўлмайди. Яъни, боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди.
11. Болага меҳрибонлик кўрсатиш ота-онанинг вазифаси. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳузурларида Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида (набиралари) Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: «Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпмаганман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга назар солдилар ва: «Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас», дедилар» (Бухорий, Абу Довуд ва Термизий). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўта болажон зот эдилар. У зот болалар ичида набиралари Ҳасан ва Ҳусайнни жуда ҳам яхши кўрар ва уларга меҳрибонлик кўрсатар эдилар.
Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени олиб сонларига ўтқазар эдилар. Ҳасанни эса бошқа сонларига ўтқазар эдилар. Сўнгра сонларини бир-бирига қўшиб туриб: «Аллоҳим! Иккисига раҳм қилгин, мен уларга раҳм қилурман», дер эдилар» (Бухорий). Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва: «Сизлар болаларни ўпасизларми? Биз уларни ўпмаймиз», деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ қалбингдан раҳматни суғириб олган бўлса, мен нима ҳам қила олар эдим», дедилар» (Бухорий ва Муслим). Қизларга алоҳида ҳурмат ва меҳр билан муносабатда бўлиш ҳақида ҳам Расулуллоҳнинг кўрсатмалари бор. Сабаби, қизлар меҳрга муҳтож, ўзлари ожиза бўлишади. Шу боис, улар тарбиясида кўпроқ эътибор ва меҳр, эҳтиёткорлик зарур бўлади.
12. Болалари орасида адолат қилиш ҳам ота-онанинг вазифасидир. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам мени кўтариб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига олиб бордилар ва: «Эй Аллоҳнинг Расули, гувоҳ бўлинг, мен Нўъмонга ўз молимдан буни-буни, бердим», деди. «Ҳамма ўғилларингга шунга ўхшаш қилиб бердингми?» дедилар у зот. «Йўқ», деди. «Бунга мендан бошқани гувоҳ қил», дедилар ва сўнгра: «Сени уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши хурсанд қиладими?» дедилар. «Ҳа», деди. «Ундай бўлса, йўқ!» дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Аллоҳга тақво қилинглар ва фарзанд-ларингиз орасида адолатли бўлинглар», дейилган (Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий).
 Ушбу ҳадисга биноан мусулмон инсон молиявий масалаларда ўз фарзандларининг барчасини баробар кўриши керак бўлади. Агар тенг имкониятли фарзандларнинг бирига мол бериб, бошқасига бермаса ёки бирига оз, иккинчисига кўп берса, адолатсизлик қилган бўлади. Болалари орасида фитна кучаяди. Агар шаръий узр ила сабаб бўлса, ота-она ўз болаларидан бирига кўпроқ, бошқасига озроқ мол берса бўлади. Мисол учун, бири бемор, иккинчиси соғ, бири камбағал, иккинчиси бой, бирининг болалари кўп, иккинчисиники оз.
13. Балоғатга етганидан сўнг уйлантириб, оилалик қилиб қўйиш ва бошқалар. Оилада фарзандларнинг алоҳида ҳуқуқлари бўлиб, унга амал қилиш шарт этиб қўйилган. Шу ўринда оила раҳбари зиммасига катта масъулият юклатилишини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Маълумки, ўз фарзандларининг, аҳли аёлининг ахлоқи, хулқ-атвори, юриш-туриши учун оила бошлиғи масъулдир.
14. Тарбия ҳақи ҳам фарзандлик ҳақларидандир. Аллоҳ таоло Таҳрим сурасида: «Эй иймон келтирганлар, ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган ўтдан қўрқитинг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмайдилар ва нима буюрилса шуни бажарадилар», деган (6-оят). Аҳли-аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳ таоло олдидаги бурчи эканига юқоридаги ояти карима ёрқин далилдир. Шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса уринг», дедилар» (Термизий). Ҳазрати Умар юқорида зикр қилинган ояти карима нозил бўлганидан сўнг: «Эй Расулуллоҳ! Ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар», деб жавоб берган эканлар. Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.
Демак, ҳар биримиз ўғил-қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо бажаришларини қатъият билан талаб қилиб, иймон-эътиқоди, одоб-ахлоқи ва бошқа жиҳатларининг тарбиясига аҳамият бериб туришимиз керак. Юқоридаги саволда зикр этилгани каби фарзандидан тониб, унинг нафақаси ва тарбияси масъулиятидан қочувчи оталарга эса Аллоҳ таолодан инсоф, тақво тилаймиз (Аллоҳ билувчидир).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri