Аллоҳ учун дўстлашиш қандай бўлади? Принтер учун
28.08.2014 й.
Аллоҳ учун дўстлашишнинг шартларини айтиб берсангиз. Мактабда бирга ўқиган дўстлар билан Аллоҳ учун дўстлашиш холис бўлиши мумкинми? Боиси, улар билан ўртада Аллоҳ учун дўстлашишдан ташқари, бирга ўқиганлик учун дўстлик ҳам мавжуд бўлади.

 ЖАВОБ: Аллоҳ таолонинг «Ҳужурот» сурасидаги: «Албатта, мўминлар биродардирлар», деган оятига биноан мўминлар бир-бирига биродардир. Воқеъликда эса мазкур умумий иймон биродарлиги билан бир қаторда хусусий биродарлик – дўстлик ҳам мавжудлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу хусусий биродарлик мўминлар ичидаги якка шахслар орасида ўрнатилиб, жамиятдаги умумий биродарликни мустаҳкамлашга ва бошқа кўпгина яхшиликларга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бу ишга алоҳида аҳамият берганлар ва бу тарздаги инсоний алоқаларни улфатчилик ва дўстлик деб номлаганлар.  
Албатта, улфат бўлиш ҳусни хулқнинг самарасидир. Тафриқа (бўлиниш) эса, ёмон хулқнинг самарасидир. Ҳусни хулқ муҳаббат, улфатчилик, мувофиқликка сабаб бўлади. Ёмон хулқнинг самараси ҳасадлашув, ёмон кўриш ва хусумат-душманликдан иборатдир. Исломда ҳусни хулқнинг ўрни жуда юқори даражада туради. Ҳусни хулқнинг фазли хусусида Аллоҳ таоло Қалам сурасида: «Албатта, сен улуғ хулқдасан» (4-оят), деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Шунда у зот: «Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар (Имом Термизий ривоят қилган).
Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир, бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, улфат ҳам ҳусни хулқнинг самараларидан биридир. Аллоҳ таолонинг муҳаббати, Ислом ва тақво асосида қурилган улфатчилик оят, ҳадис ва асарларда мақталгандир. Аллоҳ таоло Анфол сурасида: «Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини улфат қила олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни улфат қилди» (63-оят), деган.
Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик улфат қилган – бирлаштирган тузум ёки мафкура бўлмаган. Кишилар қалбида Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат ва тақво асосида бўлади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ», дедилар» (Табароний ва Ҳоким ривоят қилишган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда: «Қаёққа бормоқчисан?» деди. «Ушбу қишлоқдаги биродаримни хоҳлайман», деди. «Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди. «Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», деди. «Мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ сенга муҳаббат қилди», деди» (Имом Муслим ривоят қилган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Мен уларни Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган бугунги кунда Ўз соямга олурман, дейди», дедилар» (Имом Муслим ва Термизий ривоят қилишган. Термизийнинг лафзида: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишган-ларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлигининг хабарини бизга айтасизми?» дейишди. «Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар. Аллоҳнинг дўстларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган). Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод, Қуръони каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони каримда «Шундай қилиб Биз сенга Ўз амримиздан бўлган руҳни ваҳий қилдик», деган. Шундан гоҳида Қуръони каримни руҳ деб ҳам аталади.
Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молиявий олди-бердилари бўлмаса ҳам, Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилган одамлардир. Ана шундай одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар экан.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлиши, бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилиши ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ривоят қилишган).
 Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир (Аллоҳ билувчидир). 
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri