Мен қандай қилиб ҳанафий бўлдим (танловга) Принтер учун
18.09.2014 й.
Муқаддима

Ҳукмингизга ҳавола этилмиш ушбу кичик рисолада Девбанд олимларидан шайҳ  сўфий Муҳаммад Амин Сафдар Окарвийнинг (бу киши замонамизнинг машҳур ҳанафий олими Муҳаммад Тайқий Усмоний ҳазратларининг устозларидан бири экан) бемазҳабликни қандай тарк этгани ҳақидаги қизиқарли ҳикоялари битилган. Унда муаллиф ўзининг илк талабалик чоғи, бемазҳаб устозлари томонданмазҳаб вакилларига қарши нималар қилиш кераклиги ҳақида берилган кўрсатмалар, орада бўлиб ўтган айрим мунозара-ю баҳслар ва ниҳоят Аллоҳнинг ҳидоятига эришишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида батафсил сўзлаб берган.

Аслида ҳикоя таржимасини бизга ижтимоъий тармоқдаги бир дўстимиз илинди. Уни ўқиб чиқиб, бу ҳикоя куннинг долзарб муаммоси— “бемазҳаблик”ни бартараф этиш йўлида қилинаётган ҳаракатларда фойдаси тегар, деган умидда уни эълон қилишга қарор қилдик. Чунки, бу ташвишли ҳолатга юртимиз ҳудудларида сезиларли даражада барҳам берилган бўлсада, ҳали-ҳамон уларнинг ҳаракатлари яширин тарзда давом этаётгани, сафдошларини кўпайтириш пайида тинмай ҳаракат қилаётганлари кўпчиликка маълум. Бунда уларга айниқса ҳалқаро тармоқ—интернет жуда қўл келмоқда.
Ҳикояни кўздан кечириб чиққан ўқувчида, масжидлар ва бошқа жамоъат жойларда ўзларининг ноанъанавий ибодат турлари билан ажраб турган айрим бемазҳабларнинг асли ким эканлиги, уларнинг “биз аҳли ҳадисмиз”, деб ҳадисшуносликдан гапираётган баландпарвоз гапларида заррача ҳақиқат йўқлиги ҳақида қисқача бўлсада тасаввур пайдо бўлади. Бу эса албатта, фиқҳий қараш ва ақидамизнинг тўғри шаклланишида, ёш толиби илмларнинг тўғри тарбия топишида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз.

Ҳикоя шундай бошланади:
Аллоҳга ҳамду-сано айтамиз ва Унинг олийҳиммат Расулига саловоту-дурудлар йўллаймиз. Мен болалигимда қишлоқда яшаганман. Ўшанда, Қуръонни ўрганишим учун мени қаерга йўллаш масаласи кўтарилди. Қишлоқда биргина масжид бўлиб, унда ҳар жума куни жанг бўларди. Барлавийлар (такфирчи соҳта сўфийлар жамоати – тарж.) ўзларидан имом сайлашни истар, бемазҳаблар эса ўзларидан имом тайинлаш пайида эди. У ерда Девбандлик биргина оила бўлиб, (бизнинг оила) улар ўз фикрларини билдирмас, тортишувлардан четда турар эдилар. Жанг тўҳтамас, имом топилмас эди ва бу ҳолат олти ой давом этди. Баъзида масжидда иккита жамоат бўлиб қоларди. Бу отамни жудаям ҳавотирга солар эди. Охир оқибат отам “бемазҳаблар тавҳидни бидъат соҳибларидан кўра яхшироқ тушунишади”, деган тўхтамга келиб, таълим олиш учун ўғлини уларга йўллади. Шундай қилиб, мени бемазҳаблардан бўлган ҳофизга, қуръон ёдлаш учун юборишди.

Мени қандай ўқитишгани

Мактабда мен араб алифбосини ўзлаштириб олган эдим, шунинг учун устоз биринчи дарсни аввалги жуздан бошлади. У бизга оятларни қайтариб, такрор қилишни буюрар, биз эса ёд олардик. Шундан кейин, устоз бизга қандай қилиб фалон ҳанафий муфтийсини мот қилганлиги-ю, ва фалон ҳанафий олимини бахсда ютиб чиққанини айтиб берар эди. Бу дунёда биз билан тенглаша оладиган ҳанафий мавжуд эмас (девбандийми ёки барлавийми, фарқи йўқ) деб уқтирарди.
Сўнгра, у бизга бир эълонни кўрсатарди ва айтардики: “Қаранглар! Бу эълон йигирма йил олдин чоп этилган. Бу дунёдаги барча ҳанафийлар учун бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни “рафу-л-ядайн” (намоз ичида қўлларни кўтариш)ни бекор қилганликлари тўғрисидаги биргина ҳадисни бизга  кўрсатишлари талаб қилинган”. Эълон матни қуйидагича эди:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай ҳадисини кўрсатингларки, бир асрдан кейин унинг дини бекор қилиниши ва умматга Абу Ҳанифага тақлид қилиш мажбурияти юклатилиши ўша ҳадисда очиқ-ойдин айтилган бўлсин”.
Устозими эълонни кўрсатгач айтар эди: “Биз ҳатто бир неча минг рупий мукофот ҳам таклиф қилганмиз, бироқ ҳеч ким бизга жавоб бера олмади”.

Устознинг ёлғон сўзлари шогирдларни таъсирлантирар эди, шунингдек, устоз бизга бир вақтлар Деҳлига сафар чоғида Девбандда тўхтаганлигини айтиб берди: Намоз вақти кириб, барча устозлар ва шогирдлар масжидда тўпланишган. Шунда мен у ерга кирдим ва эълонни кўрсатиб сўрадим: “Сизнинг мадрасингизга бу варақани ҳар йили йўллашади. Нима учун бизга эълонда сўралган ҳадисни юбормайсиз?”.
Яна, устозимизни айтишича,  у ердаги мударрислар уялиб ва ҳаяжонланиб, ҳеч қачон бундай ҳадисни кўрмаганликларини айтганлар ва “Нима учун сиз доим бу ҳадисни юборишни сўраб бизни таҳқирлайсиз?” - деб сўраганлар. Устозимизнинг гапини эшитиб, ҳеч қандай умид йўқ эканлигини тушунардик, ахир биз Девбандда улкан мадраса бор деб эшитгандик. Агар устозимиз ҳатто Девбанд мударрисларини мот қилган бўлса, бундай ҳадисни топиб бўлармиди?

Ихтилоф нима?

Албатта, биз устоздан, у ва суннийлар ўртасида нима фарқ бор эканлигини сўрар эдик. У эса: “Ўғлим, биз ва суннийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига ишонамиз. Биз бунда ҳамфикрмиз. Лекин биз: ўзимиз ишонадиган одамга эргашишимиз керак, деймиз. Улар эса, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ишонамиз деб туриб, Абу Ҳанифага (раҳматуллоҳи алайҳи) эргашадилар” – деб жавоб берарди.
Шунда биз сўрар эдик: “Устоз, ахир Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи) Ислом олими бўлганлар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни сўзларини тушуниш учун мусулмонларга ёрдам берган бўлсалар керак, чунки олим киши атайин ҳадисларга ихтилоф қилиши мумкин эмас-ку”.
Устозимиз жавоб берарди: “Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи), жудаям солиҳ киши бўлган, лекин унинг даврида барча ҳадислар ҳали тўплаб бўлинмаган эди. Шунинг учун, Имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи) кўплаб фатволарини қиёсга (ҳужжати йўқ муаммоларни ечимида бошқа масала ҳужжатларига таққослаш билан) асослаб берган эди, лекин, унинг фатволари ҳадисларга қарши бўлса уларни ташлаш кераклигини алоҳида таъкидлаб айтар эди. Бироқ, бу ҳанафийлар жудаям ўжарлар”.
Ўша вақтда, нима учун уммат аввал фиқҳ билан, кейингина ҳадислар билан шуғулланиши керак бўлгани тўғрисида савол беришга фаҳмимиз етмаган эди... Шак шубҳасиз, “Саҳиҳ ситта” (олтита саҳиҳ ҳадис тўплами)ни тузганлар тўрт имомдан кейин келганлар, лекин улардан бирортаси ҳам ўз китобларида ҳанафийлар ёки шофиийларга раддия бериш тўғрисида боблар ажратмаган.

Ҳадисни билиш

Устоз бизга айтарди: “Газмоллар газмол дўконида, шакар эса шакар дўконида сотилгани каби, ҳадисларни фақат ҳадис билимдонларидан (аҳли ҳадисдан) топиш мумкин. Бошқа ҳеч бир мадрасада ҳадисни ўргатишмайди. Агар сиз бизни тарк этсангиз, бутун ер юзини айланиб чиқсангиз ҳам, ҳадисга бўлган чанқоғингизни қондира олмайсиз. Ҳадисни фақат бизгина ўқитамиз холос”.
Ўшанда биз содда эдик ва “аҳли ҳадис”ларни, “аҳли Қуръон” деган биродарлари бор эканлигини ва улар ҳам худди шунга ўхшаш нарсаларни алжирашини билмас эдик. Лекин устозимиз: “Қуръонни фақатгина “аҳли Қуръон”лардан ўрганиш керак, ахир биз Қуръонни билармидик?” – деб албатта айтмас эди. Хуллас калом, ҳақиқий мўъминлар саноқлигина эканлиги ва бошқалар ҳадисларни рад этишига бизни ишонтиришган эди.

Юзта шаҳиднинг савоби

Нафл намозларини умуман ўқимаслигимизни яхши эслаймиз, аксинча биз нафл ўқиганларнинг устидан кулар эдик. Суннатларга аҳамият бермас эдик, ахир ҳанафийлар нафл намозларга ва суннатларга жуда катта аҳамият берадилар-да. Ҳа, ҳа!  Бироқ, унутилган суннатларни тирилтиришга катта эътибор қаратардик. Мисол учун, жамоат намозида ёнимиздаги намозхонинг тўфиғига тўфиғимизни теккизиб турардик, ахир бу унутилган суннат-ку, уни тирилтирганлик учун юзта шаҳиднинг савоби тайин.
 “Омийн”ни овоз чиқариб айтиш ҳам худди шу сингари эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эдиларки, кимни “омийн” дейилиши ғашига тегадиган бўлса, ўша одамлар умматнинг яҳудийлари бўлади, шунинг учун “омийн”ни имкони борича баландроқ овозда айтиш керак. Ахир, қанча кўп ҳанафийлар сени эшитсалар, шунча кўп юзта шаҳиднинг савобини оласан. Шунингдек, бу яҳудийларнинг ғашига текканинг учун алоҳида савобга ҳам эга бўласан.

Аслида фиқҳ қандай эди

Устозимизда шунингдек, мавлоно Мухаммад Юсуф Жайпурийнинг “Хақиқутул-фиқх», мавлоно Муҳаммад Рофиқ Пасрурийнинг «Шамшир Мухаммадия бар ақоид Ханафия» ва мавлоно Муҳаммад Жонагрийнинг «Шамоил Мухаммадия» сингари китоблари бор эди.Устозимиз билан ўтирардик ва у бизга ҳукмларни ўқиб берар эди, кейин эса, беш дақиқа давомида бошимизни ушлаб тавба қилардик: “Бундай дахшатли нарсалар ҳатто ҳиндлар ва сикхларнинг китобларида ҳам йўқ. Ё Аллоҳ! Агар ҳиндлар, сикхлар ва насронийлар бу ҳукмларни билганларида эди, улар мусулмонларни тубанлашган деб ўйлаган бўлардилар”. Хуллас, бизнинг миямизда ҳанафий мазҳаби шундай жирканч бир мазҳабки, ҳатто ҳиндлар, сикхлар, зардуштийлар ва яҳудийлар ҳам у билан ҳеч қандай ўзаро ўхшашлик бўлишини хоҳламаган бўлардилар, деган фикр қаттиқ жойлашди.

Услубият

Энди, биз ушбу асосларни ўзимизга жамлаб олганимиздан кейин, устоз бизга оддий ҳанафийларни олдига бориш ва бизни ҳанафий бўлишимизга сабаб бўладиган ҳадисни кўрсатиш учун, уларнинг устозини олдига олиб боришни сўраш тўғрисида топшириқ берарди. Оддий ҳанафийлар ҳақиқатдан ҳам бизни устозига олиб борардилар ва биз ундан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан, у кишинининг ҳадис ва кўрсатмаларини четга суриб, фақат Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)га эргашиш тўғрисида айтган ҳадисларини кўрсатишни талаб қилар эдик.
Савол бергач,  ҳеч қачон уларнинг жавобларини диққат билан эшитмас эдик. Лекин, икки дақиқадан кейин бизни олиб келган ҳанафийлардан, уларнинг устозлари бир дона ҳам ҳадис келтира олмаганлигига гувоҳлик беришни сўрар эдик. Албатта, бундан кейин ҳанафийлар устози биздан аччиқланар эди ва биз кетардик.  Устозимиз эса биздан хурсанд бўларди.
У ўз шогирдлари билан кўплаб қишлоқларда мақтанар эди ва айтардики: “Қаранглар! Мана бу бола фалон ҳанафий устозини мағлуб қилди, у берган саволларнинг бир донасига ҳам жавоб бера олмади. Бир дона ҳам ҳадис келтира олмади!”. Кейин барча ушбу оятни ўқиб, жавоб берарди: “Ҳақ келди, ботил йўқ бўлди. Зотан, ботил доимо йўқ бўлгувчидир” (Исро. 81-оят)

Олти асос

Устозимиз бу соҳада устаси фаранг эди. У айтардики - уларни ютиш учун бизга Куръон, ҳадис ва фиқх керак эмас. Ҳатто олим бўлмаган одам ҳам, агар ҳанафийларни безор қиладиган бўлса юзта шаҳиднинг савобини олиши мумкин.

1. Ҳанафийни учратсанг, унинг қўлидаги соатини тақиши учун қайси ҳадисда далил келтирилганлигини сўра. Бундай саволларни бериш учун ҳеч қандай илм керак эмас. Олти ёшли болани дорихонага юбориш мумкин ва у хоҳлаган дорисини кўрсатиб: “Шу дорининг номи ҳадисда кўрсатилганми?” – деб сўрайди. Бундай саволни бериб, масжидга келинг ва “Мен ҳанафийдан ҳадис сўраган эдим, у жавоб бера олмади” – деб эълон қилинг. Энди, фалончи ҳанафий устози бир дона ҳам ҳадисни билмайди деган миш-миш тарқатиш ҳар бир бемазҳабнинг зиммасидаги шарафли бурчи, мажбуриятдир.

2. Агар сизни худди шу тарзда гапдан илинтириб олиб: “Ўзинг ёзаётган ручкангни маркаси келтирилган ҳадисни менга кўрсат” – деб сўрашса, ваҳимага тушманг. Дарҳол жавоб беринг: “Қайси ҳадисда бу марка таъқиқланган?”. Сўнгра, баланд овозда, зарда билан айтинг: “Сен буни таъқиқлангани айтилган ҳадисни кўрсата олмайсан, сен ўзингни ҳимоя қилиш учун ҳадис келтира олмайсан, бундан бошқа нарсаларни ҳам таъқиқлангани тўғрисида ҳадис келтира олмайсан...”. Энди, барча бемазҳаблар бир бирларига айта бошлайдилар: “Бечоралар ҳадисларни қаердан ҳам билишсин? Улар бутун умрини фиқхни ўрганиш билан ўтказган-ку!”.
3. Агар ҳанафий киши ҳадислар тўпламини олиб келиб: “Сен аҳли ҳадисман дейсан! Ўзинг амал қилмаётган мана бу кўплаб ҳадисларга қарасангчи” – деса, ваҳима қилишга ўрин йўқ. Унинг юзига кулиб юборгинда, кейин айтгин: “Ажойиб! Нима китоб экан ўзи бу? Биз фақат Бухорий ва Муслимларга эргашамиз. Жуда бўлмай кетганда – “Саҳиҳ ситтага”.
Бошқа ҳадис тўпламларини фақатгина рад қилиш билан кифояланма, уларнинг устидан шундай кулгинки, китобни олиб келган одам уялганидан ўз тўпламини йиғиштириб қўйсин. Мана, қарабсанки, сен хавфдан қутулдинг.

4. Агар сенга олти тўпламдан ҳадис кўрсатишса ва бу ҳадисда сенга қарши далил бўлса, дарҳол ундан мазкур ҳолатга айнан тўғри келадиган аниқ ифодали сўзларни талаб қил. Агар бундай ҳадисни топа олса, унга 100000 минг рупий ваъда қил. Қодиёнийлар (Мирзо Қодиёний деган ўзини пайғамбар, Маҳди деб эълон қилган каззобга эргашган кофир фирқа, уларни яна “аҳмадийлар” ҳам дейишади – тарж.) худди шундай қиладилар: уларга Исо алайхиссалом осмонга тирик ҳолда ва ўз танасида кўтарилгани аниқ айтилган ҳадисни кўрсатишни сўрайдилар. Бу ҳадис саҳиҳ, сариҳ, марфуъ, ғойри мажруҳ бўлиши лозим. Бемазҳаблар бўлса, “мансух” (бекор қилинган) ва “рафу-л- ядайн”, деган сўзлари бор ҳадисларни талаб қиладилар. Зарданг қайнаганини кўпроқ кўрсат, токи мухолиф томон сенинг шиддатинг остида жим бўлиб қолсин.
5. Мабодо, сенга айнан хоҳлаган нарсангни келтирсалар ва мухолифинг: “Қарагин! Сен сўраган сўз мана бу ерда” – деса, унга жавобан қичқиргин: “Бу ҳадис – заиф, заиф, заиф!” (заиф сўзини уч маротаба қайтариш лозим). Энди, сен бу ҳадисни қабул қилишинг шарт эмас ва сенда устунлик бор, ахир сен мухолифингга мазкур ҳадис тўғрисида ҳеч нарса билмаслигини кўрсатиб қўйдинг. Бу билимсиз, мазкур ҳадиснинг заиф эканлигини энди тушуниб олсин.
6. Охиргиси, агар сен кимдир намоз ўқимаётганлигини кўрсанг, намоз ўқишни бошлаши кераклиги тўғрисида гапириб ўтирма. Лекин, намоз ўқиётган одамни кўрсанг, унинг намози беҳудалиги ва қабул қилинмаслиги тўғрисида албатта унга айтгин.
Мана шулар бизнинг олтита асосимиз эди.
Менинг отам рўза ва намозларда жуда ғайрат қилардилар, шу жумладан таҳажжудда ҳам. Мен ҳар куни, унинг намози қабул бўлмаслиги, унинг иймони беҳуда эканлиги, унинг таҳажжуди қабул бўлмаслиги, борингки, унинг ибодатларидан ҳеч нарса қабул бўлмаслигини айтиб бахслашардим. Отам: “Бахслашиш керак эмас. Менинг намозларим ҳам ва сенинг намозларинг ҳам – ҳаммаси қабул бўлади” - деб жавоб берарди. Мен эса: “Қандай даҳшат! Ахир Роббимиз бизни икки хил намозга йўллаганми: бири Мадинага, иккинчиси эса Кўфага? Бизнинг намозимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламнинг намозидир, у бизни жаннатга олиб боради” – дердим. Отам: “Аҳмоқона гапларни айтишни тўхтат”- деб жавоб берарди. Бу бизга буюк бир ғалабадек туюларди. Шунингдек кўпинча мен унга, уни ҳурмат қилишимни, агар бундай бўлмаганда унга фиқхнинг барча ифлосликларини очиб ташлашим ва унинг қўлансасидан боши портлаб кетиши мумкинлигини айтардим.
Шу тариқа бир неча йил ўтди.

Кўчиб ўтиш

Биз  янги жойга кўчиб ўтдик ва у ерда мени гиж-гижлайдиган ва мақтайдиган ҳеч ким йўқ эди. Лекин, шаҳар мадрасасига қатнар эдим. У ерда араб грамматикаси, “Булуғ ал-марам” ва Насоийдан дарсларим бор эди. Булардан мақсад китобни устоз билан тўлиқ ўқиб ўтиш эмас, балки муайян бир масалаларни муҳокама этиш эди холос. Масалан, “Фотиҳа” сурасини имомни орқасида ўқиш, рафу-л- ядайн, “омийн”ни овозини чиқариб айтиш, намозда қўлларни кўкракка қўйиб туриш, оёқларни йириб туриш ва ҳаказо. Агар бу нарсаларни билсанг, имтиҳонни аъло баҳога топширишинг аниқ эди. Аммо шаҳардаги ҳолат қишлоқдагичалик шиддатли эмас эди.

Баҳслашишни яхши кўриш

Ўша вақтда менинг устозим мазҳабга эргашмайдиган мавлоно Абдул-Жаббор Муҳаддис Хандевли эди. Бир кун у мени чақириб, Анвар Шоҳ Кашмирийнинг иккита шогирди келганлигини ва улар билан очиқ мунозара уюштириш кераклигини айтди. Мен: “Ҳазрат! Улар нимаям қила олардилар! Агар имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи) қабрдан туриб келса, ҳатто у ҳам бизни баҳсда енга олмаган бўларди (Аллоҳ мени кечирсин)! Бизда ҳадис бор, уларда эса фақатгина қиёс холос” - дедим. Устозимга бундай сўзлар ёқиб тушди, ҳаққимга дуо қилди ва менга “Барча ҳанафийларга чақириқ! Мукофот – 100000 рупий” - деб ёзилган варақани тутқазди. Бу қоғозни олишимни буюриб, ғалаба мен томонда бўлишини айтди.

“Ид Ғо”да

Икки ҳанафий устозлари “Ид Ғо” мадрасасига тушишган эди. Мен мавлоно Абдулҳаннон Соҳибни кўп одам ўраб олганлигини, мавлоно Абдулқодир Соҳибнинг атрофидагилар эса камроқ эканлигини кўрдим. Бундан келиб чиқиб, мавлоно Абдулҳаннон  олимроғи бўлса керак, деб хулоса қилдим. Мен яқинлашиб, унинг орқа томонига ўтирдим ва ҳазратни елкасидан, кейин эса бошидан тортқилай бошладим. Ҳазрат бир неча бор менга қараб қўйди, лекин ҳеч нарса демади. Тўртинчи бор елкасидан тортганимдан кейин: “Нима қилаяпсан ўзи?” деб сўради. Мен эса у билан гаплашиш йўлини қидираётган эдим.
Дарҳол варақани чиқариб унга узатдим ва: “Ҳазрат! Аҳли ҳадис бизларни безовта қиляптилар. Улар биргина ҳадис учун 100000 рупий ваъда қилмоқдалар, бироқ бизни устозларимизда уларга кўрсатишга ҳадис йўқ. Илтимос, бизга ёрдам беринг ва уларни ўн бир саволига жавоб бўла оладиган ҳадисларни ёзиб беринг” – дедим.
Ҳазрат: “Мен кўпдан бери урдуда дарс ўтмаган эдим, шу сабабли бу тилда унчалик тўғри гапира олмайман. Мавлоно Абдулқодир бўлса урдада яхши гапиради ва у кишини бу сингари саволлар қизиқтиради. Бориб ундан сўрагин” – деб жавоб берди. Мен туриб, мавлоно Абдулқодирнинг олдига юрдим, ҳазрат эса мавлонога мурожаат қилиб:  “Бу бола жудаям ақлли. Илтимос, унга бу саволларни тушунтириб беринг. Умид қиламанки, Аллоҳ таъолонинг инояти билан кирлик бирпасда ювилиб кетади” – деди. Мавлоно варақани олиб, уни ўқий бошлади. Мавлоно ўқир эди, мен эса уни юз ифодасини кузатар эдим. У гоҳ енгил кулар, гоҳ эса юзида ғазаб аломати кўринарди. Нима бўлганда ҳам, у варақани тўлиқ ўқиб чиқди.
Ният
Ҳазрат сўзининг аввалида: “Ўғлим, ниятингни тозалаб олгин. Агар инсон диннинг ҳукмини билиш нияти билан, унга амал қилиш учун савол берса, у ҳолда берган саволи учун савоб олади ҳамда, дин ҳукмига амал қилгани учун, алоҳида савобга эга бўлади. Агарда, инсон фитна қўзғаш учун савол берадиган бўлса, савол бергани учун ҳам  ва қилган фитнаси учун ҳам гуноҳга ботади” – деб бошлади.  У давом этиб: “Мен сенга дин ҳукмини ягона мақсад билан - фақат Аллоҳнинг розилигига эришиш учунгина тушунтираман” – деди. Мен: “мен ҳам буларни ҳаммасини Аллоҳнинг розилигига эришиш учунгина тушунишни хоҳлайман” – дедим.

Далилни ким келтириши керак?

Ҳазрат: “Бу варақада жуда кўп ёлғон келтирилган, лекин фақат олим одам бошқа олимнинг алдовини пайқай олади. Ҳар ким ҳам бу ёлғонни кўра олмайди. Муаллиф ўзини аҳли ҳадис деб номлашига қарамасдан, аслида у ҳадисларни инкор қилмоқда, ахир машҳур ҳадисларнинг бирида айтилишича: “Далилни, даъво қилаётган келтириши лозим” (Термизий,  1 ж. 249 б.)
Судда ҳам, ким даъво киритган бўлса, ундан далил келтиришни сўралади. Мана бу ўн бир саволда кўрсатилган даъволар бемазҳаблардан чиқмоқда. Демак, далилни ҳам улар келтириши керак. Бироқ, ўзларининг далилларини заифлигини беркитиш учун, улар аксинча йўл тутишмоқда – улар бизга савол беришмоқда. Хозир, буни мисол келтириб тушунтираман. Рофизийлар азонга “Гувоҳлик берманки, Алий валийуллоҳдир” деган сўзларни қўшишган. Биз улардан бунга далил сифатида оят ёки ҳадисни келтиришларини, ёки, жуда бўлмаганда, Алий розияллоҳу анҳунинг ўзи шу сўзларни азонга киритганини исботлашларини талаб қилишга ҳаққимиз бор. Лекин улар буни исботлай олмайдилар ва Қиёматга қадар ҳам буни қила олмайдилар. Бироқ, ўзларининг нодон издошларини алдаш учун, мана бу бемазхабларнинг саволларига ўхшаш саволлар берадилар.
Ўзинг бир тасаввур қилгин, улар сизларни олдингизга келиб: “Ер юзидаги барча бемазҳаблар йиғилиб, азонда бу сўзларни айтишимизни таъқиқлайдиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир донагина (саҳиҳ, сариҳ, марфуъ, ғойри мажруҳ) ҳадисини  топа олсалар, биз сизга 100000 рупий мукофот берамиз” – деб айтсалар, бу ҳолда, сенинг устозинг уларга ўшандай ҳадисни кўрсатиб бериши керак, ёки, шиалар ҳақ эканлиги, сизлар эса адашувда эканингизни тасдиқлаши керак, ахир бутун дунёдаги бемазҳаблар бундай ҳадисни топа олмайдилар-ку?!”.
Мен: “Нима учун биз бундай ҳадисни келтиришиз керак экан? Кимки азонга бундай сўзларни қўшиш керак деса, ўшанинг ўзи бунга далил келтириши лозим. Буни таъқиқлайдиган ҳадисни қидириш бизга нега керак? Бу фақат ҳийла ва ёлғон-ку!”- дедим.
У эса: “лекин сиз “рафу-л-ядайн” қиласиз ва биздан буни таъқиқланганлигига далил сўрайсиз. Бу ҳам худди шундай ёлғон” – деди.
Кейин давом этиб, у: “Қуръондаги биринчи сура бу “Фотиҳа”дир. Уни “Уммул Қуръон” деб аташади ва унда кўплаб саволларга жавоб бор. Кимдир “Фотиҳани” овқатни олдида ўқиш керакми деб, кимдир эса уни имомни орқасидан ўқиш керакми деб баҳслашади. “Фотиҳа”нинг ўзида икки асосий қоида - тавҳид ва тақлид кўрсатиб ўтилганига қарамасдан, улар баҳслашадилар. Лекин, “Фотиҳа”ни овқатга ўқийдиганлар тавҳидни яхши кўрмайдилар, “Фотиҳа”ни имомнинг орқасидан ўқийдиганлар эса тақлидни яхши кўрмайдилар. Мен шуни назарда тутяпманки, буниси ҳам, бошқаси ҳам “Фотиҳа”нинг маъносини тўлиқ қабул қилмайдилар”.
Кейин у мендан сўради: “Сизлар “Фотиҳани” овқатга ўқийдиганлар билан баҳслашганингизда, улардан, савобини ўлганларга етиши нияти билан “Фотиҳани” овқатга ўқиш мумкинлиги тўғрисида айтилган ҳадис келтиришни сўрайсизлар. Унда, уларга ҳам, сизлардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни “Фотиҳани” ўлганларга  савоби етиши учун овқатга ўқишни таъқиқлаганлари айтилган саҳиҳ, сарих, марфуъ, ғойри мажруҳ бўлган ҳадисни келтиришни сўраш ҳаққини беринглар. Улар сизга ҳам бундай ҳадис учун мукофот беришни ваъда қилган бўлардилар”. У киши қўшимча қилиб: “Қани, уларга шундай ҳадисни кўрсатчи” – деди.
Мен: “Овқатга “Фотиҳани” ўқийдиган улар бўлса, нега энди биз далил қидиришимиз керак экан? Нима учун улар буни таъқиқлангани кўрсатилган далилни талаб қилишлари керак?” – деб жавоб бердим.
У мендан сўради: “Имомни орқасидан “Фотиҳани” ким ўқийди – сизларми ёки улар?”. Мен: “Биз” - деб жавоб бердим”.
У эса: “Нима учун унда сен ҳадисни биздан сўраяпсан? Нима учун сен сотиб олиш учун бир тарозини ва сотиш учун эса бошқа тарозини ишлатаяпсан, худди Шуайб алайхиссаломнинг қавми сингари? Ахир сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, ўзингга нима тиласанг, биродарингга ҳам худди шуни тилашинг тўғрисидаги айтган сўзлари эсингда йўқми (Бухорий)?

Аниқ далил

У айтди: “Далил сўраш мумкин, лекин аниқ далил келтиришни сўраш таъқиқланади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мўъжизаларига ишонмасдан, фақат уларнинг шартларига тўғри келадиган мўъжизаларни сўраган кофирлар худди шундай қилишган. Улар сўраган мўъжизалари кўрсатилса, улар: айнан биз талаб қилган нарсалар берилмади, деб жавоб қилишарди. Кейин эса, умуман ҳеч қандай мўъжиза кўрмадик деб овоза тарқатишарди. Тасаввур қилгин, бир одам сени олдингга келиб: “Мен жудаям гуноҳкорман. Ёшим олтмишда, лекин ҳеч қачон намоз ўқимаганман. Бугун тавба қилмоқчиман. Илтимос, менга намоз ўқишни ўргатинг. Лекин бир шартим бор – менга ҳамма ракатлар, сано ва ҳамдлар, ташаҳҳуд ва салавотда айтиладиган сўзларга Қуръон оятлари орқали далил келтиришингиз лозим. Мен бошқа далилларни қабул қилмайман” - деса. Буларни ҳаммасини Қуръондан топа оласизларми? Агар сиз буни барчасига Қуръондан далил топа олмасангиз ва у: “сиз ҳеч нарсани исботлай олмадингиз” деса, албатта у ҳақ бўлмайди. Бу “далилни аниқлаштириш” дейилади. Суд залида судья далил келтиришни талаб қилади, лекин унинг аниқ шакли тўғрисида ҳеч қандай шарт қўймайди.  Судда қандай далил келтирилишидан қатъий назар, уни текшириб кўриш мумкин. Масалан, кимдир Зайдни гувоҳ сифатида олиб келди. Сиз Зайдни сўроқ қилишингиз мумкин, лекин буни ўрнига, Зайд гувоҳликка тўғри келмайди деб, фақат президентнинг ёки бош вазирнинг гувоҳлигини қабул қилишингизни айтдингиз. Наҳотки, қайсидир судда бу услуб қўлланилади? Сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишонасизми ёки ўз устозингизга кўр-кўрона тақлид қиласизми?  
Ҳазрат давом этди: “кофирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни мўъжизаларига ишонмаганлари ва аниқ шартларига тўғри келадиган мўъжизаларига ишонганлари сингари, сизлар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишонмайсизлар! Сиз фақатгина устозингиз қўядиган шартларига ишонасизлар. Кофирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, агарда Аллоҳ улар сўраган нарсани айтса, ёки қилсагина ишонишларини айтардилар. Худди шу сингари, сизнинг устозингиз ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аниқ ифодали сўз билан айтсаларгина, диннинг қайсидир ҳукмига ишонишини айтади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақиқатда айтган нарсаларини эса, у қабул қилмайди”.
Ман шу дамда, мен ҳазратнинг сўзларига ичимда қўшилдим. Ҳатто бизга юзта ҳадис келтиришса ҳам, унда маъно йўқ, деб биз уларни эътиборимизга ҳам олмасдик, ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам устозимиз талаб қилган нарсани аниқ айтмаганлар. Биз гўё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, фалон нарсани ёки пистон нарсани айтишни маслаҳат бераётгандек бўлардик, аксинча бўлса у кишига ишонмасдик.
Савол
Мен: “Ҳазрат! Устозимдан ҳадис талаб қилиб, унинг учун унга мукофот ваъда қила оласизми – у шундай ҳадис бўлсинки, устозим топа олмасин? Шунда, сиз унинг саволларини ёлғон деганингиз сингари, у ҳам буни ёлғонлигини тан олишга мажбур бўларди” - дедим.
Мавлоно кулиб: “Наҳотки, ёлғон мақбул нарса бўлсаки, биз ҳам уни ишлатсак? – деди.
Мен сўрадим: “Илтимос, шундай савол ёзиб берингки, мен буни ҳаммасини аниқлаштириб олайин”.
Шунда, мавлоно мен олиб келган варақанинг орқасига ёзди: “Сиз таклиф қилган худди шу шартлар асосида, марҳамат қилиб, шариатда далил сифатида фақатгина саҳиҳ, сарих, марфуъ, ғойри мажруҳ бўлган ҳадисларни ишлатиш мумкинлиги тўғрисида бизга бир донагина ҳадисни келтиринг. Агар буни исботлай олсангиз, мен сизга 50000 рупий бераман”.
У бунга имзосини қўйганда, мени устозим мукофот 50000 рупийдан кам бўлмаслигини алоҳида таъкидлаб айтса ҳам, унинг ўзи бир маротаба бўлса ҳам мукофот ваъдасини, ҳатто 5 центга ҳам имзо қўймаганини ўйладим.  Мавлоно бўлса, ўйлаб ҳам ўтирмасдан 50000 минг рупий бериш ваъдасига имзо чекди.

 Қайтиш

Қўлимдаги қоғоз билан қайтиб келдим ва устоз мени эшик олдида кутиб турганлигини кўрдим. Уни олдига яқинлашишим билан сўради: “Хўш, варақани ўқиб чиқишга кимдир журъат қила олдими?”. Мен: “Устоз! Бугун ёмон кун бўлди. Бир одам уни нафақат ўқиб чиқди, балки биздан ҳадис ҳам талаб қилди. Агар, сиз унга ҳадис топиб берсангиз, у сизга 50000 рупий берар экан. У бунга имзо чекди. Устоз, бу ерга ҳадис ёзиб беринг ва мен сизга мукофотни олиб қайтаман” – дедим.
Декабр ойининг совуқ кунлари эди. Биринчи сатрни ўқишдаёқ  устоз уч маротаба пешана терисини артди. Устозни диққати ошганлигидан терлаб кетганлигини кўриб, мен ҳам масалани қанчалик мураккаб эканлигини хис қилдим. Шунда Аллоҳнинг ҳидояти вақти келди. Саволни ўқиб, устоз: “Ўғлим! Бу шартлар бизни алдаш учун келтирилган” – деди.
Бу сўзларни эшитганимда, оёғимдан мадор кетди. Мен айтдимки: “Устоз! Бугун мавлоно менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эмас, устозимнинг ёлғон талабларига ишониб юрганимни исботлаб, тушунтириб берди. Хозир эса, сиз ўзингиз уларни ҳийла ва ёлғон дедингиз. Энди мен нима қилай?”.
Яна бир савол
Синфхонада устознинг столига китоблар, рисолалар ва бошқа нарсаларни териб қўяётган эдим. Уларнинг орасида иккита қалин рисола бор эди. Уларнинг бири “Аллома Анвар Шоҳ Кашмирий (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг  “Саҳиҳ Бухорий бўйича маърузалари”, иккинчиси эса “Араб ва ажамлар шайхи, Дорул Улум  Девбанд устози Саййид Хусайн Аҳмад Маданий (раҳматуллоҳи алайҳи)нинг Термизий бўйича маърузалари” деб номланарди.
Бир куни устоздан: “Устоз! Нима учун сиз бу мушрикларнинг китобларини сақлайсиз?” - деб сўрадим. Ўша вақтда биз ҳанафийларни “мушрик”, деб аташни жуда яхши иш, деб ҳисоблардик, буни устига, бу ишимиз устозни жуда хурсанд қиларди. У бундан жуда мамнун бўлиб, бизни кўп мақтарди.
Устоз жавоб бериб: “Ўғлим! Биз улар билан кўп масалада ихтилоф қиламиз, лекин Аллоҳ таъоло уларга кўп илм берган. Уларни китобларисиз биз Бухорий ва Термизийдан дарс ўтолмаган бўлардик” – деган эди.
Мен буни эслаб: “Устоз! Сиз Бухорий ва Термизийдан, уларнинг китобларисиз дарс ўтолмайдиган даражадаги олим одамларни алдаяпсизми? – деб сўрадим. Буни эшитиб устоз: “Йўқол бу ердан! Бошқа бу ерга кирма” – деди. Мен: “Устоз! Мукофотни олиб келишим учун ҳадисни ёзиб беринг”- дедим. Устоз менга бир тарсаки тушуриб, жойимга ўтиришни буюрди.

Қайтиб бориш

Аср намози вақтидан кейин мен яна мавлоно Абдулқодирнинг олдига бордим ва: “Ҳазрат! Мен бу саволларни ҳийла ва ёлғон эканлигига амин бўлдим, лекин... илтимос, нима учун сиз ҳадисларни эмас, Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳи) айтган сўзларни афзалроқ кўришингизни айтиб беринг?” – дедим. Ҳазрат: “Сен ҳақсан” – деди. У менга  “Эъло ус-Сунан” китобининг урду тилидаги таржимасини берди. Мен ундаги ҳадисларни ўқир эдим ва шу вақтгача қанчалик кўп ёлғон сўзларни айтганимизни тушунардим.
Устозимга: “Устоз! Нима учун сиз “Эъло ус-Сунан”да келтирилган ҳадисларни қабул қилмайсиз? Нимага бу ҳадисларга эргашганларга “аҳли рай” деб лақаб қўясиз? Агар ҳеч қайси мазҳабга эргашмайдиган қайсидир олим бунга раддия ёзган бўлса, уни ҳам ўқиб чиқишим учун менга беринг” - дедим.
Лекин, масалани ўрганиб чиқиб, ҳеч қандай бемазҳаб бу китобни рад қила олмаганлигини тушундим. Мадрасада “Эъло ус-Сунан”ни ўрганаётганимни кўрса, устоз мендан ғазабланарди ва бир кун ҳатто урди ҳам. Мен нима учун “аҳли ҳадис”лар, ҳадисларга нисбатан бунчалик адоват кўрсатишини тушунмасдим. Мен: “Нима учун менга ҳадисларни ўрганишга руҳсат бермайсиз?” деб сўрардим. У эса ҳар доим: “Нимага сен бу ҳадис тўпламини бизни мадрасага олиб келдинг?” – деб жавоб берарди.
Бир кун доскага чиройли ёзув билан ёзиб қўйдим: “Ма асфартум бил-фажри фаиннаху аъзаму бил-ажри” (Бомдод намозини кун озгина ёришганда ўқилса, савоби кўпроқдир).
Мадрасада ҳамма шовқин солишди: “Ким ёзди бу ҳадисни? Нима учун ёзди? Ушла уни! Ёқасидан олиб ҳайда!”...
Бошқа кун деворга ёзиб қўйдим: “Абридув биззуҳри фаинна шиддатал-ҳарри мин файҳи жаҳаннам” (пешин намозини салқинроқ бўлганда ўқинглар, чунки иссиқнинг шиддати жаҳаннам нафасидандир).
Ўшанда мендан: “Нима учун фитна қўзғаяпсан?” – деб сўрашди.
Кейинги намоздан олдин яна бир ҳадисни ёздим:
 “Фақиҳун ваҳидун ашадду алаш-шайтони мин алфи абид” (Бир дона фақиҳ, шайтон учун мингта обиддан ҳам ҳавфлироқдир)
Шунда мен, бу одамларнинг дунёдаги энг ёмон кўрган нарсаси (уларнинг таълимотига мос келмайдиган) ҳадислар (агарча саҳиҳ бўлса ҳам) эканлигини тушуниб етдим.

Учинчи бора

Мавлононинг олдига яна келганимда, у мендан сўради: “Тақлид шахси”ни нима деб аташади?”. Мен “Ширк” – дедим. У эса: “Бундан чиқди, “Табақот Ҳанафия”, “Табақот Моликия”, “Табақот Шофиъия” ва “Табақот Ханбалия”да кўрсатилган барча муҳаддислар мушриклар эканда?” – деб сўради.
Мен: “Шак-шубҳасиз шундай” – дедим. У: “Унда Саҳиҳ Ситта мушриклар томонидан тузилган бўлади. Сен “Булуғ ал-Марам”ни ўргангансан, ундай бўлса, ибн Хажар ҳам мушрик. Сен Насоийни ҳам ўргангансан, у бўлса Имом Шофиийга эргашган, демак у ҳам мушрик”.
Шунда, мен устозимни олдига қайтиб келиб сўрадим: “Қайсидир муҳаддис ёки мусулмон тарихчиси томонидан ҳеч қандай мазҳабга эргашмаган муҳаддисларнинг табақоти тузилган бўлса, уни менга кўрсата оласизми?”.  Устозим ғазабланиб кетди ва: “Сен фақат фитна чиқариш билан шуғулланаяпсан, бошқа ўқувчиларга “Эъло ус-Сунан”дан ҳадисларни ўқиб беряпсан, мадраса деворига  ҳадислар ёзаяпсан!  “Табақот ғойри муқаллид” деган китоб йўқ!” – деди.
Мавлононинг олдига яна келганимда у: “Қаердадир ғойри муқаллид масжид, ғойри муқаллид мадраса, қабр, Қуръон таржимаси, ҳадислар таржимаси  (инглиз таржималарига қадар) бўлса – уларни менга кўрсат! Агар уларда намоз ҳақида китоб бўлса, уни менга келтир” – деди. Лекин устоздан буни сўраганимда, “Чироқ соясини кўрмас, қозон – қорасини”, деган мақолнинг асл маъносини тушуниб етдим. Устоз: “Сен фақат фитна чиқаряпсан” – деди.

Ҳазил

Бир куни Насоийдан дарс ўтаётганимизда “Фотиҳа” сурасини имомнинг орқасидан ўқишни муҳокама қилардик.  Дарсда мен ҳам бор эдим, лекин китобимни олмагандим. Устоз: “Китобинг қани? – деб сўради. Мен: “Хонамда қолди” – дедим. У: “Нима учун дарсга уни олиб келмадинг?” – деди. Мен эса: “Бу китоб мушрик томонидан ёзилган. Имом Насоий бу китобда “Таъвили қовлиҳи Азза ва Жалла - Ва Изаа қуриал Қуръану фастамиъу лаҳу ванситу лаъаллакум турҳамун” (Аллоҳ азза ва жалланинг  “Қуръон тиловат қилинганда уни тингланглар ва жим туринглар, шояд раҳматга эришсангиз” деган сўзининг таъвили) деган бобни ёзиб, унда “Изаа қараъа фанситу” ҳадисини келтирган.
Бу худди Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонидан имом қироат қилаётганида жим туриш тўғрисида буйруқ берилаётгани кабидир” – дедим. Ушбу оят ва ҳадис устозимнинг фикрини рад қилганлиги сабабли, у ҳадисни “заифлаштиришга” қарор қилди. У: “Абу Ҳайдар Аҳмар мутафарриддир, шунинг учун бу тўқима ҳадисдир. Шунингдек, ҳеч бир ҳадис тўпламида Абу Холиднинг мутобеъси йўқдир. Аллома Анвар Шоҳ Кашмирий билан гаплашганимда, у мутобеъ келтира олмаган. Мен кўплаб очиқ баҳсларда иштирок этганман, лекин ҳеч ким менга раддия келтира олмаган” – деди.
 Бироқ мен яхши тайёрланиб келган эдим. Устоз менга қараб туриб: “Эй ҳанафий! Абу Холиднинг мутобеъси борми? – деб сўради. Ўша дамда ҳали ҳанафий бўлмасам ҳам, барибир жавоб бериб: “Сизни такаббурликдан бурнингиз кўтарилиб кетибди!  Осмонга қараб туриб мутобеъни қандай кўриш мумкин? Пастгаям бир қаранг, шу китобнинг ўзида унинг мутобеъси Муҳаммад ибн Саъад Ансорийни кўрасиз” – дедим.   Ўрнимдан туриб, бармоғим билан исмни кўрсатдим. У: “Нима экан у ерда? – деди. Мен эса: “Қанча хоҳласангиз, мени шунча уришишингиз мумкин, лекин шундоқ олдингизда турган китобдаги мутобеънинг исмини қандай қилиб ўқимаслик мумкинлигини айтинг?!”. Бундан кейин нима бўлганини кўрсангиз эди! У мени қамчи билан савалаб, мадрасадан ҳайдаб чиқарди.
Шундан кейин, “Эъло ус-Сунан” ва Мавлоно Муҳаммад Ҳасан Файзпурийнинг “Ситта зарурия”, “Ад-Далил ал-Мубин” ва бошқа китобларини ўрганишни бошладим. Бироқ, ичимда қаттиқ ўрнашиб қолган бемазҳабларча фикрлашдан ҳеч қутулолмасдим. Қандайдир фиқҳий масалани учратсам, дарҳол бунга далил бўла оладиган ҳадисни қидиришга тушардим. Бир неча ой ўтгандан сўнг, нимадир ўзгарди.
Ҳозирда, оят ёки ҳадисни кўрганимда, ўйлайман: “Ҳаёлимга келган маъно тўғримикин? Бу маънони Мирзо Қодиёнийга ўхшаб ўзим тўқиб чиқардиммикин ёки мазкур оят ва ҳадисни мен қандай тушунган бўлсам, салафи солиҳлар ҳам  шундай тушунганмилар?”. Шундай қилиб, “ўзим хоҳлаганимча тушуниб олиш” касаллиги мени тарк этди ва менбемазҳабликдан халос бўлдим. Ҳозир эса мен Аҳли сунна вал жамоа йўлидаман, ҳанафийман, девбандий.

 Аллоҳ таъолодан бу ҳидоят йўлида собитқадам бўлишда бизга тавфиқ ато этишини сўрайман. Амийн. Шайҳ Муҳаммад Амин Сафдар Окарвий
Русчадан Анвар Абдуллоҳ таржимаси.
Таҳрирчи ва муқаддима муаллифи: Ҳикматуллоҳ Иброҳим.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort