Қурбонлик қилиш кимларга вожиб? Принтер учун
25.09.2014 й.
 «Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй», деган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!
«Қурбонлик қилинглар! Чунки, у отангиз Иброҳимнинг суннатидир», деган Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!
Қурбон ҳайити яқинлашиб келаётгани туфайли унга тегишли масалалар кун тартибининг энг муҳим мавзусига айланади. Аҳли илмлардан сўраладиган саволларнинг асосини ҳам ўз-ўзидан ушбу масалар ташкил этади. Чунки бу ибодатлар мавсумий бўлиб, бир йилда бир маротаба адо этилади. Шунинг учун ҳам бу тўғрисидаги маълумотлар ўз-ўзидан йил давомида унитилади ва барча маълумотларни яна янгитдан ўрганишга тўғри келади.
Савол сўрагувчилар ҳар хил тушунчаларга эга бўлганлар каби жавоб берувчилар ҳам бир хил жавоб бера олмайдилар. Бунинг натижасида баъзи бир тушунмовчиликлар, чалкашликлар ва хаттоки фитналар ҳам пайдо бўлади. Анашундай фитналарнинг охиргиларидан бири “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг номларидан қурбонлик қилганлар, шунинг учун бизларга қурбонлик қилиш шарт эмас”, деган хабарнинг тарқалишидир. Кўпинча қурбонликни айнан кимларга вожиб экани тўғрисидаги жавобга баъзи аҳли илмлар томонидан осонгина қилиб “Закот нисобига етадиган молу мулкка эга бўлганларга” ёки ундан ҳам қисқароқ ва тўнтоқроқ қилиб “Закот берганларга вожиб”, деб қўйишади. Бу жавобни айтилишига сабаб “Мухтасар”и шарифдаги “Садақаи фитр агар ўсмаса ҳам закот нисобига эга бўлган ҳур мусулмонга вожибдир”, деган матнни тўлиқлигича тушунмаслик натижасида келиб чиққан бўлиши мумкин. Қуйида мазкур жавобни хато экани ва “Мухтасар”и шарифдаги матнни натўғри талқин қилинганини таҳлил қилиб чиқамиз.
Биринчидан, закот нисобини ҳисоб китоб қилиш билан садақаи фитр, қурбонлик, яқин қондошлар нафақасини вожиб бўлиши, закот ва садақаи фитрни олишни ҳаром қиладиган нисобларни хисоб-китоб қилиш ўртасида фарқ бор. Садақаи фитр ва қурбонлик имкони борга вожиб бўлади, закот эса, имкони борга эмас, балки имконида бемалолчилик, енгиллик ва бойлик сифатлари ҳам бўлишлиги керак. Қолаверса, садақаи фитр ва қурбонлик молни аслидан адо этилади. Закот эса, аслидан эмас, балки унинг ўсадиган жойидан берилади.
Иккинчидан, закот берганларга қурбонлик қилиш вожиб дейилса, жабр бўлиши мумкин. Чунки закот берган кишиларнинг баъзилари иқтисодий инқирозга учраганликлари туфайли қурбонлик пайтида унга қодир ҳам бўлмай қолишлари мумкин.
Учинчидан, закот беришга қодир бўлмаган, лекин қурбонлик пайтида бирданига нисобга молик бўлиб қолганлар нима қиладилар?
Тўртинчидан, демак закот берганларгагина қурбонлик вожиб бўлса, бошқаларга қурбонлик вожиб эмас, дегани уларни закот ва садақаи фитрларни олса ҳам бўлаверади дегани эмасми?.
Шу биргина натўғри жавоб билан юртимиздаги минглаб мусулмонларни қурбонлик қилиш каби буюк ибодатдан маҳрум қилиб қўймаяпдиларми? Қолаверса, масаланиг иккинчи томони ҳам бор, “гўёки ҳалқимизни асосини камбағаллар ва муҳтожлар ташкил этади”, дейишаётгандек бўлади. Чунки шариъатда қурбонлик ва садақаи фитр вожиб бўлмаган тоифаларга нисбатан камбағал ва мухтож дейилади. Аслида эса, халқимизнинг аксарияти шаръан бой- бадавлат бўлиб уларга қурбонлик ва садақаи фитр вожиб. Мазкур ибодатдан маҳрум бўлаётган жабр дийдаларни асосини аёллар ташкил этади, десак муболаға бўлмайди. Чунки одатда қурбонлик қилиш борасида аёлларга мутлақо эътибор берилмайди. Гўё бир хонадонда униг раҳбари бўлмиш эр ўзини номидан қурбонлик қилиши билан бутун оиладан соқит бўлади, деган тушунча бор. Аслида эса, шаръан ҳур ва мусулмон бўлган киши юқорида айтилинган нисобга эга бўлса, унинг эркак ва аёллиги, катта ёки кичик бола эканлиги, оқил ёки мажнун эканлиги эътиборга олинмайди. Балки мазкур кишиларнинг ҳар бири ўзининг шахсий мулкига эга бўлиш ҳуқуқига эгадирлар.
Шариъатимзда эса, қурбонлик қилиш анашундай мулкка эга бўлиш ҳуқуқига эга кишиларга буюрилади. Ҳозирги кунимизада эса аёлларнинг ичларида бой–бадавлат бўлганлари кўпчиликни ташкил этади. Бу эса ҳалқимзнинг ҳаётини фаровонлигининг аломатларидандир.
Бу масалани яна ҳам тўлиқроқ тушунишлигимиз учун шариъатдаги нсобларниг турларини ўрганиб чиқишлигимиз керак.

НИСОБНИНГ ТУРЛАРИ

Нисоб уч хил бўлади.
1. Ўсиш шарт қилинган нисоб ва у закотга тегишли бўлади;
2. Ўсиш шарт қилинмаган нисоб. Бу нисоб эгалари закот ололмайди. Шу билан бир қаторда закот бериш вожиб эмас, (яъни у ўсишлик йил айланишлиги туфайли ёки тижорат сабабли бўлишлиги ҳам эътиборга олинмайди) бунга тўртта ҳукм тааллуқли бўлади.
Биринчиси, қурбонликни вожиб бўлиши;
Иккинчиси, садақотларни харом бўлиши (берилиши фарз ва вожиб бўлган яъни закот ва садақаи фитрлар каби нафл ва ихтиёрий садақотлар бўлса олиш мумкин);
Учинчиси, садақаи фитрни вожиб бўлиши;
Тўртинчиси, яқин қариндошларининг нафақасини вожиб бўлиши (бунда қариндошларнинг камбағал, мухтож бўлиб, касб қилишдан ожизликлари ёки аёл эканликлари эътиборга олинади. Ота-оанлар ҳакида эса, юқоридаги шартлар эътиборга олинмайди, яъни улар касб қилишга қодир бўлсалар ҳам уларнинг нафақалари фарзанднинг зиммасига вожиб бўлади).
3. Бу нисобга тиланчилик қилиш харомлиги тегишли бўлади. Бунинг миқдори эса, бир кунлик озиқ овқат билан белгиланади. Баъзи уламолар эллик дирҳам билан белгиланади деганлар.

НИСОБДАГИ ЎСИШ ВА ЎСМАСЛИКНИНГ ФАРҚИ

Биринчи, ўсувчи нисоб бунда накд пул бирликлари, тилло ва кумушлар (тақинчоқлар бўлса ҳам), тижорат моллари хаттоки қарзга берилган моллар (кайтарилиши умид қилинса), бир йилни айланиши (агар йил асносида нисобдан камайиб кетган бўлса ҳам). Бунда йилнинг боши ва охири эътиборга олинади.
Ўсмайдиган нисоб – ҳожати аслийдан ташқари, ортиқча маблағ ва ашёлардир. Бунда ўсувчи нисобда келтирилган шартларниг бирортаси бўлиши шарт эмас. Буни билиш учун ҳожати аслияни нималардан иборат эканини аниқлаштириб олайлик. «Жомиъур румуз» китобида ҳожати аслия: «Кишининг устидаги бир сидра либоси, уйдаги доимий истеъмолдаги жиҳозалари ва яшаб турган маскани, миниб турган маркаби ва қарзлари ва унинг қарамоғида бўлганларниг эҳтиёжи эътиборга олинади». дейилади. «Ҳидоя», «Раддул Мухтор ъла Дуррил Мухтор» ва бошқа китобларда ҳам ҳудди шундай келтирилган. Янада тушунарли бўлиши учун куйидагича изоҳлайдилар: Масалан, кишиниг бир сидра либосидан ташкари ортиқча кийимлари, доимий истеъмолдагидан ташқари баъзи бир муносабатлар билан ишлатиладиган уй жихозлари ва ўзи, бола-чакаси ва меҳмонлар учун мулжалланган хоналардан ташқари бошқа хоналарниг кийматлари чиқарилади. Агар ушбу қиймат нисоб микдорига етса юқоридаги тўрт аҳком шунга тааллуқли бўлади.
 
Олмазор тумани “Тўхтабой” жомеъ
масжиди имом хатиби: Исақжон домла Бегматов

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz