Намоз асносида телефонни ўчириш Принтер учун
28.09.2014 й.
Савол: Кўпинча намозда телефонни ўчиришга тўғри келиб қолади. Бу иш намозни бузмайдими?

Жавоб: Аслида намозга киришдан олдин, балки масжидга кирмай туриб телефонни ўчириб қўйиш энг яхши амал. Энди муаммо юзага келгандаги ҳолатга жавоб қиладиган бўлсак, бу муаммо яқиндан пайдо бўлгани учун савол олдинги фуқаҳоларимизга берилмаган, табиийки бевосита жавоб ҳам бўлмаган. Бунинг жавобини фиқҳий китоблардаги “Намозни бузувчилар” бобидан излашга тўғри келади. Намозни гапириш, овқатланиш, ичиш, кулиш, айрим кўринишдаги йиғлашлар бузгани каби кўп ҳаракат қилиш ҳам фосид қилади. Буни истилоҳда “амалул- касир” дейилади. “Бадаиус санаиъ”да шундай келган: “Намозни фосид қилувчилардан бири амалул-касир, яъни кўп амал бўлиб, намоз ичида намоздан бўлмаган ишни заруратсиз қилишдир. Лекин амалнинг ками фасод этмайди. Кўп ва камни ажратадиган чегара ҳақида ихтилоф қилинган. Баъзилар икки қўл ишлатишга муҳтож бўлинадиган иш кўп, бир қўлга эҳтиёжли иш кам ҳисобланади, дейишади. Шундан келиб чиқиб намозда кийим тугмасини қадаса фосид бўлади, аммо уни ечса фосид бўлмайди. Баъзилари узоқдан қараган киши унинг намозда эмаслиги ҳақида шак қилмаса, бу амал кўпдир. Агар қараган киши намоздамикин, дея шубҳага борса, бу амал оздир. Саҳиҳ қавл мана шудир”.
Алиюл Қорининг “Шарҳул виқоя”ларида: “Агар намознинг бир рукнида бир ишни уч марта қайта-қайта қилиш ҳам кўп амалдир”, дейилган. Рукн қиём, рукуъ, сужуд каби намознинг ичидаги фарзларидир. Мисол учун, қиёмда бир жойни қайта-қайта уч марта қашиса, намози бузилади.
Мана шулардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, намозхон телефонни бир босишда ўчирадиган бўлса, намоз бузилмайди. Чунки бунда кўп амалнинг бирор кўриниши топилмайди ва ўчиришга зарурат ҳам бор. Лекин айрим кишиларда учрайдиган ҳолат, хотиржам уни қўлга олиб, ким қўнғироқ қилганини аниқлаб, ундан кейин ўчирадиган бўлса ва чўнтагига солса намози бузилади. Чунки бу даражада кўп амал қилган одамни четдан қараган одам намозда деб ҳисобламаслиги аниқ. Қолаверса ибодат масалаларида эҳтиёт томонини олинади (Аллоҳ билувчидир).  

  Мубашшир АҲМАД тайёрлади
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz