Танловга: HD-628 Принтер учун
27.10.2014 й.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ҳамдлар фақат Аллоҳ таологадир! У Зотнинг ҳабиби Муҳамммад Мустафога саловатларнинг сараси бўлсин, ул зотга эргашганларга эса Аллоҳ таолонинг раҳмати ва ҳидояти бўлсин!

Ушбу ҳикоя озарбайжонлик дўстим Аҳмед Пошшо ўғли Қорабоғлининг ҳаётида юз берган воқеадир.

HD-628

Тонг... Қуёшнинг чиқиши нақадар гўзал! Айниқса у денгиз ортидан кўтарилса ажиб бир ҳолат туясан киши. Аҳмед Каспий денгизи бўйидаги шинамгина меҳмонхонада деразадан қараб, шундай хаёл сурарди. Шаҳарда қариндошлари кўп бўлса-да, негадир хар сафар айнан шу меҳмонхонада бир кечани ўтказгиси келарди. Сабабини ўзи ҳам билмаса керак. Илмга чанқоқлиги ва дунёнинг туб моҳиятини ўрганишга бўлган қизиқиш уни азим Шеке қишлоғидан Боку шаҳрига етаклаб келган эди. У чет элда ўқимоқчи, аммо бир неча соҳани кўзлагани учун ҳали аниқ бир тўхтамга келганича йўқ.  Бугун тоғаси Вугарбе билан учрашиши керак. У ташқи ишлар вазирлигида ишлайди. Зора тайинли бир маслаҳат берса...

Аҳмед яхшилаб нонушта қилгач, ҳам маслаҳат олиш, ҳам яқинларини зиёрат қилиш мақсадида тоғасининг уйига йўл олди. У ерда қариндошлар билан кўришиб, силаи раҳмни жойига қўйгач, бир финжон чой ва Боку паҳлавасининг баҳридан ўтиб, ишни тезроқ битириш учун тоғаси Вугарбе билан вазирликка жўнашди. Чамаси соат ўнлар атрофи эди. Унга «Бироз кутиб турасиз» деб, кутиш хонасидаги ўриндиққа ишора қилишди. Аҳмед ўтирганча хаёллар оғушига чўмди. Эҳ, орзулар... Улар мунча кўп? Эришиш эса қийин. У «Ҳалиям бўлса шунчалик даражага етганимга Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин», деб хўрсиниб қўйди. Орадан бир қанча вақт ўтди. Худди бир нарса портлаши керагу, ўшанинг вақти бўлиб қолгандек, сапчиб соатига қаради. Соат ўн иккию йигирма! Уфф... Қуриб кетсин шу қоғозбозлик. Бунча куттиришмаса булар? Аста чўнтагидан қўл телефонини чиқариб, тоғасига қўнғироқ қилди.

-         Алло, тоға? Қаердасиз? Хўп... хўп… Фақат тезроқ бўлинг, илтимос!

Йўлакдан тоғасининг келаётганини билса ҳам ҳовлиқиши сусаймади.

-         Намунча бесабрсан? Сени ишингни битиряпман-ку ахир, – аччиқ қилди Вугарбе.

-         Ҳали кўп кутамизми?

-         Ҳа! Нимайди? Ё қорнинг очдими?

-         Йўқ, пешин вақти бўлди. Мен намоз ўқиб келаман.

-         Ўв бола! Эҳтиёт бўлгин... четроқда ўқигин. Иложи бўлса, сабр қилсанг, икки соатларда ишимиз битиб қолаади. Уйга бориб ўқирсан?

-         Йўқ, вақтида ўқийман. Бекор ҳам ўтирибман-ку.

-         Биласан-ку, бу ерда сенинг ҳанафий мазҳабингдагиларга дарров бошқача кўз билан қарашади. Бу ерда кўпчилик шиа.

-         Муаммо чиқармайман, тоға. Хавотир олманг, – кулиб қўйди Аҳмед.

Бу яқин орада энг яқин, шароитлари яхшироқ масжид «Тоза Пир» масжиди эди. Аҳмед пешинни у ердаги жамоат билан бирга ўқимаслик учун атайлаб пиёда йўлга тушди. Тор кўчаларни айланиб, масжидга бемалол кириб келди ва яхшилаб таҳорат олгач, ичкари қараб юрди. Одамларнинг орасидан ўтди, аммо уларга салом бермади. Зинапоялардан масжид эшиги томон кўтарилар экан, «Аллоҳумма, ифтаҳ ланаа абвааба роҳматик» деди.[1]  Хонақоҳга киргач, унинг чап томонидаги бир бурчакка бориб, шоша-пиша намозини бошлади, чунки ҳам тоғасига тезда қайтаман деган, ҳам бу ерда кўп қолмоқчи эмас эди. У пешиннинг тўрт ракъат суннати билан фарзини қарғанинг дон чўқишидек қилиб шитоб билан ўқиди. Фарзнинг охирги ракъатларини тугатаётганда бирдан масжид ичида ғала-ғовур бошланди. Аввалига эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Лекин қайси бир ғарбий тилда гаплашаётган кишиларнинг шивирлаши қулоғидан кетмади. Ниҳоят, салом бериб, дуо қилди. Атрофга қараса, бир қанча сайёҳлар. Шу ерлик гид ёнидаги одамлар билан у томон яқинлашиб келарди. «Ким бўлди булар? Немислармикан?», ўйлади Аҳмед. «Ҳа, немислар экан. Менинг ёнимга келишяптими? Нима ишлари бор экан? Ия, менинг намоз ўқишимни видеога олишмоқчи-ку!». У негадир титрай бошлади. «Субҳаналлоҳ! Анави туристнинг қўлидаги камера кечаги HD-628 экан-ку!». Аҳмед бу камера хақида кечагина меҳмонхонада тасодифан қатнашиб қолган матбуот конференциясида эшитган эди. Уни роса мақташди. HD-628 энг сўнгги модель экан, узоқ масофани ҳам аниқ кўрсатар экан, инфрақизил нур орқали тананинг ички органларини ҳам энг дақиқ ерларигача аниқ кўрсатиб, ҳатто баъзи ташхислар ҳам қўйса бўлар экан. Уни Бокудаги конференцияга ҳам кўргазма, ҳам синов учун олиб келишган экан.

Аҳмед хаёлини бир жойга тўплашга уринарди. Икки ракъат суннат қолди, ўшани ўқиш керак. Агар манавилар суратга оладиган бўлса, қойилмақом қилиб, барча аркону ҳаракатларини жой-жойига қўйиб ўқиш керак. Бошқа мазҳабдагилар ҳам туришибди. Савол бериб қолишса, ҳужжат сўрашса, каллани ишлатиш керак. У қийин вазиятга тушиб қолган эди. Бирдан ғала-ғовур хаёллари тарқаб,  калласига аниқ фикр келиб, ўз-ўзига шундай деди: «Бошқа эътиқод, бошқа мазҳаб вакиллари туришибди. Нега ўз эътиқодимнинг, ўз мазҳабимнинг ҳақлигини, гўзаллигини исботлаб қўймас эканман? Қўлимдан келади-ку!».

Аҳмед шу шижоат билан ўрнидан турди ва қиблага юзланиб, қаддини ростлаб, бир оз турдида, ният қилди: «Қиблага юзланиб, холис Аллоҳ таолонинг розилиги учун зуҳр намозининг кейинги икки ракъат суннатини адо қилишга ният қилдим». «Нега бир оз туриб қолдинг?» дейишса, «Расулуллоҳ шундай қилганлар» деб айтишни кўнглига тугиб қўйди.[2]

У намоздаги ҳар бир амалига ҳужжат-далил келтиришни ўйлаб қўйди, ҳар бир ҳаракатида буни эсига олиб турди. Кейин икки қўлларининг бош бармоғини қулоқларининг юмшоғигача кўтарди.[3] Сўнг «Аллоҳу акбар» деб такбир айтди.[4] Қўлларининг кафтини қибла томонга тўлиқ қаратди, очиб ҳам юбормади, йиғиб ҳам олмади, ўртача ушлади.[5] Ушбу амални қилар экан, ёдига мадрасада ўқиган кезлари тушди. Охирги босқични ўқиётган кезлари туркиялик машҳур олимлардан бири Меҳмед Ҳасанўғли исмли зот фиқҳ дарсидан кира бошлаган эди. Бир куни Аҳмед ва бошқа талабалар у кишидан намозда қўлни кўтариш ҳақида сўрашди. Шунда устоз қуйидагича жавоб берди: «Бу борада ҳадислар жуда кўп. Бу ишнинг ҳикматига келсак, у ажойибдир. Қадимда арабларда (нафақат уларда, балки бошқаларда ҳам) ўзидан кучли бўлган шахс ва қабиланинг таҳдиди, таклифи ёки ҳайбати ёнида ожизлигини билдириш учун бирон-бир сўз билан айтиладиган терминлар бўлган. Бу нарса ишора орқали ҳам ифодаланган. Масалан, икки қўлни кўтариб, рўпарадаги тарафнинг таклиф ёки ташвиқига мойиллик билдирилган. Намоздаги қўлларни кўтариш ҳам шу кабидир. Бунда Аллоҳ азза ва жалланинг таклифи, кибриёси ҳамда чексиз қудрати олдида буткул таслим эканлигини билдириш бордир. Кафтларнинг қиблага қараб туриши эса қудрат соҳибининг аниқ эканига далолат қилади. Барчага маълумки, таслим эълон қилаётган томон қўлларини қанча баланд кўтарса, хавф ва ражодан шунча таъсирланган бўлади. Ҳанафийларнинг қўлларни қулоқнинг юмшоғигача кўтаришида ана шу ҳикмат бўлса ажаб эмас».

Устоз Меҳмеднинг бу сўзлари ҳамон қулоғи остида жарангларди.

Аҳмед ўнг қўлини чап қўли устига қўйиб, иккисини киндикдан пастроқда бирлаштирди.[6] Бунда ҳам ажиб бир воқеа ёдига тушди. 2012 йилда турк телеканалларининг бири канадаликларнинг тиббий кашфиётларини кўрсатган эди. Унда айтилишича, олимлар киши қўлларини бир-бирига боғлаб, узоқ вақт сўзлашганда, ўйлаганда ёки бошқа иш билан машғул бўлганда қўлидан чиқаётган иссиқлик ва турли энергиялар организмга қандай таъсир қилишини ўрганишган. Хулоса шундай бўлганки, қўллар тана билан бирлашганда 36,6 даража ҳарорат ортиб, 40-41 даражага кўтарилиши эҳтимоли ошар экан. Агар бунда қўлларни бирлаштирган ҳолда 35 дақиқадан ортиқ бошни ушлаб турса ёки ётса, мияга салбий таъсир кўрсатади. Агар қўллар юракка боғланган бўлса, 20 дақиқадан сўнг юракка салбий таъсир кўрсатади. Қўллар 40 дақиқадан ортиқ қорин қисмига боғланиб турса, жигар ва ўт пуфагининг иш жараёнини бузилишига сабаб бўлиши мумкин экан. Аммо қўллар боғлами киндик билан қовуқнинг пастки қисми оралиғида турса, 5 дақиқанинг ичида инсон организмига ижобий таъсир кўрсатар экан. Ажабланарлиси шундаки, бу жараён қанча узоқ давом этса, натижа шунча яхшиланар экан. Тиззадан пастки қисмга боғланган қўллар ҳам шундай ижобий таъсирга эга экан. Аҳмед буни мамнуният билан эсга олди, чунки у қўлларини ижобий боғлаган эди. Кейн «Сано» дуосини ўқиди.[7] Сўнг «аъуузу биллааҳ» ва «бисмиллаҳ»ни ичида ўқиди.[8] Сўнг ичида «Фотиҳа»ни қироат қилиб,[9] махфий ҳолда «Омин» деди ва яна бир кичик сура ўқиди.[10] Нигоҳи эса сажда қиладиган жойга қаратилган бўлиб, атрофга алангламас эди.

Қиёмда турар экан, оёқларининг орасини  тўрт энли қилиб, очиб турди, чунки устози Меҳмед Ҳасанўғлидан бунинг ҳикматини сўраганида, у киши бу ҳолни қуйидагича тушунтирган эди:

«Киши намозга турар экан, Аллоҳ таолонинг бутун борлиқнинг эгаси ва қудрат соҳиби эканини, ўзининг эса бу борлиқда бир зарра ва У Зотнинг қули эканини ҳис этмоғи лозим. Агар ким ўзини Аллоҳ таолонинг хузурида тургандек ҳис эта олса, у буткул таслим бўлган ҳолда итоаткор, ҳаёли қулга айланади. Бир ўйлаб кўринг, сиз намозда оёқларингизни кенг йириб турибсиз. Четдан қараган одам бу манзарада ҳеч ҳам қулнинг қиёфасини топа олмайди, чунки бунда кибр ва манманлик бор. Агар банданинг Аллоҳ таолога яқин бўлиши, яъни намози банданинг Раҳмонни кўриб турганидек бўлганида эди, оёғини йириб туриш у ёқда турсин, ҳатто қиёмга ҳам тура олмаган бўлар эди. «Елкаларимиз елкаларимизга, оёқларимиз оёқларимизга тегиб турарди» деган ҳадисни хужжат қилиб, намозда оёғини йириб турадиганлар аввал бу ҳадисни яхшилаб тушуниб олишсин. Саҳобаи киромлар давридан буён уламоларимиз бу ҳадисдан тўпиқлар тўпиқларнинг баробарида туришини тушунганлар. Ҳанафийларнинг бу борадаги иши худди қулнинг ҳожаси олдида турганини эслатади. Бу ҳолат Аҳмедга ўзининг қул эканини эслатди ва у оёқларини яна ҳам йиғиштириб олди. Сўнгра рукуъга кетди ва такбир айтди.[11] Икки қўли билан тиззаларига суянди ва бармоқларининг орасини очиқ ҳолда, тиззасини эса бургут ўлжасини тутгандай тутди.[12] Белини текис тутган холда, бошини кўтариб ҳам, тушириб ҳам юбормади[13] ва ичида уч марта «Субҳаана роббиял ъазийм» деди.[14] Нигоҳини икки оёғининг бош бармоқлари ўртасида тутди. Сўнг тик тураётган ҳолатда пичирлаб «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» деди ва тиклангач, «Аллоҳумма, роббанаа, лакал ҳамд» деди.[15]

Кейин такбир айтиб, саждага бош қўйиш учун ҳудди қул ўз хожасининг олдида тиз чўккандек, аввал икки тиззасини ерга қўйди, қўллари эса икки сонида эди. Кейин икки қўлини, сўнг бурнини, кейин эса пешонасини ерга қўйди.[16] Сўнг сажда қилган ҳолида уч марта пичирлаб «Субҳаана роббиял аълаа» деди. Саждада турганида тирсакларини қорнига ёпиштириб ҳам олмади, ерга ёпиштириб ҳам олмади. Оёқларининг бармоқларини киблага қаратган ҳолда букиб турди. Бошини саждадан кўтаришда такбир айтиб, аввал пешонасини, сўнг бурнини ердан узди, кейин ростланиб, чап оёғининг устига ўтириб, ўнг оёғини саждадагидек қолдирди[17] ва «Аллоҳуммағфирли, варҳамни, варзуқни, ваҳдини» деб пичирлаб дуо қилди.[18] Нигоҳи юрагининг ўртасида турарди. Хотиржам ўтириб, аъзолари таскин топгач, яна такбир айтиб, иккинчи бор сажда қилди ва биринчиси каби «Субҳаана роббиял аълаа», деди. Сўнг такбир айтиб, саждадан аввал бурнини, сўнг пешонасини кўтарди. Саждадан фориғ бўлгач, ўтирмади, қўлларини ердан узиб, икки оёғига турди. Тураётганда қўлларига суянмади.[19] Иккинчи ракъатда ҳам биринчи ракъатда қилган сўз ва амалларни бажарди. Фақат иккинчи ракъатга биринчи ракъатдагидек киришмади, «аъузибиллаҳ»ни айтмади ва бошқа бирор жойда дастлабки такбирдагидек қўлларини кўтармади.[20] Рукуъ ва саждани ҳам аввалги ракъатдагидек қилди. Саждада қўлининг бармоқларини очиб ҳам, бирлаштириб ҳам юбормади. Бармоқларининг учи саждада ҳам, қаъдада ҳам қиблага юзланиб турар экан, устозининг «Бу амал Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳеч тарк қилмаган амалдир» деб уқтирганини эслади. Саждадан бош кўтаргач, ташаҳҳуд ҳолатида қўлларини сонларига қўйиб, «Аттаҳиййаату лиллааҳи вас-солавату ват-тоййибат...» деб, ташаҳҳуд дуосини ўқиди. «Ашҳаду аллаа илааҳа»га етганда жимжилоқ ва унинг ёнидаги бармоқларини букиб, ўрта бармоқ билан бош бармоқни ҳалқа қилди, кўрсаткич бармоқни кўтариб, ишора қилди ва «иллаллоҳ» калимасида туширди, яъни шаҳодат калимасини айтиш пайтида кўрсаткич бармоқни кўтариш нафий[21] учун, тушириш эса исбот[22] учун бўлди. Аммо кўрсаткич бармоғини ҳаракатлантирмади, назари ҳам ишорадан ўтиб кетмади.[23] Сўнг «Аллоҳумма, солли ъалаа Муҳаммадин...» деб, салавот ўқиди.[24] Сўнг ўзи, ота-онаси ва мўмин-мўминалар учун истиғфор айтди.[25] Кейин Қуръони Каримда келган лафзлар билан дуо қилди.[26] Сўнг тўғрига қараган ҳолда «Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ» дея ўнг томонига, сўнг чап томонига салом берди.[27]

Аҳмед намозини тугатар экан, атрофидагилар унга ҳали ҳам тикилиб, бир-бирларига пичирлашар, сайёҳлар эса тинмай тасвирга олишарди. Ичида «Аттанг... сал илгарироқ келишганида, тўрт раккатли фарз намозининг ўқилишини ҳам кўрсатиб қўйган бўлардим», деди. Ахир шундай камера қошида намоз мукаммал чиқмай қачон чиқсин?!

Аҳмед аста ўрнидан турди-да, атрофдагиларга бирма-бир разм солди. Ҳамма унга қизиқиш билан қарар, унга нимадир дегиси келарди. Аммо ҳеч ким ҳеч нарса демади. Сайёҳлар ҳам аста тарқалишди. Ҳатто «Ҳозир қандай ибодат қилдингиз?» деб ҳам сўраб қўйишмади. Аҳмеднинг бундан аччиғи чиққани йўқ, чунки унинг кўнгли хотиржам, қалби эса ғурурга тўла эди. У масжиддан чиқар экан, «Аллоҳумма, инний асъалука мин фазлик» деди[28] ва чап оёғи билан масжид хонақосидан чиқди. Пиллапоялардан пастга қараб мағрур тушиб борар экан, қалбида мағрурлик туйиб, ўзига-ўзи шундай дерди: «Ҳа, мен бу масжид қавмини бопладим! Сайёҳларнинг эса умуман оғзи очилиб қолди. Чунки мен уларга хақиқий суннат намози қандай бўлишини кўрсатиб қўйдим. Ҳар бир нуқталарини, дақиқ жойларини бирма-бир, шошмасдан, аниқлик билан бажардим. Ҳатто анави HD-628 камерадаги ҳам мендан хато тополмаслиги аниқ. Мана бу мукаммал намоз!»

Аҳмеднинг бу фикри бир томонлама тўғри ва хақ эди. Аммо у асосий томонни унутган бўлиб, уни эслашни ҳам истамасди. Охирги пиллапояга етганида тўсатдан қаттиқ қоқилиб кетди. Худди кимдир бошига гурзи билан ургандек бўлди. У «Мунофиқ!!! Ё Аллоҳ...! Ё Роҳман! Мен ожиз, жоҳил бандангни кечир» деб, йиқилган жойида ёлвора бошлади. Аранг ўрнидан туриб, таҳорат қилди ва масжидга шошилди. Кириб, икки ракъат суннат намозини қайтадан ўқиди. Бунда у ҳеч кимга эътибор ҳам бермади, ёнида кимдир борлигини ҳам сезмади. Намозни ўқиб бўлгач,  дуо қила бошлади: «Аллоҳим! Эй барча хато-камчиликлардан пок бўлган Зот! Мени кечир, мағфират қил! Мен ожиз банданг шу дамгача бугунгидагидек мукаммал намоз ўқимаганман. Қаерда бўлмасин тез, шошилиб ёки бир нуқсонга йўл қўйиб, Сенга ибодат қилардим ва буни ўзимча намоз санардим. Аммо бугун мен… Ҳа, мен Сенинг эмас, бир ожиз бандаларинг қошида мукаммал намоз ўқишга ҳаракат қилиб қолдим. Шунча фиқҳий ҳаракатларни уларни лол қолдириш учун ёдимга олдим. Сенинг розилигинг учун эса уларни эсламас ҳам эдим. Бугун уларга ўз мазҳабим билан мақтанмоқчи бўлдим, қанчадан-қанча суннатларни уларни ҳайратлантириш, ажаблантириш учун тирилтирдим. Аммо Сенинг розилигингни кўзлаб, чин ихлос билан бирон суннатни тирилтирганимни эслолмайман. Ё Аллоҳ, ё Роҳман! Эй кўришда, кузатишда тенгсиз Зот! Сен ҳар қандай дақиқ нарсаларни ҳам кўриб, идрок этувчисан! Мени кечир, мағфират қил! Мен ожиз банданг қаердаги бир хақир сувдан бўлган, сенга қул бўлган бандаларинг Сен берган илҳом ила ўйлаб топган ускуналари билан мени кузатаётганини кўриб, титрашга тушдим. Унинг мен ҳақимдаги лавҳаси яхши чиқиши учун намозимни мукаммал қилишга интилдим. У менинг нуқсонларимни тополмасин деб қанчалар тиришиб-тирмашдим. Аммо Сенинг розилигинг учун, мени ҳар қандай нарсадан кўра ўта дақиқ кузатиб турганингни ҳис қилган ҳолда намоз ўқиганимни эслолмайман. Ё Аллоҳ, ё Роҳман! Мени кечир, мағфират қил! Мағфират қил! Мағфират қил..!»

Аҳмеднинг бу айтганлари айни ҳақиқат эди. Афсуски, бу ҳол бугунги кун мусулмонларининг катта муаммосига айланиб улгурган. Ўзимиз инсоф билан айтайлик-чи, масжидда ёки бирон кимсанинг уйида ва шунга ўхшаш жойларда намозни қандай ўқиганмиз-у, ҳеч ким йўқ жойда қандай ўқиймиз? Кимдир намозимизни кузатиб турганини билсак, дарров сесканиб, тўғриланиб оламиз. Ваҳоланки, бутун оламларнинг Робби Аллоҳ таолонинг бизни ўта дақиқ кузатиб турганини унутиб қўямиз. Келинг, бу қиссадан ҳисса чиқарган ҳолда, бугундан ва айни дақиқалардан бошлаб, ҳар онимизни, аҳволимизни ва айниқса намозимизни улуғ Аллоҳ таолонинг ўта дақиқ кузатиб турганини ҳис қилган ҳолда ибодатларимизни мукаммал қилишга, фақат Ўзинингина олқишларига, мақтовларига сазовор бўлишга интилайлик, ҳар дақиқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёлғиз Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб тирилтиришга ният қилайлик.

Буюк Аллоҳдан Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруди саловатларнинг сарасини ёғдиришини сўраймиз.

Охирги дуоимиз эса оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин!

Вассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Музаффар Муҳаммадзода

Тошкент. 20.10. 2014



[1] “Сунани Насаий”, 2/53.

[2] Эълоус сунан, 2/149.

[3] Осорус сунан, 1/163.

[4] Осорус сунан, 1/63.

[5] Мустадрак, 1/235.

[6] Ибн Абу Шайба, “Мусаннаф”, 1/390.

[7] Мажмауз завоид, 1/184.

[8] Мажмауз завоид, 1/185.

[9] Сунани Абу Довуд, 1/212.

[10] Сунани Байҳақий, 1/60.

[11] Сунани Термизи, 1/35.

[12] Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривояти.

[13] Сунани Термизий, 1/40.

[14] Ад-Дурул Мансур, 1/168.

[15] Бухорий, 1/109. Муслим, 1/174.

[16] Сунани Термизий, 1/36.

[17] Сунани Насоий, 1/172.

[18] Абу Довуд ривояти (бу мустаҳаб амалдир)

[19] Таҳзийбут таҳзийб, 9/315,316.

[20] Ибн Ҳазм, «Талхис» 1/83.

[21] Шаҳодатдаги «Лаа илааҳа» калимаси.

[22] Шаҳодатдаги «иллаллоҳ» калимаси.

[23] Абу Довуд, 1/375

[24] Саҳиҳи Бухорий, 2/477.

[25] Саҳиҳи Бухорий, 1/115.

[26] Саҳиҳи Муслим, 1/202.

[27] Саҳиҳи Муслим, 1/216.

[28] Сунани Насаий, 1/53.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri