Мусҳаф тарихи Принтер учун
16.04.2007 й.

Мусҳафи Усмонийнинг Мовароуннаҳр ўлкасига олиб келинишининг баёни

Албатта, муҳтарам китобхонни бу Усмон Мусҳафи Мовароуннаҳр диёрига қачон, қаердан ва қандай қилиб келиб қолганини билиш қизиқтирса керак.
Шуни билингки, азиз ўқувчи, араб жазирасида дини Ислом зоҳйр бўлганидан кейин, ярим аср ҳам ўтмасдан араб фотиҳлари ушбу дини мубинни Мовароуннаҳр диёрига олиб келдилар.
Саҳобалар, тобиинлар ва Ислом ғозийлари билан бирга келган уламолар саъйи кўшишлари натижасида, ушбу динга эътиқод қилувчилар кўпайди ва бу ерда исломий ҳокимият вужудга келди. Ана шу даврда Мовароуннаҳрда мадрасалар, масжидлар пайдо бўлди ва диний илмлар, исломий санъат марказлари вужудга келди. Бу диёр оламга Бухорий, Термезий, фаробий, Ибн Сино, Абу Лайс Самарқандий ва Беруний каби алломаларни тақдим этди. Дини Ислом бу ўлкада ажиб бир суратда ривожланди. Бухоро, Самарқанд ва бошқа катта шаҳарлар Ислом ҳуқуқшунослари, муҳаддис, муфассир ва бошқа фан олимлари, айниқса фиқҳ илми билмдонларининг тўпланадиган жойига айланди. Бунинг оқибатида араблар фатҳидан кейин, бу ерларда Аббосийлар халифалиги ва Ислом подшоҳлари билан дўстона алоқалар пайдо бўлди. Хитой чегараларигача бўлган Мовароуннаҳр Ислом диёрлари ичида энг буюк ва илм урфон тараққий қилган шавкатли ўлкалардан ҳисобланар эди. Тарих саҳифалари бу ўлкада содир бўлган
кўп воқеа-ҳодисаларга гувоҳдир. Асрлар давомида кўпгина уламолар, кўзга кўринган шахслар, айниқса, араб мамлакатларидаги ички низолар оқибатида ҳижрат қилган зотлар ушбу ўлкани ватан тутганлар. Сиёсий мушкилотларга дучор бўлганлар, ватандан қувилганлар ҳам шу ерда бошпана топганлар.
Ҳозир қўлимизда ёзма ҳужжатлар бўлмаганлиги сабабли, Усмон Мусҳафини диёримизга ким, қачон ва қандай қилиб олиб келганлигини асословчи ёзма далил бўлмасада, тарихчиларнинг Мусҳафлар тўғрисида берган маълумотларига суяниб, Мусҳафи Усмонийнинг Мовароуннаҳрда қандай пайдо бўлганини изоҳлашимиз мумкин. Қуйида мана шу маълумотлардан бир қанчасини сизнинг эътиборларингзга ҳавола қиламиз:
1) Ибн Қутайба ўзининг тарих китобида: Дазрати Усмон унинг тепасида шаҳид бўлган Бош Мусҳаф ўғиллари Холидга, сўнгра унинг авлодларига мерос бўлиб қолган эди. Шом аҳлининг машойихлари сўзига қараганда шу Мусҳаф ҳозир Тус заминида экан»,— дейдилар.
2) Амин Хонжий „Манжамул-Имрон» китобида (Ибн Батута Басрада ёдгорликларни ва Бош Усмон Мусҳафини кўрганини зикр қилгандан кейин) шундай ёзади: „Ушбу Мусҳаф Басрадан олиб кетилиб, Самарқандга сўнгра Русияга олиб кетилган. Ҳозир у Петербургда император кутубхонасида».(134-135 бетлар.)
3) Тарихчилар татар хоналаридан бўлган, Улуғ Сарой ва Дашти қипчоқ хони Барака хон билан Миср султони Зоҳир Рукнуддин Бейбарс Бундуқдорий Солиҳий ўртасида пайдо бўлган дўстлик, биродарлик ва улар орасидаги ёзишмалар, совгалар, элчилар алмашиши тўғрисида зикр қилиб, шундай дейдилар: Султон Зоҳир Барака хонга (Вафоти 665 ҳижрий сана, Чингизхон набираси, Жўжининг ўғли.) ҳадялар тайёрлаш тўғрисида фармон берди. Бу ҳақда бир мактуб ҳам ёзди. Мен ўша мактубни ўқидим. Унда ёзилишича ҳадя бир мусҳаф бўлиб, Усмон бин Аффон (р.а.) хатидадур, дейилади. Нувайрийнинг айтишларича, ҳадя Усмон Мусҳафларидан бири бўлиб, зар иплар билан тикилган, қизил атлас ғилофли, устидан духобали муқова қилинган, унинг ёнида кумуш тангачалар ёпиштирилган, обнус дарахти ва фил суягидан ишланган лавҳ-курсийдан иборат эди.
Шайх Муҳаммад Мурод бин Абдуллоҳ Рамзий-Булғорий-Маккий(1940-милодий йилларда шарқий Туркистонда вафот қилган.) „Талфиқул-ахбор фи тарихи Қозон вал-Булғор» (Қозон ва Булғор тарихи тўғрисида ёлғон маълумотлар) китобида шундай ёзади: „Усмон бин Аффон (р.а.)нинг Мусҳафи деб, машҳур бўлган ва Самарқанддай Петербургга олиб кетилиб, император кутубхонасига қўйилган Мусҳаф мана шу мактубда зикр қилинган Мусҳаф эканлиги ҳақиқатдан узоқ эмас. Амир Темур Тўхтамишхон билан уришиб Саройни олганда, ўша ердан Мусҳафни Самарқандга олиб кетган бўлса керак. Мана шу фараз ҳақиқатга яқин. Баъзи бировларнинг бу фаразни далилсиз инкор қилишларига ўрин йўқ».(1-жилд, 443-бет.)
Бу ердаги Шайх Рамзийнинг „баъзи бировлар» дегани „Нозуратул-ҳаққи фи фарзиятил-ъишаи ва ин лам тағи-биш-шамсу» (Қуёш ботмаса ҳам хуфтон фарз эканлигига ҳақиқат кўзи билан қараш) китоби ва бошқа асарларнинг муаллифи, аллома Шаҳобуддин Маржоний-Қозонийга та-аллуқлидир. У ўзининг „Ал-фавоидул-муҳимма» китоби-да(61-бет.) шундай ёзади: „Самарқанд ва Бухоро аҳллари ўртасида машҳур бўлган Хўжа Аҳрор мадрасасидаги мусҳаф Халифа Усмоннинг Ўша Мусҳафи, деган ривоят ёлғондур. Уни Хўжа Аҳрорнинг бобоси Абу Бакр Қаффол Шоший (Вафоти 366 ҳ.сана, Тошкент шаҳрида дафн қилинган.) Бағдоддан олиб келган ва у авлодларига, пировардида эса Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга мерос бўлиб қолган эмиш. Ривоятга биноан Хўжа Аҳрор Мусҳафни ўз мадрасасига қўйган. Бу Мусҳаф қадимий табаррук ёдгорликлардан бўлсада, лекин қуйидаги далилларга биноан халифага хос бўлган Бош Мусҳаф эмасдур. Абу Убайдуллоҳ Қосим бин Салом Бағдодий „ло» сўзи сатрнинг охирида ва „қин» сўзи иккинчи сатрнинг бошида ёзилган, деган. Мен бу Мусҳафни Самарқанддалигида текшириб чиққанман ва унда юқоридаги хабарнинг тескарисини кўрдим, яъни, „ло» сатрнинг охирида эмас, „ҳин» иккинчи сатрнинг бошида ҳам эмас эди ва „то» ҳарфи ҳам қўшиб ёзилмаган эди. Бу Мусҳаф руслар Самарқаидни ҳижрийнинг 1285 йилида забт этганларидан кейин Петербург шаҳрига олиб кетилган. Руслар бу асоссиз маълумотни ўшалардан (Самарқанд аҳлидан) олиб, газеталарга ёзишган. Мазкур маълумотларнинг асоссиз эканлигини исботлаб Қустантинийянинг баъзи газеталари менинг ёрдамимда мақолалар чоп қилди»,(Ўша газеталарнинг номи: „Ҳақойиқул-вақойиъ» («Воқеалар ҳақиқа-ти») 1289 ҳ. йид 6-рабиул аввал сони. „Басират» 1289 ҳ. йил 15-сафар. «Ал- ҳаводис» («Ҳодисалар») газетаси 1288 ҳ. йил 25 зул-ҳижжа сони,)
„Ушбу Мусҳаф тўғрисида мен ўзимнинг „Вафиятул-ас-лоф» китобимда шайх Абдураҳим бин Усмон Ўттиз-имоний (Вафоти 1251 ҳ.йил ) таржимаи ҳолини ёзган вақтимда зикр қилганман», -- дейдилар Маржоний. Ўша, китобда шундай ёзилган: „Шайх Абдураҳим Самарқандга бориб, Мусҳафни ислоҳга муҳтож эканлигини кўрганлар. Шундан сўнг варақларини, хатини ислоҳ қилганлар, йўқолган саҳифаларни қайтадан ёзганлар ва тешилган жойларини ямаганлар. Лекин, у киши Мусҳафни аслига монанд бўлиши учун тиришмаган. Мана шу Мусҳаф тўққизинчи аср бошларида Қоҳирада бўлган. Мазкур давр Абу Бакр Қаффол Шоший, ҳатто, Шайх Убайдуллоҳ Аҳрор замонларидан ҳам анча кейиндур. Бу тўғрида Ибн Жазарий ва бошқалар зикр қилганлар.»(«Таржиматул-Маржоний», 15-бет.)
Қуйида эса Маржонийнинг Қустантинийядаги газеталар муҳаррирларига ёзган хатининг матнини(Ўша манбаъ, 216-бет.) эътиборингизга ҳавола қиламиз:

„Саломдан сўнг маълум бўлсинки, Самарқанд шаҳридаги Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор мадрасасида ҳайвон терисига куфий хат билан ёзилган, қадимий бир мусҳаф бўлар эди. Унда иъроб, вақф аломатмри, ҳарфларнинг белгилари, оятларнинг боши ва охирини билдирувчи белгилар, сураларнинг исмлари йўқ эди. Саҳифаларнинг четларида шафақ рангидаги қизиллик бор, уни қон изи дейдилар. Самарқанд ва Бухоро аҳллари бу мусҳафни ҳазрати Усмон (р.а.)нинг ўз Мусҳафлари, деб даъво қиладилар. Руслар Самарқандни истило қилгач, уни Петербургга олиб кетдилар ва газеталарда „бу мусулмонларнинг Ўша Бош Мусҳафи ва уни ҳатто уламолар ҳам ўқий олмайдилар, деб мақтандилар. Ўйлашимча, у қадимий ёдгорликлардан бўлсада, лекин, Бош Мусҳаф эмас. Мен уни Самарқандга 1260 йилда борганимда кўрган ва ўқиган эдим. Бундан ўн беш йил аввал, „Вафаётул-аслоф» номли китобимнинг 1250 ҳижрий йилда вафот қилган Мулло Абдураҳим бин Усмон Ўттиз-имоний ҳаётига бағишланган қисмида Мусҳафга тегишли фикрларимни ёзганман. Мана ҳозир сизларга шуни таржимаси билак юбормоқдаман. Агар уни газеталар ва илмий нашрлар босиб чиқарса яхши бўларди. Чунки, унда ҳозир руслар фахрланиб айтиб юрган гапларга тўлиқ жавоб бор. Мен шайх Ўттиз-имоний билан Мусҳафни ўқиб чиққанман ва уни Бош Мусҳаф эмаслигини билганмиз. Агар юборган маълумотларим босиб чиқарилса, марҳаматларини дариғ тутмасдан бу томонга мақоладан бир неча нусха юборсангиз. Бухоро амирининг элчиси Яҳё Хўжадан руслар Мусҳаф тўғрисида сўраганларида, у ўзларининг одатларига кўра ҳеч бир далил-исботсиз бу ўш Бош Мусҳаф, деб жавоб берган. Руслар бу хабарни газеталарга ёзиб юборганлар».

Маржонийнинг бу фикрига қўшилган бошқа бир фозил олим, кўплаб асар ва тадқиқотлар муаллифи Мусо афанди Жоруллоҳдир.(1952 йилда Қохирада вафот этган.) У ўзининг „Мовароуннаҳрга саёҳат» номли китобида шундай ёзади: „Усмон (р.а.) Мусҳафи, деб эътиқод қилинган ва ҳозир Петербургда сақланаётган муборак Мусҳаф, аввалда Самарқанддаги Хўжа Аҳрор масжидида -эди. Мен уни Петербургга қилган зиёратим чоғида. кўрдим ва унинг Бош Мусҳаф эмаслигини аниқ билдим. Чунки, бу мусҳаф жуда катта ҳажмли, Бош Мусҳаф эса (олимларнинг айтишича) энига икки кафт баробарида ва бўйига бундан кўра сал узунроқ экан. Бу тўғрида китобларда зикр қилинган. Шунга кўра Усмон(р.а.) Мусҳафи ўзимизнинг қўлёэма китобларимиздан сал каттароқ бўлади ва ҳеч қачон Петербург кутубхонасида сақланаётган мусҳаф ҳажмидагидек эмас. Ундан ташқари, Усмон (р.а.) Мусҳафи, у кишининг шаҳодатларидан кейин, ғойиб бўлган ва у тўғрисида ҳеч қандай хабар йўқ. Фақат, баъзи бировлар, у Усмон (р.а.)нинг ўғиллари Холидда эди, кейин нима бўлгани маълум эмас, дейдилар. Петербург Мусҳафи Усмон (р.а.) Мусҳафи эмаслиги тўғрисида биринчилардан бўлиб гапирган устоз Шаҳобуддин Маржонийдир». Лекин у,- деб давом этади муаллиф, - бу фикрни асослашда нишонга ура олмади, балки менинг ўйлашимча, хато қилди. Агар биз бу мусҳафнинг хати Бош Мусҳаф хатига мувофиқ эмаслигини далил қиладиган бўлсак, иш осон кўчар эди. Чунки, Петербург мусҳафининг хати бир неча жойларда Бош Мусҳаф хатига тўғри келмайди.(„Таржиматул-Маржоний», 217-бет.) Абу Убайднинг Самарқанд мусҳафи Бош Мусҳаф эмаслиги тўғрисидаги фикрини далил қилган Маржонийнинг гаплари бир шарт билан ҳақ бўлиши мумкин. Шарт шуки, агар, Абу Убайд айтган сўзи ҳақ бўлса. Ваҳоланки, унинг айтган гапини рад қилувчилар бор. „Мавридуз-замъон» (Ташналар булоғи) китобида Ад-Доний Абу Убайднинг „Бош Мусҳафда „ва ло таҳина манос» даги „то» ҳарфи „ҳина» билан қўшиб ёзилган» деган ривоятини зикр қилиб, бу нарсани жамики диёрлардаги мусҳафларнинг бирортасида ҳам учратмадик, дейди. Юқорида зикр қилинган ҳолат қадимий мусҳафларда мавжуд бўлмаганлиги учун Абу Убайднинг бу ривоятини кўпчилик рад қилған.
Ибн Анборий айтадилар: „Қадимий ва янги мусҳафларнинг ҳаммасида „то» ҳарфи „ҳина» еўзидан ажратиб ёзилган Насир айтадилар: „Мусҳафларнинг ҳаммасида „ва лота» „то» ҳарфи билан яъни, „ҳина» дан ажратиб ёзилган».
Аш-Шотибий „Ал-Ақила»да: „Абу Убайд Бош Мусҳаф-да „ва ло таҳина» қўшиб ёзилган дейдилар, лекин, ҳамма буни инкор қилади», - деб ёзади.
Абу Довуд „Итҳофул-фузало» китобида: „ва лота ҳина»даги қўшиб ёзишлик (васл)ни инкор қиламан, дейдилар.
4) Мусҳафнинг меросхўр шайхлари Кауфманга бу Мусҳаф Амир Темурнинг Самарқанддаги хазинасидан чиққан, деб очиқ-ойдин айтганлар. Бу ҳақда Мусҳафни Самарқанддан олиб кетиш пайтида ёзилган ҳисоботда ҳам қайд қилинган.
5) Шайх ва уламолар қуйидаги яна бир ривоятни ай-тиб берганлар: Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрор раҳимаҳуллоҳ (вафотлари 895 ҳ.й.) ўзларининг бир гуруҳ муридлари билан Ҳижозга сафар қилиб, қайтишда муридларидан бири Истанбулда қолади. Унинг табобат илмидан хабари бўлиб, ўша ерда касалларни даволай бошлайди. У тезда машҳур бўлиб кетади. Мамлакатнинг подшоҳи касал бўлиб қолиб, уни чақириб келадилар. Подшоҳ шифо топиб, соғайиб кет-гач, унга тила-тилагингни дейди. Шунда мурид унга ҳазрати Усмон (р.а.) Мусҳафларини берилишини сўрайди. Мовароуннаҳр аҳлининг ушбу Мусҳаф тўғрисида хабарлари бор эди. Подшоҳ ўйланиб қолади ва муриднинг талабини рад қилмоқчи бўлади. Лекин, вазирлардан бири ваъдага вафо қилмаслик подшоҳларга лойиқ иш эмас, бугун Мусҳафни унга бериб, эртага бирон нарса эвазига яна қайтариб олиш мумкин, дейди. Шунда подшоҳ Мусҳафни хазинадан олиб чиқиб, муридга беришликка фармон беради. Фурсатни ғанимат билган мурид дарҳол Мусҳафни ўз одамлари орқали Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга ҳадя сифатида жўнатади. Бир неча кун ўтгач, ҳалиги вазир муриднинг олдига келиб, унга жавоҳиру олтинлар бериб, Мусҳафни қайтариб беришликка кўндирмоқчи бўлади. Лекин, мурид узр айтиб: „Мусҳафга бўлган буюк ҳурматим туфайли уни ватанимга юбордим»- дейди. Буни эшитган подшоҳ ниҳоятда ғазабланиб, Мусҳафни олиб кетганлар орқасидан одам юборади. Лекин, унинг барча ҳаракатлари зое кетгач, тақдирга тан беради. Мусҳаф Тошкентга, Хўжа Убайдуллоҳ Аҳрорга етиб келади. У зот Самарқандга ҳижрат қилганларида у ерда масжид ва мадраса қуриб, Мусҳафни мадрасага қўйдиртирадилар.
6) Мусҳафи Усмонийнинг диёримизга келишига оид ривоятлардан яна бири, шайх Абу Аҳмад Муҳаммад қози Андижоний-Шошийнинг „Силсилатул-орифин» номли китобларидадур. Ул зот Хўжа Аҳрор валийнинг халифаларидан бўлиб, шундай ёзадилар:

364 ҳижрий йилда вафот қилган Абу Бакр Муҳаммад бин Али Қаффол Шоший ал-Кабир шофиъий мазҳабининг машҳур уламоларидан бўлиб, ўзлари туғилган Шош (Тошкент) шаҳрида истиқояат қилар эдилар. У зот кўп маротаба ҳажга сафар қилиб, боришда ва қайтишда Бағдодга кириб ўтар эдилар. Аксар илмларини шу шаҳарда олган эдилар. Бир галги сафарларида Бағдодга келсалар, уламоларнинг ниҳоятда саросимада эканлигини кўрадилар. Чунки, Рум подшоҳи Қайсар араб тилида халифага бир ажойиб қасида юбориб, ё шу қасидага муносиб жавоб ёзинглар, ё ҳар йили ўлпон тўлайсизлар ёки урушга тайёрланаверинглар, деб талаб қилган эди. Ўша пайтда уларнинг Рум билан урушишга имконлари йўқлиги, ва талаб қилинган ўлпонни тўлаш учун етарли маблағлари бўлмаганлигидан, қасидага жавоб ёзишга мажбур бўлдилар. Бағдоднинг жамики уламо ва фозиллари йиғилдилар. Лекин, улар ўша қасидага мос келадиган жавоб ёзишга ожиз бўлиб турган эдилар. Руя элчиси эса уларни шошилтирар эди. Шайх Бағдодга кириб келганларида, турклар юртидан Бағдодга бир забардаст олим келибди, деган хабар тарқалди. Халифа одам юбориб, у киши жавоб қасидаси ёзсалар, эвазига ҳохлаган нарсаларини беришлигини айтади. Шайх рози бўлиб, шундай дейдилар: „Мен бу вазифани сизлар учун адо этаман, лекин, бир шартим бор. У ҳам бўлса, олдин менга ҳазрати Усмон Мусҳафларини берасизлар». Бирмунча тараддуддан сўнг бу талабга рози бўладилар ва Мусҳафни шайхга берадилар.

Шайх Мусҳафни олиб, худди олдинги ривоятдаги каби, мурид қилган ишни қиладилар. Шундан бир неча кун ўтгач шайх қасиданинг жавобини эълон қиладилар.
„Ат-Табақотиш-шофиъийя» китобида аллома Сабкий ҳам Рум подшоҳи томонидан Исломга қарши айб, туҳматларга тўла ва бошқаларни мадҳ этувчи бир қасида юборилганини, унга шайх Қаффол Шоший жавоб берганликларини зикр қилади. Шунингдек, шайх бошқа бир қасида ёзиб, унда насронийларни шарманда қилди, деб ривоят қилади Сабкий. Лекин унда (яъни ривоятда) Мусҳафи Усмоний зикр қилинмаган.
7) Ривоятлардан яна бири „Самарийя» деб аталган Самарқанд тарихига оид китобда зикр қилингандир. Унда айтилишича, Хўжа Абди Дарун (Самарқандда дафн қилин: ган Шайх Абдуллоҳ. У кишининг қабрлари устидаги мақбара қуббали бўлиб, табаррукона зиёрат қилинади ва қабр ёнида қадимий масжид ва ҳужралар бор) машҳур уламолардан бўлиб, Самарқанд қозиси эдилар. Хўжа Абди Дарун Мовароуннаҳр фотихларининг илк гуруҳ бошлиғи ва Усмон(р.а.)нинг куёвлари Саиднинг авлодларидандир. Мусҳафи Усмонийни бу диёрга олиб келган ҳам мана шу Саид бўладилар. Самарқандни биринчи марта фатҳ қилган зотдурлар. Юришларини „Қароча» деган жойгача давом эттирганлар.
8) Бу ривоят Байрутдаги „Андалус» нашриётида босиб чиқарилган Ибн Касирнинг „Фазоилул-Қуръон» номли китобининг ҳошиясига ёзилган. Унда Русия подшоҳлари қўлида бўлган Усмон Мусхафи большевиклар томонидан Бухоро амирига туҳфа қилинган дейилади. Туҳфа қилишдан олдин Мусҳафдан фотография асбоблари ёрдамида нусхалар олинган, деб ёзилади мазкур манбаъда. Аммо, Мусҳафнинг асли йўлда йўқолиб, амирга етиб келмаган, деб хабар берилади.
9) Ривоятларнинг яна бирини Умар Ризо ҳазратлари ўзларининг „Мал-Қуръон» номли китобларида зикр қилганлар. Ислом оламида мавжуд бўлган Усмон Мусҳафларини бирма-бир санаб ўтиб, Умар Ризо қуйидагиларни айтадилар: Худди шундай Мусхафлардан бири 1904 йилда Бухородан Москвага олиб кетилиб, бир муддат ўтгач, яна Бухорога қайтарилган эди. Большевиклар Туркистонда ҳокимиятни қўлга олганларидан кейин, уни иккинчи марта яна Москвага олиб кетдилар. Лекин мусулмонларнинг уни қайтариш учун қилган саъйу харакатлари ва жидду жахдлари муваффақият билан якунланди. Айтишларига қараганда бу нусха Абу Бакр Шоший томонларидан олиб келинган бўлиб, кейинчалик Хўжа Ахрор валий қабрлари ёнига қўйилган эмиш. Большевиклар уни ўша ердан олганлар, дейишади.
ТТТу нарсага эътибор қилингки, азиз ўқувчи, Умар Ризо зикр қилган ривоят ҳам, „Фазоилул-Қуръон» ҳошиясига ёзилган хабар ҳам шунингдек, профессор Субҳи Солиҳнинг „Ал-Мабоҳис» китобида ёзган ва биз юқорида зикр қилган „Мусхаф кейинчалик Англияга олиб кетилган» деган фикрлари ҳам жуда чалкаш хабарлардир. Ҳақиқатга энг яқини биз ҳикоя қилиб берган Мусҳафнинг Самарқанддан Петербургга олиб кетилиши ва кейин Тошкентга қайтариб олиб келиниши ҳақидаги ривоятдир.
Муҳтарам китобхон, биз сизга эшитганларимизни ҳаммасини маълум қилдик. Мусҳафи шарифнинг асли ва уни қай йўсинда бизга етиб келгани ҳақидаги ўқиган ривоят ва хабарларимизни нақл этдик. Улар тўққиз ривоятдан иборатдир. Энди уларнинг ҳар бири тўғрисида алоҳида сўз юритиб, нимага далолат қилишлиги тўғрисида таълиқ (тушунтириш) берамиз.
Биринчи. Ибн Қутайбанинг Мусҳаф Тус шаҳрида эканлиги ҳақидаги хабарига „Самарқанд тарихи»даги Усмон (р.а.)нинг куёвлари Саид Мусҳафни 54-ҳижрий санада Самарқандга олиб келган, деган ривоятни боғлаб, Мусхаф ўша пайтдан бери Самарқандда бўлган десак, тўғри даъво қилган бўламиз. Бу фикрни Имом Моликнинг: „Бош Мусҳаф „Хонадон воқеъаси» дан кейин Мадинадан ғоиб бўлган ва мен унинг ҳақида ҳидоят муршидларидан биронта ҳам хабар эшитмадим», деган гаплари ҳам қувватлайди.
Иккинчи. Муҳаммад Амин Хонжий „Манжамул-Умрон» китобида Ибн Батутанинг Басрада Ҳазрати Усмон Бош Мусҳафини кўрганлиги ҳақида зикр қилади. Бу Мусҳаф кейинчалик Самарқандга, ундан сўнг Петербургга олиб кетилган, дейилади. Мусхафни Басрадан Шомни ис-тило қилган Амир Темур олиб кетган.
Ибн Батута ўзининг „Туҳфатун-нуззор» китобида, Шом мамлакатларига қилган зиёрати чоғида Дамашқдаги Умавийлар жомиъида куфий Мусҳафни кўрганлигини ва яна бир шундай Мусҳафни Басрада ҳазрати Али(к.в.) масжидларида кўрганлигини ёзади. Дамашқдаги Мусҳаф Темур истилоси пайтида ёниб кетган, Басрадагиси эса Са-марқандга олиб кетилган. Бу фикрга рус олими Шебунин ўзининг „Куфий Қуръон» номли китобида ҳам мойиллик билдиради. Ибн Батутанинг Шом мамлакатларига қилган зиёрати Амир Темур юришларидан аввал бўлган эди. Кўриниб турибдики, бу ерда ҳеч қандай чалкашлик йўқ.
Учинчи. Тарихчиларнинг Ўрда хонлари ва Миср султонлари орасида вужудга келган алоқалар, уларнинг бир-бирларига қимматбаҳо, ниҳоятда қадрли ҳадялар бериб турганликлари ҳақидаги хабарлари мавжуд. Ҳадялар орасида Усмон Мусҳафи ҳам борлиги зикр қилинади. Манбалар турли замонларда Қоҳирада бир неча Усмон Мусҳафлари бўлганлигидан хабар беради. Тарихчилар Мусҳафларнинг қандай қилиб Мисрга келиб қолганини баён қиладилар ва уларнинг Усмон (р.а.) ҳар хил юртларга юбортирган Мусҳафлари эканлигини қувватлайдилар.
Азиз ўқувчи, эҳтимол сиз шундай муқаддас Мусҳафи шариф подшоҳлар хазинасидан чиқариб, ҳадя қилиб юборилишига ишонмассиз. Лекин, ўша пайтда Олтин Ўрда ва Миср мамлакатлари орасида мустаҳкам алоқа, чинакам дўстлик ўрнатиш нақадар зарур эди, чунки, ўша пайтда қонхўр Ҳелаку Мисрдан ўч олиш учун ва Ислом юртларини яна бир марта талон-тарож қилиш учун Рум билан иттифоқ тузган эди. Бунинг акси ўлароқ, Барака хон Аллоҳнинг ҳоҳиши билан Исломга кирган ва унга ниҳоятда муҳаббат қўйган бўлиб, Ҳелакуга хавф солиб турар эди. Шунинг учун у юқорида зикр қилинган қимматбаҳо ва қадрли ҳадяга лойиқ эди. Бу ривоят мантиққа тўғри келади ва ундан қалб таскин топади.
Юқорида шайх Мурод Рамзий, ушбу мусҳаф Бош Мусҳаф ҳам эмас, ҳар хил ўлкаларга юборилган Усмон Мусҳафларининг бири ҳам эмас, деган Маржонийнинг фикрини рад этгани айтилди. Бунда у Абу Убайд ривоятига қарши чиққан уламоларнинг сўзларини далил қилади. (3-ривоятга қаралсин).
Тўртинчи. Самарқанд уламолари, шу жумладан элчи Яҳё Хўжа Бухорийнинг Мусхаф Амир Темур хазинасидан ёки кутубхонасидан чиққан, деган баёнлари. Иккинчи ривоятда Амир Темур уни Басрадан олиб Самарқандга келтирган, дейилади. Агар Амир Темурнинг шон-шавкати, қудрати, унинг тутган мавқеини ҳисобга олсак, бу ривоят ҳам ҳақиқатга тўғри келади. Чунки, Мусҳафи Усмонийдек олий ифтихор манбаи Темурнинг мулкидан четда қолиши мумкин эмас эди. Ўша уламоларнинг эътирофича, бу Мусҳаф Самарқандда тўрт юз йилдан бери мавжуд бўлган.
Бешинчи. Хўжа Аҳрор валий муридлари Султон Боязидни даволаб, эвазига Усмонийлар хазинасидаги Мусҳафни олиб келган, деган ривоят.
Олтинчи. Мусҳафни шайх Абу Бакр Қаффол Шоший Бағдод халифалари хазинасидан олиб келганлиги ҳақидаги ривоят. Бу ривоятни шайх Муҳаммад қози Шоший (Хўжа Аҳрорнинг халифаларидан бўлиб, Тошкент шаҳрининг қозиси эдилар. Қозилик ишларини юритиб турган масжид ҳозир ҳам бор. Бир неча аҳли илм оилалар ўзларини у кишига мансуб деб санайдилар) ўзларининг. „Силсилатул-Орифин» номли китобларида келтирганлар. Таажжубланарли жойи шуки, шайх Хўжа Аҳрорнинг халифалари бўлишликларига ва мазкур китоб Хўжа Аҳрорнинг маноқиблари тўғрисида бўлишига қарамасдан, Мусҳафи Усмоний тўғрисида гап кетганда Хўжа Аҳрорни зикр қилмайдилар, балки уни Имом Қаффол Кабири Шоший олиб келганлар, дейдилар. Шайх Муҳаммад қози, шунингдек, „Мусҳаф Имом Қаффол замонларида Тошкентда мавжуд эди. Хоразмшоҳ Тошкент шаҳрини хароб қилган кезларда, у Абу Мусо маҳалласида сақланар эди. Шундан кейин ғоиб бўлган», дейдилар. Агар Мусҳаф қози Муҳаммад замонларида мавжуд бўлиб, Хўжа Аҳрор уни Самарқандга олиб кетганларида, қози Муҳаммад буни Хўжа Аҳрорнинг маноқиблари сифатида, албатта, зикр қилган бўлар эдилар.
Менга Тошкент уламоларидан Фозил хўжа домла жаноб муфтий Зиёуддинхоннинг оталари, шайхимиз, марҳум Эшон Бобохон ҳазратларидан шундай нақл қилдилар: Ҳозирги кунда мазкур маҳалла имом Қаффол Шоший мақбаралари яқинидаги Қаъни маҳалласидур. Мусҳаф шу маҳалланинг ҳозир мавжуд бўлган масжидида сақланган».
Яна ажабланарли нарса шуки, шайх Али бин Ҳусайн Кошифий Хўжа Аҳрор маноқиблари ҳақида катта бир китоб тасниф қилиб, Мусҳафи Усмоний ҳақида бирор оғиз гап айтмаганлар. Ваҳоланки, Кошифий у зотнинг хизматларида мулозим бўлиб, шайхнинг ҳолатларига тегишли ҳар бир каттаю кичик воқеаларни санаб ўтганлар. Мусҳафи Усмонийдек ифтихорга боис шундай улуғ мулкни айтмай ўтишлари эҳтимолдан ниҳоятда узоқ.
Бундай улуғ мерос у кишига ва Хўжа Аҳрорнинг бошқа яқинларига махфий бўлиши ҳам мумкин эмас, Уни китобларида унитиб қолдирган бўлишлари ҳам мумкин эмас, чунки Кошифий „Силсилатул-Орифин» китобида шайх Муҳаммад қози зикр қилмаган Хўжа Аҳрорнинг тарихлари ва ҳаётларига оид нарсаларни ҳам ўз китобларига киргизганлар. Бундан келиб чиқадики, Мусҳаф Хўжа Аҳрорнинг вафотларидан кейин у кишининг масжидларига қўйилиб, у ана шу зотга мансуб, дейилган. Шунингдек, Мусҳафни Истанбулдан олиб келган мурид қиссаси тўқиб чиқарилган. Қаффол Шошийнинг Мусҳафни Бағдоддан олиб келишлари қиссаси ҳаммага маълум бўлганидан, Хўжа Аҳрор валийни у кишининг меросхўр авлодларидан ва Хўжа Аҳрор Мусҳафни Тошкентдан Самарқандга олиб кетганлар, деган ривоят ҳам шу жумладандир. Агар бу ривоятлар тўғри бўлганда, юқорида зикр қилинган икки забардаст шайх Хўжа Аҳрорнинг ҳаётлик пайтларида ёзган ўз китобларида, албатта, зикр қилган бўлур эдилар. Мусҳаф-ни Бағдоддан Қаффол Шоший олиб келганликлари тўғрисидаги хабар ҳам ҳақиқатдан узоқ.
Еттинчи. «Самарийя»даги ривоят муқаддам зикр қилинган Ибн Қутайбанинг ривоятига мос тушади.
Саккизинчи ва тўққизинчи. Бу икки ривоят Самарқанд Мусҳафининг чет эл матбуотида Усмон Мусҳафларининг бири, деб машҳур бўлганлигига далолат қилади.
Азиз ўқувчи, бу ривоятларни диёримизда сақланаётган Мусҳафнинг турли юртларга юборилган Усмон Мусҳафларидан бири эканлигига сизни қаноатлантириш учун хизмат қиладиган далил ва фаразлар сифатида ҳикоя қилиб бердик. Биз уни худди Ўша Бош Мусҳаф, деб даъво қилмадик. Чунки, бундай даъвони исботлаш учун аниқ ҳужжат ва далил керак бўлади. Биз учун унинг ҳар хил юртларга юборилган Усмон Мусҳафларининг бири эканлигини исботлашнинг ўзи кифоя. Чунки, ўша олти ёки етти Мусҳафларнинг бир-биридан фарқи йўқ ва бири иккинчисига нисбатан имтиёзли эмас, балки, уларнинг ҳаммаси баробар ҳазрати Усмон (р.а.)га мансубдир.
Биз ўз даъвомизни исботлашда мазкур ривоятлар билан чегараланиб қолмаймиз. Балки, Мусҳафи шарифнинг ёзувида, ҳарфларининг шаклида ва уни ёзилган матода фикримизга далил бўлувчи ҳолатларни кўрамиз. Жумладан, у ҳижрий I асрнинг биринчи ярмида ривожланган хат санъати ва зийнатлардан холи бўлган, содда хатда ёзилган. Шунингдек, у 67-ҳижрий санада Абул Асвад ад-Дувалий шаклни фарқлаш учун ишлаб чиққан қизил нуқталардан ҳам холидур.
Бунинг устига Мусҳаф кийик терисига ёзилган. Терининг ишлатилиши ўша пайтда қоғоз бўлмаганлигидан далолат беради. Бу эса ўз навбатида Мусҳаф II ҳижрий аср-да, Хуросон қоғози пайдо бўлмасдан олдин ёзилганлигига далолат қилади. Яна унда Ҳажжожнинг фармони билан Наср бин Осим Лайсий ишлаб чиққан қора нуқта ва белгилар ҳам йўқ. Бу эса Мусҳафнинг ҳижрий 80-йиллардан олдин ёзилганлигини исботлайди. Чунки, Наср бин Осим 89-ҳижрий йилда Басрада вафот қилган. Мусҳафи Усмонийнинг ёзувига тааллуқли хабарлар муқаддам баён қилинди. Мана шу илмий-тарихий изланишлар Мусҳафнинг ҳижрий I асрнинг аввалги ярмига мансублигидан далолат беради. Демак, мана шу сана билан Усмон Мусҳафларининг ҳар хил юртларга юборилиш санаси орасида озгина фарқ қолди.
Бу билан биз Хулофои Рошидинлар замонасига яқинлашиб, Мусҳафнинг ана шу даврга оидлигини белгиласак ва бу маълумотга диёримизда машҳур бўлган Мусҳафнинг ҳазрати Усмонга мансуб эканлиги тўғрисидаги асрлар оша келаётган нақлни бирлаштирсак (чунки мансубликни инкор қиладиган қуруқ гапдан бошқа ҳеч қандай муҳим далил йўқ) ҳеч шубҳаланмасдан, бизнинг Мусҳафимиз Усмон Мусҳафларидан бири, дея оламиз. Исбот қилгувчи инкор қилувчидан муқаддамдур, дейилган. Валлоҳу аълам.
Шундай қилиб, ушбу китобда жам қилмоқчи ва айтмоқчи бўлган гапларим ниҳоясига етди. Ишларимнинг кўплигидан, вақтим етишмаганлиги туфайли, бу улуғ вазифани мақомига яраша бажариш учун керакли манбаъларга ва илм булоқларига етарли даражада мурожаат қила олмаганим учун узр сўрайман.
Имоним комилки, бу ишни келажакда давом эттирувчи биз зикр қилмаган кўп маълумотларни топади, иншоаллоҳ. Аллоҳ таоло Ўзи яхши кўрган ва Ўзи рози бўладиган ишларга бизларни муваффақ қилсун, пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.)га ва ул зотнинг асҳобларига саловоту саломлар бўлсин.



 
Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort