Мусҳаф тарихи Принтер учун
16.04.2007 й.

Пайғамбар (с.а.в.)нинг даврларида ёдлаб олиш ва ёзиш йўли билан Қуръонни жамъ қилиниши

Юқорида айтилганидек, саҳобалардан Қуръонни тўла ҳолда ёзиб ва ёдлаб олганлар бор эди.
Ал-Бухорий Анас разияллоҳу анҳу(р.а.)дан ривоят қиладилар: „Расулуллоҳ даврларида тўрт киши Қуръонни жамъ қилган эди. Ҳаммалари ансорлардан эдилар. Булар: Убай бин Каъб, Муоз бин Жабал, Зайд бин Собит ва Абу Зайд».
Бу ҳақда Имом Муслим ҳам Ҳамомдан ривоят қилганлар. Имом Бухорийнинг ҳазрати Анасдан келтирган бошқа бир ривоятларида бундай дейилади: „Пайғамбар вафот этган пайтларида тўрт кишидан бошқа ҳеч ким Қуръонни жамъ қилмаган эди: Абуд Дардо, Муоз бин Жабал, Зайд бин Собит ва Абу Зайд».
Ибн Касир айтадилар: „Бу ерда ҳазрат Анас тўрт ки шидан бошқа деганларида фақат ансорларни кўзда тутаяптилар, чунки муҳожирлардан ҳам жамъ қилганлар борлигига шубҳа йўқ».
Имоми Насоий саҳиҳ иснод билан Абдуллоҳ бин Умар-дан ривоят қиладилар: „Қуръонни жамъ қилдим ва уни ҳар бир кеча тўла ўқир эдим. Буни эшитиб Пайғамбар алайҳиссалом: „Уни (Қуръонни) ҳар ойда (тўла) ўқи(б чиқ),»- дедилар.( Ҳадиснинг асли ,,Саҳиҳ»да).
Шаъбий айтадилар: „Пайғамбар замонларида Қуръонни олти киши жамъ қилган эди: Убай, Зайд, Муоз, Саъд бин Убайд, Абу Зайд ва Мужаммиъ бин Жория».
Муҳожирлардан Усмон, Али, ибн Масъуд, Солим Мавло Ҳузайфа, Абдуллоҳ бин Умар ва ибни Ослар ҳам Қуръонни жамъ қилганликлари ҳақида ривоят бор.
Ибни Сириндан ривоят қилинадики, ҳазрати Али рази-яллоҳу анҳу айтдилар: „Расулуллоҳ вафот қилганларида, то Қуръонни жамъ қилмагунимча жумъа намозидан бошқа намозларда ридо(устки кийим)имни киймайман, деб қассам ичдим. Шундай қилиб уни жамъ қилдим ( ёд олдим)».
Худди шундай ҳадис Икрамадан ҳам ривоят қилинган. Унда айтилишича ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ Икрамага: „Ҳа, (Али ридосини кийганини) кўрмадим»-, деганлар.
Қуръоннинг нозил бўлган оятларини саҳобалар ёзганликлари ва уни тарқатганликларига Умар разияллоҳу анҳунинг Исломга кириш воқеалари ҳам далил бўла олади, Ҳазрати Умар сингилларининг уйига бостириб кирганларида, у ердаги кишиларнинг қўлида Қуръон оятлари битилган матони кўрадилар ва уни ўқиб беришликларини сўрайдилар. Оятларни эшитиб, ниҳоятда таъсирланадилар (Ривоят).
Имом Бухорийнинг „Саҳиҳ»ларида: „Бизлар кофирлар юртига қилинган футуҳотларда Қуръонни ёнимизда олиб юришликдан манъ қилинган эдик»-, деган ривоят ҳам бор, Мана шундан маълумки, Қуръони Карим нозил бўлишининг биринчи кунларидаёқ ёзила бошлаган.
Имом Бухорий айтадилар: „Қуръон пайғамбар алайҳис-салом даврларидаёқ тўлиқлигича ёзилган ва ҳифз қилинган эди. Лекин, тарқоқ ҳолда, ясси тош тахтачалар ва хурмо пўстлоқларига ёзилган эди. Уни Абу Бакр Сиддиқ халифалик даврларида саҳифаларга жамъ қилдирдилар».(„Мал-Қуръон» китоби, 215 бет.)
Ровийлардан Ҳоким ва бошқалар, Қуръон биринчи марта пайғамбар (а.с.) даврларида жамъ қилинди, дейдилар.
Зайд бин Собит айтадилар: „Расулуллоҳнинг ҳузурларида териларга ёзилган Қуръонни тартибга солар эдик». Байҳақий: „Бу „тартибга солиш»дан мурод, нозил бўлган парча-парча оятларни Расулуллоҳнинг кўрсатмаларига биноан жой-жойига қўйиб, сураларга жамлаш бўлса керак», - дейдилар.
Ҳорис ал-Муҳосибий „Фаҳмус-сунан» китобида „Қуръоннинг битилиши янгидан қилинган иш (яъни бидъат) эмас»,-дейди. Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳдан: „Расулуллоҳ даврларида Қуръонни тўрт киши жамъ қилганлигида ихтилоф йўқ. Булар: Муоз, Убай, Зайд ва Абу Зайд. Лекин қуйидаги уч кишининг иккиталарида ихтилоф бор. Баъзилар Абуд-Дардо ва Усмон, баъзилар Усмон ва Тамимуд-Дорий ҳам жамъ қилган дейдилар».
Қуръонни тўплам ( мусҳаф) ҳолида жамъ қилганлар ичида Миқдод бин Амр ва Абу Мусо ал-Ашъарийлар ҳам бор эди. Ал-Ашъарий кейинчалик ўзининг тўпламини „Лу-бобул-қулуб» деб атади.
Расулуллоҳнинг амрларига мувофиқ Қуръони Карим турли ҳажмдаги 114 та сурага бўлинди ва ҳар бир сурага муаййан ном берилди, Қуръоннинг охирги ояти пайғамбар вафотларидан тақрибан саксон кун аввал нозил бўлди.
Ас-Суютийнинг „Ал-Итқон фи улумил-Қуръон» китобларида ал-Хитобий деган зот, пайғамбар (а.с.) даврларида Қуръоннинг мусҳаф (тўплам, муқоваланган) қилиб жамъ қилинмаганлигининг сабаби, Расулуллоҳ (с.а.в.) Қуръонни баъзи ҳукмларига, унинг тиловатига носих (бекор қилувчи) оятлар ёки зиёда оят келиб қолармикан, деб кутганларидадур. Пайғамбарнинг вафотлари билан Қуръоннинг нузули интиҳосига етгач ва носих ёки зиёда оят келишлик эҳтимоли тугагандан сўнг, Аллоҳ таоло пайғамбар (а.с.) дан кейинги биринчи халифага Қуръонни тўплам қилишликка илҳом берди,— дейдилар.(„ Ал- итқон», 1-жилд, 58 бет.)
Расулуллоҳ ва мўъминлар Қуръондан бирон-бир оят йўқолмаслигига ишончлари комил эди. Бунда ёзишдан кўра ёд олиш қобилиятига кўпроқ эътимод қилинар эди. Араблар ўзларининг муҳофаза қувватларига жуда ишонар эдилар, улар (ўз ёзувлари бўлишига қарамасдан. тарж.) ёзмайдиган, ўқимайдиган, оми эканликлари билан фахрланар, узун-узун қасида ва мадҳияларни бир эшитишдаёқ ёдлаб олардилар. Шунинг учун ҳам улар Қуръондан нимаики нозил бўлса, дарҳол дилларига жо этардилар. Қуръони Карим Аллоҳнинг муқаддас Каломи эканлигига саҳобаларда ҳеч қандай шубҳа йўқ эди. Уни ёд олишни Исломнинг фарзларидан бири деб, билар эдилар. Ўз аҳллари, ёр-биродарларидан йироқда, ҳижрон азобига сабр қилган, кўп азиятларни тортган, ҳатто ҳаётларини Ислом динига фидо қилган биринчи мусулмонлар Қуръон оятларини ёдлаш ва уни тиловат қилишлик билан буюк тасалли топар эдилар. Улар Қуръони Каримдан янги оят нозил бўлган вақтларда, ўзларини қайтадан ҳаётга келгандек ҳис қилардилар.
Саҳобаларнинг Қуръонни ёд олишга бўлган завқу шавқларига далолат қиладиган хабарлар кўп. Расулуллоҳ (с.а.в.) Қуръондан таълим бериш, уни тиловат қилишликка катта эҳтимом кўрсатар ва таълим-тарбия, иршод ишларини Каломуллоҳни ёд олган, қориларга топширар эдилар. (Мал-Қуръон» китоби.132 бет)



 
Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri