Мусҳаф тарихи Принтер учун
16.04.2007 й.

Қуръони каримнинг етти хил қироатда нозил бўлганлиги ҳақида

Имом Бухорий „Жомиъус-саҳиҳ»ларининг „Китобут-тафсир» бобида ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Расулуллоҳ(с.а.в.) айтдилар: „Жаброил (а.с.) менга Қуръонни бир қироат билан ўргатдилар. Мен Ул зотга мурожаат қилиб, қироат йўлини кўпайтиришни сўрадим. То қироат етти хилга етмагунча, мен сўрашдан ва ул зот эса зиёда қилишдан тўхтамадилар».
Ал-Бухорий ва Муслим ривоятларида ул зоти бобаракот (с.а.в,): „Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлгандур, қайсиниси осон бўлса, ўша қироатда ўқинглар»,- дедилар.
Уламолар, бу ердаги „етти қироат»дан мурод етти лаҳжадир, деганлар.
Байҳақий „Аш-шаъб»да айтганларидек, булар ўша замонда араб жазирасида мавжуд бўлган катта қабилаларнинг лаҳжаларидир.
Абу Убайда: „Бунинг маъноси Қуръоннинг ҳар бир сўзи етти хил ўқилади, дегани эмас, балки, етти лаҳжа Қуръонга бўлиб қўйилган, яъни унинг (Қуръоннинг) баъзи жойлари қурайш лаҳжасида, баъзи жойлари ҳузайл лаҳжасида, бошқа бир жойлари ҳавозин лаҳжасида ва яна бир хил жойлари яман лаҳжасида, деган маънони беради»,- дейдилар.
„Жаброил (а.с) Қуръонни пайғамбар (с.а.в.)га ҳар йили бир мартадан кўрсатар эдилар. Вафот йиллари эса, мансух бўлган жойлари кетган ва қолган жойлари тўлиқ ҳолда 2 марта кўрсатиб, ўқитдилар. Ҳар сафар бошқа-бошқа лаҳжада кўрсатар эдилар, тоинки етти лаҳжа (қироат)га етди. Бу нарса умматга худди шариат осонликка буюргани каби, уларга Қуръон тиловати осон ва енгил бўлиши учун қилинган марҳаматдур», - деб, давом этадилар Абу Убайда.
Қози Абу Бакр Боқилоний: „Қуръони Карим арабларнинг ҳамма лаҳжаларида нозил бўлгандур», — дейдилар. „Қуръонни осон ва енгиллик бўлиши учун, шу лаҳжаларнинг ҳаммасида ўқилишига рухсат берилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳар бир инсонга унинг тилига ва шевасига мувофиқ қироатдан таълим берар, саҳобаларга шу етти қироатнинг қайсинисини ҳоҳласалар, шунда ўқишларига рухсат берар эдилар. Агар ихтилоф қилсалар ва ўзларидан бошқаларнинг қироати хусусида Расулуллоҳдан сўрасалар, Ҳаммаси тўғри ва Аллоҳ томонидан рухсат берилган, Қуръон хусусида ихтилоф ва жанжал қилманглар»,— деб жавоб берардилар».
Расулуллоҳ(с.а.в.) вафот қилган вақтларида ҳам шу етти хил лаҳжада қироат қилинар эди. Абу Бакр (р.а.) жамъ қилган Қуръон тўплами ҳам шу етти қироатни ўз ичига олган эди.
„Иршодул-қурро вал-котибин» («Қироат қилувчи ва ёзувчиларга кўрсатма»)номли китобда, Зайд бин Собит Қуръони Каримнинг ҳамма жузъларини зикр қилинган барча ҳолатларга риоя этган ҳолда ва „Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлган, қайсиниси осон бўлса, ўша қироатда ўқинглар», - деб айтилган ҳадисга мувофиқ етти қироатга мос қилиб ёзди, дейилади.
Шайх Абдулазиз ал-Бухорий „Ал-мунтахаб ал-ҳисомий» китобининг шарҳида айтадиларки, Қуръон аввалда араб лаҳжаларишшг энг фасоҳатлиси бўлган қурайш лаҳжасида нозил бўлди, сўнгра бошқа араблар қийналганликлари учун, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг дуолари билан енгиллик нозил бўлиб, бошқа лаҳжаларда ҳам тиловат қилишларига изн берилди. Шундай қилиб, асл қироатга риоя қилишликнинг вожиблиги соқит бўлди. Кенгчилик шу даражада эдики, ҳар бир жамоага ўз лаҳжаларида ҳам, ўзгалар лаҳжасида ҳам ўқишликка ижозат берилганди. Бунга пайғамбар (а.с.) ушбу сўзлари билан ишора қилдилар: „Бу Қуръон етти қироатда нозил бўлгандур, ҳаммаси шофию кофийдур».
Ҳар бир араб учун ўз лаҳжаси қолиб, бошқа лаҳжада, масалан, қурайш арабининг тамим лаҳжасида қироат қи-лишлиги жоиз бўлди. Пайғамбар вафотларидан кейин кўп жойлар фатҳ қилиниб, Ислом замини кенгайди. Саҳобалар ва мусулмонлар бир қанча мамлакатларга тарқаб кетдилар. Ислом минтақаларининг ҳар бир диёридаги аҳоли Қуръон қироатини ўша ерда мавжуд бўлган саҳобалар ичидаги машҳур қорийдан олардилар. Ўз навбатида бу қорий-саҳоба бирон-бир лаҳжага мансуб эди. Масалан, Шом аҳли Убай бин Каъб қироатида, Куфа аҳли Абдуллоҳ бин Масъуд қироатида, яна бошқалар Абу Мусо ал-Ашъарий қироатида ва ҳоказо қироатларда тиловат қилар эдилар. Юқорида зикр қилинганидек, саҳобаларнинг қироатлари бир-биридан фарқ қилгани учун улар яшаб турган жойлар аҳолисининг қироати ҳам бир-биридан фарқ қиладиган бўлди. Мана шу фарқ турли минтақа мусулмонлари ўртасида Қуръон қироати тўғрисида тортишувлар келиб чиқишига сабаб бўла бошлади. Ҳар бир томон ўзининг қироати тўғри ва афзал деб, даъво қиларди. Худди шундай воқеа, Ҳузайфа бин ал-Ямоннинг Озарбайжонга ғазотлари пайтида содир бўлди.



 
Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri