Умар қизини ўлдирганми? Принтер учун
03.11.2014 й.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим!
Аллоҳга ҳамд, Пайғамбаримизга салавотлар бўлсин!
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида гап кетганда кўпчилигимизнинг кўз ўнгида Исломнинг забардаст шахсияти гавдаланади. У зотнинг адолатлари тилларда достон! Ҳато бу сифат у зотнинг номлари билан бирлашиб кетган! Умар Одил!
Яна шуни яхши биламизки, Умар розияллоҳу анҳу Эрон императорлигини фатҳ қилдилар, мажусийларни тахтдан ағдардилар, уларнинг шавкатини синдирдилар, бир неча асрлар мобайнида ёниб турган оловларини ўчирдилар. Балки шу сабаб, маҳаллийчилик, қавмиятчилик касалига мубтало бўлган шиалар Умар розияллоҳу анҳуни ёқтиришмас, балки шу сабаб у зот ҳақларида қўлларидан келганича туҳматларни қилишар, балки шу сабабли у зотни шаҳид қилган Абу Лўълўъани яхши кўришар, ўша машъум кунни шунинг учун байрам қилишар, балки...
Яна шуни яхши биламиз деб ўйлаймизки, Умар розияллоҳу анҳу жоҳилият даврида ўз қизларини тириклайин кўмган эканлар!? Бу воқеани ўзлари айтиб берган эканлар?! Бу ҳодисани эшитмаган мусулмон бўлмаса керак. Шу билан бирга, афсуски, бу ҳодисанинг ҳақиқатга қанчалик алоқадор эканини эса озчилик мусулмонлар мушоҳада қилади..
Шу воқеа ростдан ҳам бўлганмиди, буни ким ривоят қилган, хабарнинг ишончлилик мартабаси қай даражада?
Буни яхши биламизми?
Бирор марта бўлсин шу ҳақда ўйлаб кўрганмидик?
Ҳар эшитганимиз ҳодиса, ҳар қандай тарқаб кетган хабар рост бўлаверадими, бизнингча...
Аллоҳ таоло Ўзининг Мубин Каломида шундай марҳамат қилади:
“6. Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар”. (Ҳужурот сураси).
Бу ояти карима бизларни ҳар эшитган гапимизга кўр кўрона эргашиб кетавермасликка чақиради.
Бу ояти карима ҳар бир хабарнинг нақадар ишончли эканини текшириб кўришимизга ундайди.
Бу ояти карима одатда хабарлар ишончли бўлмаслигига, қачон унинг ишончли эканини тасдиқлансагина унга ишониш мумкинлигига далолат қилади...
Бу ояти карима текширилмай тарқатиладиган хабарлар кимгадир мусибат етказиб қўйиши мумкинлигини билдиради...
Бу ояти карима хабарларни текширмай тарқатадиганларнинг охир оқибатда надоматга қолишлари билан огоҳлантиради...
Бу ояти карима...!!!
Бугунги кунимизда бошқа кўпгина таълимотларимиз унутилгани каби ушбу ояти кариманинг таълимоти ҳам эсимиздан чиқиб қолди...!!!
Бир қиз каламушга айланиб қолибди, десалар ишонаверадиган, бир ҳурматли инсонни суратда кўриб унга туҳмат ёғдираверадиган, хабар нақадар ишончли экани суриштириб ўтирмайдиган, ғийбат, бўҳтон бўлса “семирадиган” аҳволга тушдик, афсуски шундай аҳволда қолдик!? Хабар тарқатаётганларнинг кимлигини суриштиришни ку, асти қўяверинг! Хабарларни тарқатаётганлар нақадар фосиқ бўлсаларда, дунёқарашига мос келиб қолса ўзининг фикрини қувватлаш учун бошқаларни бадном қилишдан ҳам тортинмай ўша фосиқларнинг гапини тарқатаверадиган разил аҳволга тушганлар қанча!?
Нимага шундай?!
Нима учун?!
Келинг азизлар ушбу ояти каримага бир амал қилиб, ушбу хабарни текшириб кўрайликчи!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўз қизларини тириклайин кўмганлари хабари нечоғлик ҳақиқатга яқин? Бу хабар кўплаб воизлар, хатиблар томонидан оғзаки шаклда минбарлардан бир неча бор айтилганки, ҳатто Ислом шариатидан деярли ҳечвақони билмайдиган оми кишилар ҳам Умарнинг ўз қизини тириклайин кўмганини “билишади, гўё!”

Қиссанинг қисқача маъноси шундай:
“Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганмиш. У киши баъзи дўстлари билан ўтирган экан. Бирдан кулиб, ортидан йиғлабди. Шунда дўстлари бунинг сабабини сўрашибди. Умар эса шундай баён қилибди: “Биз жоҳилият даврида ажва (ҳурмо)дан илоҳ ясаб олардик ва унга ибодат қилардик. Кейин оч қолсак ўша “илоҳимиз”ни еб қўярдик! Шунга кулдим. Йиғлаганим эса, жоҳилият даврида бир қизим бор эди. Уни кўмиш учун чуқур қазидим. Қизим меҳрибонлик ила соқолимга илашган тупроқларни силаб тушурди ва мен уни ўша чуқурга тириклайин кўмдим. Буни қачон эсласам йиғлайман!”.
Бу ривоят биз билган “Саҳиҳ” тўпламлари, “Сунан” китобларининг ҳеч қайси бирида келмаган. Ҳатто машҳур тарих ва сияр китобларида ҳам бу маълумот учрамайди. Хўш, ундай бўлса ушбу ривоятни қаердан олдик!? Бу ривоятни Умар розияллоҳу анҳудан ким ривоят қилган? Буни тафтиш қилиб кўрганмизми?!
Агар хабарнинг манбасини яхшилаб излаб кўрсак асосан уни шиа рофизийларнинг китобларида учратамиз. Улар бу қиссани аниқ далилсиз,  “Умардан ривоят қилинишича” шаклида келтиришади!
Шиаларнику аҳволлари маълум!
Бизчи, аслида бу каби ҳодисаларни собит санад орқали баён қилишимиз лозим эмасми?!. Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳи шундай деган эди: “Санад диндандир. Агар санад бўлмаса ҳар ким хоҳлаганини гапираверади”!
Лекин ривоятнинг “Умардан ривоят қилинишича” деган мажҳул жумладан бошқа санади йўқ! Рофизий Неъматуллоҳ Жазоирийнинг “Ал Анвор ан Нўъмония” китобида ҳам ҳудди шундай мажҳул шаклда келтирилган! Рофизийлар эса барча муҳаддис аҳли илм уламолар наздида каззоб ёлғончи ҳисобланишади. Қайси бир санадда рофизий бўлса ўша ривоят ишончли бўлмайди! Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳи “Минҳажус Суннатин Набавийя”да (1/8) шундай дейди: “Ким Яҳё ибн Маъин, Бухорий, Абу Аҳмад ибн Адий, Дору Қутний, Иброҳим ибн Яъқуб Жузжоний Саъдий, Яъқуб ибн Суфён Фасвий, Аҳмад ибн Солиҳ Ажлий, Уқайлий, Муҳаммад Мусилий, Ҳоким Найсобурий, Ҳофиз Абдулғаний ибн Саид Мисрий каби санад илмининг алломалари бўлмиш зотларнинг жарҳ ва таъдил китобларидаги ровийлар исмлари ва аҳволларига инсоф билан назар солса, бу алломалар наздида шиаларнинг бошқа барча тоифалардан кўра ҳам ёлғончироқ эканини кўради!”.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳидан рофизийлар ҳақида сўралганида: “Уларни гапирманглар, улардан ривоят қилманглар. Чунки улар ёлғончилардир!” деган.
Имом Шофеъий шундай деган эди: “Рофизийлардан кўра ёлғон гувоҳлик берадиганроқ бирор кишини кўрмадим!”
Аъмаш шундай деди: “Қаерда бирор рофизийни кўрсам у албатта ёлғончи бўлиб чиқди!”
Язид ибн Ҳорун шундай деди: “Ҳар қандай бидъатчидан агар у даъватчи бўлмаса ҳадис ёзиб олардик. Фақат рофизийлардан ҳадис олмаганмиз. Чунки улар каззобдирлар!”
Шарик ибн Абдуллоҳ шундай деди: “Илмни ҳар қандай йўлиққан кишингдан олавер. Фақат рофизийлардан олма! Чунки улар ҳадисларни тўқишиб, уни дин сифатида олаверишади!”
Абдуллоҳ ибн Муборак шундай деди: “Дин ҳадис аҳлиникидир, калом ва ҳийла раъй аҳлиникидир, ёлғон эса рофизийникидир!” (Ал Мунтақо мин Минҳажил Эътидол” 480 саҳифа)
Аллома Ибн Қаййим шундай деди: “Рофиза Аллоҳнинг энг ёлғончи махлуқидир”. Ал Манор, 52 саҳифа.
Уламоларимиз рофизийларнинг кирдикорларини нафақат қуруқ сўзлар билан эмас, балки уларнинг ёлғончи эканликларини илмий баҳслар орқали ҳам исбот қилиб беришган! Батафсил маълумотлар учун Қози Абу Бакр ибн Арабийнинг машҳур “Ал Авосим минал Қавосим” асарига, Ибн Таймиянинг “Минҳожус Сунна Набавийя фи нақдзи каламиш шийати вал қадарийя” асарига, Ҳофиз Заҳабийнинг “Сияру Аъломин Нубало”, “Тарихул Ислам ва машоҳирул Аълом”, “Мезонул эътидол фи нақдир Рижол” каби асарларига, Ҳофиз Ибн Касирнинг “Ал Бидоя ван Ниҳоя”сига, Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Фатҳул Борий”, “Лисонул Мезон”, “Таҳзибут Таҳзиб” ва “Ал Исоба фи маърифатис Саҳоба” каби асарларига мурожаат қилиб кўринг! Уларда шиаларнинг ботил хабарларни қандай тарқатишлари батафсил баҳс қилинган!
Хуллас, аҳвол шундай бўлгач асосан рофизийларнинг манбаларида келган мажҳул ривоятга нима учун ишонишимиз керак!? Бундан бошқа яна бир қанча сабаблар борки, улардаги илмий мантиққа кўра Умар розияллоҳу анҳунинг ўз қизларини тириклайин кўмганлари собит эмаслиги ойдинлашади:
1. Ушбу ривоятнинг “Саҳиҳ” тўпламларимиз, “Сунан”ларимиз, машҳур сийрат ва тарих китобларимизда йўқлиги! Агар ҳодиса бугунги кунимизда омма ичига тарқани каби машҳур бўлганида эди, Аҳли Суннанинг манбаларида унга алоҳида ўрин ажратилган бўларди.
2. Қиссанинг асосий манбаси айрим шиа рофизийлар манбаларида учраши. Рофизийларнинг Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга бўлган адоватларини, ўзларининг эса тўқима хабарларни тарқатиш борасида машҳур эканликлари бу қиссанинг ҳам ишончли эмаслигига ишора қилади!
3. Доктор Абдуссалом ибн Муҳсин Оли Ийсо ушбу қисса борасида шундай дейди: “Мен бу қиссанинг Умар розияллоҳу анҳудан ким ривоят қилганини ўзим билган манбалардан топа олмадим. Устоз Аббос Маҳмуд Аққод ўзининг “Абқарияту Умар” номли китобида қиссани зикр қилиб, унинг тўғри эканини шубҳа остига олган. Аслида қизларни кўмиш араб қабилалари орасида ўта машҳур ҳодиса бўлмаган, балки буни айримлар қабилалар қилган холос! Хусусан Умар розияллоҳу анҳунинг қавми бўлмиш  Бани Адий қавмида, шу билан бирга Умарнинг ўз оиласида ҳам бу одат  жорий бўлмагани маълум ва машҳур. Умарнинг жоҳилиятдаги хотини Зайнаб бинти Мазъун эди. У Усмон ибн Мазъуннинг синглиси бўлган. Ундан уч фарзанд кўрган, улардан бири Ҳафса эди. Шу сабабли Умар розияллоҳу анҳуни Абу Ҳафса куняси билан ҳам чақириларди. Ҳафса рисолат келишидан беш йил олдин дунёга келган.
Бир қизини кўмган одам, нима сабабдан иккинчисини кўммаган?! Шу билан бирга Умарнинг Фотима исмли синглиси ҳам бўлган. Уни ҳам кўмишмаган! Умарнинг биродарлари, оила аъзолари, амма холаларидан ҳеч ким унинг бир қизини кўмгани ҳақида ҳеч қандай маълумот айтишмаган!”
4. Қиссанинг ботил эканига Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис ҳам ишора қилади. Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Умар ибн Хаттобдан Аллоҳ таолонинг:
“8. Ва вақтики, тириклай кўмилган қиздан сўралса.
9. У нима гуноҳ учун ўлдирилган?” ояти ҳақида сўралганида  унинг шундай деяётганини эшитдим: “Қайс ибн Осим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб: “Жоҳилиятда саккизта қизимни кўмганман”, деди. У зот: “Ҳар бири номидан биттадан қул озод қил!” дедилар.
“Мен туябоқарман”, деди. Шунда у зот: “Агар хоҳласанг уларнинг ҳар бири номидан битта будна туя сўй!” дедилар”. (Абдурраззоқ ўз тафсирида, Табароний “Мўъжамул Кабир”да ривоят қилган. Табарий ва Баззорлар ҳам ривоят қилишган.  Албоний “Силсилатус Саҳиҳа”да бу ҳадисни саҳиҳ деган.)
Ушбу ҳадис ровийси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзидир. Ҳадисда жоҳилиятда қизини кўмганларнинг каффорати зикр қилинмоқда. Нима учун Умар розияллоҳу анҳу мавзунинг мақоми келганида ўзининг иши ҳақида индамаган?! Қайс ибн Осимнинг қилган ишини айтар экан ўзи ҳақида гапирмагани, у зот розияллоҳу анҳунинг ўз қизини кўммаганига далолат қилади! Чунки бундай мақомларда ровий ўзининг бошидан ўтган ҳодисани одатда зикр қилади!
Уламоларимиз асли йўқ хабарларнинг тўғри бўлиш эҳтимолини ҳам кўздан қочиришмаган. Мабодо бу қисса собит бўлса, ҳаргиз Умар розияллоҳу анҳуга нисбатан таъна бўла олмайди. Чунки Исломни қабул қилиш билан кишининг олдинги гуноҳлари кечирилади. Шундай экан Умар розияллоҳу анҳу ўтмишини эслашдан тортинмаслиги, ўрни келганида ривоят ортидан ўзининг бошидан кечган воқеани ҳам айтиши керак эди. Айтмади, чунки бу ҳодиса бўлмаган эди!...
Хулоса қилиб айтганимизда, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг маҳбуб икки саҳобаларининг бири, рошид халифаларнинг иккинчиси, ҳидоят топган тўрт  пешволарнинг сирасидаги зот! Ислом тарихида Умар Одилнинг ўрни буюк, унинг фазилати беқиёс, шу билан бирга рофизийлар у зотга нибатан буюк адоватдалар! Вафот этган кунларини байрам қилишади, қотил мажусий Абу Лўълўъани авлиё билишиб, қабрини зиёрат қилишади! Шундай экан рофизийларнинг Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу борасида келтирган хабарлари ишончли бўлиши амри маҳол! Шундай экан, ҳар бир воиз, хатиб, имомларимиз учун бу каби ҳодисаларни зикр қилишда эътиборли бўлиш вожибдир. Кишиларга айтишдан олдин хабарнинг нақадар ишончли эканини текшириш, ботил, мавзу хабарларни айтмаслик, заиф хабарлар бўлса уни билдириб қўйиш лозим бўлади! Зеро Ҳақ таоло Ўзининг Мубин Каломида:
6. Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар. (Ҳужурот сураси).
Аллоҳнинг маҳбуб Пайғамбарига салоту саломлар бўлсин!

Аброр Мухтор Алий
1436.1.10
2014.11.4
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz