Маъсиятдан тўхташга ёрдам Принтер учун
15.11.2014 й.

Бир киши Иброҳим ибн Адҳамнинг олдига келиб: “Эй Абу Исҳоқ, нафсим ҳаддидан ошиб кетди, гуноҳ ва маъсият қилиб қўйяпман, сизда нафсимни гуноҳ ва маъсиятлардан тўхтатадиган бирор нима борми?”, деди.

Иброҳим: “Агар мендан бешта хислатни қабул қилсанг ва уларни бажара олсанг, сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бера олмайди”, деди.

У: “Айтинг, эй Абу Исҳоқ”, деди.

Иброҳим: “Биринчиси: Агар Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ризқини емагин”, деди.

У: “Унда қаердан ейман, ахир, Ер юзидаги барча нарса Унинг ризқиданку!”, деди.

Иброҳим: “Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!”, деди.

У: “Йўқ, иккинчиси айтинг”, деди.

Иброҳим: “Агар Унга нисабатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, Унинг ерида истиқомат қилма”, деди.

У: “Эй Иброҳим, буниси аввалисидан ҳам қийинроқку! Ахир, машриқу-мағриб ва унинг орасидаги ҳамма жой Уники бўлса, унда мен қаерда яшайман?”, деди.

Иброҳим: “Ўзинг ўйла, Унинг берган ризқидан еб туриб, Унинг ерида яшаб туриб, яна Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!”, деди.

У: “Йўқ, учинчисини айтинг”, деди.

Иброҳим: “Агар Унга нисабатан гуноҳ қилмоқчи бўлсанг, У кўрмайдиган жойни топиб, шу ерда гуноҳ қилгин”, деди.

У: “Эй Иброҳим, бу нимаси, қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Ахир, У зот барча сирлардан хабардорку!, қалбдаги пинҳоний нарсаларни ҳам биладику!, Унга бирор нарса махфий эмаску!”, деди.

Иброҳим: “Эй биродар, ўйлаб кўр, Унинг берган ризқидан еб турган бўлсанг, Унинг ерида яшаб турган бўлсанг ва яна У сени кузатиб турган бўлса, Унга гуноҳ қилишинг яхшими?!”, деди.”

У: “Йўқ, тўртинчисини айтинг”, деди.

Иброҳим: “Агар жонингни олиш учун ўлим фариштаси келса, сен унга: “Кейинга қолдириб тур, тавба қилиб олай”, дегин”, деди.

У: “Ўлим фариштаси мендан буни қабул қилмайди”, деди.

Иброҳим: “Агар ўлимнинг кечикмасдан, (тўсатдан) келишини билсанг ва тавба қилиб олиш учун уни ортга суришга имконинг бўлмаса, қутилиб қолишни қандай умид қиласан?!”, деди.

У: “Бешинчисини ҳам айтинг”, деди.

Иброҳим: “Агар Қиёмат куни сени дўзахга олиб кетиш учун забониялар (яъни, азобловчи фаришталар) келишса, улар билан бормагин”, деди.

У: “Улар бунга кўнмайдиларку!”, деди.

Иброҳим: “Ундай бўлса, қандай қилиб нажотни умид қиласан?!”, деди.

У: “Эй Иброҳим, етарли бўлди, кифоя қилади, мен Аллоҳга истиғфор этаман ва тавба қиламан”, деди.

Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz