Танловга: ТИЛ – МИЛЛАТНИНГ КЎЗГУСИ Принтер учун
21.11.2014 й.

“Тилга эътибор, элга эътибор”деб бежиз айтмаган бобокалонимиз А.Навоий. Узоқ мозийдан бошланган тилга эътибор айни пайтларда ҳам ўз обрўсини йўқотмаган. Ҳар бир миллатнинг, давлатнинг ўз тили бўлгани каби, жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳам ўзига мос ва хос бўлган тили бор бўлиб, юртимиз унга истиқлолдан ҳам илгари эришди. Мамлакатимиз ўзи давлат тилини қўлга киритиши, истиқлолнинг дараги эди. Келинг, бизни шундай неъматларга етишишда восита (сабаб) бўлган тилимиз ҳақида суҳбатлашайлик. Қолаверса, тилга тарбия бериш борасида ҳам тўхталиб ўтиб, тил офатларини ва уларнинг зиёнларини билиб олайлик.

 

Эркинлик, мустақиллик учун курашнинг илк ғалабаси, нишонаси сифатида 1989 йилнинг 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Шу кундан эътиборан тилимизнинг ривожланиш йўлларидаги барча сунъий тўсиқлар олиб ташланди, у давлат томонидан қонун ҳимоясига олиниб, шу кундан эътиборан мамлакатимизда ўз она тилида иш юритиш ва ўзаро мулоқотларда ўзбекона суҳбатни эркинлиги бошланди.

Ўша таҳликали йилларда муҳтарам юртбошимиз И.А.Каримов "Она тилини билмайдиган одам ўзининг шажарасини, ўзининг илдизини билмайдиган, келажаги йўқ одам"[1] дея, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини маъқуллаб, бизни она тилини улуғлаган ҳолда бағри кенгликка, миллий маҳдудликдан қочишга, келажакни, узоқни ўйлаб иш қилишга чақирган.

Дунёда тиллар кўп, айрим манбааларда таъкидланишича, жаҳон халқлари 6700 дан зиёд тилда мулоқот қилишади. Ҳозирги даврда асосан уларнинг еттита: инглиз, немис, француз, рус, хитой, испан, ҳинд тиллари сўзлашувчиларининг кўплиги жиҳатидан бошқа тилларга қараганда ер шари аҳолиси ўртасида устунлик қилмоқда. Сабаби, ушбу тилларда гаплашувчи давлатлар иқтисодиёт, илм-фан, техника ривожи борасида бошқа мамлакатларга қараганда анча олдинлаб кетди. Шу боис ҳам, мазкур тилларни ўрганишга бўлган қизиқиш ҳам катта ҳисобланади.

Чет тилларини ўрганиш ҳақида буюк немис адиби Иоганн Вольфганг Гёте: "Кимки ўзга тилларни билмаса, ўз тилини ҳам яхши тушунмайди",-деб ёзган эди.

Астойдил ҳаракат қилинса, бошқа тилларни мукаммал ўрганиш ҳеч нарса эмас экан. Масалан, Австралиялик олим Стивен Вурм 500 та, рус олими С.А.Старостин 400 та, Германиялик Шютц 270 та, Даниялик тилшунос Расмус Раск 230 та, машҳур немис олими Вильгельм Гумбольтд 117 та, немис олими Эмиль Кребс 60 та, Италиялик кардинал Жузеппе Меццофанти 72 та, рус тилшуноси Е.Д.Поливанов 70 дан ортиқ, БМТ нинг бош таржимони Жорж Смит 69 та тилда гаплаша олган. Буларнинг барчаси биз-бугунги авлод учун ибрат намунасидир.

Ахир, бир пайтлари илм-фанда, санъат ва адабиётда, тил ўрганишда, фаҳм-фаросатда, ақл-заковатда ота-боболаримиз дунё халқларининг пешқадамларидан, энг олдинда турган эътиборли вакилларидан саналган-ку?!.

Масалан, буюк қомусий олим Абу Райҳон Беруний 150 дан ортиқ тилни билган. Шулардан 20 таси "унутилган тиллар" саналган. Абу Наср Фаробий ўзлаштирган тилларнинг миқдори 100 дан ортиқ бўлган ва уларнинг 10 га яқини "унутилган тиллар" қаторига кирган. Дунё табобат илмига асос солган олимлардан бири Абу Али ибн Сино араб, форс, турк, лотин, сўғд тилларида бемалол суҳбатлаша олган. Соҳибқирон Амир Темур араб, форс, мўғул, туркий тилларни ўзига яраша ўзлаштирганлигини тарихдан барчамизга маълум.

Тарихий манбааларда таъкидланишича, азал-азаллардан илм-фан ҳамда унинг сирларини, тилларни ўрганишда халқимизда ўзига хос анъана ва бошқаларга қайсидир маънода, намуна бўла оладиган ҳислатлар бўлган. Ўзини зиёли, ўқимишли санаган ҳар бир инсон араб, форс-тожик ва албатта она тилимиз ҳисобланган ўзбек тилини мукаммал билган. Она тилидан ташқари, бошқа тилларни ҳам билиш замонасининг илғор кишилари ўзлари учун бу нарсани қатъий вазифа деб ҳисоблаганлар. Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хоразмий, Нодира каби юртдошларимизнинг асарларини дунёга довруғ таратишида ҳам мана шу нарса муҳим омил бўлиб хизмат қилган дейишимиз мумкин. Негаки, уларнинг барчаси туркий - ўзбек тилидан ташқари, форсий тилда ҳам ажойиб шеърлар, асарлар битишган.

Дарҳақиқат, ўз она тилимиз ҳисобланмиш ўзбек тилини мукаммал билиш билан чегараланиб қолмасдан, ўтмиш аждодларимиздан ўрнак олиб, жаҳондаги бошқа тилларни ҳам изчил ўрганишимиз, илм-фан, техника соҳаларида дунё халқлари эришган улкан муваффақиятларни ўрганиб, улардан ўзбек халқининг равнақи, мамлакатимиз тараққиёти йўлида унумли фойдаланишимиз зарур.

Луғат бойлиги, унда яратилган илмий, бадиий, тарихий асарларнинг салмоғи нуқтаи назаридан ўзбек тили дунёдаги манаман деган тиллардан қолишмайди. Буни қуйидаги мисол ёрдамида ҳам исботлашимиз мумкин. Алишер Навоий ўз асарларида 26035 та, Александр Пушкин 21193 та, Уильям Шекспир 20000 дан ортиқ, Мигел де Сервантес 18000 дан ортиқ, Абдураҳмон Жомий 17600 та, Абдулла Тўқай 4000 дан ортиқ сўзларни ишлатган.

Энди тилдан фойдаланиш ва ундан олинадиган фойда ва аксинча ҳолатлар борасида фикр юритиб ўтсак мақсадли бўларди.

Инсон учун бу улуғ ва бебаҳо неъмат ҳисобланади. Тил эса инсонни юксак ҳазинасидир. Бу борада бобакалонимиз А.Навоий ҳам “кўнгил ҳазинасин қулфи тил, калити сўз”, дейдилар. Қолаверса тил, одобнинг боши ҳисобланади. Бунга исбот тариқасида аллома Маҳмуд Қошғарийнинг “Одобнинг боши – тил”[2] дея таъкидларини келтириб ўтиш кифоя.

Тилнинг ёрдамида инсонлар ички фикрларини юзага чиқариб, ўз навбатида бошқалар билан ўзаро мулоқот олиб бориши, ўзининг фикрини кимларгадир етказиши мумкин. Тилдан тўғри ва ақлли равишда фойдаланилса, мақсадга эришиш осон бўлишади. Шу олий неъматдан баъзида нотўғри фойдаланиб, турли муаммоларни орттириб олиниши мумкин. Бу муаммолар аксарият ҳолларда кишини бошига кулфатлар олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бунга “тил офатлари” дейилади. Тилнинг офатлари борасида жуда кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Аммо ундан кўра тилнинг офатларини қисмларга ажратган ҳолда келтириб ўтилса, кўпроқ манфаатли бўлади.

Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазийлатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди. Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.

Тилни тийиш борасида кўплаб тавсиялар, маълумотлар ва уламоларимизни бизга кўрсатмалари бор. Жумладан, таниқли аллома Муҳаммад Зоҳид Қўтқу “Тилни тийиш – бу хоинлик, тухмат, ёлғон, ғийбат,чақимчилик, истеҳзо, бировни масхаралаш, ёлғон қасам ичишдан тийилиш, азон ва иқомат айтилаётганда, масжидларда, Қуръони Карим тиловат қилинаётганда, хутба пайтида, хожатхонада, жимо пайтида сўзлашмоқдан тийилиш, Қуръони Каримни ўз раъйига кўра тафсир қилиш, омонат сўз ва сирларни фош этиш, гуноҳкорларни ҳимоя қилиш, биродарлар узрини қабул этмаслик, мўминларни қўрқитиш ва шунга ўхшаш тил воситасида бажариладиган беҳуда ва ёмон амаллардан ўзини сақлашдир”, - таъкидланган.[3]

Кўпинча сўз айтиб, бўлдим пушаймон,

Айтмаган сўзимдан – доимо шонмон.[4]

Абу Абдуллоҳ Рудакий

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки оёғи орасидаги нарсанинг ва икки жағи орасидаги нарсанинг кафолатини берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман»,  дедилар».

Икковини Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

 

Биринчи офат – КЕРАКСИЗ СЎЗ

 

Вақтнинг қадрига етган, унинг бебаҳо ва қайтмас неъмат эканлигини тушунган одам уни фойдасиз нарсага сарфламайди. Чунки Аллоҳ таолонинг зикрини қўйиб, кераксиз гап-сўзлар билан машғул бўлган одам гавҳарни қўйиб, тезакни олган билан баробардир. Бу эса умрни бекор ўтказиш демакдир.

 

Бу борада Абу Бакр ибн Ашён эса, “Тупроқ сувни тортиб олиб қуритгани каби, кўп гапириш ҳам савобларни қуритади”, - дея кўп гапиришдан тийилиш ва хушёрликка чорлаганлар.[5]

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап айтсин ёки жим турсин», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

        

Абу Саъийддан ривоят қилинади:

«Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: «Бизнинг ҳаққимизда Аллоҳдан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз, дейдилар».

Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифдан олинадиан фойдага эътибор бериш лозим. Тил кишининг бошқа аъзоларини бошчиси ва даъватчиси ҳамда уларни етакчиси (яхшилик ёки залолатга) эканлиги билинади.

Дарҳақиқат гапнинг зиёдасидан фойда олиш амримаҳол. Зеро, Абу Ҳурайра  (р.а)айтганларидек: «Гапнинг ортиқчасида яхшилик йўқ». Қолаверса, Умар ибн Хаттоб (р.а): «Кимнинг гапи кўпайса, хатоси ҳам кўпаяди», дея бу борада янада зийракликка чорлаган.

Ҳаким зотларларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берган экан.

        

Иккинчи офат – БОТИЛ СЎЗГА КИРИШИШ

 

Ботил сўз ичкиликбозлик мажлислари ва фосиқларнинг қилмишларига ўхшаш нарсалар ҳақидаги гаплардир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда билиб-билмай бир сўзни айтади ва у туфайли дўзахнинг мағриб билан машриқ орасидан ҳам чуқур жойига тушади», – дедилар».

Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Жанжал ва турли тортишувлар ҳам ботил гапга яқин нарсалардир. Уларда бировнинг хатосини исбот қилиш учун низолашилади. Бунга бировдан устун келиш истаги сабаб бўлади.

Агар масала динга тегишли бўлса, мункар нарсани инкор қилиш ва тўғрисини баён қилиб бериш зарур. Аммо гап дунё тўғрисида бўлса, талашиб-тортишиб ўтиришнинг кераги йўқ. Бу офатнинг давоси ўз фазлини изҳор қилишга сабаб бўлган кибрни синдиришдан иборат.

Жанжал ва тортишувлардан каттароқ офат-ҳусумат қилишдир. Айниқса, ботил йўл билан ва илмсиз равишда хусумат қилиш жуда ҳам ёмон иш. Чунки у қалбларни ҳасадга тўлдиради, ғазабни қўзитади ва бировларнинг обрўсига тил теккизишгача олиб боради. Шунинг учун ҳақ эгаси ҳам, иложи борича, хусуматчиликдан ўзини олиб қочгани афзал саналади.

  

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун одамларнинг энг ёмон кўрилгани ашаддий хусуматчидир», – дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

«Ашаддий хусуматчи» сулҳни қабул қилмайдиган, жанжални пулга сотиб оладиган шахсдир.

  

Учинчи офат – ГАПДА ЧУҚУР КЕТИШ

 

Бу нарса оғиз тўлдириб, қофиясини келтирган ҳолда гапириш ила бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менга энг ёмон кўринадиганингиз ва қиёмат куни мендан энг узоқ бўладиганингиз кўп гапирадиганингиз, оғзини тўлдириб гапирадиганингиз ва мутакаббирлик учун гапирадиганингиз»,  дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Албатта, маърузачиларнинг қофиясини келиштириб гўзал гапиришлари бу жумлага кирмайди. Чунки улар маърузадан (нутқдан) кўзланган мақсадни, диний таълимотларни, ўша тадбирнинг ўзига яраша маълумотларини кишиларга етказишлари учун одамларга таъсир қиладиган чораларни кўришлари зарур. Бунда илмий ва тажриба жиҳатидан соф амалларга таянилади. Уларда четлаш (турли беҳуда ҳаракатлар) маданиятсизликка далолат қилгани сабаб, эътиборли бунга ҳам бўлиш бўлади.

 

Тўртинчи офат – ФАҲШ, СЎКИШ ВА АЧИТИБ ГАПИРИШ

 

«Фаҳш» сўзи «қабиҳ», «уят», «шармсизлик» маъноларини англатади.

Уламолар фаҳшни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Фаҳш соғлом табиат нафрат қиладиган ва мустақийм ақл нуқсон санайдиган нарсадир», деган.

Роғиб: «Фаҳш – қабиҳлиги катта бўлган гаплар ва ишлардир», деган.

  

 قُلْ إِنَّمَا حَرَّمَ رَبِّيَ الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَالْإِثْمَ وَالْبَغْيَ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَأَنْ تُشْرِكُوا بِاللَّهِ مَا لَمْ يُنَزِّلْ بِهِ سُلْطَانًا وَأَنْ تَقُولُوا عَلَى اللَّهِ مَا لَا تَعْلَمُونَ

 

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:

Айтинг: «Раббим, албатта, фаҳш ишларнинг ошкораю пинҳонасини, гуноҳ (ишлар)ни, ноҳақ тажовузкорликни ва Аллоҳ ҳеч қандай ҳужжат туширмаган нарса(лар)ни Унга шерик қилишингизни ҳамда Аллоҳнинг шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизни ҳаром қилди»[6], деган.

Аввал айтилганидек, фаҳш иш улкан қабиҳликдир. Бундай ишлар хоҳ ошкора, хоҳ яширин бўлсин, барча-барчасини Аллоҳ ҳаром қилган. Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишлардан банда тийилиши ва ундан узоқлашиши зарур.

 

Уламоларимиз, «фаҳш ишлар» деганда шаҳватга тааллуқли гуноҳлар кўзда тутилади, дейдилар. Фаҳш ишлар ичида катта гуноҳлар қаторига кирадиган зинокорлик ва баччабозлик кабилари ҳам бор, катта гуноҳлар сирасига кирмайдиганлари ҳам бор.

Инсон икки дунёда ҳам олий мақомга эришмоқчи бўлса, улкан гуноҳлар, фаҳш иш ва сўзлардан четда бўлмоғи лозим. Бунга эса фақат иймон билан эришиб бўлади. Қалби соф иймонга тўла кишигина катта гуноҳларни ва бузуқ ишларни қилмайди. Улардан четда бўлган соф иймонли бандаларгина Аллоҳ таоло ҳузуридаги яхши ва боқий нарсаларга соҳиб бўладилар.

Бу қабилдаги гапларни гапиришни шариат манъ қилган. Улар чиркинликлар манбааси ва ёмонликлар уясидир.

 

Расулуллоҳ (с.а.в): «Албатта, Аллоҳ уятсиз бўлмоқни ва уятсиз гапларнинг гапирилишини хуш кўрмайди», дедилар.

Абу Довуд яхши иснод ила ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин киши таъначи, лаънатчи, фоҳиша ва базий(сўканғич, аччиқ сўзли) бўлмайди»,  дедилар».

Фаҳш ва уятсизлик кўп ҳоларда уят гапларни очиқ-ойдин айтиш билан бўлади. Одатда, бу нарсалар жинсий алоқага оид гапларни бешармлик ила гапириш орқали юзага чиқади. Аҳли солиҳлар ундай ибораларни ишлатмайдилар.

Сўкиш ва ачитиб гапиришни арабчада «базоъа» дейилади. Бу сўз луғатда мавжуд бўлган, рост бўлса ҳам, аччиқ ва уятсиз гапни англатади.

 

            Уламолар уни қуйидагича таърифлайдилар:

Fаззолий: «У, қабиҳ саналган нарсани очиқ-ойдин сўзлар билан ифодалашдир».

Муновий: «У, калом рост бўлса ҳам, нутқдаги фаҳш ва қабиҳликдир».

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Набий соллаллоҳу алайҳи вассаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқлик, у билан уришиш куфрдир», дедилар.

Маълумки, фосиқлик катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат кўрсатган чегарадан чиқиб, гуноҳ ишларни қилувчилар фосиқ ҳисобланади. Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уриш эса куфр дейилмоқда. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам уришга олиб боради.

Одатда, одамлар сўкишга унча эътибор бермайдилар. “Сўкса, сўкилиб қолармиди”, деб кетаверадилар. “Фалончи бўлгандан кейин сўкадида”, деган ноўрин мулоҳазаларни ҳам айтадилар.

Аслида эса, сўкиш гуноҳ ва қабиҳ иш бўлиши билан бирга, ўзидан кўра каттароқ гуноҳ ва ҳалокатларга элтувчи йўл ҳам ҳисобланади.

 

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш ҳалокат жари ёқасига келганини англатади», – дедилар».

Баззор ривоят қилган.

 

Жар ёқасига келгандан сўнг унга тушиб кетиш ҳеч нарса бўлмай қолади. Демак, сўкишга эътибор бермай, сўкса нима бўпти, дейиш мутлақо нотўғри ишдир.

Хусусан, сўкишни кўп ишлатадиган одамлар катта гуноҳларга сабаб бўладилар. Улар олий илм даргоҳларини битирган, катта мансабларни эгаллаган, яхши кийиниб, яхши яшашаётган бўлишлари ҳам мумкин.

Модомики, ичларида яхшиликка амал қилдирувчи куч йўқ экан, ўзларининг сўзларини тузатолмас эканлар, ким бўлишларидан қатъий назар, фосиқ бўладилар, маданиятсиз, тубан инсон ҳисобланадилар.

Ўзаро муомалада биринчи бўлиб сўккан одам катта маънавий жиноят қилган бўлади. Орадаги ҳурмат ва иззат, ўзаро тушуниш пардасини йиртган, ёмонликка йўл очган бўлади.

 

 

Бешинчи офат – МАЗАҲ

 

«Мазаҳ» арабча сўз бўлиб, аслида, ҳазил-мутойибани англатади. Бинобарин, ҳазил-мутойиба учун, рост гапларни гапириб, озроқ мазаҳ қилиш жоиз.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳақ гаплардан четламаган ҳолларида ҳазил қилар эдилар. Ул зот бир кишига: «Эй, икки қулоқли», бошқа бировга: «Сени туянинг боласига миндирамиз», деганлар.

Қари кампирга: «Кампирлар жаннатга кирмайдилар», деганлар ва сўнгра «Воқеъа» сурасидаги «Албатта, Биз у(ҳурлар)ни дафъатан, хос қилиб яратдик. Бас, уларни бокиралар қилдик»[7] оятларини ўқиганлар.

Бошқа бир кампирга: «Кўзида оқи бор эрингми?» деганлар.

Расулуллоҳ (с.а.в)нинг мазаҳларида уч нарса мужассам бўлган:

1. Ҳақ бўлиши.

2. Аёллар, болалар ва заиф кишилар билан бўлгани.

3. Нодир бўлгани.

Бу ҳолатлар доимий равишда мазаҳ қилиб юришга далил эмас. Нодир нарсанинг ҳукми доимий нарсанинг ҳукмига ўхшамайди.

Бир одам ҳабашларнинг ўйинини кечаю кундуз томоша қилиб, Расулуллоҳ (с.а.в) ҳам уларни томоша қилганлар, дея ҳужжат келтириши нотўғри бўлади.

Мазаҳда ҳаддан ошиш ва бардавом бўлиш манъ қилинган. Чунки бу иш одамнинг виқорига путур етказади. Турли гина ва кўнгил қолиш ҳолатларини келтириб чиқаради.

 

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи ғазотларига чиқдилар. Ул зотнинг саҳобаларидан бирлари бир кишининг ўқдонини олиб, ҳазил учун беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топмасдан, хавфга тушди. Ундан кула бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб:

«Нимага кулмоқдасизлар?» – дедилар.

«Йўқ. Аллоҳга қасам. Фақат фалончининг ўқдонини ҳазиллашиб беркитиб қўйган эдик, у қўрқиб кетди», – дейишди.

«Мусулмонга мусулмонни қўрқитиш ҳалол эмас», – дедилар.

 

Умар ибн Абдулазиз: «Мазаҳдан сақланингиз. У, кек пайдо қилувчи аҳмоқликдир».

Ҳакимлардан бири шундай дейди: «Мазаҳ сўкиш-у, аммо эгаси кулдиради, холос».

Иброҳим Нахаъий: «Мазаҳ тентаклик ва кибрдир», деган.

«Мунсурул ҳикам»да: «Мазаҳ худди олов ўтинни егандек ҳайбатни ейди», дейилган.

Ҳакимлардан баъзиси: «Кимнинг мазаҳи кўпайса, ҳайбати йўқолади», деган.

Олтинчи офат – масхара ва истеҳзо.

 

«Масхара» сўзи луғатда «бировни ҳақир – паст санаш» ва «хор билиш» маъносини англатади.

Уламолар масхарани қуйидагича таърифлайдилар:

Муновий: «Масхара маънавий жиҳатдан ақлни паст санаш ва ҳиссий жиҳатдан ишни хор санашдир», деган.

Ибн Камол: «Масхара эгаси наздида арзийдиган ва масхара қилувчи наздида арзимайдиган нарсадир», деган.

Масхара қилиш бировнинг айбини пастга уриш, хорлаш йўли ила кулгига олишдир. Гоҳида гап ва амалга ўхшатиш қилиш, имо-ишора билан ёки лақаб қўйиш билан ҳам масхара бўлиши мумкин. Масхара ва истеҳзо қилиш дийнсиз, мунофиқ ва кофирларга хос сифатдир.

 

وَلَقَدِ اسْتُهْزِئَ بِرُسُلٍ مِنْ قَبْلِكَ فَحَاقَ بِالَّذِينَ سَخِرُوا مِنْهُمْ مَا كَانُوا بِهِ يَسْتَهْزِئُونَ

 

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида: « (Эй, Муҳаммад!) Аниқки, Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам масхара қилинган. Бас, уларнинг устидан кулган кимсаларни ўзлари масхара қилган нарсалари (Аллоҳнинг азоби) қамраб олгандир»[8], дея марҳамат қилади.

Пайғамбарларни масхаралаган кофирларга азоб тушди. Улар бу дунёнинг ўзидаёқ азобга дучор бўлдилар. Сени масхара қилаётганлар ҳам, вақт ғаниматлигида эсларини йиғиб тавба қилмасалар, аввал бу дунёда, кейин у дунёда азобга учрайдилар. Чунки, уларни Аллоҳ таолонинг азобидан сақлайдиган ҳеч бир куч йўқ.

 

 الَّذِينَ يَلْمِزُونَ الْمُطَّوِّعِينَ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ فِي الصَّدَقَاتِ وَالَّذِينَ لَا يَجِدُونَ إِلَّا جُهْدَهُمْ فَيَسْخَرُونَ مِنْهُمْ سَخِرَ اللَّهُ مِنْهُمْ وَلَهُمْ عَذَابٌ أَلِيمٌ

Аллоҳ таоло: « Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ «масхара» қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир»[9], деган.

Қуръони Карим мўмин-мусулмонларни бировни масхара ва истеҳзо қилишдан қайтарган.

 

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَومٌ مِنْ قَوْمٍ عَسَى أَنْ يَكُونُوا خَيْرًا مِنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِنْ نِسَاءٍ عَسَى أَنْ يَكُنَّ خَيْرًا مِنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنْفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ 

 

Аллоҳ таоло: « Эй, мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масхара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қилинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасин)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилмангиз ва бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар (гуноҳ ишлар билан ўзларига нисбатан)  зулм қилувчилардир»[10], дея таъкидлаган.

Албатта, ўзгаларни масхара қилиш ёмон одат бўлиб, жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг бузилишига сабаб бўлади.

Бир одам иккинчисини масхара қилса, камситса, устидан кулса, албатта, масхара қилинган одамнинг аччиғи чиқади, у ҳам масхара қилувчига ўзига яраша жавоб беришга уринади. Орада низо-жанжал чиқади, ижтимоий алоқалар бузилади ва жамият заиф­лашади. Ислом эса, доимо мусулмонлар жамиятининг мустаҳкам бўлиши учун қайғуради.

 

Ҳасандан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларни масхара қилувчиларнинг бири учун жаннатдан бир эшик очилур. Бас, унга, бу ёққа кел, деюлур. У ғам-ғуссаси ила келганда эшик ёпилур. Бу ҳол улардан бирига жаннатдан эшик очилиб бу ёққа кел дейилганда, ноумидликдан келмайдиган бўлгунча давом этади», – дедилар».

Байҳақий ривоят қилган.

 

Масхаранинг зарарлари қуйидагилар:

1. Масхара Аллоҳ таолонинг амрига очиқ хилофдир;

2. Масхара Аллоҳ таолонинг азобига сабаб бўлади;

3. Масхара инсон ҳуқуқини очиқ-ойдин бузишдир;

4. Масхара қалбни ўлдиради ва ғафлатга сабаб бўлди;

5. Масхара кофир ва мунофиқларнинг сиймосидир;

6. Масхара шариат ҳаром қилган ишдир;

7. Масхара Аллоҳ таолонинг зикрини эсдан чиқаради.

 

Еттинчи офат – ЁЛҒОН

 

Ёлғон араб тилида «кизб» дейилади ва луғатда ростнинг тескарисини англатади.

Уламолар ёлғонни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний: «Ёлғон хабар унинг воқеъликка тўғри келмаслигидир», деган.

Ибн Ҳажар: «Ёлғон бир нарса ҳақида қасдан бўлсин, ноқасдан бўлсин, унга хилоф нарсани гапиришдир», деган.

Ёлғон, сўзда бўлиши билан бирга амалда ҳам бўлади. Бунда ёлғончи бўлмаган нарсани бўлган қилиб кўрсатиш учун ҳийла қилади. Ёки унинг акси бўлиб, бўлган нарсани бўлмаган қилиб кўрсатишга уринади. Натижада эса, кишини жамиятнинг ишончидан қолишига, одамлар орасидаги ўзаро иттифоқнинг йўқолишига сабаб бўлади.

“Банда ёлғон гапириш ва ёлғончиликка интилишдан тўхтамайди, охири унинг қалбидан доғ пайдо бўлади. Бора-бора қалби батамом қораяди ва Аллоҳ таоло наздида ёлғончилардан деб ёзилади”[11], дея Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а ёлғончилик, бандани Роббиси назаридан қолишига ва ҳалокатга йўдиқишига ишора берганлар.

“Одамнинг гапларини етказишда ёлғончилик қилган одамнинг, гарчи у Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳадисларини етказишда ростгўй бўлса ҳам, унинг гапи қабул қилинмайди”[12], дея таъкидлайди Молик ибн Анас розияллоҳу анҳу.

Шу ўринда Саъдий шерозийнинг мазкур масалада келтириб ўтган бир ажойиб шеърини эсга олсак:

Ёлғон бевиқор қилур одамни,

    Ёлғон шармисор қилур одамни.

Ёлғончилик иллатидан аждодларимиз хушёр бўлганлар ва биз авлодни бундан огоҳлантириб, узоқроқ бўлишимизни кўп бора таъкидлаганлар. Ёлғончиликдан четланиб, ростгўйликни ўзимизга ҳамроҳ қилишимиз лозим. Зеро, бобомиз Аҳмад ал-Беруний: “Ёлғончиликдан четланиб, ростгўйликка ёпишган кишини бошқа одам у ёқда турсин, ёлғончининг ўзи ҳам севиб мақтайди”, дея, насиҳат қилганлар.

Муҳтарам ўқувчи, шоҳиди бўлганингиздек, бир қатор маълумотларни, насиҳат-у тавсияларни баҳолиқудрат эътиборингизга ҳавола қилдик. Мақолани ўқиганда, ундан хулоса олишни, ўзингиз учун керакли бўлган маънавий озуқа олишни унутманг! Бизга аждодларимиздан қолган миллий меъросларнинг адади бир талайгина. Маънавий ва маданий ҳаёт уйғунлигига чорловчи асарлар, илмий ва маданий мерослар биз авлодни баркамолликка, якдиллик ва олийжанобликка ундайди. Шунинг учун ҳам уларга эътиборлироқ бўлишимиз, уларда биз учун кўрсатилган кўрсатмалар орқали ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаб, миллий маданиятимиз пойдеворини мустаҳкамлаб боришимиз лозим бўлади.

Мулоҳазаларимизнинг якунида эса, Аллоҳдан ўқиган ва эшитганларимизга амал қилишни насиб этишини ва юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, турмушимиз фаровон бўлишини, турли хил ғаразли кучлардан мамлакатимизни, халқимизни саломат қилишини такрор ва такрор сўраб қоламиз!

 

Рўзали Қурбонов мақоласи

 

 

 

 

 

 



[1] "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" И.А.Каримов Тошкент «Ўзбекистон» 2011

[2] Аҳмад Муҳаммад Турсун “Hilol - nashr” нашриёти Т:. 2013 “Ҳикматлар китоби” 185 - бет

[3]  Аҳмад Муҳаммад Турсун “Hilol - nashr” нашриёти Т:. 2013 “Ҳикматлар китоби” 177 - бет

[4] Аҳмад Муҳаммад Турсун “Hilol - nashr” нашриёти Т:. 2013 “Ҳикматлар китоби” 183 - бет

[5] Аҳмад Муҳаммад Турсун “Hilol - nashr” нашриёти Т:. 2013 “Ҳикматлар китоби” 177 - бет

[6] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. Аъроф, 33-оят.

[7] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. “Воқеъа” сураси 35 -оят

[8] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. “Анбиё” сураси 41- оят

[9] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. “Тавба” сураси 79- оят

[10] Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Шайх Абдулазиз Мансур. “Ҳужурот” сураси 11- оят

[11] Аҳмад Муҳаммад Турсун “Hilol - nashr” нашриёти Т:. 2013 “Ҳикматлар китоби” 179 - бет

[12] Аҳмад Муҳаммад Турсун “Hilol - nashr” нашриёти Т:. 2013 “Ҳикматлар китоби” 178 - бет

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri