йўқолган нарсаларни масжидда эълон қилишнинг ҳукми Принтер учун
25.11.2014 й.
Гоҳ-гоҳида молини йўқотиб, масжид имом домлаларидан жамоъатга эълон қилишни сўраб мурожаат қиладиган намозхонлар, уларнинг илтимосига биноъан “фалончининг фалон нарсаси йўқолибди, топиб олганлардан элтиб бериши сўралади”, деб кўпчиликка эълонномалар ўқиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Барчамизга маълумки масжидлар Аллоҳнинг уйларидандир. Уларни бино қилинишидан мақсад мўмин-мусулмонларнинг унда эмин-эркин ибодат қилишларидир. Шунга кўра, масжидда дунёвий суҳбатларнинг барчаси шаръан ман қилинган. Шу қаторда нарсасини йўқотганларнинг масжиддаги эълонлари ҳам шаръан яхши қабул қилинмаган ишлар сирасига киради. Шу нуқтаи назардан бу мавзуни бугунги кунда долзарб масалалар қаторига қўшиш мумкин.
Ҳанафий олимларидан шайх Зайнуддин Биргивий (р.а.) “Тариқатул Муҳаммадия”да бу мавзуга алоҳида тўхталганлар ва қуйидаги ҳадисни келтирганлар: Абу ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кимки масжидда йўқолган нарса ҳақидаги эълонни эшитса, “Аллоҳ уни сенга қайтармасин”, деб дуо қилсин! Чунки масжидлар бу учун қурилган эмас.” (Имом Муслим. 1288.)
Жаноби Расулуллоҳ бу каби ҳақир эълонлардан қайтарибгина қолмай, ўшандайин эълонни эшитиб қолганларга ҳам қандай жавоб қилиш кераклигини уқтирмоқдалар. Яъни, “Илоҳим йўқолган нарсанг топилмасин”, деб дуо қилиш. Ҳадиснинг шарҳида уламолар бу каби дуо қилиш мустаҳаб даражасида, деган бўлсаларда, бу сўз Росулуллоҳнинг сўзи эканини доим ёдда тутишимиз керак. Зотавн ул зоти шарифнинг ҳар бир сўзлари буюк Парвардигорнинг амрларидир.
Ҳадиси шарифга биноъан масжидда турли-туман эълонларни ўқишлик яхши эмас. Чунки Масжид бу Аллоҳнинг уйи бўлиб унинг ўзига хос ҳурмат-эҳтироми бор. Унга риоя қилиш ҳар-бир мусулмоннинг бурчидир! Қандайдир арзимас дунё матоларининг йўқолгани ҳақидаги эълон билан ибодат учун келган намозхонлар жар солиш ва эътиборларини жалб қилиш ҳам масжидга ҳурматсизлик, ҳам суннатга хилоф амалдир.
Энг ачинарлиси, масжидларда йўқолган оёқ кийимлар ҳақидаги эълонлардир. Бу каби хабарномаларни масжидда ўқиш меҳроб соҳиблари бўлмиш имом домлаларимизга асло нолойиқ ишдир! Қолаверса юқорида айтиб ўтилганиек бундайин эълонлар масжид ва мусулмонлар қадрини билмаслик ва ҳурматсизлик, деб баҳоланади.

Андижон шаҳар бош имом хатиби Валижон Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz