Шайтоннинг изларига эргашманглар! Принтер учун
02.12.2014 й.

Биз шайтоннинг излари деб таржима қилган жумла арабчада “Хутуваатуш шайтон” (خطوات الشيطان) деб аталади. Хутва (الخطوة) сўзининг кўплиги хуто (خُطاً), хутуваат (خُطُوات) бўлади. Бу сўз аслида қадам, қадам ташлаш деган маъноларни билдиради.

Салафи солиҳлар “Хутуваатуш шайтон” (خطوات الشيطان) жумласи ҳақида турли фикрларни билдирганлар. Баъзилар “Шайтоннинг излари” дейишган, баъзилар “Шайтоннинг амали” дейишган, баъзилар “Инсонларни чақирадиган йўллари” дейишган.

Қатода ва Суддий “Аллоҳга маъсият бўладиган ҳар бир иш” дейишган.

Ибн Атиййа раҳимаҳуллоҳ “Суннат ва шариатдан ташқаридаги ҳар бир бидъат ва гуноҳлар” деганлар.

“Роғиб тафсири”да: “Фалончи ҳавосига эргашди”, “шаҳватига эргашди”, “шайтонга эргашди”, “дунёга эргашди” деган сўзлар орасида ҳеч қандай фарқ йўқ. Буларнинг барчасини бирлаштириб турадиган умумий нарса Аллоҳ азза ва жалланинг йўлидан тўсадиган нарсаларга эргашиш эканлигидир”.

Қуръони каримда Аллоҳ таоло шайтон изларига эргашишдан такрор-такрор қайтарган, аммо “Шайтонга эргашманглар!” демаган. Бунга қуйидаги икки иш сабаб бўлган:

Биринчиси: банда сабабли. Маълумки, банда шайтоннинг унга очиқ душман эканлигини билади. Банда ўз душманига тўғридан тўғри эргашмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло у бандани ўз сезмайдиган нарсалардан, яъни шайтоннинг изларидан, васвасаларидан қайтарган.

Иккинчиси: шайтон сабабли. Маълумки, шайтон мўмин бандани йўлдан уришда аста-секинлик билан иш олиб боради. Аввал унга гуноҳни чиройли қилиб кўрсатади. Мубоҳлардан кенгчилик билан фойдаланишга ўргатади. Кейин ўша гуноҳни қилишга чорлайди. Охири бориб Аллоҳ ҳаром қилган ишларни, кабира гуноҳларни қилишгача бошлайди. Аллоҳ асрасин! Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло шайтоннинг мана шундай “излари”га эргашишдан қайтарган. Аллоҳга итоатли, Унинг ҳаром қилган нарсаларидан ўзини олиб қочадиган мўмин банда бирданига ҳалок қилувчи катта гуноҳларга тушиб қолиши нодир ҳолат. Балки ўша банда ўшандай гуноҳларга шайтоннинг изларига эргашибгина тушиши мумкин. Шайтон у бандани ўзининг васвасалари билан эгаллаб олади, ундан ажралмайди, доим бирга юришга ҳаракат қилади. Агар шайтон бандани гуноҳга туширишдан ожиз бўлса, энди уни бидъатларни қилдиришга, тоатларда васваса қилишга ўтади.

Қуръони каримнинг тўрт жойида “шайтоннинг излари” жумласи келган. Шу тўрт ўриннинг ҳаммасида ҳам мазкур изларга эргашишдан қайтарилган. Биринчи ва учинчи ўринда келадиган оятлардаги қайтариқлар таомни зикр қилиш асносида келган. Ўша оятларни қуйида келтирамиз:

Эй, одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз ва шайтоннинг изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 168).

Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).

Ҳайвонлардан эса, юк кўтарадиган ва (сўйиш учун) ётқизиладиганларини (пайдо қилди). Аллоҳ сизларга ризқ қилиб берганларидан еяверингиз, шайтон изларидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Анъом, 142).

 Эй, имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганда эди, сизлардан бирор киши (туҳматдан) пок бўлмас эди. Лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишини поклар. Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир” (Нур, 21).

Тўрт ўриндаги қайтариқ нималар билан бирга зикр қилинаётганига назар солсак, ҳақиқатан ҳам оятларда зикр қилинган ишлар шайтоннинг инсонни йўлдан уришида кўп қўл келишига гувоҳ бўламиз. Келинг, уларга бирма-бир назар солиб чиқайлик:

Биринчи: Албатта, таом инсон ҳаётидаги энг муҳим нарсалардан бири. У инсоннинг жасадига, хулқларига катта таъсир кўрсатади. Ҳаво ва сувдан кейинги ўринда таом туриши ҳеч кимга сир эмас. Ҳаво ва сув сабабли инсон бир гуноҳга тушишини тасаввур қилиш қийин. Чунки ҳавони ҳеч ким инсондан манъ қилишга қодир эмас. Сув ҳам ер юзида кўп. Лекин таомни топиш осон эмас. Уни топиш учун эртадан кечгача ишлаш, меҳнат қилиш керак. Таом топаман деб ҳаром ўринларга тушиб қолиш эҳтимоли жуда катта. Шунинг учун ҳам таом шайтоннинг васваса ўринларидан бири саналади. Таом сабабли инсонни йўлдан уриши, уни ҳаромга тушириб қўйиши ва бошқа йўлдан оздиришлар содир бўлиши мумкин.

Иккинчи: Албатта, қорин ва фарж шаҳвати шундай нарсаларки, шайтон улар сабабли инсонни осонгина йўлдан уриши мумкин. Шайтон инсонни йўлдан уришда кўпроқ қорин ва фарж шаҳватига суянади, шулардан кўп истифода олади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло таом ва шаҳват ҳақида сўз юритиб, кетидан шайтон изларига эргашишдан қайтарган.

Учинчи: Албатта, қоринни овқат билан тўлдириш истаги фарж шаҳватидан кўра кўпроқ содир бўлади. Киши никоҳсиз юришга сабр қилиши мумкин, аммо таом ва ичимликсиз яшай олмайди. Шунинг учун ҳам қоринни ҳаром билан тўлдириш эҳтимоли фаржни ҳаром билан қондириш эҳтимолидан анча каттадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло фарж шаҳватига қараганда таом шаҳватидан икки баробар кўп қайтарган.

Тўртинчи: Шариат ва тиббиёт томонидан малумки, таом инсоннинг жасадига, ахлоқига, табиатига таъсир қилади.

Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кибр ва фахр от ва туя аҳлида, сакинат қўй аҳлидадир”. Аҳмад ривояти.

Розий айтадилар: “Таом уни еювчининг хужайрасидан бир бўлакка айланади. Натижада ўша таомни еювчида ўша таомдан турли сифатлар, хулқлар ҳосил бўлади”.

Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Албатта, ифлос таом еювчининг жасади ўзи сезмаган ҳолда бузилади”.

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ўткир тишли ҳайвонлар ва ўткир тирноқли қушлар ҳаром қилинди. Чунки улар йиртқич ҳайвонлардир. Уларни еган инсоннинг табиатида динига зарар берадиган миқдорда адоват пайдо бўлади”.

Бешинчи: Тамога боғлиқ шайтоннинг излари (васвасаси)да икки маслак бор:

А) Ҳаром касбни зийнатли қилиб кўрсатиш. Яъни таомни ўша ҳаром касбдан топилган пулга сотиб олиш. Бу мусулмонлар орасида кенг тарқалиб кетган мусибатдир. Баъзан ҳаром касб қилишга фақирлик ва очлик ҳам сабаб бўлади. Бу ҳам шайтоннинг нағмасидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Шайтон сизларни (хайр-эҳсон қилишда)  камбағал бўлиб қолишдан қўрқитади ва фаҳш ишларга ундайди” (Бақара, 268). Шайтонни изига эргашувчиларнинг кўпи ҳаром касбга боғлиқ ишларда бўлади.

Б) Ҳаром таомларни зийнатли қилиб кўрсатиш. Масалан, тўнғизни, ўлимтикни ва ҳоказо нарсаларни. Буниси олдингисига қараганда камроқ содир бўлади. Чунки, ҳаром қилинган таомлардан одатда мўътадил инсон табиати жирканади. Уларни емайди. Чунки, улардан бошқа ҳалол ва фойдали таомлар жуда кўпдир. Бу ўринда шайтон у қадар зафарга эришолмайди. Фақатгина мушрик ва тўнғиз гўштини тап тортмай ейдиган турли кишилар орасида яшаб, уларнинг таъсирига берилган мусулмонларнигина алдаши, ҳаром таом ейдиришга эришиши мумкин, холос.

Олтинчи: Аллоҳ таоло аҳли Китобларни касб ва таомда шайтон изларига эргашганлари учун ёмонлади. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

Улардан денгиз бўйида жойлашган қишлоқ (аҳли) ҳақида сўранг! Қайсики, шанбалик (байрами) ўтказган (ов қилмаган) кунларида балиқлари улар сари сув бетида оқиб келар, шанбалик қилмаган кунида эса (балиқлари) улар сари келмас эди. Ана шу шанбаликда (улар) ҳаддан ошар эдилар. Шу тарзда уларни  фисқу фужурлари билан синаймиз” (Аъроф, 163).

Шанба куни воқеасининг қисқача мазмуни шундан иборатки, Довуд алайҳиссалом замонларида Айла қишлоғи ёки Мадян шаҳрининг яҳудий халқига улар учун улуғ саналмиш шанба кунида балиқ овлаш синов мақсадида Аллоҳ тарафидан ман этилган эди. Улар ов қилинадиган қирғоққа балиқлар шанба куни кўп, бошқа кунлари оз келишини билиб қоладилар. Шанба кунги овни бой бермаслик учун турли ҳийлаларни ўйлаб топишга киришадилар. Шайтон уларга шанба куни овламасалар-да, лекин сувнинг бир томонидан ҳовузлар ковлаб, оқиб келган балиқларни шанба куни овламай, ҳовузга кириб қолишига имконият бериб, якшанба куни уларни йиғиб олишни ўргатади. Натижада бу қилган ҳийла ва маъсиятлари учун улар Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлиб, маймунга айланиб қоладилар.

Балиқ ови тақиқлангандан кейин улар уч тоифага бўлиниб олган эдилар. Биринчи тоифа – мазкур ҳийла билан ов қилиш тарафдорлари, иккинчи тоифа – ов қилмайдиган ва  бошқаларни ҳам ундан қайтарувчилар, учинчи тоифа – ўзлари ҳам овламай, бошқаларни ҳам ундан қайтармайдиганлар.

Еттинчи: Шайтоннинг излари фақат ҳаром нарсани мубоҳ қилиб олишнинг ўзи билан чекланиб қолмайди, балки ҳалол таомни ҳаром қилиб олиш ҳам шунга киради. Аллоҳ таоло мушрикларни мана шундай қилмишлари учун ёмонлаб, бундай деган: “Улар ўз (ақида)ларича: “Бу чорва ва экинлар ҳаром. Уларни фақат биз раво кўрганларгина ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган. (Сўйишда) Аллоҳнинг номи айтилмайдиган ҳайвонлар ҳам бор”, – деб, У (Аллоҳ)нинг шаънига бўҳтон тўқийдилар. Тўқиган бўҳтонлари сабабли (У) уларни жазолагай” (Анъом, 138).

Масруқдан ривоят қилинади: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳуга тузланган елин келтирилди. У киши уни ея бошладилар. Шунда қавмдан бир киши ўзини четга олди. Ибн Масъуд ёнларидагиларга: “Соҳибингизга ҳам беринглар!” дедилар. Халиги одам: “Уни ейишни истамайман” деди. Ибн Масъуд: “Рўзадормисан?” деб сўрадилар. У: “Йўқ” деди. “Унда нега емаяпсан?” деб сўрадилар Ибн Масъуд. Бояги одам: “Мен ўзимга елин ейишни абадий ҳаром қилганман” деди. Шунда Ибн Масъуд: “Бу иш шайтоннинг изига эргашишга киради. Буни егин ва қасамингга каффорот тўлагин” дедилар”.

Саккизинчи: Шайтоннинг изларига эргашишдан қайтариқ қуйидаги оятларда келган сабаблар туфайли ҳам бўлган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

У сизларни фақатгина ёмонлик ва бузуқликка ва Аллоҳ шаънига ўзингиз билмаган нарсаларни гапиришингизга буюради” (Бақара, 169). Бошқа бир оятда бундай дейилади:

Эй, имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур” (Нур, 21).

Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: “Албатта, фаҳш ва мункар ишни қилишдаги ҳукм бир хил. Агар шайтон бу ишларга буюрса ва инсон уларни қилса, унда инсон унга эргашувчи, итоатчи ва қул ҳисобланади. Агар инсоннинг ўзи бу ишларни қилса, унда ўша инсоннинг ўзи буюрувчи ҳисобланади. Ҳақиқатда эса, бир ишга буюриш, ўша ишни қилишдан кўра каттароқ аҳамиятга эгадир. Ким фаҳш ва мункар ишга бошқани буюрса, ўзи учун ўша ишларга рози бўлган ҳисобланади”.

Юқоридаги икки оятда шайтон инсонни буюраётган нарса қуйидаги тўрт ишдир:

Биринчиси: Фаҳш. Иккала оятда ҳам бу сўз такрорланди. Фаҳш – зикр қилиш ёқимсиз, эшитилиши хунук бўлган барча нарсадир.

Иккинчиси: Суъ (ёмонлик, бузуқлик).

Баъзилар: “Албатта, Аллоҳ Қуръонда зикр қилган суъ – гуноҳлардир. Чунки, уларнинг Аллоҳ даргоҳидаги оқибати ёмон бўлгани учун ўз соҳибини аянчли аҳволга солади” дейишган.

Роғиб раҳимаҳуллоҳ: “Ёмонлик ва фаҳш – зино, ўғрилик, маст қилувчи ичимлик ичиш каби барча қабиҳ нарсалардир” деган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: “Фаҳш – ҳадни вожиб қиладиган, суъ (ёмонлик) эса ҳадни вожиб қилмайдиган гуноҳлардир” деганлар.

Учинчиси:  Мункар. Мункар – ёқимсиз, ёмонланган ва айбланган нарсалардир. Ёқимсизлик инкор (рад)ни лозим қилувчи нарсадир. Яъни ёқимсизлик ботил ва фасод нарсадир. Чунки ботил билан фасод инсон табиати ёқтирмайдиган нарсадир.

Тўртинчиси: Аллоҳ шаънига билмаган нарсани гапириш. Бу эса шариат ва унинг ҳукмларига жоҳилона киришишдир. Айрим шарқшунослар, журналистлар, файласуфлар, ёзувчи ва актёрлар ва шуларга ўхшаганларда кўпинча бу ҳол кузатилади. Улар ўзлари билмасдан ҳаром қилинган нарсаларни мубоҳ деб, вожиботларни соқит деб юборадилар. Ўзлари билмаган ҳолда шариат пардасини йиртадилар. Ғарб маданиятидан ўзлаштириб олган ҳар хил фикрларини чиройли ва тўғри деб билиб, омма олдида шариат ҳукмларини оёқ-ости қиладилар.

Бу қаторга яна шариат нассларини ва ҳукмларини билса-да, бирор обрў, мансаб, мол-дунёга эришиш ёки обрўли, мансабдор, пулдор кишига яқинлашиш илинжида ўз ҳавосига берилиб, унинг хилофини гапирадиганлар ҳам киради. Чунки, у шариат илмларини билиб, ҳукмларини ҳам яхши англаса-да, аммо ўзи уламоларнинг йўлларидан узоқлашгани учун ундай одамни жоҳиллар сафига қўшилади. Агар у Аллоҳнинг азаматини билганида, ҳис қилганида эди шариат пардасини йиртишга журъат қилмаган бўларди. Журъат қилдими, демак, шариатнинг жилд-жилд китобларини ёдлаб ташлаган бўлса ҳам, хали Аллоҳни яхши танимабди, жоҳилликдан қутулмабди. Зеро, ҳақиқий илм – Аллоҳдан қўрқишдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: “Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар” (Фотир, 28).

Тўққизинчи: Одамларни рози қилишда шайтон изларига эргашиш. Чунки бу иш охир-оқибат ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол санашга, вожиботларни соқит қилишга олиб боради. Аллоҳ таоло исломга тўла-тўкис кириб, шариатнинг барча ҳукмларини маҳкам ушлашни амр қилди. Бу амрдан кейин шайтон изларига эргашишдан ҳам қайтарди. Чунки, шайтон инсонни шариатнинг ҳамма ҳукмларини ушлашдан тўсади. Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!  Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (208-оят).

Уламолардан бирлари бу оят хусусида шундай дейди: “Оятда амрдан кейин наҳий келяпти. Чунки, шайтоннинг изларига эргашиш исломга ёппасига киришиш ишига хилофдир”.

Ўнинчи: Шайтоннинг изига эргашишдан қайтариладиган юқоридаги тўрт оятнинг уччаласида шайтоннинг очиқ душманлиги ҳақидаги сўз таъкид билан келтирилди: “Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.

Оятдаги “аниқ” сўзи арабчада “мубийн” деб келган. Мубийннинг маъноси душманлиги очиқ-ойдин, ошкора деганидир. Шайтоннинг душманлиги очиқ-ойдиндир. Чунки, у яширин душманлик қилмайди. Балки ўз душманлигини ўраб, худди бизга дўстдек бўлиб, васваса қилади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уни оятда валий деб атаган:

Кимки Аллоҳни қўйиб, шайтонни дўст тутса (унинг айтганларини бажарса), демак, у аниқ зиён қилибди” (Нисо, 119).

Шайтон инсонга душманлик қилишда, уни ўз изларига эргаштиришда барча имкониятлардан фойдаланади. Адаштиришнинг ҳамма йўлларини ишга солади. Инсонга тўрт тарафидан келади:

У (аламидан) деди: “Қасамёд этаманки, мени янглиштирганинг туфайли Сенинг Тўғри йўлинг (Ислом дини) узра улар (одамларни чалғитиш) учун ўтираман. Сўнгра, уларга олдиларидан, ортларидан, ўнг томонларидан ва сўл томонларидан (чалғитиш учун) келаман. (Натижада) уларнинг аксариятини шукр қилувчи ҳолда топмайсан” (Аъроф, 16-17).

Шунинг учун мусулмон инсонга шайтонни душман деб билиш, унинг изларига эргашмаслик, унинг васвасаларига учмаслик, “дўст”лигига алданмаслик вожибдир. Аллоҳ таоло биз бандаларига шундай деб буюради:

Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур” (Фотир, 6).

Сўзимиз охирида Аллоҳдан шайтоннинг васвасаларидан паноҳ беришини сўраймиз. Барчамизни унинг изларига эргашишдан Ўзи асрасин, омин!  

 

Интернет материаллари асосида

Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri