Аллоҳга таолога нисбатан мўминнинг одоблари Принтер учун
13.12.2014 й.

Одоб улуғ фазилатларга эришишга сабаб бўладиган асосий восита ҳисобланади. Шу сабабли ҳар бир замон ва маконда инсонлар маълум бир одобларга риоя қилишга муҳтож бўладилар. Ана шу эътибордан динимизда энг оддий нарсаларга нисбатан одобдан тортиб Аллоҳ таолога нисбатан одобгача батафсил баён қилиб қўйилган. Мазкур одобларни ўрганиб уларни ўзининг ажралмас сифатига айлантириб олган мўмин банда дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли ҳаётга эришади. Ислом таълимотларидаги ушбу одобларнинг энг улуғи Аллоҳ таолога нисбатан одоб ҳисобланади. Уламолар Аллоҳ таолога нисбатан одобларни ўрганувчига олдин У зотни Ўзи ва Расули танитганидек таниб олиш лозимлигини уқтирадилар. 

Шу маънода Аллоҳ таоло ҳақида қуйидагича эътиқод қилинади: 

-          Аллоҳ таоло осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зотдир;

-          Аллоҳ таоло осмонлару ердаги бирор зарра ҳам Унга махфий бўлмаган барчасини ададлари билан билиб турувчи Зотдир;

-           Аллоҳ таоло Ундан олдин бирор нарса бўлмаган, барча нарсалар йўқ бўлиб кетганда ҳам доимо бор бўлиб турувчи Зотдир;

-          Аллоҳ таоло бирор нарсадан ожиз қолмайдиган барча нарсага қодир Зотдир;

-          Аллоҳ таоло бандаларига ҳатто улар санаб ҳам чиқа олмайдиган даражада кўплаб неъматларни ато қилиб турувчи Зотдир;

-          Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамду сано айтиб улуғлашларига ва қуллик қилишларига ҳақли бўлган ягона Зотдир.

Ва ҳакозо булардан бошқа сифатларини ҳам Қуръон ва суннатда баён қилинганидек таниб олиш керак бўлади.

Аҳмад ибн Осим Антокий роҳматуллоҳи алайҳ: "Кимки Аллоҳ таолони кўпроқ таниган бўлса, Ундан кўпроқ қўрқувчи бўлади", деган.

Мўминнинг Аллоҳ таолога нисбатан одоблари деганда асосан қуйидаги одоблар тушунилади: 

1. Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш:

 Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан бири У зотга муҳаббатли бўлишдир. Мўмин банданинг қалби Аллоҳ таолонинг муҳаббати билан тўлиқ бўлиши лозим. Аллоҳ таолога муҳаббатли бўлиш деганда қуйидаги ишлар тушунилади:

-          Аллоҳга бўлган муҳаббат бошқа барча муҳаббатлардан муқаддам туриши керак;

-          Барча яхши кўрилган нарсалар Аллоҳга бўлган муҳаббатдан келиб чиқиши керак;

-          Банда қалбидаги Аллоҳ муҳаббати бошқа барча муҳаббатларни бўйсундириши керак.

Ушбу муҳаббатга эга бўлиш мўмин киши учун қанчалар аҳамиятга эга экани ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

 عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم قَالَ « ثَلاَثٌ مَنْ كُنَّ فِيهِ وَجَدَ بِهِنَّ طَعْمَ الإِيمَانِ مَنْ كَانَ اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَحَبَّ إِلَيْهِ مِمَّا سِوَاهُمَا وَأَنْ يُحِبَّ الْمَرْءَ لاَ يُحِبُّهُ إِلاَّ لِلَّهِ وَأَنْ يَكْرَهَ أَنْ يَعُودَ فِى الْكُفْرِ بَعْدَ إِذْ أَنْقَذَهُ اللَّهُ مِنْهُ كَمَا يَكْرَهُ أَنْ يُقْذَفَ فِى النَّارِ »  رواه الترمذي

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: учта (хислат) борки улар кимда бўлса, у иймон таъмини албатта ҳис қилади. Кимгаки Аллоҳ ва Унинг Расули бошқа барча нарсалардан энг севимли бўлса, яхши кўрган кишисини Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ уни қутқазганидан сўнг куфрга қайтишни оловга улоқтирилишни ёмон кўргандек ёмон кўрса. Термизий ривояти.

Демак мўминлик бахтини ҳис қилиш учун Аллоҳга муҳаббатли бўлиш керак.

2. Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан бири У зотни кўп зикр қилиш ҳисобланади. Аллоҳга иймон келтирган, Уни яхши кўрган банда қалбида муҳаббат ва рағбат билан, тилида дуо-ю тасбиҳлар билан, бошқа аъзоларида тоат-ибодатлар билан доимо У зотнинг зикрида бардавом бўлиши лозим. Аслида ушбу ишларнинг барчаси иймон тақозоси ҳисобланади. Чунки бу ишлар мўминлар учун Роббиларининг буйруғидир:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اذْكُرُوا اللَّهَ ذِكْرًا كَثِيرًا (41) وَسَبِّحُوهُ بُكْرَةً وَأَصِيلًا

Эй иймон келтирганлар Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар[1].

Оятда келган "кўп зикр қилинглар" деган буйруқ тил билан зикр қилишни ҳам, қалб билан зикр қилишни ҳам ўз ичига қамраб олади. Эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этишга бўлган буйруқдан эса банданинг асосий вақти зикр билан ўтиши лозимлиги тушунилади. Чунки бир нарсанинг аввали ва охири айтилса одатда ўртаси ҳам улар билан қўшиб тушунилади. 

Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш бандага дунё ва охиратда кўплаб манфаатлар келтиради:

1.                  Аллоҳнинг зикри сабабли қалблар ором олади. Бундай қалб мусибат чоғида ҳам жазавага тушмайди.

2.                  Аллоҳнинг зикри сабабли шайтондан сақланилади. Чунки шайтон Аллоҳ зикр қилинган жойдан қочади;

3. Аллоҳнинг зикри яхши ишларни кўп қилишга сабаб бўлади. Зеро Аллоҳнинг зикри энг улуғ солиҳ амаллардан ҳисобланади.

3. Аллоҳ таолонинг ҳукмларига риоя қилиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотнинг ҳукмларига риоя қилишдир. Банда Аллоҳ таолонинг буйруқларига сўзсиз итоат этиши, қайтариқларидан қатъий равишда қайтиши лозим. Бу ҳақида севикли пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Аббос шахсида бутун умматларига шундай насиҳат қилганлар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ قَالَ كُنْتُ خَلْفَ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَوْمًا فَقَالَ « يَا غُلاَمُ إِنِّى أُعَلِّمُكَ كَلِمَاتٍ احْفَظِ اللَّهَ يَحْفَظْكَ احْفَظِ اللَّهَ تَجِدْهُ تُجَاهَكَ إِذَا سَأَلْتَ فَاسْأَلِ اللَّهَ وَإِذَا اسْتَعَنْتَ فَاسْتَعِنْ بِاللَّهِ وَاعْلَمْ أَنَّ الأُمَّةَ لَوِ اجْتَمَعَتْ عَلَى أَنْ يَنْفَعُوكَ بِشَىْءٍ لَمْ يَنْفَعُوكَ إِلاَّ بِشَىْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللَّهُ لَكَ وَلَوِ اجْتَمَعُوا عَلَى أَنْ يَضُرُّوكَ بِشَىْءٍ لَمْ يَضُرُّوكَ إِلاَّ بِشَىْءٍ قَدْ كَتَبَهُ اللَّهُ عَلَيْكَ رُفِعَتِ الأَقْلاَمُ وَجَفَّتِ الصُّحُفُ » رواه الترمذي

Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида эдим. У зот: "эй бола, мен сенга бир калималарни ўргатиб қўяман: Аллоҳни (Унинг шариатини) сақлагин, У сени (тўғри йўлда) сақлайди, Аллоҳни (Унинг шариатини) сақлагин, Уни олдингда топасан, агар сўрасанг Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста, билгинки, агар сенга бирор нарсада фойда бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, Аллоҳ сенга битиб қўйган фойдадан бошқа бирор фойда бера олмаслар, агар сенга бирор нарсада зарар бериш учун бутун уммат тўпланса ҳам, Аллоҳ сенга битиб қўйган зарардан бошқа бирор зарар етказа олмаслар, қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуригандир". Термизий ривояти.

Ушбу ҳадиси шарифда қайси бир банда тўғри йўлда бардавом бўлишни хоҳласа Аллоҳ таолонинг ҳукмларига риоя қилиши, бу йўлда машаққатларга дуч келса Аллоҳдан ёрдам сўраб сабр билан ҳаракат қилиб бориши тавсия қилинган.  Динимизнинг мўминларга берадиган бахту-саодатидан баҳраманд бўлишни истаган киши албатта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу насиҳатларини қабул қилиб уларга кўра ҳаёт кечириши лозим.

4. Аллоҳга ибодат қилишда ихлосли бўлиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири У зотга ибодат қилишда ихлосли бўлишдир. Зеро амалларнинг қабул бўлиши ихлосга боғлиқ бўлади. Қанчадан-қанча машаққат билан адо этилган амалларнинг қиёмат кунида заррача фойда келтирмаслиги ихлос йўқлиги сабабли бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалларни ихлос балан адо этишга тарғиб қилиб шундай деганлар:

مُعَاوِيَةَ بْنَ أَبِي سُفْيَانَ ، يَقُولُ : سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ ، يَقُولُ : إِنَّمَا الأَعْمَالُ كَالْوِعَاءِ ، إِذَا طَابَ أَسْفَلُهُ ، طَابَ أَعْلاَهُ ، وَإِذَا فَسَدَ أَسْفَلُهُ ، فَسَدَ أَعْلاَهُ.  رواه ابن ماجه

Муовия ибн Абу Суфёндан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деётганларини эшитдим: "албатта амаллар идиш сингаридир. Агар таги яхши бўлса, юқориси ҳам яхши бўлади, агар таги яроқсиз бўлиб қолган бўлса, юқориси ҳам яроқсиз бўлиб қолади". Ибн Можа ривояти. 

Яъни, банданинг амаллари ичига нарса солиб тўлдириб қўйилган идишларга ўхшайди. Идишдаги нарсаларнинг таги бузилмаган бўлса, юқориси чиройли бўлиб тураверади. Худди шу сингари амалларнинг ҳам асли бўлган ният ва ихлос ўзгармаган бўлса амалларнинг зоҳири ҳам гўзал бўлиб тураверади. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: "Қалб подшоҳдир, аъзолар эса унинг аскарларидир, агар подшоҳ яхши бўладиган бўлса, аскарлари ҳам яхши бўлади, агар подшоҳ ёмон бўладиган бўлса аскарлари ҳам ёмон бўлади", деганлар.

Абу Сулаймон: "қачон банда ихлосли бўладиган бўлса, кўп васваса ва риё уни тарк этади", деган.

Демак банда амаллари қабул бўлиб, Қиёмат кунида ўзига манфаат келтиришини истаса Роббисига нисбатан одобли бўлиши, яъни Унга ибодат қилишда ихлосли бўлиши лозим.  

5. Доимо Аллоҳнинг кузатиб турганини ҳис қилиб туриш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири У зотнинг кузатиб турганини доимо ҳис қилиб яшашдир. Бу иш Аллоҳ таолонинг буйруғи ҳисобланади:

  وَاعْلَمُوا أَنَّ اللَّهَ يَعْلَمُ مَا فِي أَنْفُسِكُمْ فَاحْذَرُوهُ

Ва билингки, Аллоҳ ичингиздагини албатта билади. Бас, Ундан огоҳ бўлинг[2].

Яъни Аллоҳ таоло асл мақсадларингизни билиб турибди. Шунинг учун унинг жазосига гирифтор бўлишдан ҳазир бўлинг.

Суфён Саврий бу ҳақида шундай деганлар: "сен доимо Унга бирор иш махфий бўлмайдиган зот кузатиб турганини ҳис қилиб туришинг, ваъдасига хилоф қилмайдиган зотдан умидвор бўлиб туришинг, жазолашга қодир зотга (исён қилишдан) сақланишинг лозим". 

Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшаш бандани доимо тоат-ибодатларга ғайрат қилишга, маъсиятлардан сақланишга ундаб туради.

6. Аллоҳ таолодан қўрқиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотдан қўрқишдир. Аллоҳ таолодан қўрқмаслик Унга нисбатан беодоблик ҳисобланади. Бу беодоблик инсонни Аллоҳга исён қилишга, У зот ҳаром қилган нарсаларни содир этишга олиб боради. Шунинг учун ҳам У зот Ўзидан қўрқишга амр қилган:

وَخَافُونِ إِنْ كُنْتُمْ مُؤْمِنِينَ

Ва агар мўмин бўлсангиз, мендан қўрқинглар[3].

Аллоҳдан қўрқиш банда учун ўта муҳим бўлганидан ориф зотлар уни тарғиб қилишга катта эътибор қаратганлар:

-         Абул Қосим Ҳакийм: "кимки бирор нарсадан қўрқса ундан қочади, ким Аллоҳдан қўрқса Унга қочади";

- Бишр Ҳофий: "Аллоҳдан қўрқиш фақат тақводорнинг қалбигагина ўрнашадиган мулкдир";

-         Абу Ҳафс: "Хавф қалбнинг чироғидир. Қалбдаги яхши ва ёмон нарсалар ушбу чироқ билан кўрилади";

- Яҳё ибн Муъоз: "бечора одам боласи, агар дўзахдан камбағалликдан қўрққанчалик қўрққанида эди албатта жаннатга кирган бўлар эди".

Аллоҳ таолодан қўрқиш банда учун кўплаб манфаатлар келтиради:

  1. Маъсиятлардан қайтариб туради;
  2. Тоат-ибодатларга ундаб туради;
  3. Қалб доимо Аллоҳни ёд этиб туради;
  4. Қалб Аллоҳ қўрқуви билан тўлиқ бўлгани сабабли бошқа қўрқувларга ўрин қолмайди.

7. Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотдан ҳаё қилишдир. Банда Аллоҳ таолонинг ўзини доимо кўриб ҳолатларидан хабардор бўлиб турганини билиши ва У зотдан ҳаё қилиши лозим. Аллоҳдан ҳаё қилиш қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай тушунтирганлар:

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « اسْتَحْيُوا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ ». قَالَ قُلْنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا لَنَسْتَحْيِى وَالْحَمْدُ لِلَّهِ. قَالَ « لَيْسَ ذَاكَ وَلَكِنَّ الاِسْتِحْيَاءَ مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى وَتَحْفَظَ الْبَطْنَ وَمَا حَوَى وَتَتَذَكَّرَ الْمَوْتَ وَالْبِلَى وَمَنْ أَرَادَ الآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الدُّنْيَا فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدِ اسْتَحْيَا مِنَ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ ». رواه الترمذي

Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишда ҳаё қилинглар", дедилар. Биз: эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки биз албатта ҳаё қиламиз, дедик. У зот: "ундай эмас, лекин Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва ундаги нарсаларни сақлашингиз билан, қоринни ва ундаги нарсаларни асрашингиз билан, ўлимни ва чириб кетишни эслаб юришингиз билан бўлади. Ким охиратни хоҳласа дунё зиёнатини тарк қилади. Кимки ушбуларни қилса ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади", дедилар. Термизий ривояти.    

Яъни Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш учун банда:

-          Бошини ва ундаги қулоқлари, кўзлари ва тилини маъсиятлардан тийиши керак;

-          Қалбини гуноҳ нарсаларни қасд қилишдан асраши керак;

-          Ҳаром озуқаларни истеъмол қилишдан сақланиши керак.

Кимда ушбу сифатлар топилса ўша киши Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлади.

Руҳий тарбия уламолари ушбу ҳадиси шарифнинг маъноларини турли содда услублар билан осонгина тушунтириб қўйганлар:

Бир киши Иброҳим Адҳамнинг олдига келиб: Эй Абу Исҳоқ нафсим гуноҳ маъсиятларга ботиб кетди, сизда гуноҳ-маъсиятлардан қайтарадиган бирор нарса борми? деди.

Иброҳим Адҳам: агар мендан бешта хислатни қабул қилиб олиб уларга риоя қила олсанг сенга бирорта ҳам гуноҳ зарар бермайди, деб жавоб берди.

Ҳалиги киши: уларни айта қолинг эй Абу Исҳоқ, деди.

Иброҳим Адҳам бешта хислатни санади:

1.                 Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг Унинг берган ризқини емагин!

Ҳалиги киши: унда қаердан ейман, ахир ердаги барча нарса Унинг берган ризқи бўлса!

Иброҳим Адҳам: ундай бўлса У берган ризқни еб туриб, яна Унга исён қилишни ўзингга эп кўрасанми?!

Ҳалиги киши: йўқ албатта, иккинчисини айта қолинг, деди.

2.                 Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг Унинг ерида турмагин!

Ҳалиги киши: эй Иброҳим бу биринчисидан ҳам даҳшатлироқку. Машриқ ҳам, мағриб ҳам уларнинг орасида нима бўлса ҳаммаси Унинг мулки-ку, Уники бўлмаган қаерда тураман?

Иброҳим Адҳам: эй инсон У берган ризқни есанг, Унинг ерида яшасанг яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?!

Ҳалиги киши: йўқ асло эп кўрмайман, учинчисини айта қолинг, деди.

3.                 Аллоҳ таолога исён қилмоқчи бўлсанг У сени кўрмайдиган бир жойни топда, исёнингни ўша ерда қил!

Ҳалиги киши: ҳой Иброҳим, бу нима деган гап? У зот барча сирлардан хабардор бўлса, қалбдан кечаётган нарсаларни ҳам билиб турса, бирор нарса ҳам Унга махфий бўлмаса?!

Иброҳим Адҳам: ҳой одам, Унинг берган ризқини есанг, У берган маконда яшасанг, У сени кўриб, барча сирларингдан хабардор эканини билсанг, яна Унга исён қилсанг, шуни ўзингга эп кўрасанми?

Ҳалиги киши: йўқ, асло эп кўрмайман, тўртинчисини айта қолинг.

4.                 Агар ўлим фариштаси руҳингни олиш учун келса унга: мени қолдириб тургин, тавба қилиб олай, дегин.

Ҳалиги киши: у буни қабул қилмайди-ку, деди.

 Иброҳим Адҳам: агар тавба қилиб олишинг учун ўлимни ўзингдан қайтариб тура олмасанг, жонингни олиш учун келган пайтда асло ортга сурмаслигини билсанг, қандай қилиб халос бўлиш ҳақида умид қиласан?!

Ҳалиги киши: бўлди, бешинчисини ҳам айтинг.

5.                 Қиёмат кунида Забониялар (дўзахга кирганларни азоблашга таъйин қилинган фаришталар) сени дўзахга олиб кетишга келсалар улар билан бирга бормагин.

Ҳалиги киши: улар бунга қараб ўтирмайдилар-ку, деди.

Иброҳим Адҳам: ундай бўлса нажот топишдан қандай умидвор бўлаяпсан?!

Ҳалиги киши: эй Иброҳим, бўлди, етарли бўлди, мен Аллоҳга истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан, деди.

8. Аллоҳ таоло учун тақво қилиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зот учун тақво қилишдир.

Тақво нима эканини уламолар қисқа ва лўнда сўзлар билан тушунтириб қўйганлар:

- Абу Абдуллоҳ Рўзборий: "тақво – сени Аллоҳдан узоқлаштирадиган нарсадан ўзингни олиб қочишингдир";

- Ибн Ато: "тақвонинг ташқи ва ички тарафи бордир. Ташқи тарафи шариат ҳукмларига риоя этиш, ички тарафи эса ният ва ихлосдир".

Тақвонинг жуда кўплаб самаралари бордир:

1.                  Аллоҳ таоло тақводор банда билан бирга бўлади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:

 إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا

 Албатта Аллоҳ тақво қилганлар билан биргадир[4].

Аллоҳ таолонинг тақводор банда билан бирга бўлиши деганда уни уни ҳидоят қилиши маъсиятлардан сақлаши, унинг амалларини қабул қилиши каби маънолар тушунилади.

2.                  Тақводор банда душманларнинг макридан нажот топади:

وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا لَا يَضُرُّكُمْ كَيْدُهُمْ شَيْئًا

Агар сабр ва тақво қилсангиз, уларнинг макри сизга ҳеч зарар қилмас[5]. 

3.                  Ҳақ ва ботил орасини ажратадиган бўлади:

 يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ تَتَّقُوا اللَّهَ يَجْعَلْ لَكُمْ فُرْقَانًا

Эй иймон келтирганлар Аллоҳга тақво қилсангиз, сизга фурқон беради[6].

Тақводорларга Аллоҳ таоло ҳақ ва ботил, ҳидоят ва залолат орасини ажратадиган нур бериб қўяди. Натижада улар залолатга кетмайдилар.

9. Аллоҳ таолога таваккул қилиш:

Аллоҳ таолога нисбатан энг муҳим одоблардан яна бири доимо У зотга таваккул қилишдир. Банданинг Аллоҳ таолога таваккул қилиши иймонининг комиллигидан ҳисобланади. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай хабар берилган:  

 إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ الَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ اللَّهُ وَجِلَتْ قُلُوبُهُمْ وَإِذَا تُلِيَتْ عَلَيْهِمْ آيَاتُهُ زَادَتْهُمْ إِيمَانًا وَعَلَى رَبِّهِمْ يَتَوَكَّلُونَ

Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилувчиларгина мўминлардир[7].

Руҳий тарбия уламолари таваккулнинг мўмин учун ниҳоятда аҳамиятли эканини таъкидлаганлар:

- Яҳё ибн Муъоздан: киши қачон таваккул қилувчи бўлади, деб сўрашди. Қачон Аллоҳнинг "Ал-Вакийл" (барча ишларда Унга суяниладиган Зот) эканига рози бўлса, дея жавоб бердилар; 

- Бишр Хофий: "баъзилар Аллоҳга таваккул қилдим дея Аллоҳга нисбатан ёлғон гапиради. Агар у Аллоҳга таваккул қилганида албатта Роббисининг унга қилган нарсасига рози бўлган бўлар эди".

Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг кўплаб манфаатлари бор:

1.                        Таваккул қилувчини Аллоҳ таоло инс ва жин ёмонликларидан сақлайди:

 وَمَنْ يَتَوَكَّلْ عَلَى اللَّهِ فَهُوَ حَسْبُهُ

Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас унга У зотнинг Ўзи  кифоядир[8].

2.                        Таваккул мўминнинг қалбида қувват пайдо қилади. Аллоҳга таваккал қилган мўмин банда ҳақ йўлида бирор маломатчининг маломатидан қўрқмасдан ҳаракат қилади. Чунки у Аллоҳнинг изнисиз ўзига бирор бир фойда ҳам, зарар ҳам етмаслигини билади.

3.                        Таваккул қилувчи тирикчилик йўлида мўътадил бўлади. Чунки у ризқи Аллоҳ белгилаб қўйганидан ортиқ бўлмаслигини билади. Тирикчилик учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга оширади бироқ натижани Аллоҳдан кутади. Сўфи Аллоҳёр бобомиз айтганларидек:

Қидирғон бирла ризқинг қатра тошмас,

Кетар қадринг қадардин ҳаргиз ошмас.

Яъни эй банда ҳар қанча чирансанг ҳам Аллоҳ белгилаб қўйган ризқдан бир томчи ҳам ортиқ ололмайсан. Сенинг зиммангда фақат ризқ учун сабаб қилиб қўйилган ишларни амалга ошириш бор холос, ризқинг эса Аллоҳ таолонинг сен учун тайинлаб қўйган нарсасидир. 

10. Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун ёмон кўриш.

Банданинг Роббисига нисбатан муҳим одобларидан бири ҳар бир амалида Аллоҳ розилиги учун ҳаракат қилишидир. Бу ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай хабар берганлар:

  عَنْ أَبِى أُمَامَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم أَنَّهُ قَالَ « مَنْ أَحَبَّ لِلَّهِ وَأَبْغَضَ لِلَّهِ وَأَعْطَى لِلَّهِ وَمَنَعَ لِلَّهِ فَقَدِ اسْتَكْمَلَ الإِيمَانَ ». رواه ابو داوود

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "кимки Аллоҳ учун яхши кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун рад қилса албатта иймонини комил қилибди". Абу Давуд ривояти. 

Аллоҳ таолони яхши кўриш пайғамбарларни ва солиҳ бандаларни яхши кўришни ҳам тақозо қилади. Пайғамбарлар ва солиҳ бандаларни яхши кўриш эса уларга эргашиш ва уларнинг кўрсатмаларига риоя қилишни тақозо қилади.

11. Қазо ва қадарга рози бўлиш:

Мўмин банда учун иймони тақозо қиладиган муҳим ишлардан бири Роббиси таъйин қилган қазо ва қадарга рози бўлишдир. Мўмин киши ўзига етган нарсанинг етмасдан қолиши мумкин эмаслигига, ўзига етмаган нарсанинг эса етиши мумкин эмаслигига иймон келтирган бўлади. Шу эътиқодига кўра ўзига бирор хурсандлик етса шукр қилишга, бирор хафаликка дучор бўлса сабр қилишга ўтади. Бундай эътиқоднинг фақат мўминларда бўладиган улкан саодат эканини севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қисқа сўзлари билан тушунтириб қўйганлар:

عَنْ صُهَيْبٍ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم « عَجَبًا لأَمْرِ الْمُؤْمِنِ إِنَّ أَمْرَهُ كُلَّهُ خَيْرٌ وَلَيْسَ ذَاكَ لأَحَدٍ إِلاَّ لِلْمُؤْمِنِ إِنْ أَصَابَتْهُ سَرَّاءُ شَكَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ وَإِنْ أَصَابَتْهُ ضَرَّاءُ صَبَرَ فَكَانَ خَيْرًا لَهُ ». رواه مسلم

Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "мўминнинг иши ажойиб, албатта ишининг барчаси хайрлидир, бу нарса мўминдан бошқа ҳеч кимда бўлмайди, агар унга бирор хурсандлик етса, шукр қилади, бу унга хайрли бўлган бўлади, агар унга бирор хафалик етса, сабр қилади, бу ҳам унга хайрли бўлган бўлади". Муслим ривояти.

Ушбу тушунчанинг мўминлар учун қанчалар катта бахту-саодат экани мўмин ва мўмин бўлмаган кишининг мусийбатга учраган ҳолатида яққол намоён бўлади.   Ҳа, бундай ажойиб бахтга эришиш учун киши фақат мўмин бўлиши ва иймони тақозосига кўра ҳаёт кечириши лозим.

Шунинг учун ҳам баъзи уламолар ушбу ҳадисни таърифлаб: агар ушбу ҳадис Исломнинг ярмидир, ёки бутунлай Исломдир дейилса ҳам ҳеч бир муболаға қилинмаган бўлади, деганлар.

Ушбу одобларга риоя этиб уларнинг самараларидан дунё-ю охиратда баҳраманд бўлишга Аллоҳ таоло барчаларимизни муваффақ қилсин. 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 



[1] Аҳзоб сураси 41-42-оятлар.

[2] Бақара сураси 235-оят.

[3] Оли Имрон сураси 175-оят.

[4] Наҳл сураси 128-оят.

[5] Оли Имрон сураси 120-оят.

[6] Анфол сураси 29-оят.

[7] Анфол сураси 2-оят.

[8] Талоқ сураси 3-оят.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz