Дунёнинг зоҳири ва ботини Принтер учун
25.12.2014 й.
يَعْلَمُونَ ظَاهِرًا مِنَ الْحَيَاةِ الدُّنْيَا وَهُمْ عَنِ الْآخِرَةِ هُمْ غَافِلُونَ (7)
Улар бу дунё ҳаётининг зоҳирини билурлар. Ҳолбуки, улар ўзлари охиратдан ғофилдирлар. (Рум;7)
Замахшарий айтади: “Бу оят дунёнинг зоҳири ва ботини борлигига далолат қилади. Зоҳири – ҳою-ҳавасларни амалга ошириш ва лаззатлардан ҳузурланиш кабилардан иборат жоҳиллар биладиган нарсалар. Ботини ва асл ҳақиқати эса – охиратга ўтиш йўли бўлиб, унда тоат ва солиҳ амаллар билан охират учун озуқа олинади.”
Байт:
Эй ўғлим, инсонлар ичида бордир,
Эшитувчи, кўрувчи ҳайвон мисоллар.
Зийрак турар мусибат етса молига,
Мусибатланса дини, парво қилмаслар.

Айрим инсонларнинг ақли, ўй-фикри, ҳаракати фақат дунё ташвишларини аритишга, дунёда яхши яшашга қаратилган бўлади. Динининг ташвиши хаёлининг кўчасига ҳам кирмайди. Кўпчиликнинг ичида нотўғри гап юради: “Беш кунлик дунё, ўйнаб-кулиб, яшаб қол!”. Аслида дунё “беш кунлик дунё” бўлгани учун ҳам ибодат қилиб олиш керак. Шунда боқий, доимий охират ҳаётида ўйнаб-кулиб яшайди. Ақлли инсон фонийни боқийдан устун қўймайди.
Орамизда кўпчилик кишиларни биламизки, улар қоп ёки халтадаги нарсанинг оғирлиги қанча келишини қўл билан кўтариб айта олади, яна бирлари бирор ҳайвоннинг қанча килограмм келишини кўз билан кўриб айта олади, яна бошқалари моҳир устанинг қўлидан чиққан машинани ҳам урилган ёки урилмагани ёки бўёқ текканини кўз билан кўриб айта олади. Айримларимиз кийим кечак ва буюмларнинг сохта ёки ҳақиқийлигини ҳам яхши ажратамиз. Бошқа касблар соҳибларида ҳам шу кабилар жуда кўплаб топилади. Хуллас улар дунё ишларида ўта пухта, касбининг усталаридир. Бу ишлар дунёнинг зоҳири ҳисобланади. Лекин дунёнинг ботини бўлган ишларда эса бу даражада пухталикни кўрмаймиз. Дунёвий зарарларини яхши англайдилар, лекин охиратдаги зарарларини англамайдилар. Ҳатто кундалик намознинг фарз, вожиблари ҳақида ҳам қониқарли жавоб топмаймиз. Инсонлар дунёнинг ўткинчи матоҳларини ёдда тутиб, охират амалларини унутиб қўймоқдалар. Дунёни ўзимизга нисбатан олсак, биз учун дунё ундаги умримизнинг миқдорича, холос. Чунки биз дунё тургунча турмаймиз. Дунёда интиҳомиз ўлим билан якун топади. Охиратда эса ўлим йўқ, интиҳо йўқ, у боқий, абадий, доимийдир. Шундай экан, фоний дунё бизни боқий дунёдан чалғитмаслиги керак. Нима учун биз зарарли савдога рози бўлишимиз керак?.  
Алий розияллоҳу анҳудан бир киши: “Мен дунё аҳлиманми ёки охират аҳлиманми?”, деб сўрабди. Алий розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ буни менга қўйиб бермаган, бунинг жавоби ўз қўлингда, сенинг олдингга икки киши келса, бири сенга ҳадя олиб келса, иккинчиси эса сендан бирор нарса сўраб келса, сен қайси бирига (кўпроқ) хурсанд бўласан? Агар ҳадя берувчига (кўпроқ) хурсанд бўлсанг, сен дунё аҳлисан. Агар сўровчига (кўпроқ) хурсанд бўлсанг, сен охират аҳлисан”, деб жавоб бердилар. У киши: “Нима учун бундай?”, деди. Алий розияллоҳу анҳу: Чунки инсон ўзи яхши кўрган нарсага эриштириб берган кишини яхши кўради. Агар сен охират аҳлидан бўлсанг, унга эриштирган кишини кўпроқ яхши кўришинг керак”, деб жавоб бердилар”.
Шунинг учун баъзи солиҳларимизнинг уйларига бирон киши садақа сўраб келса: “Марҳабо, менинг яхшиликларимни охиратга бепул олиб борувчи киши”, деб хурсандчилик ва бағрикенглик билан қарши олар эканлар.
Оқил киши дунёнинг ботинидан ғафлатда қолмаслиги, пўстлоқ билан овора бўлиб мағзини билмай ўтиб кетмаслиги керак. Сиз дунё аҳлимисиз ёки охират аҳлими?

Қудратуллоҳ Сидиқметов

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz