Назарни ҳаромдан тийиш Принтер учун
09.01.2015 й.
Назар инсон бошига тушадиган кўп мусибатларнинг сабабидир. Битта назар битта хаёлни пайдо қилади. Хаёл эса фикрни пайдо қилади. Фикр шаҳватни пайдо қилади. Шаҳват иродани пайдо қилади. Кейин ирода кучайиб, кучли қасдга айланади. Кейин ман қилувчи бўлмаса, ёмон иш содир бўлади.
Дарҳақиқат, кўзнинг тизгинини бўш қўйиш кўплаб фитналарга сабабдир. Назар сабабли ибодатдан тўсилиш бўлади, назар туфайли итоатли йигит-қизлар бебош бўлиб қоладилар. Қанчадан қанча инсонлар назар туфайли зино ва фаҳшга тушиб қоладилар. Кўз қалб ойнасидир. Агар банда кўзини пастга қаратса, қалб шаҳват ва ёмон иродасини тияди. Агар банда кўзининг тизгинини бўш қўйиб юборса, қалб ҳам шаҳват ва ирода тизгинини қўйиб юбориб, кўз кўрган нарсаларининг тасвирини қалбга мухрлайди. Натижада инсонни охират ҳақида фикрлашдан машғул қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!” (Нур, 30-31).

Назар ва унинг хатари

Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аллоҳ таоло Пайғамбарига мўминларга кўзларини қуйи тутишларини, фаржларини ҳаромдан сақлашларини, У Зот бандаларнинг амалларини кузатиб турганини билдиришларини амр қилди.
“(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни(ёмон ниятларни) ҳам билур” (Ғофир, 19). Зино ва фаҳш ишлар кўз орқали бошлангани учун ҳам Аллоҳ таоло фаржни сақлашдан олдин кўзни тийишга буюрди. Чунки, барча ёмон ҳодисаларнинг бошланиши назардир. Худди шунингдек, дўзахга тушишга сабаб бўладиган энг кўп нарса ёмонликларни кичик санашдир. Аввало назар бўлади, кейин фикр, кейин қадам босиш, кейин хато содир бўлади. Шунинг учун ҳам “Ким қуйидаги тўрт нарсани сақласа, динини сақлаган бўлади. Булар: назарлар, фикрлар, лафзлар, қадамлар” дейилган. Кўзни тийишга сабр қилиш ундан кейинги оғриқли натижага сабр қилишдан кўра осонроқдир.

Назарнинг фитналиги ҳақидаги ҳадислар ва асарлар

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ўзимдан кейин эркаклар учун аёллардан кўра зарарлироқ фитна қолдирмадим”. Муттафақун алайҳ.
Набий алайҳиссалом дедилар: “Дунёдан сақланинглар! Аёллардан сақланинглар! Чунки, Бани Исроилдаги илк фитна аёллар сабабли содир бўлган эди”. Муслим ривоят қилган.
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дедилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан тўсатдан тушиб қоладиган назар ҳақида сўрадим. У зот менга кўзимни бошқа ёққа буришимни буюрдилар”. Муслим ривояти. Абу Довуднинг ривоятида: “Кўзингни бур!” дейилган.
Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Эй Али, назарни назарга эргаштирма! Чунки, аввалгиси сенинг фойдангга бўлса, кейингиси ундай эмас”. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Икки кўз ҳам зино қилади. Унинг зиноси назардир”. Муттафақун алайҳ.
Салафи солиҳлар назарнинг фитнасидан эҳтиёт бўлганлари ва унинг уқубатига тушиб қолишдан қўрққанлари учун кўзни тийишга қаттиқ аҳамият қаратар эдилар.
Робеъ ибн Ҳайсам раҳимаҳуллоҳ кўзини тияр эди. Бир сафар ёнидан аёллар ўтиб қолди. У дарҳол бошини кўксига эгиб олди. Буни кўрган аёллар у кишини кўзи ожиз деб ўйлаб, Аллоҳдан кўзи ожизликдан паноҳ сўрадилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу дедилар: “Шайтон эркакларнинг уч аъзосида: кўзида, қалбида, закарида туради. У аёлларнинг ҳам уч аъзосида: кўзида, қалбида, думбасида туради”.
“(Аллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (қараш ман этилган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни(ёмон ниятларни) ҳам билур” (Ғофир, 19).
Ушбу оятни Ибн Аббос розияллоҳу анҳу тафсир қилиб: “Бунинг мисоли бировнинг хонадонига кирган одамлар ичида ёки олдидан бир оила аъзолари ўтиб қолганда улар ичида чиройли қиз бўлиб, унга тикилиб қарайверади. Қизнинг ёнидагилар унинг қараётганини сезганда кўзини олиб қочади, сезмаганда яна тикилаверади. Аллоҳ унинг кўнглидан не ўйлар кечаётганини, яъни имкони бўлса авратига ҳам қарашга тайёр эканини билиб туради” деганлар.
Исо ибн Марям алайҳиссалом: “Назар қалбга шаҳват уруғини экади. Хато қилишга ўшанинг ўзи кифоя қилади” деганлар.
Маъруф раҳимаҳуллоҳ: “Кўзларингизни тийинглар, хатто урғочи қўйдан бўлса ҳам” деганлар.
Ҳассон ибн Абу Синон раҳимаҳуллоҳ ҳайит байрами куни уйларидан чиқдилар. Қайтиб келганларида аёллари сўради: “Нечта чиройли аёлларни кўрдингиз?” Шунда у киши: “Аллоҳга қасамки, олдингдан чиққанимдан то олдингга қайтиб келгунимча мен фақат бош бармоғимга қараб турдим” деб жавоб бердилар.
Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Қанчадан қанча назарлар борки, соҳибининг қалбига безовталик солади”.
Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳу бир аёлга назар солганларида Набий алайҳиссалом у кишининг юзларини бошқа томонга буриб қўйганлар. Абу Довуд ривояти.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Бу ерда Пайғамбар алайҳиссалом у кишини феъл билан манъ ва инкор қилмоқдалар. Агар назар жоиз бўлганда унга индамаган бўлардилар”.

Қараш йўлини тўсиш

Набий алайҳиссалом қалблар саломатлигини ва нафслар поклигини ўйлаб аёлларга қасддан қарашга олиб борадиган барча йўлларни тўсганлар.
У зот алайҳиссалом агар аёллар эркаклар билан бирга намоз ўқиётган бўлсалар, эркаклардан аввал бошларини кўтаришдан қайтардилар. Бу билан аёллар эркакларнинг кўйлаги ичидан авратларига назарлари тушиб қолишининг олдини олганлар.
У зот алайҳиссалом агар аёл киши масжидга чиқадиган бўлса, хушбўйланишдан қайтарганлар. Токи бу иш эркакларни мойил қилишга сабаб бўлмасин. Чунки, аёлнинг ҳиди, зийнати, сурати, ўз гўзалликларини ошкор қилиши эркакларни мойил қиладиган нарсалардир. Шунинг учун ҳам аёлларга масжидга атир сепмай чиқишга амр қилдилар.
У зот алайҳиссалом аёл кишига йўлнинг ўртасидан эмас, бир четидан юришига амр қилдилар. Токи уни биров кўрмасин, юриб кетгунича эркаклар назари остида бўлмасин.
У зот алайҳиссалом бирорта аёл ўз эрига бошқа бир аёлни мақташини ман қилдилар. Токи ўша эр васф қилинаётган аёлни кўраётгандек бўлиб қолмасин, ўша аёлнинг тасвирини хаёлига келтиришга уриниб қолмасин.
Эркакларга йўлларда ўтиришни ман қилдилар. Токи бу иш йўлдан ўтувчи аёлларга назар солишга сабаб бўлмасин.
Аллоҳ таоло аёлларни юрганларида оёқларини ерга қаттиқ уришдан қайтарди. Токи бу иш бирорта эркакнинг хаёлини тортмасин. У зот марҳамат қилади: “Яна, яширган зийнатларини билдириб, оёқларини (ерга) урмасинлар!” (Нур, 31).

Ҳаромларга назар солишнинг оқибатлари

1.    Албатта, ҳаромларга назар солиш ҳасрату надоматни мерос қолдиради.
2.    Қалб бузилади. Ўқ ўлжага қандай таъсир қилса, назар ҳам қалбга шундай таъсир қилади. Агар ўқ ўлжани ўлдирмаса ҳам, у олов каби хўлу қуруқни баробар ёндиради. Худди шунингдек назар қалбнинг ҳаммасини ёндирмаса ҳам, баъзисини ёндиради.
3.    Илм унутилади. Обидлардан бири ёш, чиройли йигитчага қарагани учун Қуръонни унутган.
4.    Бало келади. Амр ибн Мурра айтади: “Бир аёлга назар солдим. У мени қизиқтириб қўйди. Шунда кўзим кўрмай қолди. Мен ўша ишимнинг жазоси шу бўлишини умид қиламан”.
5.    Тоатларнинг бекор бўлиши. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу дедилар: “Ким кийим ортидан аёлнинг баданини хаёл сурса, рўзаси бекор бўлади”.
6.    Аллоҳдан ва охиратдан ғафлатда бўлиш. Агар қалб ҳаром нарсалар билан машғул бўлса, шу иш бандани Аллоҳнинг зикрига дангасалик қилишни, тоатларга бепарволик қилишни келтириб чиқаради.
7.    Шариатнинг оёқ-ости қилиниши. Ким одамларнинг уйига қасддан жосуслик қилиб назар солса, шариатни оёқ ости қилган бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Агар биров сенинг рухсатингсиз уйингга назар солса, сен унга тош отиб, кўзини кўр қилсанг, сенга гуноҳ бўлмайди”. Муттафақун алайҳ.

Кўзни тийишнинг фойдалари

Кўзни тийишда жуда кўп фойдалар бор. Жумладан, Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг сўзларига кўра, унинг 10 та фойдаси бор. Улар қуйидагилар:
1.    Қалбнинг ҳасрат аламидан қутулиши. Чунки, ким кўзини тиймаса, ҳасрати давомли бўлади.
2.    Кўзни тийиш қалбга нур ва зиё келтиради. Ўша нур кўзда, юзда ва бутун аъзоларда зоҳир бўлади. Чунки, кўзни тиймаслик юзга ва аъзоларга зулматни олиб келади.
3.    Соғлом фаросат келтиради. Бу фаросат қалбдаги нурдандир. Шужоъ Кирмоний шундай деганлар: “Ким зоҳирини суннатга эргашиш билан, ботинини доимий муроқаба билан обод қилса, кўзни ҳаромдан тийса, нафсини шаҳватлардан тийса, ҳалолдан еса, фаросати хато қилмайди”.
4.    Бандага илм йўллари ва эшиклари очилади. Илм олиш сабаблари ҳам у бандага осон бўлади. Бу ҳам қалбдаги нур сабаблидир. Агар қалб нурланса, унда маълумотларнинг ҳақиқати зоҳир бўла бошлайди. Ким кўзини тиймаса, қалби кирланади ва у зулмат билан қопланади.
5.    Қалбнинг қувватини, саботини ва шижоатини олиб келади. Баъзи шайхлар шундай дейишган: “Одамлар азизликни подшоҳлар эшигидан изладилар ва уни фақат Аллоҳнинг тоатида топдилар”.
6.    Кўзни тийиш қалбга назар билан ҳосил бўладиган лаззат ва ҳурсандчиликдан кўра улканроқ лаззат, ҳурсандчилик ва хотиржамлик олиб келади. Иффат лаззати гуноҳ лаззатидан улканроқ ва ширинроқдир.
7.    Кўзни тийиш қалбни шаҳватга асирликдан қутқаради. Чунки, бу ерда банда шаҳватга асир бўлгандир. Шаҳватига асир бўлган банда эса ҳеч бир гуноҳдан қайтмайдиган бўлади.
8.    Кўзни тийиш банданинг юзига жаҳаннам эшикларидан бирини ёпади. Чунки, назар охири дўзах билан якунланувчи фаҳшга олиб борадиган шаҳватнинг эшигидир. Агар кўз тийилса, фаҳшга тушилмайди, фаҳшга тушилмагач, дўзах эшиги ҳам ёпилади.
9.    Кўзни тийиш ақлни қувватли, зиёда ва саботли қилади. Кўзни тиймаслик эса ақлни камайишига, оқибатни ўйлаб иш қилиш қобилиятининг йўқолишига олиб келади.
10.    Кўзни тийиш қалбни шаҳват зикридан, ғафлат мудроғидан халос этади. Кўзни тиймаслик эса Аллоҳдан ва охират кунидан ғофилликни кучайтиради, мустаҳкамлайди.
Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг фикрларига яна қуйидагиларни ҳам қўшимча қиламиз:
11.    Кўзни тийиш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади. Ҳасан ибн Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Кўзингни Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсаларидан тийгин. Бу иш Аллоҳнинг муҳаббатини пайдо қилади”.
12.    Кўзни тийиш ҳикматни олиб келади. Абул Ҳусайн Варроқ шундай дейдилар: “Ким кўзини ҳаромдан тийса, бу иши сабабли Аллоҳ унинг тилига эшитувчиларини ҳидоятга бошлайдиган ҳикматни беради”.
13.    Кўзни тийиш қалбни фойдали нарсалар ҳақида тафаккур қилишга, қиёмат куни асқотадиган ишлар билан машғул бўлишга бўшатиб беради.
Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Эй биродарим, сенга қиладиган насиҳатимни тушуниб етгин! Кўзинг Аллоҳнинг сенга берган неъматидир. Унинг неъмати билан Унинг Ўзига исён қилма! У Зот билан кўзни ҳаромдан тийиш ила муомала қилсанг, фойда кўрасан. Кўзни тиймасликнинг уқубати ўша неъматни олиб қўйилиши бўлиб қолмасин, тағин. Агар уни тийсанг, кўп яхшиликка етасан ҳамда узун ва давомли ёмонликдан саломат бўласан”.

Кўзни тиймасликнинг сабаблари

Кўзни тиймасликнинг бир нечта сабаблари бор.
1.    Ҳавойи нафсига ва шайтонга эргашиш.
2.    Назарнинг оқибатларини билмаслик. У зинога олиб боради. Баъзан эса исломдан чиқиб, муртад бўлишгача олиб бориши мумкин. Ривоятларда келишича, бир киши насроний аёлни кўриб, қаттиқ яхши кўриб қолади. У аёл эса унинг муҳаббатини рад этади. Агар ислом динидан воз кечиб, насронийлик динини қабл қилсагина рози бўлишини айтади. Халиги кимса диндан чиқиб, насронийликка ўтиб, муртад бўлади. Аллоҳ асрасин!
3.    Аллоҳнинг афвига, мағфиратига суяниб қолиш, Аллоҳнинг азоби қаттиқлигини унутиш.
4.    Беҳаё кинолар, сериаллар, кўрсатувлар, газета-журналлар, китоб ва бошқаларни кўриш, ўқиш.
5.    Никоҳдан ўзини олиб қочиш. Набий алайҳиссалом шундай деганлар: “Эй ёшлар жамоаси! Сизлардан ким уйланишга қодир бўлса, уйлансин! Чунки, уйланиш кўзни тиювчи, фаржни сақловчидир”. Муттафақун алайҳ.
6.    Эркак-аёллар аралаш бўладиган жойларда, масалан бозор, зиёфат, ресторан ва бошқа маконларда кўп бўлиш. Ало ибн Зиёд айтадилар: “Аёл кишининг кўйлагига назар солма. Чунки, шу назар ҳам қалбда шаҳватни пайдо қилади”.
7.    Назар солувчи ўз баданида ёлғон лаззатни ҳис қилиши. Бу эса Аллоҳдан ғафлатда бўлиш, Унинг азамати қалбда оз эканининг аломатидир. Агар Аллоҳнинг ҳайбати, азамати қалбда оз бўлмаганда эди, гуноҳдан лаззат ҳис қилмаган бўларди.
8.    Аёлларнинг кўчаларда ва бозорларда очиқ-сочиқ юриши. Баъзи аёллар атайин ўзининг гўзаллигини ва зийнатларини зоҳир қилади. Бу билан кўплаб шаҳват тўла назарлар унга боқишини истайди.
9.    Аёлларнинг эркакларга очиқ-ойдин назар солиши. Бунда аёл рўпарасидан келаётган эркакка бақрайиб назар солади. Ваҳоланки, ўзи назар солиши у ёқда турсин, ўзини ҳам назардан тўсиши керак эди.
10.    Аёллар билан кўп муомала қилиш. Бу муомала савдода бўладими, ишхонада бўладими, фарқи йўқ.

Кўзни тийишга ёрдам берадиган омиллар

Кўзни тийишга ёрдам берадиган кўп омиллар бор. Қуйида муҳимларини келтирамиз:
1.    Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиш, Унинг иқобидан қўрқиш.
2.    Кўзни тиймасликка олиб борадиган ҳамма сабаблардан қутулиш.
3.    Кўзни тиймаслик афсус ва надоматга олиб боришини билиш. Ҳасан раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар: “Ким кўзининг тизгинини бўш қўйиб юборса, надомати узоқ бўлади”.
4.    Назар икки кўзнинг зиноси эканини билиш.
5.    Тури фикр ва васвасаларни тарк қилиш. Токи бу фикрлар қасдга, ундан кейин амалга айланмасин. Ким биринчи назардаёқ кўзини тийса, сон-саноқсиз офатлардан тийилади. Агар назарни такрор қилса, унда қалбига шаҳват уруғи экилишидан қутула олмайди. Уруғ экилгач, уни суғуриб олиб ташлаш жуда қийин бўлади.
6.    Шукрни адо этиш. Неъматга ҳақиқий шукр қилиш уни берган Зотга ўша неъмат ила итоат қилиш, ўша неъмат ила исён қилмасликдир. Кўз ҳам Аллоҳнинг бандага берган энг улкан неъматидир.
7.    Рўза тутиш. Кўзни тийишга ёрдам берадиган кучли омиллардан бири рўза тутишдир.
8.    Аёллар ҳақидаги хунук нарсаларни ўйлаш. Улар ҳам туфлашади, бавл қилишади, ғоит қилишади, улардан ҳам тер ва бошқа сабабларга кўра бадбўй ҳидлар чиқади. Шунинг учун Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Агар бирортангизни бирорта аёл ажаблантирса, унинг ўлиб, чиришини эсга олсин!” деган эканлар.
9.    Аллоҳ ҳалол қилиб берган йўл билан тасалли топиш. Бунга аввало уйланиш киради. Шаҳват шунда ҳалол йўл билан қондирилади. Қолаверса, қуйидаги ҳадисда келадиган ҳолат ҳам кўзда тутилган.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир аёлни кўриб қолдилар. У аёл у зотни ажаблантирди. Зайнабнинг олдига келиб, ундан ҳожатларини бажо қилдилар ва: “Албатта, аёл шайтон суратида келади ва шайтон суратида кетади. Агар сизлардан бирортангиз бир аёлни кўриб, ажабланса, аҳлига келсин. Чунки, бу иш нафсидаги нарсани қайтаради” дедилар. Муслим ривоят қилган.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадиснинг шарҳида шундай деганлар: “Ҳадиснинг маъноси – албатта аёл ҳаво, фитна, шаҳват дея зикр қилинади. Бунга сабаб Аллоҳ таоло эркакларнинг нафсларини уларга мойил бўладиган, уларга назар солиб лаззатланадиган қилиб яратилганидир. Шунинг учун аёл киши заруратсиз эркаклар орасига чиқмаслиги керак. Худди шунингдек, эркаклар ҳам улардан ва уларнинг либосларидан кўзларини тийишлари, улардан мутлақо юз ўгиришлари лозим”.
10.    Аллоҳ таолога дуо қилиб бу фитнадан паноҳ беришини тилаб, У Зотдан ёрдам сўраш. Пайғамбар алайҳиссалом дуоларида: “Эй Аллоҳ, мен Сендан қулоғимнинг ёмонлигидан, кўзимнинг ёмонлигидан, тилимнинг ёмонлигидан ва қалбимнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман” дер эдилар. Абу Довуд ривояти.
11.    Ёмон хотимадан ва ўлим пайтидаги надоматдан қўрқиш.
12.    Яхшиларнинг суҳбатида бўлиш ва ёмонларнинг суҳбатини тарк этиш. Чунки, табиат аралашувдаги кишиларнинг хислатларидан ўғирлайди. Киши ўз биродарининг динида бўлади. Сизлардан бирингиз ким билан биродарчилик қилаётганига қарасин!
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг иффатли бандаларидан қилсин, омин!

Интернет материаллари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri