БИРОДАРЛИК АЛОҚАЛАРИ ОДОБИ Принтер учун
21.04.2007 й.

Аллоҳ таолонинг «Ҳужурот» сурасидаги: «Албатта, мўминлар биродардирлар», деган оятига биноан номи мўмин борки бир бирига биродардир. Аммо бу умумий биродарлик бўлиб, унга оид ҳақларни мусулмонинг мусулмондаги ҳақи номли сарлавҳа остида ўрганиб чиқдик.
Воқеъликда мазкур умумий иймон биродарлиги билан бир қаторда хусусий биродарлик – дўстлик ҳам мавжудлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ушбу хусусий биродарлик мўминлар ичидаги якка шахслар орасида ўрнатилиб, жамиятдаги умумий биродарликни мустаҳкамлашга ва бошқа кўпгина яхшиликларга хизмат қилади. Шунинг учун ҳам руҳий тарбия устозлари бу ишга алоҳида аҳамият берганлар ва ўшандай тарздаги инсоний алоқаларни улфатчилик ва дўстлик деб номлаганлар.

УЛФАТ ВА ДЎСТЛИК ФАЗЛИ

Албатта, улфат бўлиш ҳусни хулқнинг самарасидир. Тафриқа эса, ёмон хулқнинг самарасидир. Ҳусни хулқ муҳаббат, улфатчилик, мувофиқликка сабаб бўлади. Ёмон хулқнинг самараси ҳасадлашув, ёмон кўриш ва душманликдан иборатдир.
Исломда ҳусни хулқнинг ўрни қанчалик экани ҳеч кимга, ҳатто мусулмонмасларга ҳам сир эмас.
Ҳусни хулқнинг фазлида Аллоҳ «Қалам» сурасида: «Албатта, сен улуғ хулқдасан», деган (4 – оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. Бас, у зот: «Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ», дедилар. Термизий ривоят қилган.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қаерда бўлсанг ҳам, Аллоҳга тақво қил. Ёмонликка яхшиликни эргаштир. Бу уни ўчиради. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, улфат ҳам ҳусни хулқнинг самараларидан биридир. Аллоҳ таолонинг муҳаббати, Ислом ва тақво асосида қурилган улфатчилик оят, ҳадис ва асарларда мақталгандир.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини улфат қила олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни улфат қилди», деган (63 – оят).
Инсоният тарихида турли халқлар, қабила-уруғлар ва миллатларни Исломчалик улфат қилган - бирлаштирган тузум ёки мафкура йўқ. Бўлмайди ҳам. Кишилар қалбидан Ислом муносиб ўрин олган жойларда ва замонларда миллатчилик, маҳаллийчилик ва тарафкашликнинг салбий кўринишлари тамоман йўқолган. Чунки Ислом биродарлиги ирқ, насаб, тил, қабила, қавм асосида эмас, Аллоҳга муҳаббат ва тақво асосида бўлади.

Имом Аҳмад, Тобароний ва ал-Ҳокимлар келтирга ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин улфат бўлувчи ва улфатга танланувчидир. Улфат бўлмаган ва улфатга танланмаган кимсада яхшилик йўқ», деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзининг бошқа қишлоқдаги биродарини зиёрат қилди. Аллоҳ унинг йўлига кутиб турадиган фариштани қўйди. Унинг олдига келган пайтда: «Қаёққа бормоқчисан?» деди.
«Ушбу қишлоқдаги биродаримни хоҳлайман», деди.
«Унда сен кўзлаган неъмат борми?» деди.
«Йўқ. Фақат мен унга Аллоҳ азза ва жалла учун муҳаббат қилганман», деди.
«Мен сенга Аллоҳнинг элчисиман. Батаҳқиқ, сен унга муҳаббат қилганингдек, Аллоҳ сенга муҳаббат қилди», деди». Муслим ривоят қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло қиёмат куни: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганлар қани? Бугунги кунда Мен уларни Ўзимнинг соямдан ўзга соя бўлмаган кунда Ўз соямган олурман» дейди», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Менинг жалолим ила муҳаббат қилишганларга нурдан минбарлар бордир. Набийлар ва шаҳидлар уларга ҳавас қилурлар», дейилган.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳнинг бандаларидан баъзи одамлар борки, улар набий ҳам, шаҳид ҳам эмаслар. Уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги маконларига қиёмат куни набийлар ва шаҳидлар ҳавас қилурлар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимларлиги хабарини бизга айтасизми?» дейишди.
«Улар ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молявий олди-бердилари бўлмаса ҳам Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлардир. Аллоҳга қасамки, албатта, уларнинг юзлари нурдир. Улар нурдадирлар. Одамлар хавфда бўлганларида улар хавфда бўлмаслар. Одамлар маҳзун бўлганларида улар маҳзун бўлмаслар. Огоҳ бўлинглар. Аллоҳнинг авлиёларига хавф бўлмас ва улар маҳзун ҳам бўлмаслар», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифдаги «Аллоҳнинг руҳи»дан мурод Қуръони Каримдир. Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда «Шундоқ қилиб Биз сенга Ўз амримиздан бўлган руҳни ваҳий қилдик» деган. Шундан гоҳида Қуръони Каримни руҳ деб ҳам аталади. Ўзлари қариндош бўлмасалар ҳам, ораларида молявий олди-бердилари бўлмаса ҳам Аллоҳнинг руҳи ила муҳаббат қилишган қавмлар, Аллоҳ таолонинг Қуръонига амал қилиш сабаби ила дўст бўлган одамлардир. Анашундоқ одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган улуғ мақомга эришар эканлар.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши» -дедилар. Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган.
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки, уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот–Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

УЛФАТЧИЛИК ВА ДЎСТЛИК ҲУҚУҚЛАРИ

Ҳар бир инсоний алоқада ўзига яраша ҳақ – ҳуқуқ ва мажбурият – масъулият бўлганидек, дўстликнинг ҳам ўзига яраша ҳуқуқлари ва масъулиятлари бор. Руҳий тарбия бўйича мутахассис уламоларимиз мазкур ҳақлар саккизтадан иборат эканлигини айтганлар ва уларни бирма бир шарҳлаб берганлар.
Биринчи ҳақ: Молдаги ҳақ.
Дўстларнинг дўстлиги тугал бўлса, мақсадлари бир бўлса, худди бир шахсга ўхшаб қоладилар. Бу эса ўз навбатида хурсандчилик ва хафачиликда, ҳозирда ва келажакда шерик бўлишни тақозо қилади. Ана ўша шериклик молу дунёга ҳам тегишли бўлиб қолади. Молу дунё масаласида дўстларнинг муносабати уч даражага тақсимланади:

Биринчи даража: Дўстни мол эгаси ўз ходими билан баробар кўриши. Бунда унга ўзидан ортиб қолган молни сарфлайди. Дўстининг ҳожати тушиб қолса, сўрамасидан олдин ўзидан ортиб турган молини унга беради. Агар мол эгаси муҳтож дўстнинг сўрашига қараб турса, дўстлик ҳақини адо этишда нуқсонга йўл қўйган бўлади.

Иккинчи даража: Мол эгаси дўстини ўз ўрнида кўради. Уни ўз молига шерик қилади. Молининг ярмини дўстиники деб билади.

Учинчи даража: Олий даража бўлиб, унда мол эгаси дўстини ўзидан устун қўяди. Молини ўз ҳожатидан аввал дўстининг ҳожатига сарфлайди. Бу сиддиқларнинг даражасидир. Аллоҳ таоло учун бир бирига муҳаббат қилганлар даражасининг энг юқорисидир. Молни бундай сарфлашга ҳозирлик, жонни сарфлашга ҳам олиб боради.

Ушбу зикр қилинган уч даражадан бирига эришмаган одам дўстликнинг энг паст даражасига ҳам етмаган бўлади.
Олий даражадаги дўстликни васфида Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шуро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар», деган (38 – оят).
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:

«Сиз калитига молик бўлган ёки дўстингиз (уйидан) емоқлигингизда (танглик) йўқдир», деган (61 – оят).
«Калитга молик бўлиш» уй эгасининг калитни ишониб топшириб қўйишидир. Ана шундай кишилар инсоф билан, қоринлари тўйгунча есалар, бўлаверади.
«Дўст» деганда, ишончли дўст, биродари унинг уйидан изнсиз таом еса, хурсанд бўладиган дўст кўзда тутилгандир.
Ойиша онамиздан Имом аз-Зуҳрий қилган ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жиҳодга жўнаб кетаётган мусулмонлар уйлари калитларини ўзлари билган кишиларга топшириб, ҳожатингиз тушганда емоқни сизга ҳалол қилдик, деб кетар эканлар. Аммо калитни олиб қолганлар, қуруқ манзират учун айтилган бўлса керак, деб ўзларини тийишаркан. Ушбу оят билан уларга Аллоҳ ҳам изн берган.
- Улар моллари ва нарсаларини аралаштириб юборган бўладилар. Агар бирортаси, менинг ковушим, деган иборани ишлатса, ундан юз ўгирадилар.
- Фатҳ ал-Мусилий дўстининг уйига борса, у йўқ экан. Уйдагиларга сандиқни олиб чиқишни амр қилди. Жория сандиқни олиб чиқди. У ўзига керак нарсани олиб, кетди. Хўжайин келганда жория унга бўлган иш ҳақида хабар берди. У севиниб кетганидан:
«Агар гапинг рост бўлса, Аллоҳнинг розилиги учун озодсан!» деди.
- Бир киши Абу Ҳурайрарозияллоҳу анҳунинг олдига келиб: «Дўстликнинг ҳақини биласанми?!» деди.
«Сен менга билдир», деди.
«Диноринг ва дирҳамингга менда ҳақлироқ бўлмасинг», деди.
«Ҳали бу даражага етганим йўқ», деди.
«Ундоқ бўлса, йўлингдан қолма!» деди Абу Ҳарайрарозияллоҳу анҳу.
- Али ибн Ҳусайнрозияллоҳу анҳумо бир кишига:
«Сизлар бир – бирингизнинг чўнтак ва хамёнингизга рухсатсиз қўл солиб истаган нарсани олаверасизларми?» деди.
«Йўқ», деди.
«Ундай бўлса, дўст эмас экансизлар», деди.
- Масруқ раҳматуллоҳи алайҳ кўп қарз бўлиб қолган экан. Унинг дўсти Хайсама ҳам қарздор экан. Масруқ Хайсамага билдирмай унинг қарзини тўлаб қўйди. Хайсама ҳам Масруққа билдирмай унинг қарзини тўлаб қўйди.

Иккинчи ҳақ: Ҳожатини чиқаришда ёрдам бериш.
Бу ишнинг ҳам аввалгисига ўхшаб даражалари бор.
Унинг энг паст даражаси ёрдам сўралганда қудрати етса очиқюзлик, сурур ва хурсандчилик билан ёрдам бериш.
- Баъзилар, агар дўстингдан ҳожатингни чиқаришни сўрасанг, у бу ишни қилмаса, яна бир бор эсига сол. Унутиб қўйган бўлиши мумкин. Агар ўшанда ҳам қилмаса, унга такбир айтиб қўявер», деган.
- Ибн Шубрума дўстларидан бирининг муҳим ҳожатини чиқарганда, дўст унга совға олиб келибди.
«Бу нима!?» деб сўради Ибн Шубрума.
«Ҳожатимни чиқарганинг учун», деди.
«Ол молингни! Аллоҳ сенга офият берсин! Агар дўстингдан ҳожатингда ёрдам сўрасанг ва у сенга ёрдам бермаса, намозга таҳорат қилда, уни ўлган санаб, тўрт такбир айтиб жанозасини ўқиб қўявер», деди Ибн Шубрума.
Салафи солиҳлардан баъзилари ўз дўстининг вафотидан кейин қирқ йил унинг болалари ва аҳли аёлидан хабар олиб турган. Ҳар куни уларнинг ҳолидан хабар олиб, ўз молидан таъминотларни жойи қўйган. Улар оталаридан кўрмаган нарсаларини унинг дўстидан кўрганлар.
Улардан баъзилар дўстига билдирмай унинг оиласидан хабар олиб турган. Туз борми, ёғ борми, нима етишмайди, деб сўраб турган.
Дўстлардан доимо хабар олиб туриш керак.

Учинчи ҳақ: Тилни тийиб, сукут сақлаш.
Бунда банда ўз дўстининг айблари ҳақида гапиришдан, уни ғийбат қилишдан, у билан талашиб – тортишидан ва унинг ҳақида чақимчилик қилиш ҳамда ёмонлиги ҳақида савол беришдан тилини тийиб, сукут сақлайди.
Бу ишни амалга оширишда икки нарса ёрдам беради.
Биринчиси: Ҳар ким ўзига назар солсин. Агар ўзида камчилик борини билса, ўзгани ҳам ўзидек кўрсин ва камчилигини афв этсин. Беайб Парвардигор эканини унутмасин.
Иккинчиси: Агар айби йўқни истайдиган бўлсанг, одамлар ичидан топа олмайсан. Дўст топиш мумкин бўлмай қолади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Мусулмонлар ичида бирорта ҳам, Аллоҳ таолога тоат қилиб, маъсият қилмайдигани ва аксинча, маъсият қилиб, тоат қилмайдигани йўқ. Кимнинг тоати маъсиятидан кўп бўлса, ўша адолатлидир», деганлар.
Дўст ҳақида ёмон гапиришдан тилни тийиш билан бирга унинг ҳақида ёмон гумон қилишдан дилни ҳам тийиш керак.
Банда дўсти билан ўзининг орасидаги сирни очмаслиги керак, ҳатто инкор қилишга тўғри келса ҳам.

Анас розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга сир айтдилар. Мен унинг ҳақида ҳеч кимга хабар бермадим. Батаҳқиқ, мендан Умму Сулайм сўраганда унга ҳам хабар бермадим». Икки шайх ривоят қилган.
Умму Сулайм розиаллоҳу анҳо ҳазрати Анас розиаллоҳу анҳунинг оналари бўлади. Бировнинг сирини ҳеч кимга айтмаслик кераклиги шу ҳадиси шарифдан чиқади. Биров томонидан сўзланган сир омонат ҳисобланади. Ўша сир эгасининг изнисиз уни бошқа одамга айтиш хиёнатдир.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон киши бир гапни айтсаю, аланглаб қараса, ўша омонатдир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Бундай пайтда ўша гап соҳиби, гапимни бировга айтма, деб таъкидлашининг кераги йўқ. Ўша биров эшитиб қолмадими деган маънода аланглаб қараб қўйишининг ўзи етади. Ким мазкур ҳолдаги гапни бошқаларга айтса омонатга хиёнат қилган бўлади.
Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳу ўз ўғиллари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга қуйидагиларни айтганлар:
«Сени анави одам (Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу) шайхлардан олдинга ўтказаётганини кўрмоқдаман. Мендан қуйидаги беш нарсани ёдлаб ол: Унинг сирини зинҳор фош қилмагин. Унинг ҳузурида бирор кишини ғийбат қилмагин. Унинг олдида каззобни фош қилма. Унинг амрига хилоф қила. У сендан зинҳор хиёнат кўрмасин».
Шаъбий: Ушбу беш нарсанинг ҳар бир сўзи мингдан афзалдир», деган.
Абу Саъид Саврий: «Қачон бир киши билан дўст бўлмоқчи бўлсанг, аввал унинг ғазабини чиқар, сўнгра бировга ундан ўзинг ва сиринг ҳақингда фикрини сўрашни илтимос қил. Агар яхши гап айтиб, сирингни сақласа, у билан дўст тутин», деган.
- Банда ўз дўсти билан талашиб тортишидан ҳам тилини тийиши зарур.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғонни тарк қилса, ҳолбуки, у ботилдир, унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади.
Ким ҳақ бўлиб туриб талашиб тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади.
Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида: «Мен ўзи ҳақ бўлиб туриб талашиб тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дедилар».
Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб тортишиш балки, ҳақ бўлиб туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки, нима бўлса ҳам талашиб тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду ҳасад ва адоватни солади. Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса талашиб тортишмай бошқа яхши йўллар билан ҳам унга эришса бўлади.
Дўстлик айтишиш ва талашишда эмас, балки бир бирига мувофиқ бўлишдадир.
Машойихлар: «Дўстингга, тур кетдик, деганингда, қаёққа, деса, уни тарк қил. Агар у дарҳол, кетдик, деса, суҳбатида бардавом бўл», демишлар.
Абу Сулаймон Дороний айтади: «Ироқда дўстим бор эди. Оғир пайтларда унинг олдига бориб, молингдан бериб тур, десам, олдимга халтасини отар эди ва мен керагини олардим. Бир куни олдига бориб:
«Бир нарсага ҳожатим тушди», дедим.
«Қанча истайсан?» деди.
Унинг билан дўстлик ҳаловати қалбимдан чиқди».

Тўртинчи ҳақ: Тил билан нутқ қилиниши лозим нарсалар.
Албатта, дўстликнинг ҳақи дўстнинг айблари ва унинг ҳақидаги ёқимсиз гапларни гапиришдан сукут сақлаш билан чегараланиб қолмайди. Аслида гаплашиш ва гапириш учун дўст бўлинади. Шунинг учун ҳам дўстга ва унинг ҳақида гапирадиган нарсаларда дўстлик ҳақи жорий қилинган.

1. Аввало уни дўст тутиши ҳақида хабар бериши керак.

Миқдом ибн Маъдийкараб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир киши биродарига муҳаббат қилса, унга ўзининг муҳаббати хабарини берсин», дедилар». Иккисини Абу Довуд, Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларида бир киши бор эди. Унинг олдидан бир одам ўтиб қолди. Шунда у: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен манашуни яхши кўраман», деди.
«Буни унга билдирдингми?» дедилар.
«Йўқ», деди.
«Унга билдир», дедилар.
У унинг ортидан етиб борди ва:
«Мен сенга Аллоҳ учун муҳаббат қиламан», деди.
«Мен ҳам Унинг учун менга сен муҳаббат қилган зот учун сенга муҳаббат қилурман», деди».
Абу Довуд ривоят қилган.
Ким бировни яхши кўрса, дўст бўлмоқчи бўлса, унга бу хабарни етказмоқ керак. Шунда иккинчи тараф ҳам муҳаббатга ўтади ва одамлар ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланади.

Имом Термизий келтирган ривоятда: «Бир киши бошқасига муҳаббат қилса, унинг исмини, отасининг исмини ва кимдан эканлигини сўрасин. Бу дўстликни мустаҳкамлайди», дейилган.

2. Дўстининг олдида ҳам, орқасидан ҳам фақат унинг ўзига ёқимли исми билан атасин.

Умар ибн Хаттоброзияллоҳу анҳу: «Уч нарса сен учун дўстинг муҳаббатини мусаффо қилади: Унга йўлиққанингда аввал салом беришинг. Мажлисда унга жой беришинг ва уни ўзи учун энг маҳбуб исми ила чақиришинг», деганлар.

3. Дўстингни ўзи олдида мақталишини ёқтирадиган одам ҳузурида унинг ҳақида билган яхши сифатларини айтиб мақташинг.
Бу иш унинг обрўсини орттиради ва сенга бўлган муҳаббатини зиёда қилади.

4. Кези келганда дўстингнинг оила аъзолари, ишлари, яхши сифатлари ва бошқа фазилатларини ҳамда сенга қилган яхшиликларини муболаға қилмасдан, меъёрида гапириб туришинг.
Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ким ўз дўстини яхши ният ила мақтамаса, уни қилган яхшилиги учун ҳам мақтамайди», деганлар.

5. Дўстинг ҳақида ёқимсиз гап эштитганингда, дарҳол уни ҳимоя қилишинг, унинг дўстлик ҳақидир. Бу ишни қилмаган одам дўстлик ҳақини поймол қилган бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.

6. Билмаган нарсасини таълим беришинг.
Агар сен дўстинг билмайдиган нарсани билсанг, унга ўша нарсани таълим беришинг керак. Чунки дўст молга муҳтож бўлганидек, илмга ҳам муҳтождир. Шунинг учун унинг дини ва дунёси учун зарур бўлган нарсаларни билсанг ўргатиб қўй.

7. Керак бўлганда насиҳат қилиш туриш.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин мўминнинг ойнасидир. Мўмин мўминнинг биродаридир. Унинг зое бўлган нарсасини топиб беради ва уни ортидан беркитиб туради», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Албатта, сизнинг бирингиз ўз биродарининг ойнасидир. Агар унда кирни кўрса артиб қўйсин», дедилар».
Албатта, насиҳат қилиш бошқаларнинг олдида эмас, ёлғиз ҳолда амалга оширилади. Аслида бировга унинг айбларини айтиб, йўл кўрсатиб насиҳат қилиш яккама – якка бўлади. Бу ишни бошқанинг олдида қилиш насиҳат эмас, дўқ – пўписа бўлади.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Ким ўз дўстига махфий ваъз қилса, унга насиҳат қилган ва уни зийнатлаган бўлади. Ким ўз дўстига ошкора ваъз қилса, уни шарманда қилган ва айблаган бўлади», деганлар.
Мусаъир раҳматуллоҳи алайҳга: «Сенга айбларинг ҳақида хабар берган одамни яхши кўрасанми?» дейилди.
«Агар у билан ўзим ёлғиз бўлсак, ҳа. Агар одамлар орасида бўлса, йўқ», деди.
Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни банданинг айбларини унинг ўзига алоҳида айтади.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ қиёмат куни бандани Ўзига яқинлаштиради. Ҳаттоки елкасини унинг устига қўяди ва унга, бу гуноҳни биласанми, бу гуноҳни биласанми, деб гуноҳларини санайди. У, ҳа, Роббим», дейди. Токи уни гуноҳларига иқрор қилидириб бўлганидан сўнгра унга, ана ўшаларни у дунёда сатр қилдим, бугун эса, сени мағфират қиламан, дейди», деганлар.

Бешинчи ҳақ: Дўстнинг қоқилиш ва тойилишларини афв қилиш.
Одатда дўстнинг хатоси динда ёки сенинг ҳақингда бўлади. Унинг хатоси динда бўлса, лутф билан насиҳат қилиш керак бўлади. У насиҳатни қабул қилиб, ўзини ўнглаб олса айни мурод. Аммо насиҳатни қабул қилмасачи?
Абу Дардо розияллоҳу анҳу: «Қачон дўстинг ўзгариб, аввалгидан бошқача бўлиб қолса, уни ўша сабабдан тарк қилма. Чунки дўстнинг бир эгри, бир тўғри бўлиши бор», деганлар.
Иброҳим Нахаъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Дўстинг гуноҳ иш қилгани учун ундан алоқани узма, бугун гуноҳ қилса, эртаган уни тарк қилиш бор», деган.
Бу ҳолат унинг ўзини ўнглаб, тўғри йўлга тушиб кетишидан умид узулгунча давом этади. Умид узилганда эса, у билан алоқани кесишга тўғри келади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу: «Қачон дўстинг ўз ҳолидан тескарига ағдарилиб қолса, уни нима учун яхши кўрган бўлсанг, шунинг учун ёмон кўр», деганлар.
Дўстнинг хатоси ва қоқилиши сенинг ҳақингда бўлса, афв этиш, сабр қилиш ва яхшиликка йўйиш керак бўлади.
Аҳнаф ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ: «Уч нарсага сабр қилиш дўстнинг ҳақидандир: Ғазабдаги зулмга. Хуши учгандаги зулмга. Қоқилгандаги зулмга», деган.
Абу Сулаймон Дороний Аҳмад ибн Абул Ҳаворийга: «Бу замонда биров билан дўст бўлсанг, уни ундаги сен ёқтирмаган нарса сабабидан койимагин. Тағин, ўшанинг жавобига аввалигисидан ҳам ёмонроқ нарсага дучор бўлиб қолмагин», деган.

Олтинчи ҳақ: Дўстнинг ҳақига дуо қилиш.
Киши ўз дўсти ҳақига унинг тириклигида ҳам, мамотидан кейин ҳам дуо қилиб туриш масъулиятидадир. Ўзига нимани сўраб дуо қилса, дўстига ҳам шуни сўраб дуо қилади.

Сафвон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:
«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.
«Ҳа», дедим.
«Бизга яхшилик сўраб дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмонинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мастажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта «Омийн! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди» дер эдилар», деди.
Бозорга чиқиб Абу Дардони топдим у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Мусулмонлар бир-бирларида дуо сўраб туришлари керак.
Дўстнинг ўзи йўқлигида орқасидан қилинган дуо мақбул.
Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «омийн» деб туради.
Бировга ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам у биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етиши.
Абу Дардо розияллоҳу анҳу:
«Мен ўзимнинг етмишта дўстимга саждамда номларини айтиб дуо қиламан», деганлар.

Еттинчи ҳақ: Дўстга вафодор бўлиш ва унга ихлос қилиш.
Дўстга вафодор бўлиш унинг муҳаббтида то ўлгунча собит туришдан, ўлимидан кейин унинг болалари ва дўстлари билан бирга бўлишдан иборатдир.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат куни Аллоҳ таолонинг соясида бўладиган етти тоифа ҳақидаги ҳадисларида: «Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши», деганлар.
Яъни, то ўлгунича деганлари.
Ўлганидан кейин қилинган озгина вафодорлик тириклигидаги кўпидан яхшидир, деган баъзи улуғларимиз.

Анас розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон ўзларига бирор нарса келтирилса, буни Фулонанинг уйига аолиб бориб беринглар. У Хадийжанинг дугонаси эди», дердилар», дейилган.

Имом ал-Ҳоким Оиша онамиздан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига у зот менинг олдимдалигида бир канпир келди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Сен кимсан?» дедилар.
«Мен Жассома Музанияман», деди.
«Йўқ. Сен-Ҳассони Музаниясан! Сизлар қандоқсизлар? Ҳолингиз қандай? Биздан кейин нима қилдингиз?» дея кетдилар.
«Яхшимиз! Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули!» деди у.
У чиқиб кетганидан кейин:
«Эй Аллоҳнинг Расули, бир кампирга бунчалик қилдингиз?» дедим.
«У Хадийжанинг вақтида ҳузуримизга келиб турар эди. Албатта, эски аҳдни гўзал тутиш иймондандир», дедилар».
Дўстнинг барча қариндошлари, дўстлари ва унга боғлиқ кишиларнинг риоясини қилиш унга вафодорликнинг давомидир.
Дўстнинг динда йўл қўйган хатоларига рози бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдир.
Дўстнинг фироқига ҳасрат - надомат қилиш ҳам унга бўлган вафодандир.
Ибн Уйяйна раҳматуллоҳи алайҳ:
«Ўттиз йил олдин фироқига учраган дўстларимнинг ҳасрати ҳали ҳам хаёлимдан кўтарилгани йўқ», деган.
Дўсти ҳақидаги чақимчиликка қулоқ солмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдандир.
Бир одам донишманднинг олдига келиб:
«Дўстлигингга сочи бўлиб келдим», деди.
«Маҳрига уч нарсани сўрайман», деди.
«Улар нималар?» деди.
«Менинг ҳақимдаги чақимчиликка қулоқ солмайсан. Менинг ишимга хилоф қилмайсан. Менни кўр – кўрона тасдиқламайсан», деди.
Дўстининг ушманига дўст бўлмаслик ҳам унга бўлган вафодорликдандир.
Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳ: «Қачон дўстинг душманингга итоат қилса, иккиси сенга душманликда шерик бўлибди», деганлар.

Саккизинчи ҳақ: енгиллик ва ортиқча такаллуфни тарк қилиш.

ТУРЛИ ОДАМЛАР БИЛАН МУОМАЛА ОДОБИ

Турли кишилар билан гўзал тарзда яшашга интилган одобли мусулмон дўстга ҳам, душманга ҳам розилик қиёфада ўзини хор тутмасдан, уларнинг ҳайбатидан чўчимасдан, кибирдан йироқ ўлароқ эҳтиром ва тавозу ила кўришади.
У барча ишларидан мўътадил бўлишга ҳаракат қилади. Бир тарафга оғиб кетиш яхши эмас.
Одобли киши жамоатчилик ичида атрофга алангламайди. Ўтирганда типирчиламайди. Бармоқларини гирра қилмайди. Соқолини, узугини ўйнамайди. Тишларини ковламайди. Бармоқларини бурнига тиқмайди. Туфурмайди, тамоқ қиравермайди. Юзидан пашшани ҳайдайвермайди. Одамларнинг юзига қараб эснамайди.
Сокинлик билан ўтиради. Шошилмасдан, тартибли ва аниқ гапиради. Сўзловчининг гапига диққат билан қулоқ осади. Унинг гапидан ўта ажабланиб кетганини изҳор қилмайди. Ундан гапини такрорлашни сўрамайди.
Беодоб гапларни гапирмайди. Ўзининг боласи, ходими, шеъри каби шахсий нарсаларини мақтамайди.
Кийинишда ясанишга ўч бўлмайди. Шунингдек, ўта паст даражада кийинмайди. Хушбўйни ишлатишда ҳаддидан ошмайди.
Ҳожатингни чиқаришда ўзини пастга уриб, ўта ялинчоқ бўлмайди. Ҳеч кимни зулмга чорламайди.
Молининг миқдорини бировга билдирмайди. Бошқалар молнинг озлигини билсалар, паст санайдилар. Агар молнинг кўплигини билсалар, тама қилишдан тинмайдилар.
Кишилар ҳузуридаги виқори қўполлик, мулойимлиги заифлик даражасига етмайди. Ўзидан пастдаражадагилар билан ҳазиллашмайди. Чунки бу нарса унинг виқорини туширади.
Бирор киши билан тортишиб қолганда виқор билан туради. Жаҳлни четга суради, шошилмайди. Ҳужжатини яхшилаб ўйлаб олиб гапиради. Қўлини силташни кўпайтирмайди. Орқасидагиларга қарайвермайди. Тиззалаб ўтирмайди. Аччиғидан тушгандан кейин оҳиста гапиради.
Мансабдор уни ўзига яқин олса, у билан худди найзанинг учида тургандек эҳтиётлик ила муомалада бўлади. У мойил бўлганда, зиддига бўлиб қолиши ҳам мумкинлигини унутмайди. Унга худди ёш болага мулойимлик кўрсатгандек муомалада бўлади. Маъсият аралаштирмасдан, унга ёқадиган гапларни гапиради.
Хурсандчиликларда дўст бўладиганлардан ҳазир бўлади. Чукни ундай кишилар душманларнинг душмани бўлади.
Мусулмон киши молини обрўсидан устун қўймайди.
Бирор мажлисга кирганда аввал салом беради. Ўтирганларнинг орасини ёриб ўтмайди. Қаерда бўш жой бўлса, ўша ерга ўтиради. Тавозу кўрсатади. Ўтираётиб, ўзига яқиндагилар билан алоҳида сўрашади.
Йўл устида ўтирмайди. Агар ўтиришга муҳтож бўлиб қолса, қўзни тийиш, мазлумга, заифга ва фалокатга учраганга ёрдам бериш, адашганга йўл кўрсатиш, саломга алик олиш, тиланчига ато бериш, амри маъруф, наҳйи мункар қаби йўл одобини жойига қўяди.
Қиблага ва ўнг тарафига қараб туфламайди. Чап тарафига ёки оёғи остига туфлайди.
Катта ва шарфли кишилар суҳбатида ўтирганда ғийбат ва ёлғондан мутлақо четда бўлади. Сирларни сақлайди. Ҳожатини кўп гапирмайди. Сўзларни танлаб, эҳтиёт бўлиб гапиради. Доимо ҳушёр бўлиб ўтиради.
Овомуннос – оми одамлар билан ўтирганда уларнинг гапига шунғиб кетмайди. Миш – миш ва уйдирмаларига унча эътибор бермайди. Беодоб лафзларига нисбатан ўзини билмаганга солади.
Мазаҳдан эҳтиёт бўлади. Ақлли одамга мазаҳ қилса, ҳиқдига сабаб бўлади. Эсипастга мазаҳ қилса, ўзи билан тенг кўради. Мазаҳ ҳайбатни кетказади ва юзни шувут қилади. Шунингдек, у ҳиқдга ва дўстлик ҳаловатини кетишига сабаб бўлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri