* * * Эй Сен, Соқий, карам этгил, тўлдириб қуй, Хобгоҳида дунё ётар — бир парирўй. Қара, унинг қучоғида мудраб борар, Ухламасдан бурун уни уйғотиб қўй.
* * * Эй Сен, айтгил, олисми бу йўл ораси? Тузалмасми энди сира дил яраси? Сенга қандай юзланаман Маҳшар куни, Бўм-бўш турса тарозининг бир палласи!
* * * Эй Сен, ахир биласан-ку бехабарман, Билмаганим учун бунда бехатарман. Қара, қандай ошиқ бўлдим дунёга мен, Бу савдони энди қандай тўхтатарман?
* * * Эй Сен, қара, қандай ажиб тақсимотинг, Шу сабабми Холиқ эрур битта отинг? Аммо... баъзан иккиланиб қолишим бор, У дунёда эмасмиди Пулсиротинг?!
* * * Эй Сен, менинг ошиқлигим билмайсанму? Қуруқ даъволарни кўзга илмайсанму? Дунёнинг дорида турибман, қара, Қутқазмоққа келмайсанму, келмайсанму?!
* * * Эй Сен, менга кўрсатганинг борса келмас, Бу не савдо, берганингдан кўнгил тўлмас. Ахир, менга қанақа соз узатдинг Сен, Айрилиқдан бошқасини чалиб бўлмас.
* * * Эй Сен, қара, кўксим аро дарзларим бор, Алмисоқда Сендан олган қарзларим бор. Бу омонат менга жуда оғир келди, Борсам Сенга айтадиган арзларим бор.
* * * Эй Сен, мендан сўрама ҳеч, кечириб қўй, Қон дилимни дафтаримга кўчириб қўй. Ёзиқларим очиб кўрмай, қалбимдаги Муҳаббатдан бошқасини ўчириб қўй.
* * * Эй Сен, дилга эккан ниҳол, хазонлиғ не билмасмиш, Икки дунё азиз эрмиш, арзонлиғ не билмасмиш. Кўз ёшлардан кўкариб ул, бир куни мева берса, Ҳосилини олган қулинг армонлиғ не билмасмиш.
* * * Эй Сен, айт-чи, асли ўзи қай ёқдаман, Қанча яқин келсанг шунча узоқдаман. Ўзинг озод қилмасанг гар бир кун келиб, Боролмайман, тузоқдаман, тузоқдаман.
* * * Эй Сен, қара, кўзларимни ковлар бир кас, Яна бири туя ютиб кўрдим демас. Келганимдан буён излаб тополмайман, Нега бунинг биронтаси бутун эмас?
* * * Эй, Сен айтган томонда кўп йўлни кўрдим, Ўнгни ғажиб бораётган сўлни кўрдим. Бунча ажиб томонларга йўлладинг Сен, Оташларда музлаб ётган дилни кўрдим.
* * * Эй Сен, менинг ёқамдаги қўлларни кўр, Қаршимдаги борса-келмас йўлларни кўр. Раҳматингсиз ўтиб бўлмас довонлардан, Қўксимдаги қақраб ётган чўлларни кўр.
* * * Эй Сен, энди бу уйқуни бузмоқ керак, Дунё билан ришталарни узмоқ керак. Ер остида тинч ётишни истаганлар, Ер устида бугун режа тузмоқ керак.
* * * Эй Сен, қара, яшамоққа бермас изн, Ортимдаги армонларим тизим-тизим. Сен маломат қилаверма нолишимни, Кўрмадингми, қалбимдаги оёқ изин?
* * * Эй Сен, кўргил, энди сабру саботим йўқ, Пешонамни ўқий десам саводим йўқ. Беш кун муҳлат берган эдинг — ўтиб борар, Нега ҳануз яшай десам ҳаётим йўқ?
* * * Эй Сен, менинг ҳолимнинг харобини бир кўргил, Гуллаган орзуларнинг саробини бир кўргил. Бу уй ажиб майхона, қадаҳ сунар куну тун, Остонада турибман, шаробини бир кўргил.
* * * Эй Сен, хавотирим ортар кун сайин, Борар йўлларимни айлагил тайин. Мен ношуд сайёдман, қўлимдан тутгил, Ўзимни нишонга олиб қўймайин!
* * * Эй Сен, Ўзинг карам этгил, тоатим йўқ, Бу юкингни кўтармоққа саботим йўқ. Парвонадай ўзим шамга урай дейман, Лек шамгача олиб борар қанотим йўқ.
* * * Эй Сен, кетаяпман айтгил қай томон, Бу сафардан энди қачон қайтаман? Турткилайвермасин ўнгу сўлимдан, Йўқса бир кун Сенга бориб айтаман!
* * * Эй Сен, энди Ўзингдан ёт бўлмакдан асрагил, Сафаримнинг сўнггида дод бўлмакдан асрагил. Беаёв рақиблара рўбарў этдинг мени, Бу хатарли ўйинда мот бўлмакдан асрагил.
* * * Эй Сен, менга қанот берсанг, учиб кетсам, Оёқдаги занжирларни ечиб кетсам. Бир кун келиб изн берсанг, раҳм қилсанг Одам Ато ҳовлисига кўчиб кетсам.
* * * Эй Сен, қара, манави кас ёқам йиртар, Бунисининг ситамлари жонга етар. Мен ўзимни беркитолмай оввораман, Нархим билса, иккиланмай сотиб кетар.
* * * Эй Сен, мени яратдинг минг бир озор ичинда, Хомталаш бўлиб ётур умрим бозор ичинда. Бу шундай қимор бўлди, жонимни тикиб қўйдим: Арқон учи Сенда-ю, бошим шу дор ичинда.
* * * Эй Сен, менинг дилимга хўп қувончли ғам бердинг, Шу ёруғ ғамларни деб кўзларимга нам бердинг. Фақат Сенинг ҳимматинг ҳикматини билмайман: Нима берсанг, баридан доим битта кам бердинг.
* * * Эй Сен, Ўзинг карам этгин, инсоф бергин, Бош қўймоққа меҳроб бергин, тавоф бергин. Бу жумбоқлар ичра ёлғиз ташлаб қўйма, Гоҳ-гоҳида сўровимга жавоб бергин.
* * * Эй Сен, қара, сабрим тўла, кўнгил ярим, Ахир менинг тугаб борар имконларим. Мен ҳам ерда ишқ овлаган сайёд эдим, Лек нишонга тегмас сира пайконларим.
|