Ҳалоллик ва бошқаларни ҳаққидан ҳазар қилиш Принтер учун
17.02.2015 й.
Аллоҳ таъолога беадад ҳамду саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга эса? беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин.
Ҳақлар икки турга бўлинади:
Биринчиси Аллоҳнинг ҳаққи.
Иккинчиси бандаларнинг ҳаққи.
    Аллоҳнинг ҳаққини адо этмаган бандани Аллоҳ таоло ҳоҳласа кечиб юбормоқлиги мумкин (яъни бунинг жавобгарлиги нисбатан енгилроқ).Чунки У зот ўз бандаларига ўта меҳрибон, шафқатлик ва уларнинг гуноҳларини кечиб юборувчи зотдир. Лекин банданинг ҳаққини кимки адо этмаган бўлса, яъни ботил йўл билан суистеъмол қилган бўлса, мазкур ҳақдор банданинг ўзи кечмагунигача Аллоҳ таоло ҳам у айбдор бандани кечирмайди.
    Мазкур ҳақлар эса ҳар хилдир. Маънавий, моддий, жисмоний, ижтимоий ва ҳоказолар.
Биз қуйида фақатгина моддий ҳақлар тўғрисида сўз юритмоқчимиз.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:
وَلَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ
“Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг.” (Бақара 188 оят).
Муфассирларимиз мазкур оятнинг тафсирида: “Бировнинг молини ботил йўл билан ейишликка шариъат ман этган ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам ейишлик кираверади”, – деганлар.  Одатда тижоратнинг барча турларида ҳам ботил йўл билан бошқаларни молини ўзиники қилиб олишлик имконияти бор. Чунки молиявий олди-берди муомалалари кўпроқ тижорат йўли билан амалга оширилади. Бу борада савдогарлар қандай йўл билан савдо қилаётганларига қаттиқ эътибор бермоқликлари талаб этилади.
Бировнинг ҳаққини ейиш икки хил йўл билан бўлади: биринчиси – зулм орқали, бунга зўрлик билан тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик, талончилик билан ейиш кабилар киради; иккинчиси – ҳазил-ўйин орқали, бунга қимор, турли бекорчи эрмаклар киради.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
яъни, “Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди” (Баззор, Абу Яъло ва бошқалар ривояти). Яна бир ривоятда келишича, Расули акрам шундай марҳамат қилганлар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор қилмаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”.
Уламоларнинг фатволарида қуйидаги сўзлар бор: “Бошқаларнинг ҳаққини ноҳақ еювчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга бир нарса олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради”.

     Абу Хурайра розияллҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга бир замон келурки, унда киши молини  нимадан олганига парво ҳам қилмайди: ҳалолданми, ҳаромданми», дедилар».    Бухорий ва Насоий ривоят қилишган.
Аслида эса инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган нарсалардан бири ҳам ҳалол-ҳаромни фарқлашдир. Дуч келган нарсани суриштирмай ўзиники ҳисоблаб, ундан фойдаланишга ўтиш ҳайвонга хосдир. Инсон эса бу нарса ҳалолми, ҳаромми, яъни фойдалими, фойдасизми, ўзиникими, ўзганикими, албатта сўраб суриштиради.

Бир куни Абдураҳмон Ибн Авф (р.а) мўминлар ҳалифаси Ҳазрати Умар (р.а) нинг зиёратларига келдилар. Салом бердиларда кутиб турдилар, ҳалифа Ҳазрати Умар (р.а) ёниб турган шамни ўчириб кейин бошқасини ёқдилар. Бу аҳвол меҳмон диққатини тортди. У Ҳазрати Умар (р.а) га: "Эй амирал мўминин, олдингизда шам ёниб турарди, уни ўчирдингиз, ўрнига ҳудди шунга ўхшаш бошқасини ёқдингиз, буни ҳикмати бордур", - деди. Ҳазрати Умар (р.а) табассум билан: "Ё Абдурраҳмон, ўчирганим давлатнинг шами ёққаним ўзимнинг шамим, шахсий пулимга олганман, давлат ишларини қилганда давлат шамини ёқаман, ҳозир сен билан суҳбат қуриб ўтирганимда давлат шамини ёқишим ҳалоллик бўлмайди. Шунинг учун уни ўчирдим, ўз шамимни ёқдим. Шундай қилмасам Аллоҳга қандай ҳисоб бераман", - деди. Абдураҳмон ибн Авф (р.а): "Ё Роббий, Хаттобнинг ўғли Умарни бошимиздан нари қилма", - деб дуо қилдилар.

Имом Аъзам (р.ҳ) бир куни маҳаллада бир қўй ўғирланганини эшитиб қоладилар. Одамлардан: “Қўй неча йил яшайди?”, - деб сўрайдилар. Улар: “Етти йил”, - деб жавоб беришади. У зот ўғирланган қўйнинг гўшти овқатимга аралашиб қолмасин деган фикрда етти йилгача қўй гўшти тановул қилишдан ўзларини тортадилар.

Устозларимиздан бири ўзларининг ҳузурига бир киши келиб: “Мен автомабил ёқилғи қуйиш шаҳобчасида бир неча йил ишлаганман. Ўша йиллар давомида тушунмаганлигим сабабли нафсимниннг гапига кириб доимий равишда ҳаридорларни ҳаққидан уриб қолганман. Ҳозир эса бу ишимни катта гуноҳ эканлигини ва дунёи охиратда жавобгарлиги оғир эканлигини тушуниб етдим. Лекин у ҳаридорларни ҳаммаларини топиб рози қилишлигим амримаҳол. Шунинг учун астойдил тавба қилиб йиллар давомида ҳаромдан топган даромадларимни тахминан хисоб-китоб қилиб иккита одамга икки хоналикдан уй олиб берсам етадиган даражада экан. Шундай қилсам гуноҳларим кечирилиб виждон азобидан ва охиратдаги жаҳаннам уқубатларидан нажот топармиканман деб умид қилаяпман ” – деб сўрабди.
Ҳазрати Умар р.а. айтадилар: Агар Ироқда бирор ҳайвон туртиниб йиқилса Аллоҳ таоло у ҳақида мендан сўрайди: Эй Умар нима учун у юрадиган йўлни тузатиб қўймадинг! - дейди.
Абдуллоҳ ибн Динор айтадиларки: “Умар инб Хаттоб (р.а) билан биргаликда Маккага бориш учун сафарга чиқдик. Йўлда тоғ ёнбағрида дам олишлик учун тўхтадик. Шунда тоғдан қўйчувон тушиб келди. Умар унга: “Эй қўйчувон, манабу қўйларингдан бирини менга сот”, – дедилар. Чўпон эса: “Мен қулман”, – деди. Умар (р.а) унга (синамоқлик учун): “Ҳожангга қўйни бўри еб кетди деб қўярсан!” – дедилар. Қўйчувон эса: “Унда Аллоҳ қаерда қолди”, – деди…  Умар (р.а) ундан таъсирланиб йиғладилар. Сўнгра қул билан бирга уни хожасини олдига бориб уни сотиб олиб озод қилиб юбордилар. Кейин эса: “Бир оғиз сўзинг бу дунёда сени қулликддан озод қилди. Охиратда ҳам озод қилмоқлигини умид қиламан” – дедилар.
Ҳа азизлар, қачонки инсонлар Аллоҳ таолога ҳақиқий иймон келтириб, унинг айтганларига амал қилиб яшасалар ҳеч қачон бировнинг ҳаққини суистеъмол қилмайдилар. Одатда қуллар жамиятдаги ҳар тарафлама энг паст табақа инсонлар бўладилар. Уларни илму маърифат олишларига ва бошқа фазилатларни ҳам ҳосил қилишларига шароит бўлмайди. Лекин Ислом жамиятида яшаб, унда тарбия топган қуллардан бирини бировнинг ҳаққи борасида Аллоҳдан қанчалик қўрққанлигига гувоҳ бўлдик. Ҳозирда эса алҳамдулиллаҳ қулдорлик тузумига барҳам берилган, (зоҳиран) лекин инсонларнинг кўплари ботинан, маънан ўз нафслари моли дунё, бойлик, мансаб ва ҳоказоларнинг қулларига айланиб қолган. Шунинг йўлида нафақат бегоналарнинг ҳаққини ейишлик, балки ўзининг яқинларини ҳам ҳаққини суистеъмол қилишлик уларнинг одатларига айланган. Ҳалоллик ва поклик эса ўтмишдаги баъзи бир инсонларнинг ҳислатлари холос. Ҳозирда эса гўёки уларнинг тушунчаси бўйича ҳалоллик ва поклик билан ҳаёт кечиришликнинг имконияти йўқ.

 Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Бир киши бошқа бир кишидан ер сотиб олди ва олган ерининг ичидан тилла тўлдирилган кўза топиб олди ва сотувчига манави тиллангни қайтариб ол! Мен сендан ер сотиб олганман, тилла эмас”, - деди. Сотувчи эса: “Мен сенга ер ва унинг ичидаги ҳамма нарсани қўшиб сотганман”, - деди. Икковлари бир кишини ҳакам қилдилар, шунда ҳакам уларга қарата: “Фарзандларинг борми?” – деди. Улардан бири: “Менинг ўғлим бор”, - деди. Иккинчиси эса: “Менинг қизим бор”, - деди. Шунда ҳакам уларга қарата: “Ўғилни қизга никоҳланглар ва ўша тиллаларни уларга беринглар”, - деди.
Ушбу ҳадиси-шарифни ўрганиб инсон чуқур ўйга чўмади. Аввалгилар қандай ҳам омонатдор болганлар-а?! Шунчалик катта бойликларга ҳеч қандай муаммосиз, низо ва ҳусуматларсиз эга бўлишлик имкониятлари бўла туриб, бу менинг ҳаққим эмас, деб воз кечсалар-а?! Тўғри, бу воқеалар афсона ёки эртак эмас, балки воқеъликда содир этилган ҳодисадир. Чунки уларнинг эътиқодлари бўйича ҳар бир ҳақ Аллоҳнинг шариатига муофиқ ўз эгасининг қўлига етиб бориши керак бўлган. Манашу қонун-қоидани амалга оширмоқлик учун аввалги мусулмонлар ҳаттоки жон фидо қилганлар. Тўғри, ҳозирда бундайлар йўқ демоқчи эмасмиз, ҳар замон ва макон ҳам бундай инсонлардан ҳоли бўлмайди. Лекин қиёсан оладиган бўлсак, авваллари мусулмонларнинг ичида хиёнаткорлари қанчалик озчиликни ташкил этиб, омонатдорлари қанчалик кўп бўлган бўсалар ҳозирда бунинг акси бўлиши мумкин.

Жобир (р.а) ривоят қилинади: Бир киши вафот этди, уни ғусл қилдирдик, кафанладик, хушбўйликлардан суртдик сўнгра жаноза ўқишлари учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб келдик ва жаноза ўқийсизми деб сўрадик. У зот бир-икки қадам ташладиларда, сўнгра: “Унинг қарзи бормиди?” - деб сўрадилар. “Ҳа икки динор”, - дедик. Шунда у зот жаноза ўқишликдан юз ўгирдилар. Бас, Абу Қатода: “Унинг икки динорини ўз зиммамга оламан”, -  дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло қарз берганларнинг ҳаққига вафо қилди ва маййитни икки динордан озод қилди”, - дедилар.
Абу Қатода эса ҳа шундай деб қўйдилар, бас У зот жанозани ўқидилар. Икки кундан кейин эса: «Анави динорлар нима бўлди?» - деб сўрадилар. «Ўзи кечагина вафот этдику» - дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эртаси куни Абу Қатодани олдига яна бордилар. Шунда Абу Қатода: «Қарзни адо этдим!» - дедилар. Бас Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ана энди униннг жасади совиди», - дедилар.
Ҳа азизлар, бировнинг ҳаққининг катта-кичиги ва эрта-кечи йўқ! Ҳар қандай шароитда ҳам у бировнинг ҳаққидир! Ва албатта, бу дунёда эгасига қайтарилмаса барибир охиратда қайтарилажак, лекин иккаласининг фарқини фақатгина иймонлик, эътиқодлик, ҳалол, пок, омонатдор бўлган кишиларгина биладилар. Сизчи?!

“Тўхтабой” жомеъ масжиди имом хатиби: Исҳоқжон домла

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz