Фироқ вақтидур, эй кўзлар, энди қон йиғланг... Принтер учун
19.03.2015 й.
 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
 
«Албатта, биз Аллоҳникимиз ва, албатта, Унга қайтгувчимиз. Боқийлик Аллоҳга хос».
Ҳижрий 1436 сана 5 жумодулаввал,  2015 йил 10 март сешанба оқшоми мусулмон уммати, хусусан, ўзбек халқи улкан мусибатга учради. Миллатимиз фахри, улуғ аллома, фақиҳ, муҳаддис, муфассир, мутафаккир, муршид, зоҳид, баркамол шахсият, буюк одамийлик соҳиби Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ўткинчи дунёни тарк этиб, Аллоҳнинг ҳузурига йўл олдилар.
Шайх ҳазратлари ҳижрий 1371 санада ражаб ойининг 21 инчсида, мелодий 1952 йил 15 апрел сешанба куни Ўзбекистон Республикаси Андижон вилояти Асака туманида, Ниёзботир қишлоғида илму диёнат оиласида – Муҳаммад Юсуф домла хонадонида таваллуд топдилар. 1961 йил Муҳаммад Юсуф домла Бухоро мадрасасини битириб келгач, бу оила хизмат юзасидан Андижоннинг Булоқбоши туманига кўчиб ўтишди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бошланғич диний таълимни оталаридан оладилар. Ўрта мактабни тугатгач, 1970 йили Бухородаги Мир Араб Мадрасасига ўқишга кирадилар. У пайтларда мадараса таълими етти йиллик бўлган. Қаҳрамонимиз билимларига кўра 4 курсга қабул қилинадилар. Мадрасани битиргач, Олий Маъҳадда – Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида таҳсилни давом эттириш учун имтиҳон топширадилар ва бир йўла 3 курсга қабул қилинадилар. Шунинг учун ҳам у кишини ўша талабалик чоғларидаёқ «Пешқадам» деб номлашган эди. 1975 йилдан «Совет шарқи мусулмонлари» журналида фаолият бошлайдилар. Сўнгра Ливиянинг Триполи шаҳридаги «Исломий даъват факультети» номини олган университетга ўқишга кирадилар ва у ерда 4 йил таҳсил олиб, 1980 йили факультетни имтиёзли даражада битириб, юртга қайтдилар. Шундан сўнг Шайх ҳазратлари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида бир неча йил мударрислик қилдилар ҳамда мудир муовини ва мудир вазифасида фаолият юритдилар. Айни вақтда Диний идоранинг халқаро бўлимида таржимонлик ҳам қилдилар.
Шайх ҳазратлари 1989 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идораси муфтийси этиб тайинландилар. У киши мустақил Ўзбекистоннинг биринчи муфтийси бўлдилар. Айни пайтда Собиқ Совет Олий Кенгашига ҳам депутат этиб сайлангандилар. Шайх ҳазратлари ўз муфтийлик даврларида Марказий Осиё мусулмонлари учун жуда улкан хизматларни қилганлар. Минтақа ҳаётида катта бурилиш ясашда беқиёс ҳисса қўшганлар. У кишининг саъй ҳаракатлари билан кўплаб масжид мадрасалар очилган, оммавий равишда ҳаж сафарига бориш йўлга қўйилган, ҳожиларимиз бир неча йил Саудия подшоҳи меҳмони бўлишган ва бошқа сон саноқсиз буюк ишлар амалга оширилган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ ўнлаб нуфузли халқаро ташкилотлар аъзоси эдилар. Юзлаб илмий анжуманлар, халқаро йиғинларда Ўзбекистон ва Ўрта Осиё мусулмонлари номидан иштирок этганлар. Шу эътибордан у киши ўлкамиз мусулмонларининг Ислом оламидаги вакили, халқимизнинг «юз»и эдилар. Шайх Ҳазратлари Исломга қилган хизматлари учун халқаро ташкилотлар тарафидан бир неча бор фахрий ёрлиқ ва орденлар олганлар.
Шайх ҳазратлари ўзбекзабон халқлар учун тафсир, ҳидис, фиқҳ, тасаввуф ва деярли барча исломий илмларга бағишланган юз жилддан ортиқ илмий асарлар қолдирдилар. У киши омма ўзбек халқи учун Қуръони Карим ҳамда ҳадиси шариф маънолари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, ислом шариатини ўрганишлари йўлида биринчи от сурган чавандоз бўлдилар. Бир қанча овозли ҳамда суратли суҳбатлар, туркум дарслар, савол жавоблар ҳам у кишидан улкан илмий мерос бўлиб қолди. У кишининг раҳбарлигида халқаро интернет тармоғида ўзбек тилидаги соф исломий саҳифага асос солинди. Ушбу Ислом.уз сайти ўзбек тилидаги энг фаол ва аъзоси энг кўп саҳифа ҳисобланади. Ислом.уз портали асосида турли мавзуларга бағишланган йигирмадан ортиқ саҳифа ҳам яратилди. Ҳар бир саҳифа ўз мавзусида энг бой ва энг фаол сайтларга айланди.
Шайх ҳазратлари соф Исломни ўрганиш ва ўргатиш йўлида янги бир мактабга асос солдилар. Юзлаб шогирдлар чиқардилар, тарбияладилар. У кишига ғойибона шогирд бўлганларнинг эса сон саноғи йўқ. Бир қанча асарлари рус тилига таржима қилинди. У кишининг ташаббуслари билан русийзабон халқларга ҳам улкан исломий илмлар етиб бормоқда. Ушбу илмий ҳаракатларнинг самараси ўлароқ минтақада ихтилофлар, келишмовчиликлар, бузғунчиликлар бартараф бўлди ва турли фитналарнинг олди олинди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг буюк хизматлар қилгани, улкан ишларни амалга оширганларини кўпчилик билади. Асарлари ҳам барчага маълум. Шу боис, биз ҳозир бу ҳақда тўхталиб ўтирмай, ҳаётларидаги ҳар бир мусулмон учун ибрат бўладиган муҳим жиҳатларга эътиборни қаратмоқчимиз.
Шайх ҳазратларининг муҳаббати минглаб хонадонлар қатори бизнинг хонадонни ҳам забт этган эди. Ҳазрат эл олдига чиққан, муфтий бўлган пайтлари биз 8–9 ёшли бола эдик. Ўшанда оила доирасида у кишининг ойнаи жаҳон орқали чиқишларини доимий равишда кузатиб борардик. У киши ёзган ҳар бир мақола, ҳар бир асар бизнинг хонадонда мутолаа қилинар, сўзлари ҳужжат қилиб олинар эди. Шунинг учунми, ўша пайтданоқ у кишига чин  юракдан ихлос қўйган эдик. Орадан йиллар ўтиб, Аллоҳ таолонинг тавфиқи билан у кишига шогирд бўлиш бахтига муяссар бўлдик. У зотга яқин бўлганимиз сари улуғликлари, буюкликларига яна да кўпроқ гувоҳ бўлдик.
Шайх ҳазратларини Аллоҳ таолонинг Ўзи алоҳида иноят билан яратган эди. Бу илоҳий иноят у кишининг ҳар ҳолларида балқиб турарди. Жисмонан, руҳан ҳамда ақлан баркамол инсон эдилар. Суратлари ҳам, сийратлари ҳам гўзал эди. Зоҳирда қандай кўркам бўлсалар, ботинда ундан да гўзал эдилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ илм ва тақво хонадонида дунёга келдилар. Оталари устоз Муҳаммад Юсуф домла Бойбўта ўғли раҳматли Андижон вилоятининг кўзга кўринган аҳли илмларидан, тақво ва ибодатда мустаҳкам, дину эл хизматида камарбаста киши бўлганлар. Аллоҳ раҳматига олсин, оналари Тилакберди қизи Собирахон она ҳам жуда содда, парҳезкор, ибодатгўй, фидокор, самимий аёл эдилар. Устоз Муҳаммад Юсуф домла ва Собирахон она фарзандарининг тарбиясига қаттиқ эътибор беришганди. Оналари чақалоқни бетаҳорат, тиловатсиз эмизмасди. Уни бир лаҳза ҳам назардан четда қўймас эдилар. Муҳаммад Юсуф домла фарзанди Муҳаммад Содиқнинг илм олишига бор эътиборларини қаратгандилар. Мактабда аъло баҳоларга ўқишига, уйда мустақил мутолаа қилишига алоҳида аҳамият берардилар. Муҳаммад Юсуф домла раҳматуллоҳи алайҳнинг ўзлари бизга шундай деб айтиб бергандилар: «Муҳаммад Содиқ ёшлигидан жуда кўп китоб ўқирди. Кечаси ухлаб қолгунча мутолаа қиларди. Мен кечалари туриб, унинг нима қилаётганини кўриш учун хонасини пойлар эдим. У доим китоб устида ухлаб, китоб устида уйғонарди. Мен ҳам ундан шуни талаб қилардим. Агар сал бепарволикни сезсам, қаттиқ танбеҳ берардим».
Муҳаммад Юсуф домла раҳматуллоҳи алайҳ фарзандини мадрасага бериб ҳам тинчимади. Унинг яхши илм олиши, тақвода мустаҳкам бўлиши учун бор кучини сарфлади. Ҳатто ўғлининг хабарини бошқа талабалардан махсус кузатиб борди. Уни кўз қорачиғидек асраш билан бирга ундан кўз мускулларидек жидду жаҳд кўрсатишни талаб қилди. Шу билан бирга, қаерда бирор олим, художўй инсонни билса, бориб, ундан жигарбандининг ҳаққига дуо олди. Ниҳоят, кутилган нитижалар рўёбга чиқди.
Шайх ҳазратлари илму амалда, тақвою ибодатда, ахлоқу одобда, билим ва ҳикматда ўхшаши йўқ, юксак намуна эдилар. У кишини кузатган ҳар қандай инсофли одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини тасвирда кўргандек бўларди. Дастлаб кўрган киши маҳобатларидан ёнида сўз айтишга журъат қилолмасди. Яқиндан гаплашган инсон эса у кишини яхши кўриб қолар, бор дардини у кишига тўкиб солганини ўзи ҳам сезмай қолар эди. У киши нафақат илм берадиган устоз, балки самимий маслаҳатгўй, чин дўст, ҳақиқий муршид, ҳикматли мураббий эдилар. Ҳатто душманлари ҳам қалбининг тубида у кишининг фазлини тан олишга мажбур бўларди.
...У киши жисмонан соғлом, теран фикрли, кенг билимга эга бўлишга қанчалик кўп ҳаракат қилсалар, нафс тарбиясига, қалбни поклаб, ахлоқни сайқаллаш билан ҳам ана шундай жиддий шуғилланардилар ва бу юксалиш ҳаётларининг сўнгига қадар узуликсиз давом этиб келди. У кишининг буюклиги ҳам шунда эди.
Шайх ҳазратлари жуда холис, адолатли ва ўта самимий инсон эдилар. Одамийликларини, вафодорликларини, садоқатларини таърифлашга тил ожиз. Шунинг учун у киши бир умр юрт эл ғамида ҳаёт кечирдилар. Ватаннинг бугуни ва келажаги учун аҳамиятли бўлган ҳар бир катаю кичик нарсани эътибордан четда қолдирмас, кузатиб борар эдилар. Ҳатто бирорта кичикроқ иншоатнинг халқ хизматига топшрилганини кўрсалар, хурсанд бўлиб гапирардилар, бефарқ бўлмасдилар.
Ҳазратда салафи солиҳларнинг сийрати акс этганди. Илмга жуда ҳам чанқоқ эдилар. Ҳар соҳадан бохабар, кўпинча ўша соҳада соҳа аҳлидан кўра билимдон, қомусий олим эдилар. Аммо денгизларни сипқориб, яна ташна турардилар. Бирор янги маълумот ёки маъно чиқиб қолса, ёш талабалардек қувониб кетардилар.
Шайх ҳазратлари жуда ҳам бағри кенг, тафаккур уфуқлари уфуқларга монанд киши эди. Инсонларни, модомики шариатга зид бўлмаса, борича қабул қила олардилар. Кишилардан етадиган озорларга ўта бардошли эдилар. Шогирдларнинг анча мунча эркаликларини ҳам кўтарардилар, эркинликларини таъминлардилар. Уларнинг ўз фикрларини тортинмай айтишларига имкон яратиб берардилар. Билмаган нарсаларини билмадим дейишдан ва ўрганишдан заррача ҳам тортинмас эдилар.
Ҳазратда бир инсонда жам бўлиши мушкул бўлган кўплаб олийжаноб сифатлар мужассам бўлган эди. У киши ўзларида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳо билан тавозуъ, подшодек сиёсатдонлик билан отадек меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толиблик, олимлик билан паҳалавонликни жамлаган эдилар. Ҳазрат буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмаган эдилар. У кишида ҳақиқий тавозуъ – дилдаги тавозуъ жуда мукаммал шаклланган эди. Юксак шон шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлаган эдилар. Суҳбатдошлари билан чин юракдан гаплашардилар. У киши билан ҳамсуҳбат бўлган ҳар ким Ҳазрат мени ҳаммадан кўп яхши кўради деб ўйларди. Шогирдларга ҳам устоз, ҳам ота эдилар. Уларни доимо тарбия ва ҳимоя қилар, ўрталаридаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлаб турар эдилар. Меҳрлари дарё эди. Кенг бағирлари ҳаммани ўзига сиғдира оларди.
Шайх ҳазратлари илмда одобга қаттиқ риоя қилардилар. Бадхулқликни қаттиқ қоралардилар. Ҳар бир сўз, ҳар бир тасарруфларида салафи солиҳларга юксак одоб кўрсатардилар. Илм ва фазл аҳлини эъзозлар, истеъдодларни тақдирлардилар. Ҳар кимга иқтидорига яраша вазифа бера олардилар. Ўзга тарафидан қилинган яхши иш озгина бўлса ҳам, бўрттириб кўрсатардилар, кичик илмий жасоратни юксакларга кўтариб олқишлардилар. Ўзларининг хайрли ишларини, илмий салоҳиятларини, жасоратларини, улкан бўлишига қарамай, оддий баҳолардилар. Нима муваффақият бўлса, фақат Аллоҳ таолодан кўрардилар. Илмий баҳс ва муноқашаларга доимо шай эдилар. Холис бўлса, ҳар қандай фикр ва мулоҳазани қабул қилардилар. На ўз фикрига, на бирор шахс ёки тоифага мутаассиблик қилмасдилар. Ҳар бир сўзларида, ҳар бир ишларида ихлос, холислик балқиб турарди. Одамларнинг мақтовларига ҳам, мазамматларига ҳам эътибор қаратмасдилар. Ўзларига қарши қилинадиган турли фитна ва иғволарга парво қилмасдилар. Бундай майдакашлик билан машғул бўлишни ўзларига эп кўрмасдилар. Бирортаси бу тўғрида гап очса ҳам, «Бундай нарсаларга эътибор қилсак, асосий ишдан қолиб кетамиз», деб қўярдилар. Иғвогарлар ортларидан умумий ёки хос суҳбатларда қанчалар фитна қилмасин, на оммавий, на хос йиғинда ўз ҳимоялари учун бирор сўз айтмасдилар. Гуруҳбозлик, тоифачилик, мутаассиблик, шахспарастликни мутлақо ёқламасдилар. Ҳатто ўзларига нисбатан қилинган такаллуфларни ҳам кескин рад қилардилар. Қалбларида дину эл ташвишидан ўзга ғам йўқ эди. Бутун миллат у киши билан фахрланса да, ўзларида заррача фахрланиш бўлмасди. Балки ўзларининг буюк ижодлари, ишлари қолиб, талабаларнинг кичкина ишлари, камтарона изланишлари билан фахрланар, қувониб, мақтаниб юрардилар. Ҳар бир шахсдаги ижобий жиҳатни кўра олардилар ва унга ўша нуқтадан муомала этардилар. Мухлис ва илмли кишиларни доим ҳимоя қилардилар.
Ҳазрат илм ва фазл аҳлини алоҳида ҳурмат қилардилар ва буни амалий суратда ҳам тарғиб этардилар. Мол дунёга, мансаб мартабага қиё ҳам боқмасдилар.
Ҳазрат доимо тинчлик, ҳамжиҳатлик тарафдори эдилар. Ихтилоф ва келишмовчиликлар чиқаришга қарши турардилар. У киши Ислом шариатининг мақсадини том маънода англаган олим эдилар. Турли ихтилофли масалаларни кўтариб, кишиларнинг бошини айлантириб юрмасдилар. Бемазҳабликни қаттиқ қоралардилар. У кишининг сабабидан халқ орасидаги кўплаб ихтилофлар барҳам топди, мусулмонлар орасида биродарлик, дўстлик руҳи таралди. Турли бошбошдоқлик, тартибсизликларни қалам билан бартараф этдилар. Эл дардини даволашда изчиллик билан ҳакимона иш олиб бордилар. Ниҳоят, мусулмонлар ўз дину диёнатларида у кишига мурожаат қиладиган, муаммоларида у кишини ҳакам қилиб оладиган бўлишди. Бир неча суҳбатларида: «Расулуллоҳ соллоҳу алайҳи ва саллам оддий ва содда инсон эдилар. Бир гўдак келиб юмушини айтса, қўлини ушлаб, ортида бораверардилар», дегандилар ва ўзлари ҳам худди шундай эдилар.
Ҳазратимиз ҳамиша Аллоҳнинг зикри билан банд эдилар. Уловга ўтиришлари билан уловга миниш дуосини ўқир эканлар, қўлларига тасбеҳ олиб, дуога зикрни улаб юборардилар. Сукутлари доимо қалб зикри билан кечарди. Шу боис, у киши ҳар вақт, ҳатто ёлғиз қолганларида ҳам Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис этиб турардилар. Бу ҳол у кишининг гап сўзларида, савол жавобларида ва бошқа тасарруфларида ўзини намоён этарди. Зийрак одам буни дарҳол пайқаб оларди.
Ҳазрат ўта иродали, матонатли, бардошли эдилар, ҳеч қачон тушкунликка тушмасдилар, салобатли тоғдек барқарор турардилар. Доимо яхши умид билан яшардилар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таолодан яхшилик кутардилар ва яхшилик Унинг тақдирида эканинини таъкидлардилар.
Шайх ҳазратларига холис назар билан қарай олган ҳар қандай инсоф эгаси у кишини яхши кўрмай иложи йўқ эди. Юриш туришлари, ҳатти ҳаракатлари, гап сўзлари – ҳамма_ҳаммаси ибрат эди. У кишини инсоф кўзи билан кузатган одам бирор сўз ишламагани ҳолда мадраса битирарди. Хулоса қилиб айтганда, у киши икки оёқда юрадиган «Шариат», жонли «Суннат» эдилар. У кишида шариат ва ҳақиқат илмлари ҳамда амали жамланган эди.
Шайх ҳазратлари соф Ислом, яъни Аҳли сунна ва жамоа ақийдасининг посбони, ҳанафий мазҳабининг ҳимоячиси, нақшбандия тариқатининг тарғиботчиси эдилар. У киши бир умр мана шу тўғри йўлда мустақим ҳаёт кечирдилар, ҳеч қаёққа оғмадилар.
Устоз шогирдларга ҳамиша таҳорат ва зикр билан юришни, худди шу ҳолда ишлашни буюрардилар. Бу сўзга ўзлари чин ихлос билан, изчиллик билан амал қилардилар. У кишининг асарларидаги таъсир ва манфаат замирида мана шу садоқатнинг ҳам ҳиссаси бор бўлишида шубҳа йўқ.
Шайх ҳазратларидек вақтни қадрлаган кишини кўрмаганмиз. У киши ҳар бир сонияни ғанимат билар, ҳар бир нафаснинг Ҳақ йўлида кириб чиқишига тиришардилар. Бирор лаҳзани беҳуда ўтказмасдилар. Ўзларидан ошиб, ўзгаларнинг ҳам вақтларини қизғонар, тежар эдилар. Кун соатларини тақсимлаб олган эдилар. Эл юрт ичидаги турли йиғинлар, қабул соати, зикр вирдлар, турли келди кетдилар, жисмоний машғулот учун алоҳида вақт белгилаб олган эдилар. Кунига 10 варақ янги китоб ёзиш билан бирга 30 варақ янги китобдан мутолаа қилишни ҳам вазифа қилиб олгандилар. Бирор кун тарк қилмасдилар. Баъзан сафарлар сабабидан вазифа тарк бўлиб қолса, уйга қайтгач, ўрнини тўлдириб қўярдилар. Ҳатто баъзан кунига 30 40 вараққача таълиф қилган пайтлари ҳам бўлган. Ундан ташқари, дунёда бўлаётган ҳодисаларни узлуксиз кузатиб борар, уларга ўз муносабатларини билдириб турардилар. Қисқа қилиб айтганда, Ҳазрат ёлғиз ўзлари бир «уммат» эдилар.
Табиийки, ҳақиқат бор жойда ботил ҳам бўлади. Кимдир ҳақ тарафида турса, кимдир ботил тарафида курашади. Ҳазратга ҳам бу борада турли синовлар келиб турарди. Буюк сўфий олимлардан Бишр Ҳофий раҳматуллоҳи алайҳ Хулайбийнинг шундай деганини ривоят қилган: «Абу Ҳанифага фақат жоҳил ёки ҳасадгўй тил теказади». Биз ҳам Шайх ҳазратларини яқиндан кузатарканмиз, бу гап айни маънода у кишининг шаънларига тўла мувофиқ келишини хулоса қилишимиз мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Бирортангизга мусибат етса, унга мен хусусимда етган мусибатни эсласин, зотан бу мусибатларнинг каттасидир», деганлар. Яъни ким бирор яқинидан айрилса, мендан айрилганидаги мусибатни эсга олсин, шунда унга айрилиқ алами енгил кечади, чунки умматимнинг энг катта мусибати мендан айрилишидир. Биз Шайх ҳазратларидан жудоликда айнан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилиқ мусибатини эслаб, ўзимизга тасалли олар эканмиз, иккинчи тарафдан саҳобаи киромларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан айрилганларида қандай ҳолга тушганларини бироз тасаввур ҳам қила олдик. Нега Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганлари хабари келганда: «Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлди деса, уни ўзим ўлдираман!» деганларини энди ҳис қилдик. Нима учун Билол розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин Мадинани ташлаб чиқиб кетганини, азон айта олмай қолганини ҳам тушунгандек бўлдик.
Ҳа, Шайх ҳазратлари чин маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари эдилар. У киши илму амалда ҳам, меҳнат_машаққатда ҳам, шунингдек, иймон аҳлининг муҳаббатини қозонишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меросхўр бўлдилар. Бу улушдорлик ҳатто таърифланишда ҳам ўз ифодасини топди. У кишини васф этган дунё кезган кишилар олдин ҳам, кейин ҳам у кишининг ўхшашларини кўрмаганларини таъкидламоқдалар.
Шайх ҳазратлари раҳматуллоҳи алайҳ шундай ҳаёт кечирдиларки, ўзларидан кейингиларни у кишига ўхшашдан, мақомларини касб этишдан доғда қолдирдилар. Тарихда ўтган ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳумо, Имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ каби буюк шахсларга айтилган «Ўзингиздан кейингиларни чарчатдингиз», деган гап Шайх раҳматуллоҳи алайҳга ҳам муносиб бўлиб тургани у кишининг фазлларини яна бир бор намоён этмоқда.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ нафақат Ўзбекистон ёки ўзбекзабонларнинг устози, балки бутун Ислом оламининг йирик раббоний алломаси эдилар. Вафотларидан кейин бунга яна ҳам амин бўлмоқдамиз. Шайх ҳазрат вафот этганларидан кейинги жумада бир неча хорижий мамлакатларда у киши ҳақида мавъизалар қилинди, жамоат билан ғойибона жаноза ўқилди. Жанубий Кореяда миллатдошларимиз тарафидан Шайх ҳазратларининг дуолари билан қурилган масжид яқинда очилган эди. Масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг номлари берилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлик тугади, энди мубашширотлар – хабарчи тушлар қолди», деганлар. Аллоҳ таолонинг инояти билан Ҳазрат ҳақларида айрим башоратлар ҳам бўлди. Биргина мисол: Заманамизнинг энг йирик ҳанафий олимларидан Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг ўғли йирик ҳанафий олим, муҳадис Муҳюддин Аввома Шайх ҳазратлари вафот этган куни ўғилларига хат ёзди. У ўша куни тонгда Шайх ҳазратларини кўркам суратда туш кўрганини, тушида Ҳазрат унга Аллоҳнинг ҳузурида «шаҳид» мақомини олганларини хабар қилганларини айтди. Аллоҳ бу рўёни чин қилган бўлсин! Ҳа, у киши том маънода Ҳақ йўлида жон тиккан зот эдилар.
Биз ўзбеклар, хусусан, Андижон аҳли шундай буюк инсон айнан бизнинг туфроғдан чиққани билан ҳар қанча фахрлансак, ҳақларига қанча кўп дуо қилсак, оз. Биздан у кишининг илмий меросларини ўрганиб, асраб авайлаб, кейинги авлодларга етказиш, у кишининг хизматларини ардоқлаб, ўгитларига амал қилиш, йўлларини тутиб, давом эттириш лозим бўлади.
Шайх ҳазратлари оилада тўнғич фарзанд эдилар. У кишининг бир ука ва бир сингиллари бор. Укалари ҳам акаларининг изидан бориб, Мир араб мадрасасида ва Олий Маъҳадда таълим олганлар. Сингиллари ҳам илм маърифатли аёл. Аллоҳдан бу азизларимизга гўзал сабр ва бардош сўраймиз.
Шайх ҳазратлари ўзларининг ортларидан бир ўғил, икки қиз қолдирдилар. Аҳлу аёллари, ўғил қизлари, келин куёвлари барчалари илму маърифат йўлидалар. Биз ушбу муборак оила аъзоларига чуқур таъзиямизни изҳор қиламиз. Аллоҳ таолодан уларга сабру салвон, сабрлари эвазига ажри азимларни тилаб қоламиз!
Шайх ҳазратларининг вафотлари нафақат оилалари, яқинлари, эл юрт, балки бутун мусулмон уммати учун улкан мусибат бўлди. Аллоҳ таолодан барчаларимизга мусибатимизда сабри жамил беришини, ортларидан бизларни яхшиликда бардавом қилишини тилаймиз!
Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини Ўз раҳматига олган бўлсин! Охиратдаги даражаларини юксак қилсин! Қолган аҳлларига, шогирд ва мухлисларига сабри жамил ато айласин!

Фироқ вақтидур, эй кўзлар, энди қон йиғланг,
Билурмисизки, бу кун не кишидин айриласиз?!
(Алишер Навоий)

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
17.03.2015.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri