Алвидо, устоз! Принтер учун
21.03.2015 й.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари 10 март куни оламдан ўтдилар. 11 март куни пешинда жанозалари Кўкчадаги «Шайх Зайниддин» масжидида ўқилиб, Шайх Зайниддин бува қабристонига дaфн этилдилар. Аллох раҳматига олсин.

Хўш, бу жудоликни дастлаб кимлар қандай бошдан кечирди?

10 МАРТ. ТУН, АММО ШАҲАР БЕДОР…

Одатим шунақа – хуфтон намозини ўқийману, уйқуга шошиламан. Олти, етти соат ухламасам чарчаб қоламан. Бомдодга барвақт туриш... Уйим билан масжид ораси маркабда йигирма минутлик йўл. Шундай қилиб, уйқуга ётдим. Қўл телефоним кутилмаганда безовта қилиб қолди. Қарасам, тўққиздан йигирма беш дақиқа ўтибди. Кўзим илинган экан. Дастлаб овоз эгасини танимадим. Оббо, янглишиб тушди шекилли? Бунақа пайтда жуда малол келади да, уйқуни тополмай қийналасан киши.
– Мен Фозилжонман, – дегандан кейин овоз эгасини танидим. Фозилжон шайх ҳазратларининг ҳам шогирди, ҳам котиби. Болалигидан у зотнинг қанотида. Лекин у киши менга камдан кам қўнғироқ қиладилар, кеқурунлари инчунун. Кўпроқ у кишини мен безовта қилиб турардим. «Шайх ҳазратларининг вақтлари бормикан, амру маъруф қилмоқчи эдим, билиб берсангиз» дегувчилар кўп бўларди.
– Эшитаман Фозилжон, тинчликми?
– Мен шуни сиздан сўрамоқчи эдим?
– А?... Э... Фозилжон сизмисиз, хаёлим бошқа Фозилжонга кетиб қолди, – нима гап?
– Ҳазрат тузукмилар?
– Ҳа, тузуклар, яхшилар, нима эди?
– Ўғлим телефонини очса, интернетдан нохуш хабар келибди, айтишгаям тилим бормайди, – деб тўлиқди Фозилжон.
– Нима?!
Ичим гумуриб, бошимга қон ургандек бўлди. Воҳ, ғаламислар ей, шундай дейишга қандай тиллари борди экан а? Фозилжонни тинчлантиришга ошиқдим:
– Мутлақо ишонманг. Ҳа, бу бориб турган ғаламислик!
Жаҳлдан овозим кўтарилиб кетибди. Кечаги кунни, ҳазрат билан бўлиб ўтган учрашувлар, мулоқотларни кўз олдимга келтириб, туриб қолдим…

* * *

…Куни кеча. Соат ўн икки. Ишхонамизда кичкинагина зиёфатимиз бор эди. Бир қадрдонимиз маркаб олган. Шунга шукрона дастурхонини ёзган. Ҳазрат келдилар, саккизинчи қаватда, лифт эшиги олдида у кишини Аҳмадхон ака билан кутиб олдик. Дастурхонли хонага кирдик. Душанба бўлгани учун Аҳмадҳон ака, Нодиржон ва камина нафл рўза тутган эдик. Ҳижолатдамиз, зиёфатда бир киши таом емаса унчалик билинмасу, уч киши сўппайиб ўтирса хунук да. Таваккал, ҳазрат нима десалар шу, очинглар десалар, очворамиз деб, тилим ботирлик қилиб сўрадим:
– Ҳазрат, узр, бугун ният қилиб қўйган эдик, – деб шерикларимнинг номини ҳам айтдим. Ҳазрат кулдилар да:
– Ҳа яхши, сизлар бораверинглар, бўлмаса, – дедилар да, орқасидан «Бизниям дуо қилиб қўйинглар», деб қўшиб қўйдилар.
Агарда ўша куни рўза тутмаганимиздами… Ҳазрат билан охирги марта бир дастурхондан таомланган бўлар эканмиз. Эссиз... Шундай қилиб, у кишининг имомлигида пешин намозини ўқидик. Зиёфатнинг душанбага ўтказилишининг бошқа бир сабаби ҳам бор эди. Бир ҳафта ўтиб, кейинги ҳафтанинг душанбасида одатий йиғилишимиз бўлар, уни шайх ҳазратларининг ўзлари олиб борардилар. Олдин «Ислом.уз» порталининг ходимлари, аудиокитоблар, дискларини тайёрловчилар билан учрашиб, ҳисоботларни эшитиб, режаларни белгилаб олгач, навбат нашриёт ва босмахона ходимларига келарди. Кейинги пайтда йиғилишимизнинг кун тартибига яна битта тадбир қўшилган эдики, бу янгиликни мухлисларимиз қизғин кутиб олдилар. У ҳам бўлса, нашриётимизда чоп этилган янги китоблар тақдимоти эди. Бу сафар бешта китобдан иборат «Хислатли ҳикматлар шарҳи» ва «Амаллар ниятга боғлиқдир» китобларининг тақдимоти бўлиши белгиланган эди. Тақдимотга Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов ва бошқа аҳли илмлар, мухлислар йиғилган. Хуллас, шу куни соат тўрт яримларгача йиғилишлар бирин кетин қизғин давом этди. Ҳар бир йиғилишни ҳазратнинг ўзлари дуо билан очиб, дуо билан якунладилар. Кейинги ўн беш кун ичида қилинадиган ишлар белгилаб олинди. Ҳазратнинг кўринишлари ҳар доимгидек тетик, кайфиятлари аъло эди…

* * *

Мен бу гапларни Фозилжонга айтиб, шубҳа ю ғашларни кўтарган бўлдим. Айни пайтда ўзим ҳам миш мишга заррача ишонмаган ҳолда, хотиржам тортдим. Қани энди уйқу келса! Шу пайт ҳазратнинг энг яқин мухлиси, «Иймон» китобининг муқаддимасида номи келган ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад қўнғироқ қилиб қолди. У ҳам бир олам ташвишда, интернетдаги хабарни айтди. Унга ҳам Фозилжонга айтган гапларни такрорладим. Орадан ҳеч қанча ўтмай «Шарқ» нашриётининг бош муҳаррири Аҳрор Аҳмедов мен билан уланди. Шайх ҳазратлари билан боғлиқ кечаги воқеаларни учинчи бор такрорладим у, ўзим ҳам шубҳага бориб қолдим. Шу заҳоти ишхонамиз ходими Ёрқинжонга қўғироқ қилдим. У бунақа гапдан хабари йўқлигини айтиб «Қўйинг е, тинчлик бўлсин е!», деб қўйди овози титраб. Шундан сўнг қадрдоним, яқиним Аҳмадхон акага қўнғироқ устига қўнғироқ қилдим. Кўтармади. Ўғли Мубашширга қилсам, хайрият, у жавоб берди. «Узр, адангизга қўғироқ қилсам олмадилар, шаҳарда ҳазрат ҳақида бир нохуш хабар тарқаб кетибди, шуни аниқламоқчи эдим» дедим. «Ўша хабар рост…» деди Мубашшир йиғлаб. Шу пайт Ёрқинжон ҳам менга қўнғироқ қилиб, Мубашширнинг гапини тасдиқлади. Мен Хуршидга, Аҳрорга қайта қўнғироқ қилдим, Фозилжонга ҳам.
– Нима қилмоқчисиз, соат ўндан ошяпти? – деди Фозилжон.
– Ҳозир машинани миниб, ўша ёққа бораман.
– Йўқ, – деди Фозилжон, – кечаси машина минманг, қийналиб қоласиз. Кўчага чиқиб туринг, ўзимниям боргим келяпти.
Фозилжон билан боряпман у, «Ишқилиб, ҳаммаси ёлғонга чиқсин да» дейман ичимда. Бемор бўлиб, ётиб қолганларида ҳам бошқа гап эди. «Ҳазрат бетоблар» деган гапни асло эшитмаганман. Жисмонан энг соғлом одам ҳазрат эдилар. Бир вақтлар жисмоний тарбия институтининг ректоридан спортнинг каратэ тури билан шуғулланишларини эшитганим бор. Аммо яқиндаги бир йиғилишимизда «Ислом университетининг спорт залида ҳафтасига уч марта шуғулланиб турибмиз, нимагадир сизларни кам учратяпман» деганларини эсладим. Шунақа, яхши ишлаш учун жисмонан чиниқишга ҳам қаттиқ эътибор қилардилар. Доимо қоматлари тик, қадлари ўктам юрардилар. Шуларни ўйлаб, кўчаларига бурилдигу, тумонат одамни кўриб, вужудимга титроқ кириб кетди. Ҳалидан бери мени турли туман гумонлар ушлаб турган экан. Тумонатни кўриб, оёқ қўлимда жон қолмади. Демак, рост экан да?! Фозилжоннинг тирсагидан маҳкам ушладиму, «Ҳаммамиз Аллоҳникимиз, Аллоҳга қайтамиз» деб ўзимга ўзим таскин берган бўлдим. «Шундай дейилса, одам ўзини йўқотиб қўймайди, Аллоҳнинг ўзи мадад беради» деб таълим берардилар шайх ҳазратлари. Воҳ, шунча одам а! Кеча қор ёққан, совуқ изиллатиб турибди. Уларни қандай куч олиб келди экан бу ерга? Ҳа, уларни бу ерга диннинг устуни, у ёки бу масалаларни бир оғиз сўз билан «ҳа» ва «йўқ» деб ҳал қилиб қўядиган инсоннинг бу дунёдан риҳлат қилганига ишонмаслик олиб келган эди. Ўзимиз ҳам шунинг учун келдик ку! У киши ўз асарлари билан миллионлаб юракларга шундай кириб борганларки, эшитиш билан таскин топмайди киши. Токи кўзлари билан кўрмагунларича... Издихом ичида Хуршидни ҳам кўриб қолдим. Аллақачон келиб бўлибди. Хаёли паришон, кўзлари ёшли, жовдирайди... Бир пайтлар «Ёш куч» журналида Худойберди Тўхтабоев бош муҳаррир, камина котиб, Хуршид бўлим мудири бўлиб, учовлон ишлашган эдик. Шунда беш юз олтмиш минг нусхада чоп этиладиган журнал ўқувчиларига ҳазратни таништирмоқчи бўлдик. «Уч-тўртта яхши савол тузиб, суҳбатлашиб келинг», дедилар Худойберди ака. Эртасига Хуршид «Саволларга бир кўз ташлаб беринг», деб қолди. Саволнинг ҳажмига қараб, ҳайронлар қолдим. Уч-тўртта савол қайда, йигирма еттита савол! Уларни ўқиб, Хуршиднинг Ислом дини ҳақида шунча нарса билишига ҳайронлар қолдим. Уни тушундим. Ҳазрат ким билан мулоқотга киришаётганини билиши учун ҳам шундай қилган. Ўшанда ҳазрат саволларни ўқиб кўриб, «Саволларга ўзингиз жавоб бериб қўйибсиз ку», деб хурсанд бўлган эканлар. Улуғ аллома билан ёзувчи ўртасидаги яқинлик ўшанда бошланган эди. Кейинчалик у «Иймон» китобига муҳаррирлик ҳам қилди. Бу йўқотиш Хуршид учун ҳам қанчалар оғир эканини ҳис қилардим. Бироқ Хуршиднинг кўзларида ўзимда кечаётган, айни дамда жуда ҳам муҳим нарсани уқиб қолдим. Спорт залида юрак хуруж қилган бўлса, докторлар ўзларига келтиргандир? Медицина бу масалада ҳозир анча олдинлаб кетди ку! Мен худди шундай умид учқунларини бошқа кўзларда ҳам, айниқса, дарвоза олдида шипдек бўлиб турган ходимимиз, ҳазратнинг энг яқин шогирдларидан Озод Мунавварнинг кўзларида ҳам кўрдим. Оҳ, қанийди шундай бўлса! Хабарлар ёлғонга чиқса! Кўзлар дарвозадан кўра кўча тарафга термуларди. Агарда шу ёқдан «тез ёрдам» машинасининг қораси кўринса, тамом, бари рост бўлади. Оҳ, умид... У қанчалар сеҳрли мўъжиза? Сўнгги жон чиқиш сонияларида ҳам одамни тарк этмайди. Жондек вафодор, чиқса жон билан чиқади.
Шу пайт бирдан дарвоза томондан овоз келиб қолди:
– Азизлар, қадрдонлар, ҳазрат келдилар...
–А!?
...Издихом бир қалқиб тушди. Кўзлардаги учқун минг чироққа айланди.
– Қўшни тарафдан олиб кирдик, эртага соат бирда «Кўкча» масжидида жаноза...
 Оҳ... Тумонатнинг боши эгилди, гўё бир ерга уйилган жонсиз ғарамдек бўлиб қолди. Ҳа, умид учқуни сўнди, ҳаммамизни ҳазрат билан боғлаб турган тириклик арқони узилди. Мен ўзимдан анча нарида турган Озодга талмовсираб қарадим. У дарвозага суянганича бошини солинтириб қолган эди. Ота онадан ажраб қолиб, бунга кўникиш мумкиндир. Аммо устоздан ажраб чи, худо асрасин. Бирин сирин издихом тарқай бошлади. Улар одамдан кўра шарпага ўхшардилар. Шулар қаторида ўзим ҳам...

11 МАРТ. СЎНГГИ ЙЎЛ, ВИДОЛАШУВ.

Бомдодни Фозилжон билан «Кўкча» масжидида ўқидик. Шайх ҳазратларининг жанозалари «Кўкча»да ўқилса, демак Шайх Зайниддин бува қабристонига дафн этиладилар. Гўрковлар иш бошлашган бўлса, жойларини кўриб олайлик деб, қабристонга кирдик. Нимагадир оёқларимиз бизни Шайх Зайниддин бува мақбараси томон бошлади. Хаёлимизда қабр шу атрофдан қазиладигандек. Ҳеч кимни учратмадик. Тиловат қилиб, ҳазратнинг уйларига ошиқдик. Яқинлашганимизда кўчаларга ГАИ ходимларидан иборат тартиб назоратчилари қўйилганини кўрдик. Бир эмас иккита жойга. Биринчи назоратдан таъзияга алоқадар машиналар ўтказиб юборилаётган эди. Иккинчисида машиналарни ҳам қўйишмади. Анча беридан пиёда бордик. Олдинига жаҳлимиз чиқди. Аммо кейинчалик назоратни пухта ўйлашганини билдик. Енгил машиналар тирбандлигидан маййитни олиб чиқиб кетиш қийин бўлар экан. Бордик. Худди кеча кечқурунгидек одамлар тирбанд. Бўлмаса, жаноза жойи айтилди. Эшитмаганлар эшитсин деб, бот бот эълон ҳам қилиниб турибди. Лекин издихом оқими қўшилса қўшилардики, камаймас эди. Бўлмаса, ҳали жанозага олти соат вақт бор а! Бу нима сир? Ўта мухлисликми? Илмга ошиқликми? Ҳазрати Пайғамбаримизнинг «Бировни яхши кўрсанг, ўзига айтиб қўй», деган хадисларининг амалдаги ифодасими? Уларнинг қанчаси ҳазратни шахсан танийдилар? Менимча ҳеч қанчаси. Лекин келишяпти, келишяпти, охири кўринмайди... Йўқ, буни таърифлаб, тавсифлаб бўлмайди. Шунинг учун бўлмайди ки, бунақа айрилиқ, бунақа мусибатни шаҳримиз одамлари бошидан кечирмаган. Қадимдан ҳар юз йилда дунёга бир олим келади, деган нақл бор. Яна «Олимнинг ўлими оламнинг ўлими», деган нақл ҳам бор. Шайх ҳазратлари ана шундай олим эдилар. Бир оққан дарё яна оқади деганларидек, диёримиздан чиққан улуғ алломалар, муҳаддислар, олимлар қаторидан ўрин олган аллома эдилар. Ҳа, у зот ҳаёт дарёсида дарёдек оқиб ўтдилар. Қизил империя даврида жаҳолатдан қуриб, қовжираб қолган миллионлаб қалбларнинг ташналигини қондирдилар. Аллоҳнинг нури бўлган Исломни маёқ қилиб баланд кўтардилар. Ва ўзлари ҳам маёққа, йўлчи юлдузга айланиб қолдилар. Шунақа, кўз ўнгимизда ҳаётбахш бир дарё оқиб ўтди. Биров билди, биров билмади. Бунга ҳечам ажабланмаймиз. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ... Ҳа, жаннатмакон (бу ўхшатишни у киши кўп айтардилар) юртимизнинг юлдузи сўнди. Шундай улуғ зотга биз замондош бўлиб қолдик. Шунинг ўзи фахр. Мана, нима учун одамлар оқиб келяпти...
 Ҳамроҳим билан одамлар орасида сирғала сирғала дарвоза томон яқинлашиб бордик. Илинж битта – ҳазратнинг юзларини кўриб қолиш. У кишига нисбатан «совуқ» деган сўзни айтишга тил бормади. Лекин шу сўзда ҳам бир ҳикмат борга ўхшайди. Ёниб турган, куйиб турган юрак сув сепгандек таскин топса керак да. Бу тирик билан ўлик орасидаги ҳазрат тарифлаган сиру синоатлардан бири бўлса, ажабмас. Ҳа, мен шу таскинликка ошиқардим. Лекин дарвоза берк. Жамики кўзлар шу дарвозада. Қани энди ҳамма ҳазратнинг юзини бир бир кўриб олса. Уларга бошқа ҳеч нарса керак эмас. Аммо бунинг иложи йўқ. Яқинлари, қариндош уруғларидан ортмайдилар. Маййитни абадий уйи, ер бағри кутяпти. Дақиқалар ҳисоб китобли. Издиҳом орасида туриб ичим қизийди. Наҳотки ичкари кира олмасам? Видолашиш охиратга қоладими? Шу пайт ҳазратнинг «Ишим юришаверсин деган одам ўзинимас, ўзгаларни ўйлаган одамдир, ҳар бир ишда холис бўлган яхши» деганларини эслаб, ўзимни ўзим ёмон кўриб кетдим. Ахир сен кечагина ҳазратни шу кўзларинг билан кўрдинг ку, пурҳикмат сўзларини, маслаҳатларини шу қулоқларинг билан эшитдинг ку! Ёнингда кўзларида ёш, қалбларида дард билан турганлар чи? Улар ҳазрат билан видолашишга сендан кўра минг марта ҳақдорроқмасми? Сен ким бўлибсан? Шулар қатори бир мухлиссан, холос. Бирга ишлаганингнинг ўзи бир дунё бахт, бойлик, ўчмас хотира эмасми? Шуларни ўйлаб, издиҳом ичига сингиб кетганимни ўзим ҳам билмай қолдим. Шу пайт мўъжиза юз берди, дарвоза очилиб, кимдир менинг номимни айтиб, кирсинлар, деб қолди. Ҳа, ўзимни, нафсимни тийганим Аллоҳга ёқди шекилли, Ўзи марҳамат қилди. Фозилжоннинг қўлидан маҳкам ушлаб, хайрлашиш учун ичкари кириб бордим. Аммо юзларини очиб, хайрлашишга жазм этолмадим. Шундоқ оёқ тарафларидаги қордек оппоқ чойшабга икки қўлимни босиб, юзимга боса олдим, холос... Алвидо устоз, алвидо... Ишларингизни фарзандларингиз, шогирдларингиз билан биргаликда давом эттириб, катта савобларга дохил бўлишни Аллоҳ насиб қилсин...

Қалбида оҳи, тилда ноласи билан:
Эркин МАЛИК.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz