Усома ибн Зайд Принтер учун
02.04.2015 й.
Ҳазрати Умар (розияллоҳу анҳу)  ўғли Абдуллоҳ ибн Умарга шундай дейди: ”Усоманинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун сенинг отангдан кўра севикли эди. Усома эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун сендан кўра севиклидир ”.
   Усома ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) ҳижратдан олдинги етинчи йил Маккада туғилган. Отаси Зайд ибн Ҳориса ислом дини келишидан олдин Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг асраб олган ўғиллари бўлган. Ҳаёти давомида у зотнинг оила аъзоларидан бири сифатида хизматларини қилган ва яқин сирдошлари бўлган. Онаси Умму Айман Барака ал-Ҳабашия Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг оналари Омина бинти Ваҳбнинг чўриси  эди. У Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га оналарининг вафотидан сўнг энагалик қилган.
 Усома Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва мусулмонларга нисбатан қурайшликларнинг зулм ва азиятлари авж олган  бир даврда дунёга келди. Лекин шунга қарамай унинг туғилиши у зот ва саҳобаларини бениҳоя қувонтирди. Усома Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алаҳи васаллам)нинг набиралари Ҳасан (розияллоҳу анҳу) билан деярли тенгдош эди. Шу боис улар ёшликдан бирга улғайдилар. Уларнинг ҳар иккисини ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бирдек яхши кўрардилар. Бир куни Усома (розияллоҳу анҳу) эшик остонасига қоқилиб тушиб пешонаси ёрилди ва жароҳатидан тўхтовсиз қон оқди. Шунда Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Оиша (розияллоҳу анҳо) га унинг жароҳатидан оқаётган қонни тўхтатишни буюрдилар-да, кўнгиллари таскин топмай ўзлари турдилар ва ширин сўзлар билан уни тинчлантириб жароҳатдаги қонни тўхтатишга ҳаракат қилдилар.
  Усома ибн Зайд навқирон ёшга етганида унда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) суйган буюк хислатлар намоён бўлди. У ўта зукко, ақлли, шижоатли, ёмон хислатлардан ўзини сақлаган, барчанинг муҳаббатини қозонган, тақводор киши бўлиб етишди. Усома жасоратда барчага намуна эди. Ҳунайн жанги куни  мусулмонлар ортга чекинганларида Усома ибн Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг амакилари Аббос, амакиваччалари Абу Суфён ибн Ҳорис  ва улуғ саҳобалардан олтитаси билан бирга ортга чекинмай собит турди. Буларнинг жасорати эвазига Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ортга чекинаётган саҳобаларини ғалабага бошлай олдилар ва улар улуғ нусратни қўлга киритдилар.
Ҳижратнинг ўн биринчи йили Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Рум салтанатига қарши қўшин тузадилар. Қўшин таркибида Абу Бакр, Умар, Саъд ибн Абу Ваққос, Абу Убайда ибн Жарроҳ ва бошқа улуғ саҳобалар бор эди. У зот шундай бўлишига қарамай қўшинга Усома ибн Зайдни қўмондон этиб тайинладилар. Ҳолбуки,  у пайтда унинг ёши ҳали йигирмадан ошмаган эди. Қўшин йўлга ҳозирлик кўриб турган бир пайтда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қаттиқ бетоб бўлиб қолдилар.Буни билган саҳобалар сафарни кейинга қолдирдилар. Усома ибн Зайд бу ҳақида шундай ҳикоя қилади:”Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қаттиқ бетоб бўлганларида у зотнинг уйларига йўл олдим. Қолганлар ҳам мен билан бирга бордилар. Ҳузурларига кирсам, оғир бетобликлари боис гапиришга мадоллари йўқ эди. Шунда у зот аввал қўлларини осмонга кўтариб сўнг бошимга қўйдилар. Бундан билдимки, у зот менинг ҳаққимга дуо қилдилар”.
Шундан сўнг  Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи васаллам) фоний дунёни тарк этдилар. Ўринларига халифа этиб сайланган Ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Усомани қўшини билан жангга сафарбар этишга буйруқ беради. Қўшин ёш йигитнинг қўмондонлиги остида йўлга отланди. Ҳазрати Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) нинг ўзи қўшиннинг ёнида юриб анча жойгача уларни кузатиб бордиди.  У зот пиёда юриб борарди. Усома эса уловда кетаётган эди. Бундан Усома ўзини ноқулай ҳис қилиб:” Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нинг ўринбосарлари, сиз ҳам уловга мининг, бўлмаса мен ҳам уловдан тушаман”,-деди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) унга жавобан айтди:”Йўқ, асло тушма! Мен уловга минмайман. Нима қилибди мен ҳам Аллоҳнинг йўлида озгина юрсам!?” Сўнгра у яна сўзида давом этиб:”Динингни, зиммангдаги омонатингни ва амалингнинг хотимасини Аллоҳга топширдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сенга буюрган ишларни тўла-тўкис бажаришингни васият қиламан”,-деди ва ёнига яна ҳам яқинроқ бориб:
”Агар маъқул топсанг, Умар менга ёрдамчи бўлиб қоларди. Унга мен билан қолишига изн бер”,-деди. Усома (розияллоҳу анҳу) унинг қолишига изн берди.
Усома ибн Зайд қўшинга йўлбошчилик қилиб ўзига буюрилган топшириқни шараф билан адо этди. У Византия империясига қарши юруш қилиб Фаластиннинг бир қанча ерларини фатҳ қилди. Бу билан мусулмонларга кейинчалик Шом, Миср ва Шимолий Африканинг барча ҳудудларини фатҳ этишлари учун йўл очди. Усома бир вақтлар отаси шаҳид бўлган ердан ҳисобсиз даражада кўп ўлжалар билан қайтди.
   Усома ҳаёти давомида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллан)га нисбатан вафо ва таъзим рамзи сифатида мусулмонларнинг ҳурмат ва иззатларига сазовор бўлди. Бунинг тасдиқи ўлароқ Ҳазрити Умар (розияллоҳу анҳу) ўзларининг халифалик даврларида унга ўз ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дан кўра кўпроқ иш ҳақи белгилаган экан. Шунда Абдуллоҳ у кишига:”Отажон, Усомага тўрт минг дирҳам, менга эса уч минг дирҳам иш ҳақи тайинлабсиз.Ваҳоланки, унинг отасини фазилатли жиҳатлари сизникидан кўп бўлмагани каби унинг фазилатлари ҳам меникидан ортиқ эмас”,-деди. Умар (розияллоҳу анҳу):” Ҳайҳот, ундай эмас. Усоманинг отаси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун сенинг отангдан кўра севикли эди. Усома эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун сендан кўра севиклидир”,-деди. Буни эшитган Абдуллоҳ унга бериладиган иш ҳақига розилики билдирди.
 Умар (розияллоҳу анҳу) қачон Усомани (розияллоҳу анҳу) учратса:”Марҳабо, хуш кўрдик эй амирим”,-дер эди. Борди-ю, бирор кишини бу ҳолатдан ажабланганини кўрса: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни менга амир қилганлар”,-дерди.

Тошкент ислом институти
Таҳфизул уръон кафедраси
4 курс талабаси
Боқиев Комилхон

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri