Гуноҳларнинг асллари Принтер учун
03.04.2015 й.
Каттаю кичик, барча гуноҳларнинг асллари учтадир:
1. Қалбнинг Аллоҳдан бошқага боғланиши.
2. Ғазаб.
3. Шаҳват.
Булар ширк, зулм ва фаҳш ишлардир. Аллоҳдан бошқага боғланишнинг энг сўнгги чегараси ширк, Аллоҳ билан бирга яна бошқа илоҳ бор деб даъво қилишдир. Ғазабнинг энг охирги чегараси одам ўлдиришдир. Шаҳватнинг энг охирги чегараси зинодир. Шунинг учун Аллоҳ таоло шу учта нарсани Ўз сўзида жамлаб:
“Улар Аллоҳга қўшиб, бошқа «илоҳ»га илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ман этган жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар” (Фурқон, 67) деган.
Бу уч нарса бир-бирини чақиради, бир-бирига олиб боради. Ширк зулм ва фаҳшга олиб боради. Ихлос ва тавҳид эса ўз соҳибини бу ишлардан қайтаради.
Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтадики: “Шу тарзда ундан ёмонлик ва фаҳшни буриб юбордик. Албатта, у (дили) холис бандаларимиздандир” (Юсуф, 24).
Оятдаги ёмонлик ишқдир, фаҳш эса зинодир.
Шунингдек, зулм ширк ва фаҳшга чорлайди. Чунки ширк зулмларнинг энг каттасидир, тавҳид эса адолатнинг энг улканидир. Адолат доим тавҳиднинг ёнида туради. Зулм эса ширкнинг ёнида туради. Шу сабабли Аллоҳ таоло тавҳид билан адолатнинг орасини жамлаб шундай дейди:
“Аллоҳ адолатда (барқарор) туриб,  шундай гувоҳлик берди: «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир», фаришталар ва илм эгалари ҳам” (Оли Имрон, 18).  
Ширк билан зулмнинг орасини жамлаб эса бундай дейди: “Чунки ширк улкан зулмдир” (Луқмон, 13).
Фаҳш ишлар эса ширк ва зулмга олиб боради. Аллоҳ таоло фаҳш ишларнинг энг улкани ва энг ёмони бўлмиш зинони ширк билан бирга зикр қилган:
“Зинокор эркак фақат зинокор аёлни ёки мушрикани никоҳлаб олур. Зинокор аёлни ҳам фақат зинокор эркак ёки мушрик никоҳлаб олур. Бу (иш) мўминларга ҳаром қилинди” (Нур, 3). Бу уч иш бир-бирига чорлайди, бири иккинчисини чақиради.
Кимнинг қалбида тавҳид қанчалик заиф бўлса, ширкка мойиллик қанчалик кучли бўлса, у шунчалик золим, шунчалик ғазабига бериладиган, шунчалик фаҳш ишларни қилувчи, шунчалик қалби бошқа нарсаларга боғланган бўлади.
Кимнинг қалбида тавҳид кучли бўлса, у шунчалик адолатли, шунчалик иффатли, шунчалик ғазабини босадиган бўлади. Бу сўзимизга ушбу оят далил бўлади:
“Бас, (эй, инсонлар!) Сизларга ато этилган нарса(лар) дунё ҳаёти матосидир ва имон келтирган ҳамда ёлғиз Парвардигорларига таваккул қиладиган зотлар учун Аллоҳ ҳузуридаги нарсалар (дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир.
Аллоҳ таоло бу оятда Ўзининг ҳузуридаги нарса иймон келтирган ва Унгагина таваккул қилган зотлар учун яхшироқ эканини хабар беряпти. Иймон келтириш ва Унгагина таваккул қилиш айни тавҳиддир. Кейин:
“Улар катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадиган” демоқда.
Бу эса шаҳват чақирадиган нарсалардан четланишдир.
 Охирида эса:
“Ғазабланган вақтларида эса кечириб юборадиган зотлардир” демоқда. (Шўро, 36-37).
Бу эса ғазабга итоат қилмасликдир. Аллоҳ таоло ушбу оятда тавҳид, иффат, адолатни жамлаб келтирди. Булар эса барча яхшиликларни ўзида жам қилган нарсалардир.

Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳнинг
“Фавоид” асари асосида
Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri