Дин тўғрисида олиб борилган илмий ишлар натижасидан аён бўладики, диндорлик барча башариятнинг умумий сифати бўлиб, унда қадимгилар ҳам, ҳозиргилар ҳам баробардир.
Ҳеч бир халқ динсиз бўлмаган. Кўпчилик олимларнинг фикрича, Аллоҳ дин каби тушунчалар инсоннинг асли табиатида мавжуд бўлиб, бу тушунчани уларга одатдан ташқари куч, яъни Аллоҳнинг ўзи бергандир. Ушбу фикрни қўллаб-қувватловчи олимларнинг энг машҳурларидан бири шотландиялик Андри Линж қуйидагиларни баён этади:
1. «Ҳар бир инсон дунёдаги нарсаларнинг сабаби бор деган фикрда юради. Мана шу фикрнинг ўзи диндор бўлишга етарлидир. Чунки борлиқ борми, унинг яратувчиси ҳам бор. Ҳар бир инсон бор нарсаларнинг яратилиши ҳақида тушунчага эга. Шунинг учун ҳам инсон ўзи ярата олмаган нарсаларни бошқа бир яратувчи яратган, деган фикрга келиши турган гап.
2. Биз барча инсонлар даврида ҳам ота, хўжайин, Аллоҳ деган тушунчаларнинг бор-лигига ишонч ҳосил қилдик.
3. Ибтидоий жамоа тузумида ҳам диний эътиқод пок равишда бўлган. Кейинчалик эса афсоналар аралашиб кетган».
Бироқ А. Линж назарияси бирмунча вақтгача эътироф этилмади. Одамлар ирқини ўрганиш илмида тарихий услуб ишлаб чиқилгандан сўнггина мазкур назария тўғри эканлиги тасдиқланди. Бу борада Вена дорилфунунининг профессори Леополғд Фон Шредер Европа ҳиндулари тарихини ўрганишда катта натижаларни қўлга киритди. У қадимги Европа ҳиндулари фикрида ҳам олий худо назарияси борлигини исботлади. Уларда дин учта асос: 1) табиатга сиғиниш; 2) марҳум шахсларга сиғиниш; 3) катта яратувчи, яхшилик худосига сиғинишдан иборат, дейди.
Лекин олим мана шу уч нарсадан қай бири қадимийроқ эканлигини баён қилмаган.
Худди шу вақтда доктор Крабер Калифорния ҳиндулари ҳаёти тарихидан қатор ил-мий асарлар ёзиб, мазкур энг қадимий қабилаларда ҳам катта худо назарияси борлиги-ни исботлади. Ҳатто улар ҳамма нарсани яратувчи қодир ва тақдирнинг эгаси бўлган улуғ худога ишонишган.
Яна бир қанча олимлар инсон тарихининг барча даврларида ҳам кишилар худога ишонганликларини исбот қилганлар.
Доктор Полғ Клеронс айтадики: «Инсон доимо ўзининг ақлидан кучли ақл ва ўзининг маҳоратидан кучли маҳорат борлигини сезиб туради. Мана шунинг ўзи ҳам Аллоҳга бўлган ишончга олиб келади».
Инсон моддий далиллар билан Аллоҳнинг борлигини исботлаши қийин. Шунинг учун ҳам Аллоҳнинг борлигига тўлиқ ишониш учун моддий далилларнинг ёнида руҳий далиллар ҳам бўлмоғи керак, яъни бу кенг борлиқдаги моддий нарсалар тўғрисидаги маълумотларимизни ўзимиздаги муаммоли ҳис-туйғулар, меҳр-муҳаббат ва турли сезги-лар билан аралаштирганимизда тўлиқ иймонга эришамиз.
Агар биз миллионлаб ўта ақлли кишиларнинг Аллоҳга ишониш сабабларини синамоқчи бўлсак саноғига ета олмаймиз. Лекин ана шу сабабларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг борлигига далолат берувчи кучли далиллардир. Инсоннинг ақлини лол қолдирадиган нарсалардан бири шуки, мана шу юқорида зикр этилган ҳақиқатни Қуръон 15 аср муқаддам таъкидлаб ўтган.
Чунончи, «Рум» сурасида шундай дейилади: «
Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. Бу Аллоҳ одамларни яратган асил табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўпи билмаслар. (Ҳар бир нарсада) Унга қайтгувчи бўлароқ, У зотга тақво қилинг, намозни тўкис адо этинг ва мушриклардан бўлманг» (30-31-оятлар).
Қуръон таъкидлаб айтадики, дин инсоннинг асли табиатидаги бор нарса. Аслида ин-сон борлиқнинг яратгувчисига ва бу яратгувчи ягона эканлигига ишонадиган бўлиб туғилади. Агар инсон ўзи ёлғиз қолиб ўйлаб кўрса, муқаррар шундай фикрга келади. Лекин Қуръони Каримда айтиб ўтилганидек, бу ҳақиқатни кўпчилик билмайди. Одамлар диндорлик инсоннинг асли табиатида борлигини тушуниб етмайдилар. Фақат чуқур ўйлаганлар, илмий изланиш олиб борганлар буни тушуниб етишлари мумкин. Ҳеч ажабланарли ери йўқ, бу Қуръони Каримнинг мўъжизасидир!
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам шу маънода қуйидаги ҳадисни айтганлар:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«
Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф-табиат) ила туғилади. Бас ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади», дедилар».
Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Инсон оғир ҳолатга тушганда беихтиёр худодан ёрдам сўраб қолади. Мана шунинг ўзи ҳам инсоннинг асли табиатида диндорлик борлигига далилдир. Шу фикрни Морисов деган олим қуйидаги иборалар билан ифода этади: «Инсон тарихининг биринчи кунла-ридан бошлаб ҳозирги кунгача беихтиёр ўзидан қувватли, ўзидан улуғ ва юқори турув-чи бир шахсни ахтаради. Мана шунинг ўзи ҳам, диндорлик инсоннинг асли табиатида бор эканлигига катта далилдир. Бу ҳақиқатни илм ҳам таъкидлайди».
Бу борада Қуръони Каримда кўпгина оятлар бор. «Рум» сурасида шундай дейилган: «
Қачон одамларга зарар етса, Роббиларининг Ўзигагина қайтиб, дуо қилурлар» (33-оят).
«Луқмон» сурасида эса: «
Қачон уларни тоғ каби тўлқин ўраб қолса, Аллоҳнинг динига ихлос этароқ, дуо қилурлар» (32-оят).
Мана шу нарсалардан кўриниб турибдики, асримиздаги дин тўғрисидаги илмий ишлар Қуръон айтган назарияни исбот қилибди. Шунинг ўзи ҳам Қуръон Аллоҳнинг китоби эканлигига катта далилдир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (роҳимаҳуллоҳ)