«Hilolnashr.uz» етказиб бериш хизматининг ҳудуди кенгайиб бормоқда
Маълумингизким, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ ҳазратлари бутун умрларини, барча куч-қувватларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга хизмат қилдилар, етук олим, улуғ мутафаккир сифатида Исломга, Қуръонга сидқидилдан хизмат қилдилар, баракали илмий фаолиятлари билан ўзбек китобхонларининг қалбини илму ирфонга, жавон ва кутубхоналарини юзлаб китобларга тўлдирдилар. Устозимиз мазкур китобларни сифатли ва тез чоп этиш, медиамаҳсулотларни тайёрлаш ва маҳсулотларимизни нафақат юртдошларимизга, балки қўшни давлатларда ва хорижий мамлакатларда яшовчи мухлисларимизга ҳам тез ва етарли миқдорда етказиб бериш учун доимий изланишда бўлдилар, хулуси ният ва дуолар билан саъй-ҳаракат қилдилар. Шу мақсадда «Hilol Nashr» нашриёт-матбааси бир йил аввал китоб ва медиамаҳсулотларнинг онлайн савдосини ҳам ташкил қилди. Айни пайтда, «Ўзбекистон почтаси» билан ҳамкорликда мазкур маҳсулотларни республикамиз ҳудуди бўйлаб етказиб бериш хизмати ҳам йўлга қўйилди. Устозимизнинг холис дуолари ижобат бўлиб, ушбу хизматларимизнинг кўлами кундан-кунга ортиб, онлайн савдомиз ҳам, етказиб берилаётган китобларимизнинг сони ва ҳудуди ҳам кенгайиб бормоқда. Жумладан, эндиликда сайтимизнинг почта орқали китоб буюртма қилиш хизматига МДҲ давлатларидан ҳам мурожаатлар келиб туша бошлади. Август ойида «Ўзбекистон почтаси» ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан Тожикистон ва Россия Федерациясидан юборилган буюртмага биноан дастлабки почта жўнатмалари юборилди. Маълумки, китобларимиз дўконлардан қисқа муддат ичида сотилиб кетиб, кўпчилик мижозларимиз баъзи китобларнинг қайта нашри чиқишини бир неча ойлаб кутишга мажбур бўладилар. Қолаверса, вилоятлардаги дўконларда китобларимизнинг нархига транспорт харажатлари ва бошқа омиллар инобатга олинган ҳолда устама нархлар қўйилади. Маҳсулотларимизнинг электрон савдоси ҳамда етказиб бериш хизматини йўлга қўйишдан кўзда тутилган асосий мақсадлардан бири ҳам ана шундай ноқулайликларни бартараф қилишдан иборатдир. Бунинг учун омборларимизда ҳар бир китоб ва дискларнинг муайян миқдори почта орқали етказиб бериш хизмати учун ажратиб, олиб қўйилади. Онлайн савдо ва етказиб бериш хизматининг мижозлар учун асосий қулайлиги – барча маҳсулотларнинг ўз нархида сотиб олиниши ҳамда яшаш манзилингизга етказиб берилишидир. Ушбу дастлабки қадамларнинг бардавом бўлишини, илм-маърифат таратиш йўлидаги хайрли ишларимизнинг барчамизга манфаатли бўлишини Аллоҳ таолодан сўраган ҳолда, сиз азизларни электрон дўконимиз ҳамда почта орқали етказиб бериш хизматларимиздан янада кенгроқ фойдаланишга таклиф этамиз.
|