Ҳадисни такшириш Принтер учун
08.01.2007 й.

Бу илмий иш қандоқ олиб борилганини яхшироқ тушуниш, тузукроқ англаб етиш учун оддий ва содда мисолдан сўз бошлайлик.
Бунинг учун Қуръондан кейинги энг саҳиҳ китобнинг муаллифи, ҳадисда мўминларнинг амири, Имом Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий ўзларининг машҳур «Жомиъ ус-Саҳиҳ» китобларида келтирган биринчи ҳадисни олайлик.
У киши қуйидагича баён қиладилар: «Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яхё ибн Саъид ал-Ансорийдан эшитган. У, Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди, деган. У эса, Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган. Ал-Лайсий айтадики, У Умар ибн Хаттобдан эшитган экан. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидагини эшитдим деди: «Албатта амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар бир одамга ният қилгани бўлади. Кимки дунё учун ҳижрат қилса унга эришади. Хотин учун бўлса уни никоҳлаб олади. Бас, унинг ҳижрати нима учун ҳижрат қилса шунинг учун бўлади».
Демак, ушбу ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлиб, олти кишидан ўтгач Имом Бухорийга етиб келган. Имом Бухорий ўз шайхлари Абдулоҳ ибн Зубайр ал-Ҳумайдийдан бу ҳадисни эшитишлари билан дарҳол китобларига ёзиб қўймайдилар. Балки ҳадисни ҳар томонлама текширишни бошлайдилар.

Аввало, ҳадисни иккига: «Санад» ва «Матн» га, бўладилар.
Ҳумайдийдан бошлаб ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳугача бўлган ровийлар силсиласи «санад» дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтган гаплари эса «матн» бўлади.
«Санад» сўзи араб тилида «суянчиқ» маъносини англатади. Муҳаддислар истилоҳида эса ҳадис матнига олиб борувчи суянчиқ-йўлга санад, дейилади. Ҳар бир хабарни санадга-ишончли суянчиққа суяниб қабул қилиш мусулмон умматининг ўзига хос хусусиятидир. Мусулмонлардан бошқалар бу нарсага эътибор бермаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг пайғамбарлари айтган гаплари, қилган ишлари у ёқда турсин, муқаддас китобларига ҳам ёлғон аралашиб, ҳатто ёлғон ростдан устун бўлиб кетган.
Яна Имом Бухорий мисолида муҳаддисларнинг қилган ишлари билан танишишни давом эттирайлик. У киши ҳадис санадида келган ровийларни текширишни бошлайдилар.
Энг аввал ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёт йўллари, насл-насаблари, иймон-эътиқоди, Исломга нечоғли амал қилиши, адолатлими-йўқми, зеҳни-идрок даражаси ва бошқа кўплаб сифатларини пухта ўрганиб чиқадилар.
Мазкур ровийда мавжуд бўлиши шарт қилинган. Нарсалардан иккитасини алоҳида кўриб чиқайлик:

I – Ровийнинг ҳадиси қабул этилиши учун, У адолатли бўлиши керак.
«Адолат» луғатда тўғрилик, мустақимлик ва одилликни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса, «Адолат – инсон нафсидаги уни гуноҳлардан ва мубоҳ пасткашликлардан қайтарадиган малакасидир».
Ровийда адолат мавжуд бўлишлиги учун унда қуйидаги тўртта шартнинг бўлишлиги талаб этилади:

1.Исломда бўлишлиги.
2.Балоғатга етган бўлиши. Балоғатга етмаганларнинг ривояти қабул қилинмайди.
3.Ақлли, яъни соғлом ақлли бўлиши керак. Ақлида камчилик бўлган одамнинг ривояти зинҳор қабул қилинмайди.
4.Тақводорлиги.

Гуноҳ қилган, рухсат берилган бўлса ҳам, муруватсизлик, бепарволик ҳисобланадиган ишларга йўл қўйган одамларнинг ривояти ҳам қабул қилинмайди. Бу тоифага гуноҳи кабира қилганлар, динда бидъат чиқарганлар ва ҳадисдаги хизмати учун ҳақ олганлар ҳам киради. Муруватсизлик ва бепарволик эса, кўча-кўйда таом емоқ, кўп ҳазил қилмоқ, беодоб кишиларга ҳамсуҳбат бўлмоқ каби нарсалар киради.
Ривоятда келишича, Имом Бухорий, бир кишида, ҳадис борлигини эшитиб узоқ йўл юриб, уни топиб борганлар. Қарасалар, у киши қочиб кетган ҳайвонни тутиб олиш учун кийимини этагини кўтариб, ҳайвонга унда ем бор қилиб кўрсатиб турган экан. Имом Бухорий «ҳайвонни алдашга журъат қилган одамдан ҳадис қабул қилиб бўлмайди», деб ортларига қайтган эканлар.

II – Ровйининг ҳадиси қабул бўлиши учун у зобтли бўлиши лозим.
«Зобт» сўзи луғатда бир нарсани маҳкам ушлаб қолишни ифода этади. Уламолар истилоҳида эса: «Ровий ўзи ривоят қилган ҳадисни ғоят маҳкам ушлаши лозим». Бу эса, икки йўл билан ҳосил бўлади.
Биринчиси: хоҳлаган вақтда ҳадисни аниқ ва равшан, бир хилда айтиб бера олиши керак.
Иккинчиси: Ҳадисни турли камчиликлардан сақлаган бўлиши керак.
Агар ровий бир оз эҳтиётсизликка, бепарволикка йўл қўйган бўлса ривояти қабул қилинмайди. Шунингдек, эътимодли, тузатилган аслга суяниб ривоят қилаётган бўлса ҳам ривояти тарк этилади. Айтган гаплари бошқа ишончли ровийлар гапига, тўғри келмаса ҳам қабул қилинмайди. Баъзи вақт ва маконларда бўшроқ гапирган бўлса ҳам қабул қилинмайди. Баъзи устозидан кучли, баъзисида кучсиз ривоят қилган бўлса ҳам қабул қилинмайди.
Бир нарсани ёд олишда, ёд олган нарсасини ўзгартирмай олиб юришда мусулмонларга тенг келадиган умматни дунё кўрмаган. Бу уммат Аллоҳни каломи Қуръони Каримни ўн беш асрдан буён бир нуқтасини ҳам ўзгартирмай ёд олиб, сақлаб келмоқда. Қорилар ҳузурида ҳозиргача ўзи мусҳаф юзидан Қуръонни ўқиб олган одам қори ҳисобланмайди, аксинча устознинг оғзидан эшитиб, унга ўзига ўхшатиб ўқиб бериб, изн олган шахсгина қори ҳисобланади.
Ҳадислар ҳам ҳозиргача ёд олиб келинмоқда. Умуман Ислом шариатининг ҳамма асллари ёд олиш орқали қабул қилинган. Ҳамма нарсада асосий эътибор ёд олишга қаратилган. Ҳатто баъзи ёзишни биладиган кишилар айрим нарсаларни ёзсалар ҳам ёд олиш учун ёзганлар. Ёд олиб бўлган нарсаларини ўчириб ташлаганлар. Аллоҳ таоло ўзининг охирги динига ёзишга эмас, ёд олишга суянган халқни, ана шунга одатланган пайғамбарни ихтиёр қилиши ҳам бежиз эмас.
Тарих китобларида ва илмий ривоятларда муҳаддисларнинг ёд олиш қобилиятлари ҳақида нодир маълумотлар жуда ҳам кўп. Халифа Ҳишом ибн Абдул Малик Имом Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан ўз болаларидан бирига бирор нарса имло қилиб беришни илтимос қилибди. Имом аз-Зуҳрий болага тўрт юз ҳадис имло қилибди. Сўнгра ташқарига чиқиб: «Эй ҳадис эгалари!» деб чақирибдилар. Тўпланган одамларга айнан ўша тўрт юз ҳадисни айтиб берибдилар. Бир ойдан кейин Ҳишом ибн Абдул Малик Имом аз-Зуҳрийни кўриб, «Ҳалиги китоб йўқолиб қолди. Яна бошқатдан имло қилиб берсангиз»-деганида, Имом аз-Зуҳрий ўша тўрт юз ҳадисни бошидан охиригача санадлари билан айтиб берган. Кейин биринчи китоб билан солиштириб кўриб бирор ҳарф ҳам алмашмаганини кўришган.
Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазийнинг шогирдларидан Абу Довуд ал-Ҳаффоф: «Исҳоқ бизларга ёддан ўн бир минг ҳадисни имло қилиб берди. Сўнгра ёзган китобидан ўқиб солиштириб чиқиб, бирор ҳарф ортиқ ёки кам эмаслигини аниқладик»-деган.
Имом Бухорийнинг мирзалари Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтадики, Ҳошим ибн Исмоил ва унинг шеригидан қуйидагиларни эшитдим: «Бухорий болалик чоғида биз билан дарсга қатнашар эди. Бир неча кунлар ўтиб кетса ҳам ҳеч нарса ёзмас эди. Биз унга бу ҳақда гапирган эдик. У: «Икковингиз менга жуда кўп гапирдингиз. Ёзган нарсаларингизни кўрсатингчи»-деди. Биз ёзган нарсаларимизни олиб келувдик, ўн беш мингдан ортиқ ҳадис чиқди. Ўша ҳадисларнинг ҳаммасини у бизга ёддан ўқиб берди. Ҳаттоки, баъзи хатоларимизни унинг ёдлаб олган нарсасига эътимод қилиб тузатдик. Шунда у: «Сизлар мени беҳудага келиб, кунларини зое қилмоқда, деб ўйловдингизми?»-деди. Ана ўшанда биз унинг олдига биров туша олмаслигини билган эдик».
Шундоқ бўлса ҳам, муҳаддис ҳужжат учун ҳар бир ровийни яхшилаб ўрганиб чиқади. Имом Бухорийга қайтадиган бўлсак у киши ўз шайхлари ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн Зубайрни ўрганиб, ишончли ровий эканига қаноат ҳосил қилганларидан кейин, ал-Ҳумайдийнинг шайхи Суфённи ўрганишга киришадилар. Суфёнда ҳам ҳадиси қабул бўлиши учун зарур ҳамма шартларни топганларидан кейин икковлари қаерда, қачон, қандоқ учрашганлари ҳақида ҳужжат ва далил ахтарадилар. У ҳам собит бўлганидан кейингина учинчи ровийни ўрганишга киришадилар. Шундоқ қилиб ҳар бир ҳадисни неча киши ривоят қилган бўлса ҳаммасини қабул қилса бўлар экан, деган хулосага келинади.
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, муҳаддисларнинг ушбу ишлари, инсоний илмларга асос бўлди. Чунки, улар ҳадис ривоятига мансуб ўн минглаб одамларнинг таржимаи ҳолларини, омонатли, ишончли, адолатли, забтли, тақволи, зеҳн ҳолатлари қандоқ бўлгани каби ҳолларини ёки аксинча ёлғончи, ғофил, унитувчи, фосиқми йўқлигини ўрганиб чиқиш орқали бу илмни йўлга қўйдилар. Унинг қонун-қоидаларини ишлаб чиқдилар. Бу ҳақда жилд-жилд китоблар ёздилар. Ровийларнинг аҳволи ҳақидаги китобларни, китоби «Журҳ ва таъдил» яъни, «Ровийларнинг жароҳатлилиги ёки адолатлилиги ҳақидаги китоблар» деб номланади. Бу бутун бошли бир илмдир. Инсоният тарихида ҳеч ким бу ишни қилган эмас, қила олмаяпти ҳам, қила олмайди ҳам.
Яна Имом Бухорийга қайтамиз. У киши юқоридаги ҳадис санадидаги олти ровийни, уларнинг бир-бирларидан ҳадисни қандоқ олганларини ўрганиб бўлиб, булардан ҳадис олса бўлар экан, деган хулосага келдилар. Аммо ҳадисни олишга шошилмадилар. Энди, улар ривоят қилган ҳадиснинг матнини текширишга бошлайдилар. Бу ҳам алоҳида катта бир илм. Бу илм бўйича ҳам қанчадан-қанча китоблар ёзилган ва ёзилмоқда. Биз эса имкониятга қараб қисқа ишора қилиб ўтамиз.
Муҳаддис аввало матннинг лафзига ва маъносига қараб айнан шу лафз ва маъно Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан содир бўлган бўлиши мумкинми?-деган саволга жавоб ахтаради. Бунинг эса ўзига яраша аломатлари бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳаловат, гўзаллик, пурмаънолик жиҳатидан Қуръондан кейинги иккинчи ўринда туради. Ўн минглаб ҳадисларни ёд билган муҳаддис матнга назар солиши билан унинг илк лафзлариданоқ нима эканини билиб олади. Шу билан бирга Қуръони Каримга ҳам солиштириб кўради. Чунки, ҳадис ҳеч қачон Қуръонга зид бўлмайди. Яна шунга ўхшаш кўпгина аломатлардан бирор нуқсон ҳадиснинг матнида топилса уни сохталиги билиниб, тарк қилинади.
Шу билан бирга муҳаддис сохталик аломати бўлмаган ҳадисни ҳам дарров қабул қилавермайди. Бошқа томонларини ҳам текшириб кўради. Мисол учун, айнан шу ҳадисни бошқалар ривоят қилганми-йўқми? Агар ривоят қилган бўлса бир-бирига мос тушадими? Агар мос келмаса ва бунда бошқа ровий кучли бўлса, унга хилоф қилган ровийнинг ҳадиси олинмайди. Баъзида бир ривоятда иккинчисида йўқ сўзлар, ортиқча маъно бўлиши мумкин, бу ҳам текшириб чиқилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари орасига ровийнинг тушунтириш гаплари киритилганми, йўқми? Шунга ўхшаш кўпгина саволларга жавоб олингандан кейин ва матннинг ҳам саломат эканига ишонч ҳосил қилингандагина, муҳаддис уни қабул этишга қарор қилади.
Яна кўпинча Имом Бухорий ғусл қилиб икки ракъат намоз ўқиб, уйқуга кетганлар. Тушларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб «ушбу ҳадис мендан» десалар, туриб китобларига ёзганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz