«Муҳаббат» сўзи арабча «ҳабба» феълидан олинган. Луғатшунос олимларнинг таъкидлашларича, бу сўз аслида ниҳолнинг ёки майсанинг бир тарафга мойил бўлишига ишлатилган бўлиб, кейинчалик бировнинг бошқага майли ва талпинишининг асоси бўлган туйғуга қўлланилган. Туркийшунос олимларнинг сўзларига кўра, туркча «севги» сўзи ҳам келиб чиқиш ва қўлланиш жиҳатидан «муҳаббат» сўзи билан бир хил, айни у босган жараённи босиб ўтган. Афсуски, ҳозир кўпчилик севги сўзини фақат шаҳвоний майлга ишлатадиган бўлиб қолди. Муҳаббатни ҳар ким ҳар хил таърифлайди. Кимдир уни қилдек нозик ҳис деб тасвирласа, бошқа биров уни узилмас арқондек мустаҳкам туйғу деб тушунтиради. Уни яна кимдир ёлғон ҳиссиёт деб таърифласа, бошқаси ҳаётнинг мазмуни деб уқтиради. Бу тавсифларнинг ҳар бирининг ўз ўрни бор, албатта. Аслини олганда, муҳаббатнинг турлари ва даражалари бор. Шунингдек, муҳаббатнинг сабаб ва омиллари, шарт ва белгилари ҳам бўлади. Бироқ, ҳамма муҳаббат ҳам чин бўлавермайди. «Чин муҳаббат – маҳбубни нима учун севишини ҳам билмайдиган даражада севишдир», дейди уламолар. Бировни моддий манфаат етгани учун, яхшилик қилгани ёки ундаги гўзалликлар учунгина севиш чин севги бўлмайди, чунки бундай муҳаббат мазкур сабаблар йўқолган заҳоти йўққа чиқади. Ҳақиқий севги бу каби ташқи омилларга таянмаган бўлади. Ҳаётда ана шундай «муҳаббат»лар ҳам бор. Мўмин банда Аллоҳни севади, шу муҳаббат йўлида ҳар нарсага тайёр бўлади. Бу севги бир биридан оғир синовлар остида ҳам сўнмайди, аксинча, кучайиши мумкин. Аммо суриштириб кўрсангиз, банда ўзининг ушбу муҳаббати боисини изоҳлаб бера олмайди. Мусулмон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни севади, у зотнинг қабрларини бўлса ҳам зиёрат қилай дея талпинади. Аммо у бу севгининг сабабини ҳар доим ҳам тушунтириб бера олмайди. Инсон ота онасини севади. Бу муҳаббат учун уларнинг ота она эканларини билиш кифоя қилади, улардан ҳеч қандай марҳамат кўрмаган бўлса ҳам отам, онам деб уларни яхши кўради. Бу муҳаббат уларнинг анча мунча оғирликларини кўтаришга ҳам кўмак беради. Одам боласи борки, фарзандини яхши кўради. У хунук бўлса ҳам, ёмон бўлса ҳам, ундан ҳеч қандай яхшилик кўрмаса ҳам, ҳатто ногирон бўлса ҳам уни севади. Ундан умр бўйи азият чекса да, барибир болам деб эркалатгиси келаверади. Бу муҳаббатлар инсоннинг суяк суягига сингган, гўшту ёғига аралашиб кетган севгилардир. Инсонийлигидан айрилмаган одам борки, бу сўзлар унга тааллуқлидир. Уларни ҳеч ким инсониятдан буткул суғириб ташлай олмайди. Ана шундай фитрий муҳаббатлардан бири – инсоннинг ўзи туғилиб ўсган, ўзи яшаётган ватанига бўлган муҳаббатидир. Ватанни нима учун севамиз? Ўзимга ушбу саволни бериб, хаёлан унга жавоб топишга ҳаракат қилдим: Мен Ватанимни нима учун севаман? Гўзал ва виқорли тоғлари, шарқироқ жилғаларга бой водийлари учунми? Унда саҳро аҳли теп-текис қумликлардан иборат масканларини нега севадилар? Бетакрор манзаралари, сўлим боғлари, анҳору сойлари учунми? Ундай бўлса, боғ роғу, сой ва анҳорлардан холи чўлу биёбонларда улғайган адиблар нега ватанларини куйлаб, беназир шеърлар битишган? Тўрт фасл ўз ўрнида келиб, об ҳавоси мўътадил, серқуёш бўлгани учунмикин? Ёки шириндан шакар мевалари, шифобахш ўсимликлари ю, зилол булоқлари боисми? Ундай бўлса, африкаликлар ёки шимолий қутб яқинида яшовчилар нима учун ўз юртларини ташлаб, бошқа юртларга кўчиб кетишмайди? Бўлмаса, инсон ватанни моддий жиҳатдан фаровон экани ёки муҳташам бинолари учун яхши кўрадими? Агар шундай бўлганида, моддий жиҳатдан ўз мамлакатидан кўра тараққий этган ўлкаларда муҳожиратда яшаётган инсонлар ўз киндик қони тўкилган юртни асло қўмсамас эди. Бу рўйхатни яна анча давом эттириш мумкин. Лекин хулоса бир – ватан муҳаббати ташқи сабаблар туфайли эмас. Ҳақиқатан ҳам, ватанга бўлган севги ташқи гўзалликлар, қандайдир қулайликлар ёки моддий омилларга боғлиқ бўлмас экан. Уни буларсиз ҳам севаверасиз, гоҳида уни нега севишингизни ҳам изоҳлаб бера олмайсиз, аммо уни барибир севаверасиз, уни асрагингиз, улуғлагингиз келаверади. Унинг сизга она ватан экани кифоя. Эҳтимол, шунинг учун ҳам ватанни онага ташбеҳ қилинса керак. Ҳа, мана шу севги чин севгидир. Хулоса қилиб айтганда, ватан севгиси инсоннинг табиатига сингдирилган, фитратида бор хислатлардандир. Аммо инсон фитратидаги бошқа хислатлар каби ватан севгиси ҳам тарбияга, асраб авайлашга муҳтож. Акс ҳолда, ички ва ташқи омиллар сабабли бу туйғу бузилиши, сўниши, издан чиқиши мумкин. Соф табиат дини бўлмиш Исломда ватан муҳаббати ардоқланади, тарғиб қилинади, мақталади. Ватанга хизмат қилиш, уни душманлардан асраш фарз ҳисобланади ҳамда унга хиёнат қилиш энг оғир гуноҳлардан саналади ва қаттиқ жазоланади. Бу диннинг Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ватанни севишда, унга садоқат кўрсатишда ҳам бутун умматга гўзал ўрнак эдилар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан чиқиб кетаётиб, «Агар қавмим мени ҳайдаб чиқармаганида, сендан бошқа жойда яшамасдим», деганлар. Кейинчалик, Мадинани ватан тутгач, «Аллоҳим! Бизга Маккани қандай севимли қилган бўлсанг, Мадинани ҳам шундай, балки ундан да севимли қилгин!» деб дуо қиладиган бўлдилар. У зот: «Кимнинг сафардаги иши битса, тезда уйига қайтсин», дердилар ва ўзлари ҳам сафардан қайтишда Мадина шаҳри кўзга ташланиши билан унга талпиниб, уловларини тезлатардилар. У зот ўзлари Мадинада бўлганларида ҳам Маккани соғинардилар. Бу маънода жуда кўп маълумотлар бор ва уларни бугун аҳли илмларимизнинг асарларидан ўқиб, эшитиб турибмиз. Набавий тарбияни олган саҳобаи киромлар бу мавзуда ҳам Расулларига эргашган эдилар. Улар ватан ҳимояси учун жон фидо қилишга ҳамиша тайёр эдилар, ватанни куйлаб шеърлар айтишар эди. Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган пайтларда Абу Бакр ва Билол розияллоҳу анҳумони қаттиқ иситма тутди. Икковининг олдига кириб, «Отажон, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Эй Билол, ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз?» дедим. Абу Бакр иситма тутганда шундай дер эди: «Киши ўз уйида тонг оттираркан бемалол, беғам, Ўлим унга яқин тургай пойабзал ипларидан ҳам». Билол эса иситмаси тарқаганда шундай дерди: «Эвоҳ, тунарманми водийда бир кеч, Теграмда барқ уриб изхиру жалил? Мижанна сувидан ичарманми бот? Кўзимга тушарму Шомаю Тафил?» Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб, бу ҳақда у зотга айтган эдим, у зот: «Аллоҳим! Маккани қандай севсак, Мадинани ҳам бизга шундай ёки ундан-да севикли қил! Аллоҳим, уни Ўзинг сақла! Бизлар учун унинг муддига ва соъига баракот бер!» дедилар». Жалил – пояси майин, хушбўй ўсимлик бўлиб, Макка томонларда кўп ўсган. Ўша пайтларда уйларнинг туйнугини тўсиш учун ишлатилган. Мижанна – қадимги Макка шаҳридан тахминан бир барид (тахминан 55,44 км) масофада, Укоз бозори яқинида жойлашган сув ҳавзасининг номи. У ерда шу ном билан аталган бозор ҳам бўлган. Шома ва Тафил – Маккаи Мукаррамадан ўттиз мил (55,5 км) узоқликда жойлашган, Мижанна яқинидаги тоғлар. Ҳазрати Билол розияллоҳу анҳу мазкур байтларни ватаннинг – Макканинг шавқида айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг дин учун ҳижрат қилиб, ватан соғинчида жафо чекаётганларини эшитиб, иккинчи ватан – Мадинани ҳам ўшандай суюкли қилишини Аллоҳдан сўраб дуо қилганлар. Исломда ватанга бўлган муҳаббат бошқа туйғулар қатори меъёрга ҳам солиб турилади. Ватан учун деган даъво билан миллатчилик қилиб кимларнидир камситиш, зулм қилиш, низо чиқариш қораланади. Барча ер Аллоҳнинг мулки экани, инсонлар бир ота онадан тарқаган ака укалар экани тез-тез уқтириб турилади. Афсуски, одамлар ичида ватанни севиш ҳақида гапирсангиз, шу мавзуда сўз очсангиз, ғаши келиб, юзи буришадиганлар ҳам бор. Улар буни қандайдир паст кетиш, ялтоқланишдек фаҳмлашади чоғи. Балки бунга ватан муҳаббати ҳақида бонг уриб, аслида эса уни қалбида ардоқламайдиган кимсаларнинг юзаки гаплари ва ишлари сабаб бўлгандир. Нима бўлганда ҳам, биз ҳар бир нарсани ўз ҳолича кўра билишмиз лозим. Ботилни деб ҳақдан юз ўгириш, ёлғонни деб ростни инкор қилиш ақлдан эмас. Шунга кўра, ватанга муҳаббат қилиш борасида ҳам адолатли, мўътадил бўлиш керак. Зотан, ватан муҳаббати инсоний хусусиятдир ва уни динимиз қўллаб-қувватлайди. Ўрни келганда шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ватан севгиси фақат у ҳақда куйлаш, маддоҳлик қилиш билан эмас, балки унга садоқат кўрсатиш, унга чин дилдан хизмат қилиш билан тугал бўлади ва бу ҳақиқий севгининг нишонаси, чўққиси ҳисобланади. Зеро, ватанни оғиз тўлдириб мақтаб туриб, унга хиёнат қилиш ҳам мумкин. Бунга тарихда мисоллар кўп. Қодирийни оттирганлар ҳам ўзларини халқпарвар, ватанпарвар санашмасмиди? Душманга қўл бериб, минглаб, ўн минглаб олиму алломаларимизни, юртимизнинг забардаст ўғлонларини халқ душмани деган тамға билан қатағон қилган ватанфуруш манқуртлар ҳам ўзларини ватанпарвар қилиб кўрсатишмасмиди? Халқимизнинг энг сара гулларини яксон қилган бузғунчилар ўзларини тараққийпарвар, бунёдкор билишар эди. Бугунги кунда Ватан севгиси ҳақида гапириш, куйлаш жуда урф бўлди. Шу маънодаги ишлар ҳар қачонгидан ҳам авжига чиққан, десак, муболағаси йўқ. Бу яхши, албатта, чунки олдинда ҳам таъкидлаганимиздек, бу севгини сайқаллаб, янгилаб туриш лозим. Аммо бундай ифодаларнинг масъулияти ҳам борлигини унутмаслик даркор, ватан севгисини тирикчилик, шахсий манфаат манбаи ҳам қилиб олиш ярамайди. Ватанга муҳаббат ҳақида гапирар эканмиз, аввало бу муҳаббат ўзимизда қай даражада эканини бир сарҳисоб қилиб олишимиз керак. Умуман олганда, киши бирор шахс ёки нарсага бўлган муҳаббатини имтиҳон қилиб, баҳолаши мумкин. Бунинг учун чин севгининг шартлари ва белгиларини ўзингизда бир таҳлил қилиб кўришингиз кифоя. Ҳақиқий муҳаббатнинг шартлари ва аломатларидан айримларини эслаб ўтайлик: 1. Сиз маҳбубингизни кўп эслайсиз, уни кўп тилга оласиз, ҳар вақт ва ҳар жойда уни гапиргингиз келади. Боридаю йўғида унинг ҳаққига яхшилик тилаб, дуо қиласиз; 2. У ҳақдаги мақтовлар ёқади, камситишлар малол келади; 3. У билан ўзингизни бахтиёр ҳис этасиз; 4. Унинг қаршисида ўзингизни паст, хоксор тутасиз; 5. Унга тўймайсиз; 6. Уни бегона кўзлардан қизғанасиз, уни рашк қиласиз; 7. Узоқлашганда уни соғинасиз; 8. Озорларидан малолланмайсиз; 9. Унга оид нарсаларни, уни эслатадиган ашёларни қадрлайсиз, асраб авайлайсиз; 10. Унинг манфаатини ўз манфаатингиздан устун қўясиз; 11. Унинг учун ўз ҳаққингиздан кеча оласиз; 12. Унга фақат яхшилик қиласиз, ёмонлик қила олмайсиз; 13. Ундан фойдаланиш эмас, унга фойда етказиш илинжда бўласиз; 14. У билан фақат самимий муносабатда бўласиз, қалбан муомала қиласиз, унга нисбатан юзакилик, сохталик қила олмайсиз; 15. Унга дўст бўлганларни яхши кўриб, унга душманлик қилганларни ёмон кўрасиз; 16. Унга дард етса, изтироб чекасиз, саломат бўлса, хотиржам бўлиб, ҳаловат топасиз. 17. Унинг хурсандлигини кўрсангиз, беихтиёр шодланиб кетасиз, хомуш кўрсангиз, маҳзун бўласиз.
Ҳа, ватанни севиш ана шундай тугал бўлиши лозим. Ҳар ким ўз ватанига бўлган севгисини мана шу кўзгу орқали холис таҳлил қилиб олса бўлаверади. Ҳеч қайси ақлли одам ўз ватанини ёмон кўраман, демайди, ҳамма ҳам ватанимни севаман, дейди. Аммо бу севги шунчаки даъводан иборат бўлиши керак эмас, чунки бу буюк масъулиятдир. Демак, Ватанини севган инсон уни ҳамиша ёдида тутади, уни мақтайди, таҳқирламайди. Унга яхшилик тилаб дуо қилади. У билан ўзини бахтиёр ҳис этади. Унинг қаршисида ўзини хокисор тутади. Узоқлашганда уни соғинади, унга ҳеч қачон тўймайди. Уни қизғанади. Унинг рамзи бўлган, ўзлиги бўлган қадриятларни асраб авайлайди. Жуламдан, унинг тилини, бой маънавиятини, моддий ютуқларинини – барча барчасини қўз қорачиғидай эҳтиётлайди. Шу ватан фарзандларини – ўз ватандошларини севади, ардоқлайди. Унинг манфаати олдида ўзининг шахсий манфаатларига парво ҳам қилмайди. «Ватаним менга нима берди?» деб эмас, «Мен Ватанга нима бердим?» деб яшайди. Унга худди онасига қилган самимият билан садоқат кўрсатади. Ҳақиқий ватанпарварларни севади, худбин манқуртларни, ватанфурушларни ёмон кўради. Ҳамиша ватан дардида яшайди, у яшнаса, яшнайди, ютуқларидан кўзи кувнайди, ютқазувларидан оғринади, алам чекади. Унинг хуррамлигидан қувонади, тушкунлигига аза тутади. Ҳар бир шахс ватанга бўлган муҳаббатини тафтиш қилиб, тарбиялаб, янгилаб, сайқаллаб туриши лозим. Шу билан бирга, ҳар ким ўз ватандошига ватанни суйдиришга ҳаракат қилиши керак. Хусусан, ватанга эгалик қилиб турган кишилар халқнинг ватанга бўлган муҳаббатини уйғотиш, ўстириш пайидан бўлишлари, ундан бездирмасликлари лозим. Аллоҳим! Жонажон юртимизни ҳар хил бало офатлардан Ўзинг асра! Унинг равнақини кўриб кўзларимиз қувончга тўлиб юрсин! Унинг ҳам маънавий, ҳам моддий тараққиётини насиб қил! Бу йўлда холис хизматда бўлганларни Ўзинг қўлла! Унга ёмонлик истаганларнинг жазосини бер! Омин, омин!
|