Қурбонлик ҳикматлари Принтер учун
23.09.2015 й.
Қурбонлик қилиш ибодатида кўплаб ҳикматлар бўлиб, уларнинг айримлари қуйидагилардир:
1.    Қурбонлик қилиш банда учун ўзига берилган ҳаёт неъмати ва бошқа кўплаб сон-саноқсиз неъматларга шукроналик ифодаси бўлади;
2.    Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломларнинг Аллоҳ таолонинг буйруқларига бўйин эгишдаги сабру-тоқатлари ва фидокорликларини ҳамда Аллоҳ йўлидаги фидокорлик қандай тақдирланишини ёдга солади;
3.    Қалбдаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни нафсу ҳаво истакларидан муқаддам қўйишга ўргатади;  
4.    Гуноҳларга каффорот бўлади;
5.    Аҳли оиласига ва бошқаларга кенгчилик қилишга сабаб бўлади.
Қурбонлик сўйиш шукроналик белгисидир
Қурбонлик сўйиш яъни, бир жоноворнинг қонини оқизиш қандай қилиб неъматларга шукроналикни ифодалайди, деган саволга уламолар шундай жавоб берганлар: маълумки банда ўзига берилган неъматларнинг шукрини келтириб юриши лозим. Неъматларга шукр қилиш эса шу неъматларни ато қилувчи Зотни улуғлаш ва Унинг кўрсатмаларига мувофиқ сарфлаш билан бўлади. Шунга кўра қурбонлик сўйиш икки жиҳатдан неъматларга шукроналик ифодаси ҳисобланади:
1.    Қурбонлик сўйиш туфайли аҳли оиласига, қавму-қариндошу, қўни-қўшниларга серобчилик қилинади, камбағал бева-бечораларга садақалар қилинади. Бу ишлар эса банда учун Роббисининг берган неъматларидан шоду хурсанд бўлиб яшаётганини изҳор қилиш ҳисобланади.  Зеро Аллоҳ таоло:
وَأَمَّا بِنِعْمَةِ رَبِّكَ فَحَدِّثْ
“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” , деб буюрган. Қурбонлик қилиш туфайли банда ўзига берилган неъматларни “сўзлаётган” бўлади. Шунинг учун қурбонликка айбу нуқсонлардан саломат бўлган энг яхши ҳайвон танланади.
2.    Қурбонлик сўйиш Аллоҳ таолонинг берган хабарини тасдиқлаш ҳисобланади. Яъни, Аллоҳ таоло  чорва ҳайвонларини инсонлар манфаатланишлари учун яратган ва уларни сўйиб тановул қилишларига рухсат берган:
  وَمِنَ الْأَنْعَامِ حَمُولَةً وَفَرْشًا كُلُوا مِمَّا رَزَقَكُمُ اللَّهُ
Ва чорвалардан ҳаммоларини ва (сўйгани) ерга ётқизиладиганларини пайдо қилди. Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган нарсалардан енглар ...
Демак, қурбонлик қилувчи мўмин Роббиси унга ризқ қилиб берган нарсани шукроналик билан тановул қилаётган ва Роббисининг берган хабарини амали билан тасдиқлаётган бўлади.
Шунинг учун қурбонлик қилувчи мўмин,  ҳайвонни бўғизлаб сўйиб ташлайдиган “шафқатсиз” киши эмас, балки ўзини ҳам, шу ҳайвонни ҳам яратган, ҳамда бу жониворни ўзига ризқ қилиб берган Зотнинг хабарини тасдиқлаётган, жоноворларга азият беришдан қатъий сақланадиган, ҳатто сўйиладиган ҳайвоннинг ёнида пичоқ қайрашни ҳам жоиз деб билмайдиган энг меҳр шафқатли банда ҳисобланади.  
Яқинлашиб келаётган қурбон ҳайти байрами барчаларимизга муборак бўлсин.
Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога салавот ва саломлар бўлсин.

Абдулқодир Абдур Раҳим

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz