ЭР – ХОТИНЛИК ҲУҚУҚЛАРИ Принтер учун
15.05.2007 й.

Исломда эр ва хотинлик алоқалари энг муқаддас инсоний алоқа эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Аммо ўша алоқалар қай тарзда йўлга қўйилиши кераклигини ҳам билишимиз ва мазкур билимга амал қилишмиз лозим.

Эр хотиннинг ўзаро муносабатлари қандоқ бўлиши керак? Эр киму, унинг қандоқ мажбуриятлари бор? Хотин киму, унинг қандоқ мажбуриятлари бор? Икковларининг қандоқ оилавий ҳуқуқлари бор? Бир-бирларига муносабатлари қай тарзда бўлиши керак?

Шариатимизда ушбу ва шунга ўхшаш саволларнинг барчасига жавоб берилган. Қуръони Карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида бу масала атрофлича ёритиб берилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар.
Ҳамма ҳужжат ва далилларни тўплаб ўрганган уламоларимиз эрнинг хотиндаги ҳақларини қуйидагича баён қилганлар;

1. Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим.
2. Аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аёл киши учун эри борида унинг изнисиз рўза тутмоғи ва унинг изнисиз уйига бировни киритмоғи ҳалол эмас», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Аёл киши ҳузурида эри бор вақтда унинг рухсатисиз нафл рўза тутмаслиги лозим. Фарз рўза тутиш учун ҳеч кимнинг изни керак эмас. Шунингдек, эр ғойиблигида нафл рўза тутса ҳам бўлаверади.
Аммо эр борлигида аёл фақатгина унинг изни ила нафл рўза тутмоғи керак. Чунки, ҳар қачон эрининг у билан бирга бўлгиси келиб қолиши мумкин. Нафл рўза эса бу ишга тўсиқ бўлади.
Эрнинг изнисиз аёл нафл рўза тутиб олган бўлса, эр бундан бехабар аёли билан бирга бўлиш истагини қилса орада келишмовчилик, уруш-жанжал чиқиши мумкин. Бу нарсани бир неча марта такрорланиши эса ёмон оқибатларга олиб бориши турган гап.
Исломда турмуш ўртоғининг шаръий ҳақи нафл ибодатдан устун қўйилмоқда! Бу ҳақиқатни мусулмонлар жуда яхши тушуниб етмоқлари ва унга оғишмай амал қилмоқлари лозим.
Иккинчи ҳақ аёл киши эрининг рухсатисиз бегона одамни уйига киритмаслигидир. Бу ҳам эрнинг ҳақларидан бири. Чунки, эри йўғида унинг уйига кирган одам туфайли оилага катта зарарлар етиши мумкин. Ўша одам ёмон одам бўлса, ёлғиз аёлга ёмон кўз билан қараши ёки ҳаракат қилиши мумкин. Оила сирларини ташқарига олиб чиқиши мумкин. Ёки мутлақо эрига ёқмайдиган, унга душман одам бўлиши мумкин. Ўзини билган ҳар қандай муассаса ва ташкилот ҳам бошлиғининг изнисиз ҳар кимни ўзининг муҳтарам жойларига киритавермайди. Оиланинг энг муҳтарам жойи бўлмиш уйга оила бошлиғининг изнисиз тўғри келган одамни киритавериш уни ҳурматсиз қилиш ҳам бўлади.

3. Аёл киши эри хоҳлаган вақтда шаръий узр бўлмаса, унинг жинсий эҳтиёжини қондириши керак.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр ўз хотинини тўшагига чақирса-ю, у келишдан бош тортса, уни фаришталар тонг отгунча лаънатлаб чиқурлар», дедилар». Учовлари ривоят қилишган.
Шаръий узр дейилганда, фарз рўза тутган, ҳайз ёки нифос кўрган ҳолатга ўхшаш динда жинсий алоқа ман қилинган ҳолатлар кўзда тутилади. Зотан эру хотин бўлиб оила қуриб яшашнинг имтиёзларидан бири ҳам шу. Эрдир, аёлдир хоҳлаган вақтида ўзининг жуфти ҳалоли билан, оила доирасида, шаръий никоҳда, ҳалол-пок йўл билан жинсий эҳтиёжларини қондириш имконидир.
Аёл киши эри уни тўшакка чақирган пайтда бош тортса ана ўша асосий мақсадларидан бирини бажаришдан бош тортган бўлади. Бу иш аста-секин соғлиқ, меҳр-муҳаббат, ижтимоий ва бошқа тарафлардан зарарлар етишига, бора-бора оилада келишмовсилик келтириб чиқариб, ҳатто унинг бузилишига олиб бориши ҳам мумкин.
Шунинг учун ҳам бу ишни Ислом шариатида ўта муҳим аҳамиятга эга иш сифатида баҳоланган. Бу маъно ҳозирги замонда турли инсонга хос илмлар ҳам тасдиқлади.

4. Хотиннинг эрга итоат қилмоғи.

Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ҳайрага бориб уларни Мирзабонга сажда қилаётганларини кўрдим. Ўзимча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ қилишга ҳақлироқлар, дедим.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб буни у зотга айтдим. Шунда у зот: «Айтгинчи, бир қабрнинг олдидан ўтсанг, унга сажда қилар эдингми?» дедилар.
«Йўқ», дедим.
«Ундоқ қилманглар! Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам, хотинларни эрларига сажда қилишларига амр қилган бўлур эдим. Аллоҳ уларга аёллари устидан берган ҳақнинг сабабидан», дедилар
». Абу Довуд, ал-Ҳоким ва Термизий ривоят қилишган.
Термизийнинг лафзида: «Агар бировнинг бировга сажда қилишга амр қилгудек бўлсам хотинни эрига сажда қилишга амр қилган бўлур эдим», дейилган.
Эр оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳланади, қут баракали бўлади.
Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига, бошқа кўплаб ноқулайликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг ҳар бир аъзоси яхшилаб тушуниб олмоғи керак.
Шу билан бирга Аллоҳга гуноҳ бўладиган ишларда эрга ҳам, ундан бошқага ҳам итоат қилииш йўқлиги умумий қоида эканини ҳам билиб қўйиш керак.

5. Аёл киши ўз эри ёмон кўрадиган кишиларни уйга киритмаслиги ва унинг тўшагига ўтказмаслиги керак.

Амр ибн ал-Аҳвас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Огоҳ бўлинглар! Албатта, сизнинг хотинларингизда ҳақингиз бордир ва хотинларингизни сизда ҳақлари бордир. Сизнинг хотинингиздаги ҳақингиздан; тўшагингизни сиз ёқтирмаган кишиларга бостирмасликлари ва сиз ёқтирмайдиган кишилар уйингизга киришига изн бермасликлари. Огоҳ бўлинглар! Уларнинг сиздаги ҳақларидан уларнинг кийимларини ва таомларини яхшилаб қўйишингиздир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Бу ишни алоҳида таъкидланиши одатда арзимаган бўлиб кўринган нарса кўпинча оилада уруш-жанжаллар келиб чиқишига, оиланинг бузилиб кетишига сабаб бўлади келганидандир.
Бировнинг ёмон кўриб қолиш кўнгил иши. Эркак одам ўзи ёмон кўрган одамга унинг жуфти ҳалоли, ётиқдоши томонидан илтифот кўрсатилишини ҳеч кўнглидан чиқара олмаслиги турган гап.
Шунинг учун ҳам Ислом шариати аёлларга бу масалани алоҳида таъкидлаб уқтиради. Бу нарсанинг эрнинг энг муҳим ҳақларидан бири, деб тушунтиради.

6. Эрга нисбатан барча ишларда яхши муомалада бўлмоқ.

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин бу дунёда эрига озор берса, албатта, унинг ҳури ийндан бўлган хотини «Унга озор берма! Аллоҳ ҳалок қилсин сени! У сенинг олдингда келгинди бўлиб турибди, холос. Яқинда сени тарк этиб биз томон жўнайди», дейдилар», деганлар». Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шариф ҳам аёл киши ўз эри билан доимо яхши муомалада бўлиши кераклигига, аёлдан эри озор тортмаслик ҳақига эга эканлигига далилдир. Ушбу ҳақни яхшилаб тушуниб олиш ва уни поймол қилмасликка ҳаракат этмоқ ҳам жуда зарурдир.

7. Эр хотинига одоб бериш ҳақига эга.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Бош кўтаришидан хавф қилсангиз у(аёл)ларга ваъз қилинг, ётоқларда ҳижрон қилинг ва уринг. Бас, агар улар сизга итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир», деган (34- оят).
Ислом эру хотин орасида яхшилик ила ширин муомалали ҳаёт бўлиши учун барча чоралар кўрганини юқорида ўрганиб чиқдик. Бунинг учун икки томонга ҳам насиҳат қилгани, маъруф йўли билан яшашни ҳам эрнинг, ҳам хотиннинг ҳақларидан қилганини ўргандик.
Шунингдек, оила номли жамиятга Ислом тартиби бўйича эр бошлиқ қилинганини ҳам ўргандик. Албатта, бу раҳбарлик қаҳр, жабр ва зулм ўтказиш учун берилган имконият эмас. Бу раҳбарлик масъулиятир. Масъулият бўлганда ҳам, улкан масъулиятдир. Ушбу масъулиятга биноан, эркак киши оиланинг, жумладан, аёлнинг ҳомийлигини, боқувчилигини, муҳофазасини адо этмоғи лозим.
Оила аъзолари эса, жумладан, аёл киши ҳам ўз бошлиқларига итоат қилмоқлари вожиб. Мўмина аёллар аслида шундоқ бўладилар. Уларни ушбу биз ўрганаётган ояти кариманинг бош қисмида, солиҳалар, итоаткорлар ва Аллоҳнинг ҳифзи - ҳимояси бўйича ғойиб (эр)ларнинг муҳофазасини қилувчилар, деб васф қилинган.
Лекин беш қўл ҳам баробар эмас. Баъзи аёллар, афсуски, солиҳалик мақомига лойиқ бўла олмайдилар. Ҳадларида турмай, эрларига қарши бош кўтариб, беодоблик, итоатсизлик қиладилар. Шундай ҳолларда нима қилиш керак? деган саволга ушбу биз ўрганаётган ояти карима жавобдир:
«Бош кўтаришидан хавф қилганингиз (аёл)ларга ваъз қилинг, ётоқларда ҳижрон қилинг ва уринг».
Демак, ундоқ беодоб, ҳаддида турмаган аёлларга таъсир кўрсатиш аста-секин олиб борилади ва даражама-даража чора кўриш йўлга қўйилади.
Итоатсизлик аломатлари кўриниб, эрни беҳурмат қила бошлаганида унга ваъз-насиҳат қилинади. Эр унга итоатсизлик яхши эмаслиги, ҳар ким ўз ҳаддини билгани яхшилиги, бир-бирларини тушуниб яшашлари лозимлигини оҳиста айтиб англатади. Одоб билан аёлга унинг хатоларини баён қилиб, уларни тузатиш йўлларини кўрсатади. Ушбу ваъз-насийҳат самара бериб, аёл ўзини ўнглаб олиб, муносабатлар изга тушиб кетса айни муддао. Агар ваъз-насиҳат фойда бермаса, хотиннинг итоатсизлиги, беодоблиги, эрига қарши бош кўтариши яна давом этаверса, иккинчи босқичдаги чора кўрилади.
Иккинчи босқичдаги чора эса, ётоқларда ҳижрон қилиш, бирга ётмай қўйишдан ибодардир. Албатта, ҳижрон ваъз-насиҳатдан кўра анча таъсирли чорадир. Чунки, бу масалада аёллар ўта ҳассос бўладилар. Эрларининг улар билан бирга ётмай, гаплашмай қўйгани, эътиборсизлик қилаётганини кўзларини каттароқ очишга мажбур этади. Бу чора инсофини йўқотмаган, ўзини таниган аёлларни дарҳол кўзларини очади ва хатоларини тузатишга ёрдам беради.
Ҳадисдаги тавсияга биноан хотинидан аразлаган эр жойини бошқа қилиб олганда, бошқа томонга ёки хонага чиқиб кетмасдан, бир хонанинг ичида ҳижрон қилиши зарур.
Агар иккинчи босқичдаги чора ҳам фойда бермаса, аёл инсофини буткул йўқотиб, итоатсизлик, исён ва эрни беҳурмат қилишда давом этаверса, яхшиликни қадрига етмаган шахс эканлиги маълум бўлади. Энди, унга нисбатан йўлга солишнинг учинчи ва энг таъсирли чорани қўллашга мажбур бўлинади. Бундоқ аёлни уришга тўғри келади.
Аммо, уриш деганда, қаттиқ калтаклаш, аъзоларини синдириш, жароҳатлаш, баданда из қолдириш даражасида бўлмайди. Ушбу ояти каримадаги хотинни уришга берилган изн фақат сиёсат учун, ўзини билмаган аёлларга таъсир ўтказиш учун, холос.
Уламоларимиз, бу оятдаги уришни, мисвок билан ёки кўрсаткич бармоқ билан туртиш, деб таъвийл қилганлар. Кўпчилик эса, берилган ушбу изндан фойдалангандан кўра, фойдаланмаган яхшироқ, деганлар.
Аёл кишининг аччиғи тез чиқадиган, таъсирчан, шошқалоқ бўлиши табиийдир. Сал нарсага эрига нисбатан итоатсизлик, беодоблик қилиб қўйиши ғариб эмас. Аммо, хотин хатодан кейин ўзига келиб, итоатга қайтса, эрга қарши бош кўтаришни йиғиштирса, уларга қарши чора кўришга ҳожат қолмайди. Шунинг учун ҳам ояти каримада:
«Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг», дейилмоқда.
Бу нарса оилани мустаҳкамлашга омил бўладиган ишдир. Бир-бирига нисбатан кечиримли бўлиш доимо яхшилик омилидир. Агар кимки бу кўрсатмаларга юрмаса, ўзидан кўраверади. Чунки,
«Албатта, Аллоҳ юксак мақомли ва буюк Зотдир».

8. Шофеъий, Моликий мазҳабларида ҳайз, нифос ва жунубликдан кейин ғусл қилиш ҳақи ҳам эрнинг хотиндаги ҳақларидандир.

Чунки, ҳайз ва нифосдан кейин ғусл қилмаса эр унга яқинлашиши мумкин эмас. Шунинг учун у хотинини ғусл қилишга мажбурлаш ҳақига эга. Жунуб аёл эса, тезроқ ғусл қилиб намоз ўқиши лозим.

9. Эр маҳри муъажжални адо қилган бўлса, хотинини ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақига эга.

Яъни, аввал беришга келишилган маҳрни хотинга бериш билан эрнинг уни ўзи билан сафарга олиб кетиш ҳақи ҳам собит бўлади.

Аёлнинг эрига нисбатан риоя қиладиган одоблари

1. Муслима аёл Аллоҳ таолога маъсият бўлмаган барча нарсада эрининг розилигини топишга ҳаракат қилади.
Умму Салама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир хотин ўлсаю, эри ундан рози бўлса, у жаннатга киради», дедилар». Термизий ва ал-Ҳоким ривоят қилишган.

2. Ҳаётдаги энг гўзал фазилат қаноатдир. Рисоладаги хотин ўзини бу фазилат билан зийнатламоғи даркор. Турли ҳою ҳавас, зеб-зийнат талаб қилиб, эрни қийин аҳволга солиш яхши эмас.
Авваллари момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олаймиз», дер эканлар.

3. Эрга ихлос билан хизмат қилиш ҳам аёлларнинг юксак одобларидан биридир.
Улуғ имомлардан бири Жаъфари Содиқ: «Битта солиҳа аёл ўз эрига етти кун хизмат қилса, Аллоҳ унинг қаршисидаги дўзахнинг етти эшигини ёпади ва жаннатнинг саккиз эшигини очади», деган эдилар.

4. Хотин оилада чиройли амалларга одатланмоғи лозим. Қуръон ўқиш, китоблар билан танишиб туриш, ахборотлардан хабардор бўлиш, ҳақиқатни ҳимоя қилиш шу жумладандир. Чунки оқила ва маърифатли аёл ҳамиша эъзозда, эътиборда бўлади.

5. Уйнинг содда, саранжом-саришта бўлиши ҳам асосан хотин кишига боғлиқ. Уйнинг зийнати, нақш-нигори аёлларда эмас, балки саришталигу, тотувлик ва меҳр-муҳаббатда эканлигини ҳеч қачон унутмаслик керак.

6. Хотин киши ўз эрининг виждонига айланиб, уни гуноҳ, ёмон ишлардан қайтаргани, савоб-яхши ишларга ундаб турганлиги маъқул.
Бундай хотинлар Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин банда Аллоҳга бўлган иймондан сўнг эришган энг яхши нарса солиҳа хотин бўлиб, унга қараса хурсанд қилади ва Аллоҳнинг амрини бажаришда ёрдам беради», деб мақтаган аёллар қаторига киради.

7. У ўз эрига енгил пайтида ҳам, оғир пайтида ҳам яқин киши, дардкаш, маслаҳатчи бўлади. Уни сабр-чидамга даъват қилади, тушкун кунларида кўнглини чўктирмай доимо олдинга интилишга ундайди.

8. Аёл ўз эрининг яқин ёрдамчиси, ишончли кишиси бўлиб, ҳамма нарсаларни тартибга солиб туради. Унинг қилмоқчи бўлган ишларига ҳурмат билан қараб, ваъда ва учрашувларини ўз вақтида ўтказишга ёрдам бериб турса, бу ҳолат доимо эрни уйга боғлайди. Чунки у бу ерда роҳат-фароғат топади, ҳузур кўради.

9. Аёл эр ҳузурида ширинсухан, хушмуомала бўлиш билан бирга тоза, чиройли кийинган, зийнатланган ҳолда бўлиш керак. Чунки бу нарса эр қалбига хурсандчилик, руҳига сокинлик киритади, қалбига қувонч бағишлайди

10. Рисоладаги хотин эрининг олдида ҳам, ортидан ҳам обрўйини, молини сақлайди, шарафини муҳофаза қилади.

ХОТИННИНГ ЭРДАГИ ҲАҚЛАРИ

Уламоларимиз хотиннинг эрдаги ҳақлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар.
Хотиннинг эрдаги ҳақлари икки қисмга бўлинади:

1. Молявий ҳуқуқлар
2. Муомалавий ҳуқуқлар.

Молявий ҳуқуқлар маҳр ва нафақадан иборат

«Маҳр» ақди никоҳ ёки эру хотин бўлиш билан эр зиммасига юкланадиган хотинга бериш лозим бўлган молдир.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Аёлларга маҳрларини чин дилдан чиқариб беринглар. Агар улар ундан бирор нарсани ўз розиликлари ила берсалар. Бас, уни енглар, ош бўлсин», - деган (4 - оят).
Ушбу ояти карима эрга маҳр бериш вожиб эканини англатувчи тўртта ояти каримадан биридир. Ақди никоҳ бўлиши билан маҳр бериш вожиб бўлади. Агар қовушмай туриб ажрашадиган бўлсалар ҳам. Лекин, маҳрни бериш никоҳнинг шарт ёки рукнларидан эмас. Усиз ҳам никоҳ бўлаверади, аммо олди бердиси қачон бўлса бўлаверади.
Нафақанинг эрга вожиб бўлиши қуръон, суннат, ижмоъ ва ақл ила собит бўлган.

Қуръондан далил

Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида: «Ризқи кенг кенглигидан нафақа қилсин. Кимнинг ризқи тор бўлса, унга Аллоҳ берганидан нафақа қилсин. Аллоҳ ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур», деган (7-оят).
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир», деган (233-оят).
Аллоҳ таоло «Талоқ» сурасида: «У(аёл)ларга имконингиз борича ўзингиз яшаб турган жойдан жой беринг», (6-оят).

Суннатдан далил

Имом Муслим, Абу Довуд ва Моликлар видолашув ҳажи ҳадисида Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Бас, аёллар ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар. Уларнинг фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ҳалол қилиб олгансизлар. Сизлар учун уларнинг зиммасида сиз ёмон кўрган бирор кишига тўшакларингизни бостирмаслик мажбурияти бор. Агар ўшани қилсалар уларни ачитмайдиган қилиб уринглар. Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимлари мажбурияти бор».
Муовия ал-Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Эй, Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳақи бор?» дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у зот». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ҳинд бинти Утба: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Суфён ўта бахил одам, менга ва боламга кифоя қиладиган нарсани бермайди. Магар унга билдирмай олсамгина бўлур», деди.
«Ўзингга ва болангга етарлисини тўғриликча ол», дедилар у зот. Икки Шайх ривоят қилишган.

Барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар.
Ақлга солиб кўрилганда ҳам аёл киши эрнинг хизматларини қилгандан кейин, унинг измида бўлганда кейин, албатта, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади.
Шунингдек, аёлнинг эридаги муомалавий ҳуқуқлари, яъни, эрнинг зиммасидаги, хотини олдидаги одоблари ҳам бор;

1. Эр тўй қилиши мустаҳабдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломат кўриб: «Бу нима?» - дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», - деди у.
«Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам, тўй қилгин», - дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилмадилар. Унга бир қўй ила валийма қилдилар». Учовлари ривоят қилган.
Муҳаммад ибн Ҳотиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Никоҳда ҳаром билан ҳалолнинг орасини ажралиши, чилдирма ва овоздир» - дедилар». Насаий ва Термизий ривоят қилдилар ва, яхши, деди.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун чилдирмалар чалингиз» - дедилар». Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоят қилдилар ва яхши, деди.
Омир ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Қуразата ибн Каъб ва Абу Масъуд ал-Ансорий розияллоҳу анҳумоларнинг олдиларига бир никоҳ тўйида кирдим. Қарасам, қизлар қўшиқ айтмоқдалар.
«Икковларингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бўлсангиз, аҳли Бадрлардан бўлсангиз, ҳузурингизда шундоқ иш бўлиб туриши нимаси?» дедим.
«Хоҳласанг бизлар билан ўтириб эшит. Хоҳласанг жўна, кетавер. Батаҳқиқ, бизга никоҳ тўйида кўнгилхушига рухсат берилгандир», дедилар икковлари.
Насаий ва ал-Ҳоким ривоят қилдилар ва саҳиҳ, деди.

2. Эр хотинига ҳусни муомалада бўлиши ва унинг озорларига чидаши лозим.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва улар ила яхшиликда яшанг», деган (19 – оят).
Ислом таълимотларига биноан, эр-хотин орасидаги алоқа муҳаббат, севги, раҳм-шафқат ва унсу улфатлик алоқаси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам орага тушган баъзи ноқулай ҳолат туфайли дарҳол бир-бирига зулм қилишга ўтиш керак эмас.
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу хотинига муҳаббати йўқ бўлиб қолгани учун уни талоқ қилмоқчи бўлган одамга: «Шўринг қурсин! Оилалар муҳаббат учун қурилмаганми?! Риоя қани?! Масъулият қани?!» деганлар.
Аллома Ибн Касир: «Уларга ширинсуханлик қилинг, яхши муомалада бўлинг, иложи борича кўринишингизни гўзал қилинг», деган.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Ва улар сиздан мустаҳкам аҳду паймон олганлар-ку?!» деган (21 – оят).
Никоҳ туфайли эру хотин нафақат жисман, балки руҳан ҳам қўшилади. Уларнинг ҳис туйғулари, орзу-умидлари, виждонлари, сир-асрорлари, дарду ғамлари, бахту саодатлари–барча-барча нарса қўшилади, қовушади. Исломда никоҳ ва оила Аллоҳнинг исми ила, Пайғамбарнинг суннатлари ила қуриладиган муқаддас робита ва ошёндир.
Ояти каримадаги, «аҳду паймон»нинг маъноси ҳақида Суфён ас-Саврий: «Яхшилик ила тутиб туриш ёки яхшилик билан ажрашиш ҳақидаги аҳд», деганлар.
Робеъ ибн Анас эса: «Бу Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олдингиз ва фаржларини Аллоҳнинг калимаси ила ўзингизга ҳалол этдингиз», деган ҳадисларидан иборатдир», деган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки, улар қобурғадан яратилгандирлар. Албатта, қобурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман, деб уринсанг синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.
Бошқа бир ривоятда: «Албатта, аёл киши қобурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақил турмас. Агар сен ундан эгрилиги бўйича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Уни синдиришинг талоқ қилишингдир», дейилган.
Беайб инсон йўқ. Жумладан, беайб аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Парвардигорнинг Ўзи. Аёл кишини Аллоҳ таоло ўзига хос табиат билан яратган. У хотин бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Ана ўшанинг учун ҳам аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур, бунинг акси улароқ унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага келган. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз ва ундан ҳам кўп эркак киши кўтара олмайдиганини бир ўзи кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги мумкин. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда: «Аёлларга доимо яхшилик қилинг!» демоқдалар.
Халқимизда ушбу маънони, аёл киши яхши сўзнинг гадоси, деган ҳикматли сўз билан ифода қилинган. Бундан аёл кишига қилганига қараб эмас, доимо яхши муносабатда бўлиш кераклигини билдиради. Чунки, аёл кишининг асли яратилиши шуни тақозо қилади. Аллоҳ таоло аёл кишини аввал айтиб ўтилган ҳикматларга биноан шундоқ қилиб яратган.
Шунинг учун аёлдан содир бўлган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, уни бошқача бўлиши учун уриниш эрга маслаҳат берилмайди. Балки, аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал бўлади. Ана ўшанда уруш-жанжаллар озаяди, оиланинг бузилиш ҳавфи йўқолади. Буни ҳадисда, «уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан», дейилмоқда. Демак, аёл кишида содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келмайди. оила бузилишига олиб келади.
Демак, аёл кишидан содир бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уруниш эрнинг вазифасидир.
Аёл кишининг эридаги ҳақларидан энг муҳими бўлмиш яхши яшашлик, унга гўзал муомала қилишлик ҳақида шариатимизни тавсиялари жуда ҳам кўпдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларга хитоб қилиб «Ва у(аёл)лар ила яхшиликда яшангиз!» - деган.
Бу эса яхши муомала, озор бермаслик, ҳаққини поймол қилмаслик, ёмон кўришни изҳор қилмаслик, ширинсуханлик, қилган яхшиликларини миннат қилмаслик каби ишларда намоён бўлади.

3. Эр ҳазил мутойиба ва кўнгилхуши билан аёлини эркалатиб туради.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўзлари аёлларига гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсанд, уларни эркалаган, лутф кўрсатган ва нафақаларини кўпайтирган ҳолда яшаганлар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари билан ҳазиллашиб кулишар эдилар. Пайғамбар алайҳиссалом улар билан жуда яхши муомалада бўлар эдилар.
Оиша онамиз: «У киши аёллари билан холи қолганларида энг мулойим, карамли, серкулги ва сертабассум киши бўлардилар», деб ривоят қилганлар.
Имом Аҳмад ва Имом Абу Довудлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан келтирган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан мусобақалашган эдилар мен У зотдан ўзиб кетдим. Бир муддатдан сўнг мени гўштим оғирлашганда яна мен билан мусобақалашиб, мендан ўзиб кетдилар ва, ҳалиги билан биру бир, дедилар».
Қаранг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинлари Оиша онамиз розияллоҳу анҳо билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар.
Бу югуриш мусобақаси ўтган пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёшлари эллик учдан ўтган эди.
Кейинги, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша онамиздан ўзиб кетган югуриш мусобақасида эса У зотнинг ёшлари ундан ҳам катта бўлади.
Имом Бухорий, Муслим ва Насаийлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Ийд куни эди. Қоралар қалқон ва найзаларни ўйнашар эди. Ёки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрадим. Ёки У зот: «Томоша қилишни хоҳлайсанми?»-дедилар.
«Ҳа-дедим.
У киши мени орқаларига турғиздилар. Юзим у кишини юзларига тегиб турарди. У зот бўлсалар:
«Эй Бани Арфидалар, давом этаверинглар-дердилар.
Бу ҳол, то мен малол олгунимча давом этди. Кейин:
«Бўлдингми?»-дедилар.
«Ҳа»-дедим.
«Кетавер»-дедилар.
Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган эдилар. Шовқин ва болаларнинг овозини эшитдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турдилар. Қарасак, бир ҳабашия чилдирма чалиб, ўйин тушмоқда. Атрофида болалар.
«Эй Оиша, бу ёққа кел, қарагин», дедилар У зот.
Бориб, жағимни Расулуллоҳнинг елкасига қўйиб у(ҳабашия)га назар сола бошладим. У зот:
«Тўймадингми? Тўймадингми?» дер эдилар.
Мен у зотнинг ҳузурларида ўз манзиламни билиш учун, йўқ, дер эдим.
Бирдан Умар пайдо бўлди. Одамлар у(ҳабашия)нинг атрофидан қочиб кетишди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен инсу жиннинг шайтонлари Умардан қочганларини кўрмоқдаман», дедилар. Мен қайтдим».
Савдаа бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳо авваллари ҳам кези келганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у кишининг бу сифатлари маъқул келар эди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Савдаа бинти Замъа онамиз розияллоҳу анҳонинг ҳазил мутойибаларига ўзига яраша лутф ила муомала қилар эдилар.
Ибн Саъд ўзларининг «Тобақот» номли машҳур китобларида бу борада қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Савдаа Розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Аллоҳнинг Расули, кеча ортингиздан намоз ўқидим. Шунчалар рукуъ қилдингизки, қон оқиб кетмасин деб бурнимни ушлаб турдим», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. У аҳёнда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб турар эди».
Имом Насаий ва бошқа муҳаддислар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар: «Бир куни Савдаа бизникига зиёратга келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен билан унинг ўртамизда ўтирдилар. У зот бир оёқларни менинг қўйнимга, иккинчи оёқларини унинг қўйнига ташлаб ўтирар эдилар. Мен ҳарийра пишириб келдим ва Савдаага: «Егин», дедим.
У кўнмади.
«Агар емасанг, юзингга суртаман», дедим.
У яна кўнмади. Мен лагандан бир оз нарсани олдимда унинг юзига суртдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини унинг қўйнидан олдилар. Унга мендан ўч олишга шароит яратдилар ва:
«Сен ҳам унинг юзига сурт!» дедилар.
У лагандан бир оз нарса олиб менинг юзимга суртди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулар эдилар…».

4. Ҳазил мутойиба ва кўнгилхушига ўхшаш ишларда мўътадил бўлиши шарт.

Бу масалада аёлларга жуда ҳам эрк бериб, одоб доирасидан чиқиб кетишларига йўл қўйилмайди. Шариатга хилоф ва мункар ишларга зинҳор рухсат бермайди. Нотўғри гап ёки иш содир бўлса, уни тўғрилайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб, оғирлашиб қолдилар. Бас, у зот: «Абу Бакрга амр қилинглар одамларга намозга ўтсин»-дедилар.
«У юмшоқ одам, агар сизнинг мақомингизга турса одамларга намоз ўқиб бера олмайди-деди Оиша.
«Абу Бакрга амр қилинглар, одамларга намозга ўтсин-дедилар У зот. У яна ўз гапини қайтарди.
«Абу Бакрга айт. Одамларга намоз ўқиб берсин. Албатта, сиз(аёл)лар Юсуфнинг соҳибаларисиз»-дедилар У зот.
Бас, унга хабар келди ва у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётликларида одамларга намозга ўтди».

5. Рашк қилишда мўътадил бўлиши керак. Беҳудага рашк қилмайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қиладир. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келадир», - дедилар». Термизий ва Бухорий ривоят қилган.
Рашк аслида шерикчилик мумкин бўлмаган нарсага шерикчилик қилиш оқибатида ҳақ эгасининг ғазаби қўзишини англатади. Кўпроқ эру хотиннинг бир-бирини бошқалардан қизғанишига рашк, деб одатланган.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам рашк Аллоҳ таолога ҳам мос нарса эканини айтиш билан бирга мўмин кишида рашк бўлиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Аллоҳнинг рашки, Ўзи қилмасликни амр этган ҳаром ишлар мўмин киши томонидан қилиниши туфайли келиши ҳам баён қилинмоқда. Яъни, Аллоҳ учун тарк қилиниши лозим бўлган ишни қилиниши, Аллоҳнинг амрини эмас, бошқанинг амрини тутилиши Аллоҳнинг рашкини, яъни, ғазабини келтириши турган гаплиги айтилмоқда. Ожиз инсон ўзига тобеъ шахс бошқанинг айтганини қилса қанчалар аччиғи чиқади, аммо ҳамма нарсага Қодир Аллоҳнинг айтганини қилмай, бошқанинг айтганини қилишни ўзига эп кўради.
Аллоҳ таоло рашк қиладиган бўлганидан кейин, мўмин киши ҳам рашк қилмоғи лозим. Мўътадил, васваса даражасига ўтмаган, рашк яхши сифатдир.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мўътадил рашк-яхши нарса, бу сифат Аллоҳнинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва ҳақиқий мўмин-мусулмонларнинг сифатидир.

6. Нафақада мўътадил бўлиши зарур. Жуда қисиб ҳам қўймайди. Исрофга йўл ҳам қўймайди.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Еб-ичинг ва исроф қилманг», деган (31 – оят).
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма», деган (29 – оят).
Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Назирнинг хурмосидан сотиб, ўз аҳилларига бир йиллик қутларини сақлаб қўяр эдилар». Бухорий ривоят қилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг йўлида инфоқ қилган диноринг, қул озод қилиш учун инфоқ қилган диноринг, мискинга садақа қилган диноринг ва аҳлингга нафақа қилиб берган диноринг ичида энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир». Муслим, Термизий, Аҳмадлар ривоят қилишган.
Чунки аҳлига нафақа қилиш вожиб, Аллоҳнинг йўлида, қул озод қилиш учун ва мискинга пул сарфлаш ихтиёрийдир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир одамга гуноҳ ўлароқ, ўзи молик бўлган одамларнинг қутини тутиб туриши етарлидир», дедилар». Муслим, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Абу Довуднинг лафзида: «Бир одамга гуноҳ ўлароқ ўзи қутини берадиган шахсни зоеъ қилмоғи етарли», дейилган.
Мусулмон одам учун ўз қарамоғидаги шахсларнинг тумуши учун зарур «қути лаа ямути»ни ўз вақтида етказиб бериши лозим. Агар шуни ўз вақтида қилмаса, бошқа гуноҳнинг кераги йўқ бўлиб қолади. Яъни, мазкур камчилик етарли гуноҳ ҳисобланади. Бу дунё ва охират азобини тортаверади.
Шунинг учун, ҳар бир мусулмон гуноҳкор бўлмай деса ўз қарамоғидаги кишиларни вақтида таъминлаб турмоғи лозим. Бу ишни ҳеч кечга қолдирмаслик керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам садақа қилишга амр қилдилар. Бас, бир одам: «Эй Аллоҳнинг Расули, менда динор бор?» деди.
«Ўзингга инфоқ қил», дедилар.
«Менда бошқаси ҳам бор», деди.
«Хотинингга нафақа қил», дедилар.
«Менда яна бошқаси бор», деди.
«Болангга нафақа қил», дедилар.
«Менда яна бошқаси бор», деди.
«Ўзинг биласан», дедилар». Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилган.
Энг муҳими, нафақани ҳалолдан бўлишини таминлашдир. Эр аёлига қолган ва тез бузилиб қоладиган таомларнисадақа қилиб туришга амр қилади. Бу эҳсоннинг энг паст даражасидир. Бу каби ишларни аёл ўзи, эри бюрмаса ҳам, қилавериши керак. Эр ўзи учун аҳли аёлидан ўзгача яхши таомни ихтиёр қилмаслиги керак. Оила аъзолари жам бўлиб таом тановул қилишлари яхшидир.

7. Эр ҳайз, нифос, истиҳозага ўхшаш нарсаларнинг шаръий ҳукмларини ва бошқа диний илмларни ўзи ўрганиб аёлига ҳам ўргатиши керак.

Аллоҳ таоло «Таҳрим» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг», деган (6 – оят).
Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига юқоридаги ояти Карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалар учун масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради.
Хотинга диний таълим бериш ва одоб-ўргатиш ҳам эрнинг энг муҳим вазифаларидан биридир. Агар хотиндан баъзи одобсизликлар ўтса, эр яхшилик билан уни тарбия қилади ва одоб чораларини қўллайди.
Эр ўз хотинига аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ақийдасини яхшилаб таълим беради. Унинг қалбидаги бидъат ва хурофотларни кетказади. Ибодатларни ўз вақтида ихлос билан адо этишга одатлантиради. Ҳайз, нифос ва истиҳоза каби аёлларга хос масалаларни пухта ўрганиб олишини таъминлайди.

8. Эр хотини билан бўладиган жинсий алоқанинг барча ҳукм ва одобларини яхшилаб ўрганиб уларга амал қилиши керак.

Жинсий тарбия муҳим масалалардан бўлгани учун Аллоҳ таоло уни Қуръонда зикр қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларида бу тарбияга аҳамият берганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирингиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода қилган пайтида, «Бисмиллаҳи. Эй бор Худоё, биздан шайтонни четда қилгин, шайтондан бизни ризқлантирган нарсангдан четда қилгин», деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон абадий зарар етказа олмайди». Бешовлари ривоят қилдилар.
Жуфти ҳалолига жинсий яқинлик қилаётган киши ушбу дуони ўқиши лозим. Ўшанда шайтоннинг шарридан покланган бўлади. Мабодо, ўша яқинликдан ораларида фарзанд пайдо бўладиган бўлса ҳам у болага ҳеч қачон шайтон зарар етказа олмайдиган бўлади.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Чунки, сиз билан қазои ҳожат ва эр киши ўз аҳлига борган пайтдан бошқа вақтда ҳеч ажралмайдиган шахслар бўлади. Бас, улардан ҳаё қилинглар ва уларни икром этинглар» - дедилар». Термизий одоб бобида ривоят қилган.
Бу ривоятда фақат икки ҳолатдан бошқа пайтда одамдан ажралмайдиганлар, деб айтилаётган шахслар фаришталардир. У фаришталарнинг баъзилари кишини турли бало офатлардан қўриқлаб турсалар, баъзилари қилган амалларини ёзиб турадилар. Шунинг учун ҳам мўъмин-мусулмонлар ўша фаришталарни риоясини қилиб туришлари керак. Шариат рухсат бермаган ҳолатларда ҳеч авратларини очмасликлари лозим. Фаришталарга озор бўлиб тушмасин.
Шунингдек, уламоларимиз бу ишни қиблага қараб қилмасликни маслаҳат берганлар.
Сунан эгалари ривоятида: «Ким аёл кишининг орқасига яқинлик қилса малъундир» дейилган.
Ўз хотининг олдини қўйиб орқасига яқинлик қилиш катта гуноҳдир. Ундоқ одам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. Чунки бу шаръан ҳаром қилинган ишдир.
Эру хотиннинг орасидаги шариат иши фақат иккисининг сири бўлиб қолиши керак. Эр ҳам, хотин ҳам жинсий алоқа пайтида бўладиган нарсаларни бошқаларга айтмаслиги лозим. Мазкур сирни бошқаларга айтиб юриш беодоблик, шарму хаёсизлик ва гуноҳ иш ҳисобланади. Жамиятда фоҳиша гап-сўз ва ишларнинг кўпайишига сабаб бўлади.

9. Орада чиққан келишмовчиликларни иложи борича яхшилик билан ҳал қилиш ҳаракатида бўлади.

Эрнинг хотинига ваъз қилиши, ўрини бошқа қилиб ётиши каби чоралар аввал айтиб ўтилган. Энди ораларига ислоҳ учун ҳакам қўйиш ҳақидаги оятни ўрганамиз.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир», деган (35 – оят).
Эр ўзи рози бўлган қариндошини, хотин ҳам ўзи рози бўлган бир қариндошини ҳакамликка тайин қиладилар. Розилик, кейинчалик ҳакамлар чиқарган ҳукмга ҳам рози бўлишлари учун керак бўлади.
Албатта, ҳакамлар ақлли, тажрибали, турмушнинг пасту баландидан хабардор кишилар бўлиши лозим. Табиийки, икковлари ҳам Аллоҳдан қўрққан ҳолда, адолатли ҳукм чиқаришга ҳаракат қилишлари керак. Ҳакамларнинг асосий вазифаси эру хотин орасини ислоҳ қилишдир.
Шунинг учун ҳам ояти каримада,
«Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштирур», деб ҳакамларга ислоҳчилик нисбати берилмоқда.
Худди шу тушунчадан келиб чиқиб, баъзи уламолар: «Ҳакамларга фақат яраштириш–ислоҳ ҳуқуқи берилган», дейдилар.
Бошқалари эса, ҳолатни ўргангач, ислоҳ қилишнинг иложи йўқлигига амин бўлишса, эру хотинни ажратиб қўйсалар ҳам ҳақлари бор, шунингдек, уларга тегишли жазо чораларини, молу мулкка оид масалаларни ҳам ҳал қилишади, дейдилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон Зиннурайни вақтларида худди шу ояти каримага амал қилиб иш юритилганлиги тафсир китобларимизда нақл қилинади:
Ақийл ибн Аби Толиб Фотима бинти Утба ибн Робиъага уйланган эди. Аёл: «Сен менга сабр қилсанг, мен сенга нафақа бераман», деган эди. Эри кўчадан келса,
«Утба ибн Робиъа ва Шайба ибн Робиъалар қаерда?» деб сўрарди. Бир куни эри: «Дўзахга кирсанг, сенинг чап томонингда бўладилар», деб жавоб қилди.
Хотин кийимларини кийиб, халифа - ҳазрати Усмон ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтди.
Ҳазрати Усмон кулдилар-да, Абдуллоҳ ибн Аббос билан Муовия ибн Абу Суфёнларни чақириб, ҳакам этиб тайинладилар ва уларга: «Агар яраштиришни истасангиз, яраштиринг, ажратишни истасангиз, ажратинглар», дедилар.
Албатта, ҳакамлар ўзларининг инсоний чекланган илмлар ва имконлари доирасида ҳукм чиқарадилар. Қолгани эса, ҳар бир нарсани ўзининг чексиз илми ила билувчи ва ҳар бир ишдан хабардор Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола.
«Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир».

10. Эр бола туғилганда қилиниши лозим бўлган барча амалларни яхшилаб ўрганиб татбиқ қилиши матлуб.

Бола туғилиши муносабати ила амал қилинадиган одоблар қуйидагилардан иборат:

1. Ўғил туғилганда кўп, қиз туғилганда оз хурсанд бўлмаслик. Балки, қиз туғилганда сурурни кўпроқ изҳор қилиш. Чунки қизлар учун кўп савоб ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръонда фарзанд беришни зикр қилганда олдин қизларни ёдга олган. Кофирлар эса қиз фарзанд кўришганда хафа бўлишар эканлар. Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам кўп фарзандлари қиз бўлган.
У зот ўз ҳадисларидан бирида: «Кимнинг қиз фарзанди бўлса, унга яхшилаб одоб ва таълим берса, Аллоҳ ўзига берган наъматлардан унга ҳам кенгчилик ила берса, ўша қиз унинг учун дўзахдан ман қилувчи ва парда бўлади», деганлар.

2. Фарзанднинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш.

3. Фарзандга гўзал исм танлаши керак.
Имом Тобароний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.: «Қачон исм қўйсангиз бандалик маъносини ифода этинг», деганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ учун энг маҳбуб исмлар Абдуллоҳ ва Абдурроҳмандир», деганлар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат куни исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чақираласизлар. Бас, исмларигизни гўзал қилинг», деганлар.

4. Ақийқа қилади.

5. Фарзанднинг танглайини ширинлик билан кўтаради.

10. Эр талоқ масалаларини яхшилаб ўрганиши, талоқ сўзини айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим.

Ислом динида талоқ фақат ноилож қолгандагина ишлатиш учун берилган рухсатдир. Энг муҳими мўмин мусулмон эркак иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман Ислом жамиятида талоқ ёмон олинади. Унинг учун Аллоҳнинг арши ларзага келади, деган тушунча бўлади.
Талоқ қуйидаги ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса ҳисобланади
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир», - дедилар». Абу Довуд ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Демак, эр сал жаҳл чиққанда, хотини билан ғижиллашиб қолганда ёки мастликда бўлар-бўлмасга талоқ қилиши мумкин эмас. Талоқ-бу эркакларнинг аёлларга зулм ўтказиш воситаси эмас, балки энг сўнгги чорадир.
Шунингдек, аёл киши эридан талоқ сўраши керак эмас.
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади»-дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Эридан беҳудага талоқ қилишни сўраган аёл жаннатга кириш у ёқда турсин, унинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди.
Аёл кишилардан ким бўлишидан қатъий назар ҳеч ким бой-бадавлат, мансабли, обрўли эркакни ўзиники қилиб олиш учун аввалги хотинини талоқ қилдиришга урунмаслиги лозим. Ризқу рўз, оилавий бахт масалалари тақдирга қараб бўлади. Бировнинг оиласини бузишга урингандан кўра, уларга бахт-саодат тилаб, ўзига ҳам худди ўшандоқ, балки ундан ҳам яхшироқ оила бўлишини тилаш, шунинг учун ҳам ҳалол-пок йўл билан ҳаракат қилиш керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир аёл ўз синглисининг товоғини бўш қолдириб, ўзи никоҳланиб олиш учун унинг талоғини сўрамасин. Албатта, уга ҳам тақдир қилингани бўлур»-дедилар». Тўртовлари ривоят қилишган.
Ҳеч иложи қолмай талоқ қилишга мажбур бўлиб қолса, сунний талоқ қилади.
Сунний талоқнинг ҳайз ва нифос кўрадиган аёлларга нисбатан бўлиши - хотинни ҳайз ва нифосдан пок бўлганидан сўнг, жинсий яқинлик қилмай туриб бир талоқ қўйишдир.
Яна ҳайз кўрганидан сўнг, жинсий алоқа қилмай туриб, яна бир талоқ қўйилади. Шундоқ қилиб учинчи мартадан кейин уч талоқ бўлади.
Талоқнинг сунний-шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун унда иккита шарт мавжуд бўлиши керак.
Биринчи шарт:
Талоқ аёл киши ҳайз ёки нифосдан пок бўлганидан кейин, унга жинсий яқинлик қилмай туриб қилиниши шарт.
Иккинчи шарт:
Яъни, талоқнинг сунний - шариат кўрсатмаларига мувофиқ бўлиши учун зарур бўлган икки шартдан иккичиси талоқнинг биттадан ортиқ бўлмаслигидир.
Албатта, талоқ аёл ва унинг аҳли учун оғир бўлади. Умид билан никоҳдан ўтиб, орзу-ҳавас билан янги турмушни кўзлаб турганида талоқ бўлиши катта мусибат.
Бунинг устига дўсту душман, ёру биродарларнинг олдида нима деган гап бўлади?! Ана шу ҳолатларни ҳисобга олиб, маҳрни ҳам тайин бўлмагани учун талоқ қилинган аёлга шариатда мутъа (фойда), деб номланган молиявий тақдирлаш беришни жорий қилинган.
Бериладиган мутъанинг миқдори эр тарафга боғлиқ, имконига қараб кўпроқ нарса берса, яхши бўлади.
Ривоят қилишларича, Имом Ҳасан розияллоҳу анҳу мутъа учун ўн минг дирҳам берган эканлар.
Шундай қилинса, келин тарафга енгил бўлади. Кўнгиллари таскин топади. Дўсту душманларнинг гап-сўзидан ҳам қутиладилар. Чунки шунчалик мол-дунё беришлик қизда айб йўқлигининг, йигит тараф уни ҳурмат қилишининг, аммо ноиложликдан ажралаётганлигининг аломати бўлади.
Ажрашганда ҳам икки тараф бир бирини бошқаларга ёмонлаб юрмайди. Салафи солиҳлардан бири аёли билан ажрашганда одамлар аёлнинг ёмонлиги учун ажрашган бўлишларига ишора қилишган. Шунда ул зот:
«Агар мен қайта ярашадиган бўлсам, ўз хотинимни ёмонлаган бўламан. Агар қайта ярашмасам, бировнинг хотинини ёмонлаган бўламан», деганлар ва аёл ҳақида барор оғиз ёмон гап айтмаганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri