Ҳаётларидан ибрат олинг! Принтер учун
27.11.2015 й.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшилик қилишда одамларнинг энг сахийи эдилар. У зотнинг энг сахий бўлганлари эса Рамазонда, Жаброил мулоқотларига келганда бўлар эди. У Рамазонда ҳар кеча у зотнинг мулоқотларига келар ва Қуръондан дарс қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликка эсган шамолдан ҳам сахийроқ эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон «йўқ» демаганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Амрадан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳога: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?» дейилди. «Одамларнинг бири эдилар. Кийимларини ямар эдилар, қўйларини соғар эдилар, ўзларига хизмат қилар эдилар», деди» (Аҳмад, Бухорий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган).
Асвад ибн Язийд Нахаъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оиша розияллоҳу анҳодан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уйда нима қилар эдилар?» деб сўрадим. «Аҳлларининг хизматини қилар эдилар. Қачон намоз вақти кирса, намозга чиқар эдилар», деди» (Имом Бухорий ривояти).  
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор нарсани эрталикка сақламас эдилар» (Термизий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ва аҳллари бир неча кеча қаторасига оч ётишар эди, кечки таом топа олишмасди. Кўпинча уларнинг таомлари арпа нон бўларди» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойни ўтказишар, аммо олов ёқишмасди. Емишимиз хурмо ва сув бўларди, холос» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам то у зот қабз қилингунларича икки кун кетма-кет арпа нонга тўйишмади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ширинлик ва асални яхши кўрар эдилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ширин ва муздай ичимликларни яхши кўрар эдилар» (Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга арпа нон ва таъми ўзгариб кетган хўруш олиб борди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада совутларини бир яҳудийга гаровга бериб, ундан аҳллари учун арпа олган эдилар. У кишининг: «Оли Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурида бир соъ буғдой ва бир соъ дон бўлмаган», деганларини эшитдим. У зотнинг ҳузурларида тўққиз аёл бор эди» (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан қарзини сўраб келиб, қўполлик қилди. Саҳобалар унинг таъзирини бермоқчи бўлишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўйинглар, ҳақ эгасининг гапи бўлади. Унга (туяси) ёшидагини беринглар», дедилар. Улар: «Бизда уникидан  яхшироқ ёшдагиси бор, бундан бошқасини топа олмаяпмиз», дейишди. «Ўшани беринглар. Албатта, сизнинг яхшиларингиз қарзини гўзал адо этувчиларингиздир», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳиссалом: «Осонлаштиринглар, қийинлаштирманглар, хушхабарлар беринглар, нафрат қилдирманглар», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ишдан бирини ихтиёр қиладиган бўлсалару, улардан бири бошқасидан енгилроқ бўлса, агар гуноҳ бўлмаса, албатта, енгилини ихтиёр қилар эдилар. Агар гуноҳ бўлса, ундан энг узоқдаги одам бўлар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари учун интиқом олган эмаслар. Фақат Аллоҳ азза ва жалланинг ҳурумоти поймол қилинсагина, (интиқом) олардилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари уйига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Шунда уларга хабар берилганда, худди уни (ибодатни) оз санагандай бўлишди. Шунда улар: «Биз қаёқдаю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дейишди. Улардан бири: «Мен тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса: «Мен доимо рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири: «Мен аёллардан четда бўламан, абадулабад уйланмайман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб: «Бундоқ, бундоқ, деганлар сизми?! Аммо, Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам. Аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирор шахс уларга (саҳобаларга) севимлироқ эмас эди. Улар у зотни кўришса, ўринларидан туришмасди, чунки, у зот буни ёқтирмасликларини билишарди» (Имом Термизий ривояти).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадя қабул қилар ва унга яраша мукофот берар эдилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).
Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида дирҳам ҳам, динор ҳам, қул ҳам, чўри ҳам, қўй ҳам қолдирмадилар. Фақат оқ хачирлари, қурол-аслаҳалари ва садақа қилган ерлари қолди» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййит ҳолда ётган Усмон ибн Мазъунни ўпдилар. У зот йиғлар эдилар ёки икки кўзлари ёш тўкар эди» (Имом Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир нарса келтирилса, «Буни фалон аёлга олиб бориб беринглар, у Хадичанинг дугонаси эди, буни фалон аёлга олиб бориб беринглар, у Хадичани яхши кўрар эди», дер эдилар» (Имом Бухорий ривояти).
Жарир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Мен мусулмон бўлганимдан кейин қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган бўлсам, албатта юзимга табассум билан қараганлар»   (Имом Бухорий ривояти).
Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғизларини катта очиб, ичи кўринадиган ҳолда кулганларини кўрмаганман. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам доимо табассум қилар эдилар. Бир булут ёки шамол кўтарилганини кўрсалар, юзларидан ташвишланаётганлари билинар эди. «Эй Аллоҳнинг Расули, одамлар булут кўришса, ёмғир ёғади, деб хурсанд бўлишади, сиз эса булут кўрсангиз, юзингизда ташвиш аломати пайдо бўлади», дедим. «Эй Оиша, унда азоб йўқлигига ким менга кафолат бера олади? Бир қавм шамол билан азобланган, бир қавм азоб кўрганда келаётган бу булут бизга ёмғир ёғдиради, деган», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига улов сўраб келди. Шунда у зот: «Бўпти, сени туянинг боласига миндириб қўямиз», дедилар. «Туянинг боласини нима қиламан?» деди у. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулиб: «Ахир туя ҳам туянинг боласи бўладими?» дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нима нарса сўралмасин, «йўқ» демаганлар» (Имом Бухорий ривояти).
 Асмо бинти Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Сен санамагин, Аллоҳ сенга санамасин, жойлаб қўйма, сенга ҳам жойлаб қўйилмасин», деганлар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
 Рофеъ ибн Хадиждан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Мадинага келганларида шаҳар аҳли хурмоларни (серҳосил бўлиши учун) чанглатишар эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Нима қиляпсизлар?» дедилар. Улар: «Биз (одатда) шундай қиламиз», дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Балки бундай қилмасаларингиз ҳам яхши бўлар», дедилар. Улар (чанглатишни) тарк қилишди. Шунда (хурмо мевалари) камҳосил бўлди. Рофеъ айтади: «Улар буни Расулуллоҳга айтишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Албатта мен ҳам инсонман, агар сизларга дин ишларингиздан бир нарсани буюрсам,  уни олинглар (қилинглар). Ва агар сизларга ўз фикримдан келиб чиқиб, (динга боғлиқ бўлмаган) бир ишни буюрсам,  ўзларинг биласизлар, мен ҳам бир инсонман», дедилар. (Имом Муслим ривояти).
 Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолони ҳар он, ҳар дам, ҳар лаҳзада зикр қилар эдилар" (Имом Муслим, Абу Довуд, Термизий ривояти).
Мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини асло тарк этмас, бемор ё беҳол бўлсалар ўтирган ҳолларида ўқир эдилар" (Абу Довуд ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирон иш ёки нарсани эртага қолдирмас эдилар" (Термизий ривояти).
Мўминлар онаси Умму Саламадан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарга пайшанба куни чиқишни яхши кўрар эдилар" (Табароний ривояти).
Абу Саъид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп зикр қилар, фойдасиз ишлардан сақланар, намозни узун ўқир, хутбани қисқа қилар ҳамда бевалар, мискинлар, қул-хизматчилар билан бирга юрар, уларнинг эҳтиёжларини таъминлар, бундан асло тортинмас, орланмас эдилар" (Насоий, Абу Довуд ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишидан хафа бўлсалар: "Пешонаси тупроққа белангур (яъни сажда қилгур), унга нима бўляпти?" дер эдилар" (Байҳақий ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хушбўйлик таклиф қилинса, асло рад қилмас эдилар" (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Бухорий, Насоий ривояти).
Абу Саълабадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан қайтганларида олдин масжидга кирар, икки ракат намоз ўқир, сўнг қизлари Фотимага учрар, шундан кейингина уйларига кетар эдилар" (Табароний ривояти)
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аксирмоқчи бўлсалар, қўлларини оғизларига тутиб ёки рўмолчаларини тутиш билан овозларини пастлатар эдилар" (Имом Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ривояти)
Имрон ибн Ҳусайндан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозада ҳозир бўлганларида қайғулари ортар, ниҳоятда кам гапирар, фикр-мулоҳазага ғарқ бўлар эдилар" (Ҳоким ривояти).
Абу Бакрдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини хурсанд қилган бирор иш содир бўлса, Аллоҳга шукрона ўлароқ сажда қилар эдилар" (Имом Абу Довуд, Ибн Можа ривояти)
Ҳафсадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ётиш учун узанганларида ўнг қўлларини ўнг ёноқлари остига қўяр эдилар" (Табароний ривояти)
Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини маҳзун қиладиган бирор ҳолат ёки воқеа содир бўлса осмонга қарар ва "Субҳаналлоҳил-азийм" дер эдилар, дуоларида энг кўп такрорлаганлари эса "Йа Ҳаййу йа Қоййум" эди" (Имом Термизий ривояти)
Ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга дуо қилсалар тилакларини уч марта қайтарар эдилар, истиғфорни ҳам уч бор қайтарар эдилар" (Аҳмад, Абу Довуд  ривояти)
Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли нарсалардан хурсанд бўлар, шумланишни эса ёқтирмас эдилар" (Насоий ривоят қилган).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам борган ерлари, ўтирган мажлисларидан қўзғоладиган бўлсалар, икки ракат намоз ўқир эдилар" (Ҳоким ривояти).

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri