Бағрикенглик шунчалик бўлур!... Принтер учун
27.11.2015 й.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. Унинг лақаби «эшак» эди. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб юрар эди. У шароб ичганида у зот дарралатган эдилар. Бир куни уни яна олиб келишди. У зот амр қилдилар. Унга яна дарра урилди. Сўнг одамлардан баъзисилари: «Аллоҳим, уни лаънатлагин! У кўп марта келтирилди-я!» деди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, мен уни фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган деб биламан», дедилар» (Имом Бухорий ривоят қилган).

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига яҳудийларнинг бир гуруҳи келиб: «Ассааму алайка» (Сенга ўлим бўлсин), дейишди. Оиша айтади: «Мен буни сезиб қолдим ва «Сизларга ҳам саам (ўлим) бўлсин! Сизларни Аллоҳ лаънатласин!» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шошма, эй Оиша! Аллоҳ барча ишларда мулойимликни ёқтиради», дедилар. «Эй Расулаллоҳ, уларнинг нима деганларини эшитмадингизми?» дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен ҳам «ва сизларга ҳам» дедим», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Мужоҳиддан ривоят қилинади: «Абдуллоҳ ибн Амрнинг аҳлида қўйи сўйилди. У келиб: «Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Яҳудий қўшнимизга ҳам ҳадя қилдингизми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Жаброил менга қўшнининг ҳаққи ҳақида шу қадар кўп тавсия қилдики, ҳатто уни мерос оладиган қилса керак, деб ўйлаб қолдим», деганларини эшитганман», деди» (Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинади: «Саҳл ибн Ҳунайф ва Қайс ибн Саъд розияллоҳу анҳумо Қодисияда ўтиришган эди. Икковларининг олдидан бир жанозани олиб ўтишди. Шунда улар ўринларидан туришди. Уларга: «У ерлик аҳолидан», дейилди (Яъни, аҳли зиммадан). Шунда иккиси айтди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларидан жаноза ўтганда ўринларидан турдилар. Шунда у зотга: «Бу – яҳудийнинг жанозаси», дейилди. Шунда у зот: «У жон эмасми?!» дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

Сафвон ибн Сулаймдан, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларининг бир неча ўғилларидан, улар оталаридан ривоят қилишади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки унинг ҳаққини поймол этса ёхуд уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки ўз розилигисиз ундан бирор нарса олса, Қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан», дедилар» (Имом Абу Довуд ривоят қилган).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Нажд тарафдаги ғазотда бўлдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга изо дарахти кўп бўлган водийда етиб олдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир дарахт тагига тушиб, унинг шохларидан бирига қиличларини осиб қўйдилар. Одамлар водийга тарқалишди. Дарахтлар остида сояланишди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Ухлаб ётганимда манави қиличимни олибди. Уйғонсам, бошимда қилич яланғочлаб турибди ва менга: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. «Аллоҳ», дедим. Кейин иккинчи марта яна: «Сени мендан ким қутқаради?» деди. «Аллоҳ», – дедим». Шундай дегач, қилични қинига солиб туриб: «Ана у, ўтирибди», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қайрилиб ҳам қараб қўймадилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган).

 Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Яҳудий бўладими, насроний бўладими, мажусий бўладими, салом берса, алик олинглар, чунки Аллоҳ “Қачон сизга саломлашиш билан салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”, деган” (Имом Бухорий ривояти).

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини ҳурматлаш асосига қурилган аҳднома тузиш бўлди. Аҳдномага кўра, Ислом давлати яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз навбатида Мадинага ёмон қасд қилган кимсаларга қарши мусулмонлар билан бир куч бўладилар. Бу билан Расули акрам исломий ҳазоранинг илк уруғларида диний эркинлик асосларини татбиқ қилганлар.

Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан ҳам қабул қилардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини берганлар ва хизмат қилганлар. У зот ўша куни бундай деганлар: “Булар асҳобимга икром кўрсатишган эди, мен ҳам уларни икром этишни яхши кўраман”. Бир гал Нажрон насронийлари келганида у зот уларни масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этишга ижозат бердилар.




 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri