Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари |
|
02.01.2016 й. |
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар», – дедилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган. Термизий: «Лекин у зот гапни бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам ёдлаб олар эди»ни зиёда қилган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни шундай гапирар эдиларки, агар сановчи санаса, санаб улгурарди». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари муфассал калом эди. Уни эшитган ҳар бир шахс фаҳмлар эди».
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломларида дона-доналик ва шошилмаслик бор эди». Абу Довуд «Адаб»да ривоят қилган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тушунарли бўлиши учун сўзни уч марта такрорлар эдилар». Термизий, Бухорий ва Аҳмад ривоят қилишган. Албатта, бундай такрорлаш зарур бўлганда, аҳамиятли нарсаларга оид бўлган.
|