Нубувват хонадони туҳфалари (4) Принтер учун
02.01.2016 й.

 Оила ҳақида қавлий ҳадислар

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий тутумлари ҳақида сўзлар эканмиз, у зотнинг ушбу мавзуга доир ҳадислари, қарашлари билан ҳам қисқача танишиб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади, албатта. Шу эътибордан, қуйида аёл ва оилага оид айрим ҳадиси шарифларни ўрганамиз.

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларни хушбўйликдек ёқимли дея таърифлаганлар.
Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дунёдан менга аёллар ва хушбўйлик маҳбуб кўрсатилди ва кўзимнинг қувончи намозда қилинди», дедилар».
Бутун дунёда аёллар одам ўрнида кўрилмай, ҳар тарафлама таҳқирланиб турган бир пайтда аёлларни хушбўйлик каби ёқимли дея эътироф этиш аёл зоти ҳақидаги жоҳилий тасаввур ва тасарруфларга қақшатқич зарба эди.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг хусусиятларини, имкониятларини инобатга олишни уқтирар ва бу ҳол уларнинг яратилишларидаги табиатлари эканини таъкидлар эдилар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аёлларга (яхши) муомала қилинглар, чунки улар қовурғадан яратилган. Қовурғанинг энг эгри жойи унинг юқорисидир. Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан, агар ташлаб қўйсанг, эгрилигича қолаверади. Аёлларга (яхши) муомала қилинглар!»
Таржимада «муомала қилинглар» деб ўгирилган сўз араб тилида жуда кенг маънода қўлланади. Бу сўз «бир-бирингизни шунга буюринглар», «ўзаро насиҳат қилинглар», «ушбу васиятимни қабул қилиб, унга амал қилинглар» деган мазмунларни ҳам ўз ичига олади.
«Аёл қовурғадан яратилган», деганда Ҳавво онамизнинг Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яратилгани назарда тутилган. «Қовурғанинг энг қийшиқ жойи унинг юқорисидир», дейилганда аёлнинг эркакдан ақлу тафаккурда, ҳис-туйғуларда фарқли эканига ишора қилинган. «Уни тўғрилашга уринсанг, синдириб қўясан», дегани «Ундан ўз табиатига зид нарсани талаб қилсанг, Аллоҳ берган хусусиятларини ўзгартиришга уринсанг, ундан айрилиб қоласан, ажрашишингга тўғри келади», деганидир. Чунки жамиятдаги ўз вазифасини бажариши учун аёлга ўша табиат керак. Бир сўз билан айтганда, у шуниси билан аёл. Бироқ бу кўрсатма аёлликка хос бўлган хусусиятларгагина тегишли. Аммо аёлда меъёрдан ташқари ҳатти-ҳаракатлар, одобсизлик, шариат чегараларидан ташқари ҳолатлар кузатилса, у ҳолда уни мулойимлик билан тўғрилаш керак бўлади. Шу боис ҳадисда «агар ташлаб қўйсанг, қийшиқлигича қолаверади», дейиш билан бунда ҳам меъёр бўлиши кераклиги, ҳар қандай ишни аёлликка тўнкаб, ўзни оқлаш ярамаслиги уқтирилмоқда.
Демак, бу ҳадис айримлар ўйлагандек, аёлларни камситиш учун эмас, балки уларни ҳимоя қилиш, бор ҳолатларини тушунтириш, улардан камчилик ўтганда ҳам эҳтиёткорлик билан ислоҳ қилиш кераклигини, уларга нисбатан кечиримли бўлиш лозимлигини таъкидлаш учун айтилган. Шунинг учун ҳам ҳадис аёлларга яхши муносабатда бўлишга буюриш билан бошланган ва якунланган. Бу ҳадис эркакларга насиҳат мазмунида айтилган ва аёллик табаитини тамсил орқали тушунтирган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамиша аёлларнинг ҳақларини эслатиб турганлар, уларга гўзал муомала бўлишни буюрганлар, хусусан, ҳаётларининг сўнгги ойларида, Видолашув ҳажида қилган машҳур хутбаларида ҳам энг муҳим масалалар қаторида аёлларнинг ҳуқуқлари, эҳтиромлари хусусида алоҳида тўхталиб ўтган эдилар.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳлу оилага гўзал муомалада бўлиш кишининг иймонини намоён этадиган, инсонийнилигини кўрсатадиган мезон дея уқтирардилар.
Имом Термизий Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:
«Мўминларнинг иймони энг баркамоли – хулқи гўзалроғи ва аҳлига мулойимроғидир», дедилар».
Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар ўзларининг саҳиҳ ҳадисларни жамлаган тўпламларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхшиларингиздир. Мен ўз аҳли энг яхши бўлган кишингизман», дедилар».
Қаранг, қандай ҳам ажойиб ўлчов. Кишининг нақадар яхшилиги унинг ўз аҳлу оиласига бўлган муносабатида намоён бўлади, демоқдалар. Демак, набавий мезонга кўра, ошна­оғайниси, ҳамкасблари, раҳбар­хўжайинлари билан ёки қариндош­уруғи, маҳалла­кўйи билан ёхуд ота­онаси билан яхши муносабатда бўлишнинг ўзи билан киши энг яхши инсон бўла олмас экан, балки ўз аҳлига яхши бўлган киши одамларнинг энг яхшиси ҳисобланар экан. Бу сўзда жуда катта воқеий ҳақиқат ўз ифодасини топган.
Одатда инсон ўзига яхшилик қилган ёки яхшилик қилиши кутилган кишиларга яхши муносабатда бўлиши табиий. Ўзидан юқорида турган кишиларга эса мажбурликдан ҳам яхши муоамала қилинади. Ижтимоий алоқалар тортимида, қандайдир манфаатлар илинжида яхши муносабат кўрсатиш ҳамманинг қўлидан келади. Ҳатто, ота­онага яхшилик қилишда ҳам турли манфаатлар, орият каби ички турткилар ўрин тутиши мумкин. Бинобарин, мазкур ҳолатларда кўрасатилган яхшилик билан кишининг қанчалар олийжаноблиги очиқ намоён бўлмайди. Балки, қўл остидаги, ўзидан қуйи, заиф одамларга, ўзига қарам бўлганларга бўлган муносабат кишининг ҳақиқий ахлоқини кашф қилади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлу оиласига яхши бўлган кишини одамларнинг энг яхшиси демоқдалар.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлидаги камчиликларни  кечириб, фазилатларини, яхшиликларини кўра билишга чақирардилар.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир мўмин бирорта мўминадан безор бўлмасин, ундаги бир хулқни ёқтирмаса, бошқасидан кўнгли тўлади», дедилар».

5. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг барча таъминотини қилиб қўйишга буюрардилар.
Амр ибн Аҳвас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳой! Сизларнинг аёлларингиз устида ҳаққингиз, уларнинг сизнинг устингизда ҳақлари бор! Сизнинг уларнинг устидаги ҳаққингиз – тўшагингизни сизлар ёқтирмаган кишига бостирмаслиги, сиз ёқтирмаган кишига уйингизга изн бермаслигидир. Энди уларнинг сизнинг устингиздаги ҳаққи – уларнинг кийим­кечагини ва еб­ичишини яхшилаб қўйишингиздир».
Термизий ривояти.

6. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг нафақаларини тўкис қилишга ундаб, уларга берилган ҳар бир луқмада ажр борлигини айтардилар.
Саъд ибн Моликдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг юзини истаб қандай нафақа қилма, бунинг учун сенга, албатта, ажр берилади, ҳатто аёлингнинг оғзига солган луқманг учун ҳам», дедилар».
Имом Бухорий ривояти.
Бу ҳадисда эркак кишининг ўз аёлининг оғига қўли билан луқма солиб қўйишга қизиқтириш ҳам бор.
 
7. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ортидан пойлаб, айбини ахтаришдан қайтарардилар.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг ўз аҳли ҳузурига тунда келиб, уларнинг камчиликларини қидиришдан қайтарганлар».

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг ҳолларини ҳисобга олишни, уларни тушунишни, ўзларига оро беришларига имконият яратишни ўргатардилар.
Жобир розияллоҳу анҳу айтади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир ғазотда эдик. Келгач, (уйларимизга) кириб кетмоқчи бўлгандик, у зот: «Шошмай туринглар, кечқурун киринглар, токи сочи тўзиганлар тараниб, эри ғойиблар қириниб олсин», дедилар».
Бухорий ривояти.

9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга қўл кўтаришдан, уларга озор беришдан қайтарардилар.
Имом Абу Довуд Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Абу Зубоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг чўриларини урманглар!» дедилар».
У зот хотинини урадиган кишиларни назарда тутиб: «Улар сизларнинг яхшиларингиз эмас», деганлар.

Имом Насоий Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Хотинларимизнинг биздаги ҳақлари нималар?» дедим. У зот: «Еганингда едиргин, кийганингда кийдиргин, юзга урма», дедилар».   

10. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эркак кишига бошқа бирор аёлни кўриб қолиб, кўнгли бузилган тақдирда, тезда ўз аёли ҳузурига қайтишни тавсия қилганлар.
Бу билан ҳаромдан сақланиш ва оила мустаҳкамлигини таъминлашга эришилади.
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирингиз бирорта аёлни кўрса­ю, у бунга ёқиб қолса, дарҳол аҳлига борсин, чунки мана шу унинг нафсидаги нарсани бартараф этади», дедилар».

11. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёли билан бўлган хос муносабатни сир тутишни, бошқаларга айтмасликни буюрардилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида инсонларнинг энг мартабаси ёмони аёлига тегиниб, аёли ҳам унга тегиниб, кейин буни ошкор қилган кишидир».
Муслим ривояти.

12. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар ўртасида адолат қилишни қаттиқ таъкидлар ва буни поймол қилганларга таҳдид қилар эдилар.
Имом Абу Довуд ва Насоийлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Кимнинг иккита аёли бўлиб, улардан бирига мойил бўлса, қиёмат куни ярми қийшиқ ҳолда келади», дедилар».
Бошқа ривоятда «тушиб қолган ҳолатда», дейилган.
«Қийшиқ ҳолда» дегани ярми фалаж бўлган ҳолда деганидир.

ХУЛОСА ЎРНИДА

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий ҳаётларини ўрганар эканмиз, у зотнинг чин пайғамбар эканликларига яна бир бор гувоҳ бўламиз. Бу борада ҳам у зотдан устун ва намуна олишга ҳақли инсон йўқлигига амин бўламиз. У зотнинг қанчалар забардаст, ўткир, дунёни титратган оламшумул шахс бўлиш билан бирга, ҳалим, меҳрибон, шафқатли ва кечиримли бўлганлари, айниқса, аёлларга нисбатан ўта мулойим бўлганларини кўриб, бу буюк шахсият қаршисида тиз чўкамиз. Шу билан бирга, бугунги мусулмонларнинг оилавий ҳаётлари суннатдан қанчалар олислаб кетганини фаҳмлаб, бироз маҳзун тортамиз. Бугун инсоният бу қутлуғ оиладан намуна олишган қанчалар муҳтожлигини бутун вужудимиз билан ҳис этамиз.
Очиғини айтганда, ҳозир мусулмонларнинг кўпчилиги оилавий тутумда ё ўзининг жоҳилий кўникмалари ёки ғарбча маданият таъсири остида қолган. Қаердаги ҳаёлий, воқеликка зид бўлган оилавий муносабатларни ўзларига намуна қилиб олиб, кейин уни ҳаётга кўчира олмай, табиий қаршиликлар олдида ожиз қолиб, армонда ўтиб кетишади. Аслида эса мусулмон киши учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий тутумлари ҳар тарафлама етарли намунадир. Унда севги­муҳаббат ҳам, меҳр­оқибат ҳам, моддий­маънавий алоқалар ҳам, ахлоқ­одоб ҳам, таълим­тарбия ҳам – барча­барчаси ўз ифодасини топган. Бу ҳаёт тарзи саҳифалардагина юз кўрсатадиган баланпарвоз шиорлардан ёки фақат ойнаижаҳонда намойиш этиладиган, ҳаётга кўчмайдиган «ширин орзулар»дан иборат эмас. Балки у илоҳий таълимот асосида барпо қилинган ва воқеликда ўзини оқлаган турмуш тарзидир.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, исломий оила, бу борадаги набавий тутум бизга бегона ёки янгилик эмас. Юртимиз Ислом нури билан мунаввар бўлган кезлардан буён аждодлармиз ана ўша гўзал оила тизимини амалда қўллаб, бахтиёр ҳаёт кечириб, дунёга бемисл алломаларни тортиқ қилиб келганлар. Бу тизимнинг минг тўрт юз йилдан буён ўзини оқлаб келаётганини биз олисларда, бегоналарда эмас, ўз юртимизда, ўз аждодларимиз ва момоларимиз ҳаётларида кўриб келганмиз. Бугун ҳам у ўз қийматини, аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, биз бу ерда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилавий тутумлари ҳақида барча маълумотни ўрганиб ўтдик, дея олмаймиз. Балки хамир учидан патир, дегандек, қўлимиздан келганича мавзуга доир хабарлар билан қисқача танишиб ўтдик, холос. Бу борада яна кўплаб изланишлар олиб бориш мумкин. Шу билан бирга, бир­икки ҳадиси шарифни ҳисобга олмаганда, биз хабарларни келтириш билан кифояландик, улардан олинадиган фойдалар, хулосалар ва ҳукмлар ҳақида тўхталмадик. Бу ёғини ҳозирча муҳтарам ўқувчиларнинг ўз иқтидорларига ҳавола қилдик.
Аллоҳ таолодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганишда ва унга эргашишда бизларга Ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз.

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri