Набий алайҳиссаломнинг шижоатлари Принтер учун
06.01.2016 й.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа барча яхши инсоний сифатлардаги каби шижоатда ҳам ҳаммага ўрнак эдилар. Бу ҳақийқатни англаб етиш учун иккитагина ривоят билан танишиб чиқишнинг ўз етарли.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг гўзали, одамларнинг энг сахийси, одамларнинг энг шижоатлиси эдилар. Бир кеча аҳли Мадийна қаттиқ даҳшатга тушдилар. Одамлар овоз чиққан томон юра бошладилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдидан чиқдилар. Ўша томондан қайтиб келаётган эканлар. Ул зот улардан олдин овоз чиққан томонга борган эканлар. Ул зот Абу Толҳанинг эгарсиз отини миниб, бўйниларига қилич осиб олган эканлар.
«Қўрқманглар! Қўрқманглар!» – дедилар ул зот».
Икки Шайх ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда қуйидагилар айтилган:
«Ул зот уларга бир сиқим тупроқни отдилар ва «шоҳатил вужуҳ!» – «юзлар қабиҳ бўлди» – дедилар. Улардан бирорта одам қолмай ҳаммасининг икки кўзи тўлди. Улар ортларига қараб қочдилар ва енгилдилар. Ўлжалари мусулмонлар орасида тақсим қилинди».

Бухорийнинг лафзи қуйидагича:
«Ҳунайн куни бўлганда Ҳавазон тўқнашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн минг киши ва тулақо – қўйиб юборилганлар бор эди. Улар ортга қараб қочдилар.
«Эй, ансорийлар жамоаси!» – дедилар.
«Лаббайка, Ё Расулуллоҳ ва саъдайка! Лаббайка! Биз сизнинг қаршингиздамиз!» – дейишди.
Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уловдан) тушдилар ва:
«Мен Аллоҳнинг бандаси ва Расулиман!» – дедилар.
Бас, мушриклар енгилдилар. Ул зот (ўлжадан) тулақоларга ва муҳожирларга бердилар. Ансорларга ҳеч нарса бермадилар. Улар бу ҳақида гап-сўз қилдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чақириб, қуббанинг ичига киритдилар ва:
«Одамлар қўй ва туяни олиб қайтганларида сизлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни олиб қайтишга рози бўлмайсизларми?! Агар одамлар водийдан юрсалар-у, ансорийлар дарадан юрсалар, албатта, мен ансорийларнинг дарасини ихтиёр қилган бўлар эдим», – дедилар».

Бошқа ривоятда қуйидагиларни зиёда қилинган:
«Қачон жанг қизиса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган киши шижоатли эди».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Ривоятнинг охирида келган маънога эътибор берайлик.
«Қачон жанг қизиса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ҳимояланар эдик. Бизнинг ичимизда у зотга тақлид қилган киши шижоатли эди».
Бунинг исботи Ҳунайн ғазотидир. Бу ғазотдаги шармандали мағлубиятдан қутулиб қолишга Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мислсиз шижоатларини сабаб қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатлари олдида шижоатлиларнинг шижоати ип эша олмай қолар эди. Саҳобаларнинг энг шижоатлиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатларига тақлид қилган киши эди, холос.
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz