Иймонингизни синаб кўринг! Принтер учун
19.01.2016 й.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ҳаммамиз ҳам ўзимизни мусулмон санаймиз. Ҳозир кўчада учраган ўзбекни ушлаб, «Мусулмонмисан?» десангиз, «Ҳа, алҳамдулиллоҳ, мусулмонман», дейди. Агар сал аччиғи тезроқ бўлса, «Ие, бу нима деганинг?» деб, дўқ қилиши ҳам ҳеч гап эмас. Энг безори ўзбек ҳам уйланса ёки турмушга чиқса, никоҳ ўқитади, бировга тиловат қилдириб бўлса ҳам, ота­онасига савоб етказгиси келади, ўлган кишисига жаноза ўқитади, савоби тегсин деб хайру эҳсон қилади ва ҳоказо. Хуллас, ўзининг мусулмонлигини изҳор этади. Айни пайтда, масжидга қатнайдиган, намоз ўқийдиган кишилар ҳам талайгина. Бироқ мусулмонман деганлар, ҳатто намозхонларнинг ҳам ҳаёт тарзлари бир хилда эмас. Мусулмонман деб юрган кўпчиликнинг қилаётган ишлари ўртасида ер билан осмонча тафовут бор.
Дарҳақиқат, нега шундай? Нега мусулмонман деймиз­у, ёлғон гапирамиз? Нега иймоним бор деб туриб, ибодат қилмаймиз? Нега охират бор деймиз­да, бировнинг ҳаққидан қўрқмаймиз? Қиёматдан гапирамиз­да, ака­ука ёки ота­бола бир­биримиздан безор бўлиб, ҳали уй, ҳали пул талашиб ёқалашамиз. Биров бизга зулм қилса, «Қиёмат бор ҳали!» деймиз­у, бир айланиб, ўзимиз ҳам кимгадир зулм қилаётган бўламиз. Ҳали унга ситам ўтказиб, ҳали бунинг ҳаққини тортиб олиб, яна «Биз ҳам Худо деймиз», деб қўямиз.
Умуман олганда, Аллоҳга ва охиратга иймонни даъво қилаётган кишиларнинг амалларидаги тафовутнинг негизи қаерда?
Ақийда китобларида «Иймоннинг ўзи зиёда бўлмайди, аммо унинг нури, қуввати зиёда бўлади», дейилади. Ҳа, инсоннинг сўз ва амалларини бошқарувчи омил ақийда, эътиқод ҳисобланади ва бу омилнинг қуввати ҳар кимда ҳар хил бўлади. Бинобарин, эътиқодининг даражасини билмоқчи бўлган киши ўзининг шахсий амалларига назар солса кифоя. Бунга ҳаётдан кўпгина мисоллар келтириш мумкин.
2012 йилда қайсидир қадимги битиклар ва ақийдалар асосида «21 декабрда дунё тугар экан, қиёмат қоим бўлар экан», деган гап тарқади. Дунёда буни эшитмаган одам деярли қолмади. Ҳатто айрим жонбозлар бу ҳақда ўз тасаввурларига кўра бадиий фильм ҳам суратга олишди. Ҳаммаёқ шов­шувга тўлиб кетди. Ўша кун яқинлашган сари гап-сўзлар ҳам авжига чиқди. Ниҳоят, кутилаётган кун ҳам келди, аммо қиёмат қоим бўлмади. Бироқ ўша кунни кутиб олишда одамларда фарқли тасарруф кузатилди. Статистик маълумотларга кўра, дунё аҳолисининг 10% қисми мазкур хабарга тўлиқ ишонган. Улар, асосан, шу ҳақдаги битикларни муқаддас санайдиганлар эди. 20%га яқин одам иккиланган, яъни бунга «элликка­эллик» ишонган. Қолган 70%дан кўп одам бу гапга умуман ишонмаган. Биз учун энг аҳамиятли жойи шундаки, одамлар ўша кунни ўз ишончларига кўра кутиб олишган ва шу асосда ҳаракат қилган.
Тўлиқ ишонган 10% одам имкон қадар ўзи ўша кунга керак деб билган барча тайёргарликларни кўрган. Қарз­ҳавола, олди­бердиларини ҳал қилиб, рози­ризоликлар олишган. Айримлари ўра кавлаб, ўшанинг ичига яшириниб олган бўлса, айримлари ўша куни кўчага ҳам чиқмай, оила даврасида бўлишни лозим топган.
Иккиланганлар эса қандайдир яхши ишларни озми­кўпми амалга оширар экан, «Шу ишни қилиб қўяверай, ҳар қалай зарари йўқ­ку», деб ўзини овутган. Баъзилари куни билан қўли ишга бормай, қандайдир хаёлларга шўнғиб ўтирган.
Хабарга умуман ишонмаганлар бу кунни одатдагидек кутиб, одатдагидек ўтказаверган, тайёргарлик ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмаган.
Ушбу воқеликдан яққол кўриниб турибдики, кишиларнинг ўша кутилган кунга тайёргарлиги, унга оид тасарруфлари уларнинг ўша кун ҳақидаги эътиқодлари асосида юзага келган. У кунга бўлган ишончини таҳлил қилмоқчи бўлган киши ўзининг бу воқеага муносабати ва тайёргарлигини кузатса, ҳаммаси равшан бўлади.
Яқинда ижтимоий тармоқда яна бир хабар тарқади. Унга кўра, фалон куни тунги соат 12:30 дан 3:30 гача бўлган вақт мобайнида (қизиғи, қайси ўлканинг соатига кўралиги айтилмаган) бир учар жисм Ер куррасининг яқинидан ўтар экан ва тўлқинларга таъсир қилар экан. Шу боис, уяли телефонларни ўчириб қўйиш ва ётоқдан узоқроққа қўйиш тавсия қилинди ҳамда бунга риоя қилмаганлар «катта зарар» билан огоҳлантирилди. Бу хабарни ўқиб, кимдир ҳамма телефонини ўчириб, керак бўлса, унинг сим-картасини ҳам чиқариб қўйиб, болаларининг қўлидан телефонларни йиғиштириб олиб, алоҳида бир хонага териб қўйибди. Кимдир телефонини бошқа хонага олиб чиқиб қўйган бўлса, кимдир уни ўчириш билан кифояланди. Кимлардир бу гапга умуман парво қилмай, телефонини ёстиғига қўйиб ухлайверди.
Хўш, улар нега турлича йўл тутишди? Бир хабарни эшитган кишиларнинг унга нисбатан турлича муносабатда бўлишига сабаб нима? Айтилган хабарга парво қилмаганлар жонига ачинмайдиган, майиб бўлишни ёки ўлишни истаб турган одамлармиди? Йўқ, асло! Бирорта ҳам ақлли одам ўзига зарар етишини ёки нобуд бўлишни истамайди. Демак, уларнинг тасарруфлари турлича бўлишини таъминлаган бошқа бир омил бор. У ҳам бўлса, ўша хабарга бўлган ишончдир.  
Бир йили ўлкамизда уч­тўрт марта кетма­кет зилзила бўлиб турди. Ўша кезлари қайси бир куни юқори даражадаги зилзила кутилаётгани ҳақида миш­миш тарқади. Кўпқаватли уйларда истиқомат қиладиган айрим кишилар кўчага кўчиб чиқишди, ерга гилам тўшаб, қозон­ўчоқлар осиб, айтилган соатни кутиб ўтиришди. Аммо айримлар бу хабарга унча ишонмади шекилли, безовта бўлишни ҳам исташмади. Ҳа, уларнинг уйни тарк этмай ўтиришларига зилзила ҳақидаги хабарга ишонмаганликларидан бошқа сабаб йўқ эди.
Бунга ўхшаш мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Умуман олганда, ҳаётимиздаги ҳар бир иш­ҳаракат, тасарруфни нималаргадир бўлган ишончимиз бошқаради. Оддий кундалик юмушлардан тортиб, ҳаётимиздаги энг муҳим, ҳал қилувчи қадамларгача – барча­барчаси қандайдир ишонч турткиси билан амалга ошади. Жумладан, яхшилик­ёмонликка, савобу гуноҳга бўлган муносабатимиз ҳам, дин­диёнатимиз ҳам, зикру ибодатимиз ҳам қалбимиздаги ишонч асосида шаклланади ва жорий бўлади.
Демак, инсон нималаргадир ишониб яшайди ва шу ишонч унинг ҳаётини бошқаради. Ана ўша ишончнинг динга, ғайбга тааллуқлиси «иймон» дейилади.
Соф Ислом ақийдасига кўра, яъни Аҳли сунна ва жамоа эътиқоди бўйича иймон олти рукндан (қисмдан), яъни Аллоҳга, фаришталарга, самовий китобларга, пайғамбарларга, охират кунига ҳамда тақдирнинг яхшию ёмони Аллоҳдан эканига ишонишдан иборат. Улардан бири бўлмаса, иймон тугал бўлмайди. Шу билан бирга, ушбуларга иймон келтириш айрим тафсилотларни ҳам ўз ичига олади: Аллоҳга ишониш билан бирга, Унинг азалий ва абадий эканига, ибодатга лойиқ ягона Зот эканига, барча ишга қодир, ҳамма нарса Унинг измида эканига, У ҳар бир заррани­да кўриб, кузатиб туриши ва сарҳисоб қилишига иймон келтириш даркор. Фаришталарга Қуръон ва Суннатдаги хабарлар асосида ишониш; самовий китоблар, хусусан, Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфи, ҳар бир калимаси, ҳар бир маълумоти ҳақ экани; пайғамбарларнинг динни холис ва тўкис етказгани; охиратда амаллар ўлчаниб, сарҳисоб қилиниши ва жаннат­дўзахнинг ҳақлиги; ҳар бир иш Аллоҳнинг тақдири ва иродаси билан бўлишига ишониш мазкур иймон рукнларини эътироф этишнинг асоси ҳисобланади.
Исломда кишининг зоҳирий ҳолати, эътирофи асосида унга мусулмон ёки номусулмон деб қаралади. Унинг қалбига кириб чиқиш талаб этилмайди, иймонининг даражаси тафтиш қилинмайди. Аммо ҳар ким бу маънода ўзини ўзи таҳлил қилиши, сарҳисоб қилиши, имтиҳон этиши мумкин. Бежизга «Ҳисоб­китобга тортилмасингиздан бурун ўзингизни сарҳисоб қилинг», дейилмаган. Бу тадбир кишининг ўз устида ишлашига ёрдам беради, ўзига нисбатан талабчанлигини оширади ва жуда кўп нарсаларни очиқлаб беради, кўплаб яхшиликларга боис бўлади.
Ўз иймонгизнинг қувватини билмоқчимисиз? Бу борадаги даъвойингиз қанчалар чин эканини аниқлашни истайсизми? Марҳамат қилиб, гап­сўзингизга, амалларингизга назар солинг. Улар ўзингиз даъво қилаётган иймон талабларига қанчалар мувофиқ тушса, иймонингиз шунчалар қувватли ҳисобланади.
* Аллоҳга, Унинг ибодатга ҳақли Зот эканига, Ўзига ибодат қилишга буюрганига ва бу буйруқнинг сарҳисоби борлигига бўлган чин иймонингиз ҳеч қачон ибодатсиз юришингизга йўл қўймайди.
* Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини тўла ҳис эта туриб, гуноҳга қўл ура олмайсиз.
* Бировнинг ҳаққини индамай еб кетяпсизми, билингки, охират кунидаги БУЮК МАҲКАМАга бўлган ишончингиз ҳали қалбингизга ўрнашмабди.
* Фаришталарнинг оғзингиздан чиққан сўзни қайдлаб боришини чин маънода англаб етсангиз, гуноҳ гаплар у ёқда турсин, оддий сўзга ҳам жуда эҳтиёт бўлиб қоласиз. Буюк имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳ ўлим чоғида фаришталар инграшни ҳам ёзишини эшитгач, то жони узилгунича қайта инграмагани ана шундай иймон намунаси эди.
* Бировга яхшилик қилишга ўзингизда куч топа олмаяпсизми, демак, Аллоҳнинг берадиган ажру савобига бўлган ишончингизда нуқсон бор.
* Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўраман, у зотга эргашаман дейсиз, аммо аҳли­оилангизга ёмон муомалада бўласиз, уларга зулм қиласиз, унутмангки, даъвойингиз ёлғон.
* Эзгу амаллар қилиб, гуноҳлардан сақланиш орқали охиратингиз учун ҳаракат қилмаётган бўлсангиз, ё охиратга бўлган иймонингиз ҳақиқий эмас, ёки у ҳақдаги тасаввурингиз тўғри эмас, буни тан олиш лозим.
* Кўнглига келган ишни фарқламай қилиб юриб, «Биз ҳам Аллоҳдан қўрқамиз, нима бўлса ҳам, дилимиз пок», дейиш қуруқ даъво ва ўзни алдашдан бошқа нарса эмас.
* Охиратга ишонаман деб туриб, унга тайёргарлик кўрмаслик ё ақлдаги, ёки иймондаги нуқсондан бўлади, бошқача бўлиши мумкин эмас.
Тўғри, ҳар қандай инсон гоҳида ғафлат босиб гуноҳга қўл уриши, ибодат ва яхши амалларда суткашликка йўл қўйиши мумкин, аммо комил иймон бу ҳолнинг бардавом бўлишига барибир йўл қўймайди.
Иймон заифлиги маънавий хасталиклардан саналади. Демак, унинг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш усуллари бор. Мазкур усулдаги шахсий таҳлилга кўра иймонингизда заифлик, «хасталик» аниқланса, уни даволашга шошилинг, токи Аллоҳнинг ҳузурига заиф иймонни қўлтиқлаб борманг. Зеро ўлим қош билан қовоқнинг орасидадир.
Иймон заифлигига қуйидаги омиллар сабаб бўлади:
1.    Илмсизлик. Дин­диёнатдан бехабарлик, диний саводсизлик, Аллоҳ ва Унинг Расулини танимаслик.
2.    Тафаккур қилмаслик: ҳаёт ва борлиқ ҳақида фикр юритмаслик, кўрган­кечирганларидан ибрат ола билмаслик. Аслида Аллоҳ ҳар бир бандасига бир қатор огоҳлантирувчи воқеа­ҳодисаларни рўбарў қилади. Аммо банда нафсига асир бўлганидан улардан ибрат ола билмайди. У нафсига қул бўлганидан ҳатто қалбининг ибрат олишга бўлган интилишига ҳам қулоқ солмайди, бунга йўл бермасликка ҳаракат қилади. Тафаккур қилиб, ибрат олса, нафсининг хоҳишларидан воз кечишга, айбларини тан олишга тўғри келиб қолишидан хавфсирайди.
3.    Иймон­эътиқод, дин­диёнат муҳитидан узоқлик. Ёмон кишиларни дўст тутиш, улар билан бирга бўлиш. Ёмон дўст ёмонликка ундайди, ёмон ишни яхши кўрсатишга ҳаракат қилади ва ҳеч бўлмаганда ёмон ишни писанда қилмасликка кўниктиради.
4.    Ибодат, зикр ва дуодан маҳрумлик.
5.    Била туриб гуноҳга қўл уриш. Хусусан, бугунги кунда кенг тарқаган иллатлардан ҳисобланган фаҳш ва бузуқликка оид ишларга аралашиш. Ҳаром таом, ҳаром назар ва ҳаром қадам.
6.    Ҳаётда намунавий етакчи топа олмаслик.
7.    Дунёга ортиқча берилиш кетиш.
8.    Бола­чақа ва аҳли­аёлнинг юмушларидан бош кўтара олмаслик.
9.    Хомхаёллар, ушалмас орзулар, туганмас умидлар.
10.    Еб­ичиш, уйқу, гап­гаштак, кўнгилхушлик, тўй­томоша каби мубоҳ ишларга муккасидан кетиш.

Иймон заифлигининг давоси эса қуйидагилар:
1.    Ушбу хасталикка сабаб бўлувчи омиллардан четланиш. Чунки даволашнинг биринчи шарти парҳездир.
2.    Илм­маърифат. Ҳа, иймон дарахтининг озуқаси аввало илмдир. Хусусан, Аллоҳни таниш, У ҳақда маърифат ҳосил қилиш, шунингдек, иймоннинг бошқа рукнлари ҳақидаги илмларни ўрганиш иймонни зиёда қилади.
3.    Қуръон ўқиш ва уни тадаббур қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қалблар ҳам темир занглагандек занглайди», дедилар. «Унинг жилоси нима?» дейишди. У зот: «Қуръон тиловати», дедилар.
4.    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни таниш. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўрганиш ва мўъжизалари билан танишиш иймонни зиёда қилади, инсофи бўлса, кофирни мусулмон қилади. У зотни таниб, ўзидан ҳам ортиқ севмагунича киши комил иймонга эриша олмайди.
5.    Борлиқ ҳақида тафаккур қилиш. Инсон ой, қуёш, еру осмон ва бутун борлиқ ҳақида, хусусан, ўзи ҳақида инсоф билан фикр юритса, иймони зиёда бўлиши, агар иймони бўлмаса, иймон келтириши муқаррар. Мусулмон киши ҳамиша тафаккурини ишлатиб туриши лозим. Шунинг учун бир соатлик тафаккур кечалари ибодат қилиб, кундузлари рўза тутишдан кўра кўпроқ ажру савобга сабаб бўлиши мумкин.
6.    Ибодатга қунт қилиш. Айниқса, беш маҳал намозни ўз вақтида адо этиш, иложи борича жамоат билан ўқиш лозим. Фарз ибодатлардан ташқари нафл намозлар ўқиш, нафл рўзалар  тутиб туриш керак.
7.    Дин­диёнатли муҳитга интилиш. Солиҳ кишиларнинг суҳбатида бўлиш, ибодат муҳитига аралашиш иймонни чархлайди.
Имом Бухорий Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Яхши ва ёмон суҳбатдош аттор билан босқончига ўхшайди. Аттор ё сенга туҳфа беради, ё сен ундан (атир) сотиб оласан, ёки ундан хушбўй ҳид туясан. Босқончи эса ё кийимингни куйдиради, ё ундан бадбўй ҳид туясан».
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинади: «Дўстларнинг энг яхшиси – Аллоҳни ёдга олганингда сенга кўмаклашадиган, унутганингда ёдингга соладиган дўстдир».
8.    Аллоҳни зикр қилиш. Аллоҳнинг ёди қалбни тозалайди, дилдан гуноҳнинг кирини кетказади ва иймонни зиёда қилади.
9.    Яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариш. Уламолар айтадиларки, даъват аввало ўз сўзловчисига таъсир қилади.
10.    Ўлимни эслаш ва қабр зиёрати. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаззатларни парчаловчи ўлимни ёдга олинг!» дердилар. Яна бир ҳадисларида: «Қабрларни зиёрат қилинг, чунки у охиратни эслатади», деганлар.
11.    Аллоҳга чин иймон сўраб, тавфиқ тилаб дуо қилиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим! Эй, қалбларни айлантиручи Зот! Қалбимни динингда собит қил!» деб дуо қилардилар.

Иймон бақувват бўлишининг фойдалари чексиз. Жумладан:
1.    Руҳий сокинлик.
2.    Яхши ишларда қатъийлик ва ёмонликлардан четда бўлиш.
3.    Ахлоқий ва руҳий юксаклик.
4.    Ҳаётдан иймон билан кетиш. Зеро, Аллоҳ таолонинг ҳузурига Унга бўлган чин ишонч билан боришдан кўра катта ютуқ йўқ. Худди шунингдек, Унинг ҳузурига У ҳақда шубҳа билан йўлиқишдан оғир мусибат йўқ.
5.    Дунёю охират саодатига эришиш.

Аллоҳ таоло барчамизга ўз-ўзимизни имтиҳон қилиб, амалларимизни сарҳисоб қилиб, сергак тортишни, Ўзининг ҳузурига салим қалб, шукрли дил ва зикрли тил билан боришимизни насиб қилсин!

 Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
                                    

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri