Холис амал ёҳуд ҳусни хотима Принтер учун
16.02.2016 й.
Имомлардан бири  ўзи билан бўлиб ўтган ушбу қиссани ҳикоя қилади:
Масжидда намозини доим имомнинг орқасида, фақат биринчи сафда ўқийдиган, ёши бир жойга бориб, кексайиб қолган бир қария бор эди.
Кунлардан бир кун у намоздан сўнг мен томон эмаклаган ҳолда яқинлашиб келдида: "Эй ўғлим, менга бир нарса ўргатгинки, Аллоҳ уни менга манфаатли қилсин", деди.
Мен бу пайт намоздан сўнг ўқиладиган азкорлар билан машғул бўлиб ўтирган эдим. Хаёлимда: "Нимани ўргатаман, нима дейман?" деб ўйлар эдим.
Шу пайт Аллоҳ қалбимга солиб, бутун билган нарсаларимнинг ичидан фақат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: "Икки калима борки, Аллоҳга маҳбубдир, тилга енгилдир, мезонда оғирдир, у иккиси "Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм", деган ҳадислари бирдан эсимга тушиб қолди. Шунда мен у кишига: "Эй амаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки калима борки, Аллоҳга маҳбубдир, тилга енгилдир, мезонда оғирдир, у иккиси "Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм" деганлар, дедим. У киши: "Такрор айтгин, ёдлаб олайин", деди. Мен "Бўлди, ёдлаб олдим", демагунича қайтаравердим.
Шундан сўнг у киши қаерга борса, мажлис бўлсин, тўй бўлсин, хоҳ аза бўлсин, "Эй биродарлар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки калима борки, Аллоҳга маҳбубдир, тилга енгилдир, мезонда оғирдир, у иккиси "Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм", деганлар, деб ҳадисни эринмасдан уларга эшиттирар, ўргатар эди. Кўчада кетаётганида ўғилми-қизми тўхтатиб: "Эй болам, эшитгин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки калима борки, Аллоҳга маҳбубдир, тилга енгилдир, мезонда оғирдир, у иккиси "Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм", деганлар, деб ҳадисни ёяр эди. Уйига бирор киши келса, ёки бирор кишини кўргани борса, ёки маркабга минса ҳам бу амалини тарк этмас эди. Ҳадисни айтиб, ихлос билан одамларни Аллоҳга чақирар эди.
Чол касал бўлиб қолди. У шифохонага ётқизилди. Касаллик сабабидан кома ҳолатига тушиб, шу ҳолатда бир қанча муддат ётди.
Бир куни болалари атрофида, шифокор бош тарафида эди. Шу пайт чол бехосдан кўзларини очди, болаларига қаради, сўнг бошининг тепасида турган шифокорга қараб биринчи айган сўзи: "Эй доктор, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки калима борки, Аллоҳга маҳбубдир, тилга енгилдир, мезонда оғирдир, у иккиси "Субҳаналлоҳ ва биҳамдиҳи, субҳаналлоҳил азийм" деганлар, деб жон таслим қилди.
Унинг охирги сўзи ушбу ҳадис бўлди, хоҳлаганидек ўрганган нарсасини Аллоҳ унга манфаатли қилди, хотимасини чиройли қилди, охирини хайрли қилди.
Ушбу мўжазгина ҳаётий қисса бизга Аллоҳ таолонинг:
 "Аллоҳ иймон келтирганларни бу дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам собит сўз ила собитқадам қилур", деган ояти каримасини ёдимизга солиб, унинг нақадар ҳақ эканлигини эслатади. Ҳа, Аллоҳ азза ва жалла уни бу ишида собитқадам қилди.
Қиссадан хулоса шуки, киши Аллоҳга етишиши учун кўп нарса билиши эмас, оз бўлса-да, билганига ихлос, муҳаббат билан амал қилиши лозим экан.
Ихлоснинг зидди Риё ва Сумъадир. "Риё" – қилаётган амалини "бировлар кўрсин" деб қилинса, "Сумъа" қилаётган амалини "бировлар эшитсин" деб қилишдир.
Минг афсуслар бўлсинки, ҳозирги кунимизда бу икки вабо - "Риё ва Сумъа" - биз учун арзимас, оддий нарса ҳисобланиб, ҳаётимизнинг "бир бўлаги"га айланиб улгурди. Амалларимиз бу икки иллатсиз амалга ошмайдиган даражага бориб етди.
 Банда қилаётган амалини Аллоҳ учун қилмас экан, ўз-ўзидан бу амали риёга айланади. Қуйидаги ҳадиси шариф сўзимизнинг исботидир:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, қиёмат куни биринчи бўлиб ҳукми чиқадиган одам  – шаҳид бўлган одамдир. У олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб жанг қилдим, охири шаҳид бўлдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг, сен «шижоатли» дейилиши учун жанг қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, илм ўрганган ва илм ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сени деб илм ўргандим, илм ўргатдим ва Қуръон ўқидим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен илмни «у олим» дейилиш учун ўргандинг, Қуръонни «у қори» дейилиши учун ўқидинг. Шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади. Яна бир одамки, Аллоҳ унинг ризқини кенг қилиб, турли молларнинг барчасидан бериб қўйган эди. Бас, у олиб келиниб, (Аллоҳ унга) берган неъматларини танитади. У танийди. Сўнгра:
«Булар ила нима қилдинг?» деб сўрайди.
«Сен яхши кўрадиган йўлларнинг бирортасини ҳам қўймай, йўлингда инфоқ қилдим», дейди.
«Ёлғон айтдинг! Сен «сахий» дейилиши учун қилдинг, шундай дейилди ҳам», дейди У зот.
Сўнгра амр қилиб, уни юзтубан судратиб бориб, дўзахга ташлатади», дедилар».
Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётнинг одатда кўпроқ риё содир бўладиган уч тармоғида риёкорлик билан иш тутишнинг оқибати нима билан тугашини баён этиш орқали умматларини риёдан сақланишга чақирмоқдалар.
Демак, кўринишидан хайрли, савобли бўлган ҳар қан дай амал Аллоҳ учун холис қилинмаса, аксинча унга риё аралашса, бундай кимсанинг ҳоли қандай бўлишини юқоридаги ҳадис баён қилиб турганида, энди қулоғигача маъсиятга мубтало бўлган, гуноҳ амалларни Роббидан қўрқмасдан, беҳаёларча тап тортмасдан  қилиб юрган кимсаларнинг оқибати, аҳволи  қандай бўларкин?
Шунинг учун мўмин банда қандай амал бўлса ҳам, каттаю-кичигини холис Аллоҳ учун қилмоғи зарур бўлади. Кўринишидан бизга қанчалик буюк амал бўлиб кўринмасин, агар унда ихлос бўлмаса, бу амал Аллоҳнинг ҳузурида ҳеч нарсага арзимас, бекор амал ҳисобланиб, бу иши бошига битган бало ҳам бўлади. Аксинча, зоҳирида заррача амал бўлиб, агар унда ихлос сифати топилса, бу амал Аллоҳнинг ҳузурида буюк амал, ажр-мукофоти улкан бўлган мақбул амал, ўзи эса Аллоҳга маҳбуб бандалардан бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни доимо Ўзига мухлис бандаларидан бўлмоғимизни насиб айласин!

Абдулбосит Ҳамза Абдуллоҳ
 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri