ЎЗ ДИНИНИ БИЛМАСЛИК ВА УНГА АМАЛ ҚИЛМАСЛИК: Ҳар қандай инсон ва жамият ҳаётидаги муаммоларнинг асоси бу - диний ҳақиқатларни билмаслик ва уларга амал қилмасликдандир. Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик бандани мусулмонликдан чиқариб кофирликка киритиб қўйиши мумкин. Куфрга олиб бориши мумкин бўлган ҳар бир нарса эса ҲАРОМдир. Ўз динини билмаслик ва унга амал қилмаслик бирор инсоннинг фаҳшга берилиши ёки фаҳш жамиятда тарқалишида ҳам кўринади. Агар инсонлар Аллоҳни таниганларида, У Зот кўрсатган динни билганларида ва унга оғишмай амал қилганларида икки дунё бахтига эришган, хусусан жинсий ҳаётларини ҳам гўзал суратда йўлга қўйган бўлар эдилар. Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилган: ”Агар улар иймон келтириб, тақво қилганларида, гар билсалар, Аллоҳнинг ҳузуридаги савоб яхши эди” (Бақара сураси, 103 оят). Ушбу ояти каримада инсонлар агар билсалар бу дунёдаги Аллоҳ кўрсатмаларига зид нарсалардан кўра охиратдаги савоб ва мукофот яхшироқ эканлиги айтилмоқда. Бу дунёдан кўра охират яхшироқ ва абадий эканлигини билган инсон унга ҳаракат қилади, аммо Аллоҳни танимаса, динни билмаса ҳеч нарса қила олмайди. Демак у ҳалол ва ҳаромни, фарз нима, вожиб нима, суннат нима, макруҳ нима билиши зарур. Оятларда Аллоҳдан олим бандаларгина қўрқишлари, билган инсонлар билан билмаган инсонлар тенг бўла олмаслиги айтиб ўтилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам умматларини илм олишга, хусусан динни таълим олишга буюрганлар ва ҳар бир мўмин ва мўминага Ислом дини асослари, банданинг намоз, закот, рўза, ҳаж, ҳалол ва ҳаром ҳақида илм олиши фарз ва қарз эканлигини эълон қилганлар. Ушбу санаб ўтилган нарсаларни билиш ўзини мусулмон ҳисоблаган киши учун ихтёрий эмас мажбурийдир. Шунингдек Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ кимга яхшилик беришни ирода қилса, уни динда фақиҳ (чуқур билимдон) қилиб қўяди” деб марҳамат қилганлар (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Бой қилиб қўяди, машҳур қилиб қўяди, соғлом қилиб қўяди демаганлар. Демак энг катта яхшилик ўз динини билишда экан, бу яхшиликнинг олдига ҳеч нарса туша олмас экан. Агар зино ва унга боғлиқ ишларни қилувчи, уларга боғланиб қолган ёки қилмоқчи бўлган банда Аллоҳ зино ва унга боғлиқ ишларни ҳаром қилганини, бу нарса дунё ва охиратда бахтсизликка олиб боришини, Аллоҳ учун ўз шаҳватларини жиловлаган инсон учун жаннатда тайёрланган абадий роҳатлар, шаҳватини жиловламаганларга жаҳаннамда тайёрланган чексиз азобларни билганида эди...! Агар у Роббисининг қанчалар улуғ эканлиги, унга нисбатан қанчалар меҳрибон эканлигини ва унинг дини нақадар олий, юксак инсоний фазилатлар эканини, Аллоҳ учун ўзига зарарли ишдан воз кечиш нақадар буюк қаҳрамонлик эканлигини билганида эди...! Киши ўз динини билиб унга амал қилса, биз юқорида санаб ўтган фаҳшга олиб борувчи йўлларни айтиб ўтиришга ҳожат қолмаган бўлар эди. Зеро барча муаммоларнинг боши ўз динини билмаслик ва унга амал қилмасликдир.
НОМАҲРАМЛАРДАН КЎЗНИ ТИЙМАСЛИК
Зинога олиб борувчи йўлларнинг энг кенг тарқалгани, жамият ҳаётида чуқур илдиз отгани бу номаҳрамлардан кўзини тиймасликдир. Бу нарса ҲАРОМдир. Номаҳрам деганда эркак бўлсин ёки аёл бўлсин маҳрам бўлмаганларнинг барчаси киради (номаҳрамлар кимлар экани ҳақида кейинроқ сўз боради). Бунда эркак ўзига номаҳрам бўлган аёлларга шаръий узрсиз қараши ва аёл ўзига номаҳрам бўлган эркакларга шаръий узрсиз қараши ҳаром бўлади. Аллоҳ таоло бу хусусда қуйидагича марҳамат қилган: “Сен мўминларга айт, кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Ана шу улар учун покдир. Албатта, Аллоҳ нима ҳунар қилаётганларидан хабардордир. Сен мўминаларга айт: Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, магар зоҳир бўлган зийнатлар бўлса (майли). Рўмолларини кўксиларига тўсиб юрсинлар. Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига ё ўз қўлларида мулк бўлганларга ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчиларга ё аёллар авратининг фарқига бормаган ёш болаларга (бўлса майли). Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур 30, 31). Ушбу оятда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўминлар номаҳрам аёллардан кўзларини тийишларини, зино ва унинг кўринишларидан узоқда бўлишни буюрмоқда. Албатта ҳар қандай фаҳшнинг боши назар ташлашдан бошланади. Мана шу ҳаром ишни, яъни номаҳрамга назар ташлашни қилган одам даражама-даража бошқа ишларга ҳам қўл уриши мумкин бўлиб қолади. Банда доимо мени Аллоҳ кўриб турибди деган фикр билан юрса, бундай ишларга қўл урмайди. Шунингдек Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб, мўмина аёлларга кийим кийиш ва аврат беркитиш борасида ўзларини қандай тутишлари лозимлигини баён қилиб беришини буюрмоқда. Муслима аёллар ҳам номаҳрамларга шаҳват назари билан қарамасликлари лозимлиги ушбу оятдан тушунилади. Аллоҳ бандаларининг ҳар бир ишидан, шу жумладан кўз хиёнатидан ҳам доимо хабардор эканлигини қуйидаги оятда баён қилиб айтган: “У зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, диллар махфий тутган нарсаларни ҳам билур” (Ғофир сураси, 19 оят). Яъни, бировга билдирмасдан, ўғиринча кўз қири ташлаганини ҳам билиб, ҳисобга олиб қўяди. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин бошқа нарсаларни билишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Одамлар бундан огоҳ бўлсинлар. Улуғ Аллоҳ яна бундай марҳамат қилган: “Албатта, қулоқ, кўз ва дил — ана ўшалар, масъулдирлар” (Исро сураси, 36 оят). Ушбу оятдан инсон ҳар бир амалига, шу жумладан ҳар бир кўзи ила солган назарига масъул эканлиги айтилмоқда. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уматларини кўчаларда ўтиришдан қайтаришларининг сабабларидан бири уларнинг кўзлари номаҳрамларга тушишининг олдини олиш бўлган. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлларда ўтиришдан четланинглар” деганларида саҳобалар: “Бунга бизнинг ҳожатимиз бор. Биз кўчада бир–биримиз билан суҳбатлашамиз” дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ундай бўлса, кўчада турганингизда йўлнинг ҳаққини адо этинглар” дедилар. Саҳобалар: “Йўлнинг ҳаққи нима ё Расулуллоҳ?” деб сўраганларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўзни номаҳрамлардан тийиш, озор беришдан тийилиш, саломга алик олиш, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш” дедилар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). Имом Муслим Жарир ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида бундай дейилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан номаҳрамга кўз тушиб қолиши ҳақида сўраганимда у киши кўзимни олиб қочишимга буюрдилар”. Имом Амад ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар: “Номаҳрамларга назар шайтоннинг заҳарланган ўқларидан бир ўқдир. Ким Аллоҳ учун кўзини номаҳрамлардан қуйи тутса, Аллоҳ унинг қалбида Ўзига йўлиқадиган кунгача ҳаловат пайдо қилади”. Эй муслим ва муслима дўстим! Шайтоннинг заҳарланган ўқи ёки Аллоҳга йўлиқадиган кунгача қалбингда бўладиган иймон ҳаловатини ўзинг танла. Баъзилар номаҳрамларга қарашга одатланиб қолган бўладилар. Улар бу нарса ҳаром эканлигини билганларида ҳам назар қилишга одатланиб қолганлари учун тийилишлари қийин бўлади. Аммо номаҳрамларга назар солишга одатланган кўз номаҳрамлардан ўзини буришга ҳам одатлана олади. Фақат бу йўлда Аллоҳдан мадад сўраш ва жидду жаҳд қилиш керак. Улуғ ишлар тиришқоқлик талаб қиладида! Энди номаҳрамларга назар солишга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак: Эркак киши назар солиши жоиз бўлган аёллар: 1. Она ва онанинг онаси, қанча юқориласа ҳам. 2. Қиз, қизнинг қизи, қанча пастласа ҳам. 3. Опа–сингиллар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ. 4. Амма ва холалар. 5. Ака–укалар ва опа–сингилларнинг қизлари. 6. Хотинининг онаси, яъни қайнона. 7. Жинсий яқинлик қилган хотинининг бошқадан бўлган қизи, яъни ўгай қиз. 8. Ўғлининг хотини, яъни келин. 9. Отасининг хотини, яъни ўгай она. 10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам. 11. Вояга етмаган қизчалар. 12. Қариб қолган кампирлар. Ушбу кўрсатиб ўтилган аёллардан бошқа бирортасига эркак киши учун жиддий заруратсиз авратига қараш ҳаром бўлади. Аёл киши назар солиши жоиз бўлган эркаклар: 1. Ота ва отанинг отаси, қанча юқориласа ҳам. 2. Ўғил, ўғилнинг ўғли, қанча пастласа ҳам. 3. Ака–укалар, ота бир бўладими, она бир бўладими фарқи йўқ. 4. Амаки ва тоғалар. 5. Ака–укалар ва опа–сингилларнинг ўғиллари. 6. Эрнинг отаси, яъни қайнота. 7. Эрнинг бошқадан бўлган ўғли, яъни ўгай ўғил. 8. Қизининг эри, яъни куёв. 9. Онасининг эри, яъни ўгай ота. 10. Юқоридаги тўққиз бандда кўрсатилганларнинг ҳаммаси эмишлик орқали бўлганда ҳам. 11. Вояга етмаган ўғил болачалар. 12. Қариб қолган чоллар. Ушбу кўрсатиб ўтилган эркаклардан бошқа бирортасига аёл киши учун шаръий заруратсиз авратига қараш ҳаром бўлади. - Никоҳида бўлмаган ёки мулкида бўлмаган ҳар қандай аёлга шаҳват назари билан қараш ҳаром. - Никоҳида бўлмаган ёки мулкида бўлмаган ҳар қандай эркакка шаҳват назари билан қараш ҳаром. - Номаҳрамнинг авратига шаҳватсиз бўлган ҳолда ҳам назар солиш ҳаромдир. Аёлнинг аврати: юзи ва икки кафтидан бошқа ҳамма аъзолари. Эркакнинг аврати: киндигидан тиззасигача, тиззаси аврат. - Номаҳрамнинг аврат бўлмаган жойига (масалан аёлнинг юзи ва икки кафтига) шаҳват ила, лаззатланиш учун қараш ҳаром. - Ўзига маҳрам бўлганларга (эр-хотин мустасно) шаҳват назари ила қараш ҳаром. - Ўзига маҳрам бўлганларнинг уятли жойларига назар солиш ҳаром (эр-хотин мустасно). - Балоғатга етишига оз қолганларга ҳам эҳтиётан балоғатга етганлардек ҳукмлар жорий бўлади. - Бирор аёлни бошқа эркакка ва бирор эркакни бошқа аёлга тана тузилишлари ва жинсий аъзоларини васфлаб бериш ҳаром. - Эркак эркакка, аёл аёлга шаҳват назари ила қараши ҳаром. - Аёл киши аёл кишига - эркак ўз маҳрамларига (хотинидан ташқари) қараши мумкин бўлган жойларига қараши мумкин. - Муслима аёллар ёмон аёлларга ўз авратларини кўрсатишлари жоиз эмас. - Ўзининг жинсий аъзоларига заруратсиз назар солиш макруҳдир. - Назар солиш мумкин бўлмаган номаҳрамга кўз тушганда кўзни дарров олиб қочилади. Агар кўзини узмай қараб тураверса ёки қайта–қайта қараса, ҳаром бўлади. - Фаҳш бор видео, фото суратларга, турли ҳил рекламаларда суратга тушган номаҳрамларга назар солиш - ҳаром. - Фаҳш бор видео, фото суратлар, турли ҳил рекламаларни суратга олиб уларни тарқатиш ҳам ҳаром амаллардандир. Зеро ҳаром ишга йўл очувчи, унга ундовчи амаллар Исломда ҳаром қилингандир. Буюк Аллоҳ бундай марҳамат қилган: “Албатта, иймон келтирганлар ичида фоҳиша тарқалишини яхши кўрадиганларга бу дунёю охиратда аламли азоб бордир. Аллоҳ биладир, сизлар билмассизлар” (Нур 19). - Номаҳрамларга кўзи тушиши аниқ бўлган ҳолатларга мўмин киши ўзини ўзи тушириши жоиз эмас. Бу ҳолатнинг кўринишлари кўп. Масалан, сиртидан Исломга зид бўлмаган бир кўрсатув ёки фильмни кўраётганингизда кўзингиз номаҳрамларга қайта-қайта тушаверса, сиз “номаҳрамларга кўз тушиши ҳаром эмас, уларга назар солиш ҳаром” дея олмайсиз. Зеро, ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “назар кетидан назарни эргаштирма” деб марҳамат қилганлар. Шунингдек инсон кўчада, жамоат жойларида юрганида кўзини қуйи тутиб юриши ва номаҳрамларга назар солиш у ёқда турсин, кўз тушишидан ҳам огоҳ бўлиши лозим. Кўз тушганида ҳам ҳаёл бузилади, кўз тушганида ҳам шаҳват қўзиши мумкин ва бу нарсалар иккинчи маротаба қарашга олиб бориши, иккинчи маротаба қараш эса бошқа кўпгина бир-бирини келтириб чиқарувчи ёмонликларга олиб бориши мумкин. - Ота–оналар ўз фарзандларини бу ишларнинг барчасидан қайтаришлари ва назорат қилиб туришлари – вожибдир. Номаҳрамларга назар солиш жоиз бўлган ҳолатлар: - Зарурат ва ҳожат юзасидан ҳаддан ошмаган ҳолда, шаҳватсиз аврат бўлмаган жойига назар ташлаш - жоиз. - Бўлажак келинни бўлажак куёв юзи ва икки кафтига назар солиши мустаҳаб (мақталган) ишдир. Никоҳлангунга қадар бўлажак келиннинг авратига қараш жоиз эмас. Зеро никоҳ ақди бўлмагунча у ҳам номаҳрам ҳукмидадир. Икковининг бир-бирлари ила холий қолишлари жоиз эмас. Жуда бўлмаса, олдиларида яхши-ёмонни ажратадиган ёшдаги бола бўлиши ёки исталган вақт очиш мумкин бўлган шаффоф ойна ортида улардан бирининг маҳрами туриши керак. - Турли ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо–сотиқ муомалалари, ижара, қарз олди–бердида, гувоҳлик, таълим беришда, даволаниш ва касалга ҳизмат қилинганда (жинсдош одам бўлмаса), чўкиш, ёниш ва шу каби қутқарув ишларида назар солиш жоиз. Бу ҳолатларда юзга назар солинади ва заруратдан ортиқ қаралмайди. Зарурат сабабидан назар солганда лаззатланиш ва шаҳват ила қараш - ҳаром. Шунингдек номаҳрамларга кўз қисиш, гап отиш каби ишлар ҳам ҳаром. Манба: islom.uz Афзал Аброр таржимаси.
|