Иффатли бўлинг! Принтер учун
13.09.2016 й.
Иффат юксак иймоний хулқдир. 
Иффат сабр, жидду жаҳд, савоб умид қилишдир. 
Иффат қувват, чидам, иродадир. 
Иффат мусулмон оилани ҳавойи нафсдан, оғишлардан, адашишлардан асрашдир. 
Иффат пасткашликлардан узоқ бўлишга, мурувват ва ҳаёни шакллантиришга чақириқдир. 
Иффат нафс ва шаҳватлар устидан ғалабадир. 
Иффат чиройли амалларни бажариши ва юксак одоблар билан безаниши учун нафсга куч беришдир. 
Иффат нафсда поклик, тозалик, олийжанобликни барпо этишдир. 
Иффат жамиятда фазилатлар ва яхшиликларни экишдир. 
Ҳа, бу айтилаётган иффат Исломдаги иффатдир. У инсонийликни тойилишдан, пасткашлик ва разолат чоҳига қулашидан асрайди. Бу иффат инсоннинг иродасини, хоҳиш-исткларини ноўрин тарафга бурилишидан сақлайди. Келинг, иффат ҳақидаги ҳадислардан намуналар кўриб чиқайлик.
1. “Тўрт нарса бор. Агар ўша нарсалар сенда бўлса, дунё қўлингдан чиқиб кетишининг сенга зарари бўлмайди. Улар: омонатдорлик, рост гапириш, чиройли табиат, таомдаги иффат”. Аҳмад ривояти.
2. “Ё Аллоҳ, мен Сендан ҳидоят, тақво, иффат, бойлик сўрайман”. Муслим ривояти.
3. “Оталарингизга яхшилик қилинглар, ўғилларингиз ҳам сизларга яхшилик қилишади. Иффатли бўлинглар, аёлларингиз ҳам иффатли бўлишади”. Табароний ҳасан иснод билан ривоят қилган.
4. “Уч киши борки, уларга ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасидаги ҳақдир. Улар: Аллоҳнинг йўлидаги мужоҳид, тўлашни хоҳлаб битим тузувчи мукотаб, иффатни хоҳлаб никоҳланувчи киши”. Термизий ривояти.
5. “Менга жаннатга олдин кирадиган уч киши кўрсатилди. Улар: шаҳид, иффатли камтар, Аллоҳнинг ибодатини чиройли қилган ва қўл остидагиларга насиҳатгўй бўлган банда”. Термизий ривояти.  
6. “Ким ўз нафсига инфоқ қилиб, ўша билан иффатли бўлса, у садақадир. Ким аёлига, боласига ва аҳли байтига инфоқ қилса, у садақадир”. Ибн Можа ривояти. 
7. “Мусулмон бўлиб, етарли озуқа (ортиқ бўлмаган озиқ-овқат) билан ризқланиб, Аллоҳ унга берган нарсасига уни қаноатли қилиб қўйган киши нажот топибди”. Муслим ривояти.

Пайғамбар алайҳиссалом хонадонларида иффат

1. “Мен аҳлимга қайтаман ва тўшагимда тушиб ётган хурмони топаман. Кейин уни ейиш учун оламан. Сўнг садақалардан бўлиши мумкинлигидан қўрқиб уни улоқтираман”. Бухорий ривоят қилган.
2. “Ҳасан ибн Али садақа хурмоларидан бир хурмони олди ва уни оғзига солди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ких! Ких! Уни ташла! Биз садақа емаслигимизни билмасмидинг?!” дедилар”. Бухорий ривоят қилган.
3. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда ётган бир хурмонинг ёнидан ўтдилар ва “Агар садақа бўлиши мумкинлигидан қўрқмаганимда уни еган бўлардим” дедилар”. Бухорий ривоят қилган.

Иффатнинг турлари

1. Ҳаром қилинган нарсалардан иффат. Бу фаржни ҳаромдан тийишни, тилни одамларнинг обрўсидан тийишни ўз ичига олади.
2. Гуноҳлардан иффат. Бу зулмни ошкора қилишдан тийилишни, нафсни яширин хиёнатдан қайтаришни ўз ичига олади.
Иффатни амалга ошириш, ҳаётга татбиқ этиш омиллари

1. Иймон. Иймон мўминнинг қалбида виждонни пайдо қилади. Натижада у қўрқув, ҳаёни эсига келтиради, охиратни ўйлайди, Аллоҳнинг азаматини ҳис қилади. Булар эса нафсдаги шаҳватни бостиришга, уни ҳаддан ошишига йўл қўймасликка сабаб бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда Юсуф алайҳиссаломнинг тилларидан ҳикоя қилиб шундай деган: “(Юсуф) деди: “Аллоҳ сақласин! Ахир, у (эринг) хожам-ку?! Менга яхши жой берган бўлса?!” (Юсуф, 23). 
2. Руҳий тарбия. Бунга сабр, Аллоҳ азза ва жалланинг розилиги учун жидду жаҳд қилиш, зикр, дуо, тазарруъ, ибодат, илтижо орқали Аллоҳ таоло билан доимий боғланиш, Қуръонни тадаббур билан қироат қилиш кабилар киради. 
3. Рўза орқали нафсни тарбия қилиш. Рўза қалб, нафс покланишига, ёрдам берадиган омиллардандир. Рўза сабабли шайтоннинг юрадиган йўллари торайтирилади ва шаҳватлар босилади. Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир”, деганларини эшитдим”.  Бешовлари ривоят қилганлар.
4. Мусулмон авлодга иффатни пайдо қиладиган ишларни ўргатиш. Шу билан бирга ёш авлодга иффатсиз кимсалар йўлиқадиган ижтимоий, нафсий, ақлий, руҳий ва бошқа кўплаб салбий оқибатларни баён қилиб бериш. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолида тирилтирурмиз” (Тоҳа, 124). 
5. Фарз, вожиб, суннатларни маҳкам ушлаб, уларни ўз вақтида адо этгандан кейин нафл ибодатлар орқали Аллоҳга яқинлашиш. 
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Аллоҳ таоло айтади: “Ким менинг валийимга душманлик қилса, батаҳқиқ, Мен унга уруш эълон қилурман. Бандам Менга Мен унга фарз қилган нарсаларим ила яқинлашгани каби Менга маҳбуб нарса ила яқинлаша олмас. Бандам менга нафллари ила яқинлашишида бардавом бўлса Мен унга муҳаббат қилурман...” Бухорий ва Аҳмад ривояти.
6. Қалб Аллоҳнинг исмларини, сифатларини, феълларини ўрганиши. Ким Аллоҳнинг феълларини, сифатларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобалар, салафи солиҳлар танигандек таниб, улар эътиқод қилгандек эътиқод қилса, Аллоҳ таоло уни ҳидоят қилади, унга ёрдам беради ва унинг қадамини яхшилик йўлига буриб қўяди.
7. Қалбнинг бутунлай Аллоҳ таолонинг ҳузурида синиқлик қилиши, Унга бўйин эгиши, Ундан қўрқиши ва Унга сўз, жасад билан ибодат қилиши, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан нафсини сақлашини сўраб Унга илтижо қилиши, шаҳватларга ботиб қолиш осон бўлган, фаҳш ишларнинг турлари кўпайган бугунги замонда уларга қарши туриш азмини кучайтириши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло етти кишини Ўз соясидан бошқа соя йўқ Кунда соясига олур: одил имом, ўз Роббиси ибодатида ўсган ёш, қалби масжидларга боғлиқ киши, Аллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўриб, Аллоҳ учун жам бўлиб, Аллоҳ учун ажрашадиган икки киши, мансаб ва ҳусн-жамол эгаси бўлган аёл ўзига чақирганда, мен Аллоҳдан қўрқаман деган одам, садақани махфий қилиб, ҳатто чап қўли ўнг қўли қилган садақани билмай қолган одам ва Аллоҳни холи қолиб эслаганда кўзидан ёш оққан одам”, дедилар”. 
Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
8. Нафсга кенгчилик қилиш, мубоҳни олиш. Нафс ўз табиати билан Аллоҳ таоло таҳдид қилган, қўрқитган нарсаларга мойил қилиб яратилган. Уни Аллоҳ ҳалол қилган нарсалар томонга буриш ва фитна дарвозаларини қулфлаб, шаҳват ғалаёнларининг олдини олиш эса ёмонлик эшикларини беркитадиган энг катта чоралардан биридир. 
9. Аллоҳ таолога ёлвориб, қулай, дуолар ижобат бўладиган вақтларда муножот қилиш, дуо қилиш. Бу иш динида собит туриш, Тўғри Йўлида бардавом бўлиш, Каломини тиловат қилиш, Унинг ҳузурида бандалик одоблари ила безаниш билан бирга олиб борилади. Сўнгра буларнинг ҳаммаси истиғфор, тавба билан тугалланади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқларидан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар” (Сажда, 16).  
10.  Аллоҳ билан қалб ўртасига тўсиқ бўладиган ҳар қандай ишдан бутунлай узоқ бўлиш. Бу эса фақатгина ёмонликларнинг ҳамма турларидан, ҳаром амалларнинг барча кўринишларидан, гуноҳларнинг ҳаммасидан узоқ бўлиш орқали амалга оширилади. Шунинг учун тана аъзоларининг подшоҳи бўлган қалбни пок сақлашга уриниш, унинг бузилишига асло йўл қўймаслик керак. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб айтади: “У кунда на мол-дунё ва на фарзандлар фойда бермас, фақат Аллоҳ ҳузурига соғлом дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)” (Шуаро, 88-89).
11. Фикрий тарбия бериш. Фарзандларга иффатга алоқадор бўлган тушунчаларни ўргатиб бориш. Иффатнинг фазилатларини, самараларини тушунтириб, иффатсизликнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантириш. Иффатга қарши курашувчи дин душманларининг ҳийлаларидан ҳам уларни огоҳ этиб бориш. 

Иффатнинг самаралари

1. Мурувватнинг юзага чиқиши. Киши бу хислат билан дунё ва охиратда улуғликка, шарафга эришади. Пасткашликнинг ҳамма кўринишларидан узоқ бўлинади. Шаҳватларни ўз меъёрида тутиб туришга ўрганилади. 
2. Жамият турли пасткашликлардан, гуноҳлардан, разолатлардан, фаҳш ишлардан покланади, тозаланади.
3. Нажотга эришилади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилган: “Мўминлар нажот топдилар... Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Бас, кимки шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир” (Мўъминун сурасидан).
4. Охиратда жаннатга ва абадий неъматга эришилади. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “Айнан ўшалар меросхўрдирлар – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчидирлар” (Муъминун, 10-11).
5. Фаржларни фаҳшлардан сақлашга эришилади. Бунинг натижасида нафслар ҳам покланади, жамият ҳам саломат бўлади, тинчлик-хотиржамликка ҳам эришилади, обрўлар ҳам муҳофаза этилади. Пайғамбар алайҳиссалом шундай деб марҳамат қилганлар: “Ким менга икки оёғи орасидаги ва икки жағи орасидаги нарсани (ҳаромдан) сақлашга кафолат берса, мен унга жаннатнинг кафолатини бераман”. Аҳмад ривоят қилган. 
6. Дўзахдан саломатлик ва нажотга эришилади. Пайғамбар алайҳиссалом дедилар: “Уч киши борки, уларнинг кўзлари дўзахни кўрмайди: Аллоҳнинг йўлида қўриқчилик қилган кўз, Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган кўз, Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан тийилган кўз”. Табароний ривоят қилган. 
7. Қалб қувватли бўлади, нафс хотиржам бўлади, кўнгил кенг бўлади. Ундай қалбнинг эгаси сокинликда ва хотиржамликда яшайди. Аллоҳ таоло Қуръонда шундай деб марҳамат қилади: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” (Раъд, 28).
8. Ақл пешланади, нафс тозаланади, юксалади, азиз бўлади. Ғамлар, хафагарчиликлар, маҳзунликлар камаяди.
9. Инсон ўзи учун энг яхши нарсани қилган, энг тоза йўлни танлаган бўлади. Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилиб шундай дейди: “(Эй, Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир” (Нур, 30).
10.  Нафсда ғайрат, ҳамият униб-ўсади. Бу эса жамиятни разолат, пасткашлик, фаҳш, очиқ-сочиқлик, номаҳрамларнинг аралашиб юриши каби чоҳларга қулашидан ҳимоя қилувчи энг мустаҳкам девордир. 

Иффат йўқолишининг сабаблари

1. Шаҳватни қўзғатадиган, ақлни оладиган, руҳни бузадиган, иффатни заифлаштирадиган нарсаларни ўқиш, эшитиш, кўриш.
2. Телевизор, матбуот (газета, журнал), интернетда Ғарбнинг беҳаё маълумотларининг кенг тарқалганлиги. Кишиларнинг Ғарб маданиятига қизиқиши, маҳлиё бўлиши. 
3. Аёлларнинг ечиниши, уйидан чиқиши, узоқлашиши, гўзаллик танловлари, гўзаллик салонларининг кўпайиши, бозорларда, кўчаларда, тўйларда, тўйхоналарда ва ҳоказо жамоат жойларида шаҳватни қўзитадиган даражада кийинган, безанган, бўянган аёлларнинг кўпайиб бориши.
4.  Ҳаром ишларнинг осон қилинадиган бўлиб қолгани, адашиш йўлларининг кўплиги, фаҳш ишлар ва уларнинг турларининг кўпайганлиги.
5. Кишилар ўз уйларига бегона эркаклар, ходимлар киришига беэътибор бўлиб бораётганлиги. Аёллар билан эркакларнинг уловларда, масканларда, тўйларда, зиёфатларда, бозорларда ва бошқа жойларда аралашиб юришининг кенг тарқалганлиги.
6. Мусиқа, рақс, бадиий гимнастика каби тўгаракларга борувчиларнинг аёл-қизлар эканлиги. Аёлларнинг авратларини театр, кино, клип, спорт ва ҳоказо ўринларда кенг кўрсатилиб, иффатга улкан футур етказилаётганлиги. Аёллар куй-қўшиқ куйлаб, аёллик табиатига мос келмайдиган қилиқлар қилишлари ва шаҳватни жунбушга келтирувчи сўзлар иштирок этган турли қўшиқлар куйлашлари.
7. Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришнинг инсонлар орасида камайиб бораётгани, бу ишга кам эътибор берилаётгани. Одамлар бир-бирларини иффатга футур етказувчи нарсалардан узоқ бўлишга чақирмаётгани. Иффатга футур етказувчиларга кўпчилик индамай қўяётгани.
8. Балоғатга етган йигит-қизларнинг оила қуришга шошилмаётгани. Чунки улар вақтида оила қуришга ҳаракат қилмай, бу ишни пайсалга солиб юрсалар, жамиятда бадназарлик, зино каби жиноятлар кўпайиб, иффат, ҳаё каби хулқлар камайиб кетади. 
Аллоҳ таоло барча мусулмонларни иффат, ҳаё хулқлари билан зийнатлаб, беҳаёлик, фаҳш, зино каби гуноҳлардан узоқ қилсин, омин!

Манба: islom.uz 
Интернет материаллари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади
 
Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort