Абу Юсуфнинг ширинлик ейиши Принтер учун
14.09.2016 й.

Имом Абу Ҳанифанинг буюк шогирди Абу Юсуф Аббосий халифа Ҳорун ар-Рашийд даврида қозиларнинг энг каттаси бўлган. У биринчи бўлиб "қозийул қузот" (қозиларнинг қозиси) ва "дунё қозиларининг қозиси", деган унвонга мушарраф бўлган. У фақиҳ ва мужтаҳид зотлардан эди.
Абу Юсуф Ёқуб ибн Иброҳим ўзи ҳақида шундай ҳикоя қилади:
Отам вафот этганида кичкина бола эдим. Онам мени бир кир ювувчига ёрдамчи қилиб топширди. Мен эса у ердан Абу Ҳанифанинг дарсларига қочиб бориб, дарсда қатнашар эдим. Онам ортимдан бориб, қўлимдан тутар ва кир ювувчининг олдига олиб бориб қўяр эди. Сўнгра яна онамга қарши бориб, Абу Ҳанифанинг олдига бораверар эдим. Бу иш такрорланавергач онам Абу Ҳанифанинг олдига келиб:
“Бу болани фақат ип йигириб боқаман, ўша топган пулимга олиб едирган таомдан бошқа ҳеч вақоимиз йўқ. Сен унинг тарбиясини бузмоқдасан”, деди.
Абу Ҳанифа унга: “Жим бўлгин, эй аҳмоқ хотин! Ахир тушунсангчи, бу бола ҳозирда илм ўрганмоқда. Ҳали шундай кунлар келадики, боланг подшоҳлар ейдиган феруза тақсимчаларда хандонписта ёғида тайёрланган фалузаж тансиқ ширинлиги ейди”, дедилар.
Онам: “Сен қариб ақлдан озибсан”, деб устозимнинг гапларига ишонмади.

Ниҳоят мен таълим олиб бўлиб, қозилик қила бошлагач Халифа Ҳорун ар-Рашийднинг даврида феруза тақсимчаларда фалузаж келтириб қолишди.
Шунда Халифа менга: “Бу ширинликдан егин! Бу ширинлик бизда доим ҳам тайёрланавермайди”, деди.
Мен: “Бу нима эй мўминлар амири?” деб сўрадим.
У: “Бу фалузаж номли ширинлик”, деган эди, мен кулиб қўйдим.
У: “Нима учун кулиб қўйдинг?” деб сўради.
Мен:  “Аллоҳ мўминлар амирининг умрини зиёда қилсин, ҳеч нарса” дедим.
У: “Йўқ, менга албатта сабабини айтишинг керак”, деди.
Мен унга Абу Ҳанифанинг бир замонлар онамга айтган гапларини ва бўлиб ўтган воқеани ҳикоя қилиб бердим. Шунда Ҳорун ар-Рашид:
“Ҳақиқатда илм, дунё ва охиратда инсонга манфаат бериб, юксак даражаларга кўтаради. Аллоҳ Абу Ҳанифани раҳматига олсин! У киши бошдаги кўз кўра олмайдиган нарсани қалб кўзи билан кўра олар эди”, деди. 
Ибн Касирнинг "ал-Бидоя ван-Ниҳоя" асаридан эркин таржима.
 

 
Манба: islom.uz 
Таржимон: Муҳаммад Юсуф Абдулжалил. 
 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz