ЭР ВА ХОТИННИНГ МЕРОСИ ҲАҚИДА Принтер учун
03.06.2007 й.

Аллоҳ таоло: «Сизларга хотинларингиз қолдирган нарсанинг – агар уларнинг боласи бўлмаса – ярими тегади. Агар уларнинг боласи бўлса, сизга улар қолдирган нарсанинг чораги тегади. Улар қилган васиятни ёки қарзларини адо этгандан сўнг. Уларга сиз қолдирган нарсанинг – агар болангиз бўлмаса – чораги тегади. Агар болангиз бўлса, уларга сиз қолдирган нарсанинг саккиздан бири тегади. Сиз қилган васиятни ёки қарзингизни адо этгандан сўнг», деган.

Шарҳ: Ушбу ояти каримадан қуйидаги ҳукмлар олинади:

1. Хотин вафот этса, боласи бўлмаса, эр мероснинг яримини олади. Хотиннинг боласи шу эриданми ёки аввалги эриданми фарқи йўқ. Умуман боласи бўлмаслиги керак.
2. Хотин вафот этса, боласи бўлса, эрга мероснингг чораги тегади.
3. Эр ўлса, боласи йўқ бўлса, хотинга мероснинг чораги тегади. Бола бу хотинданми, бошқасиданми фарқи йўқ.
4. Эр ўлса, боласи бўлса, хотин мероснинг саккиздан бирини олади.

Ҳамма ҳолатдаги каби маййитнинг қарзи ва васияти адо қилинганидан сўнг, мерос тақсим қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Лаҳёнлик бир аёлнинг тушиб кетган ҳомиласи учун бир қул ёки чўри баҳоси берилишига ҳукм қилдилар. Сўнгра ўша қул ёки чўри баҳосини беришига ҳукм қилинган аёл вафот этди. Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг мероси болаларига ва эрига бўлиши ва дия асабаси зиммасига бўлиши ҳақида ҳукм чиқардилар». Икки Шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳузайл қабиласилик икки аёл бир-бирлари билан уришиб қоладилар. Улардан бири, Умму Афийф бинти Масруж исмли аёл Бани Лаҳёнлик, Малийка бинти Уваймир исмли аёлни тош билан уради. Малийка ҳомиладор эди, уруш оқибатида, унинг ҳомиласи ўлик ҳолда тушиб кетади. Бу масала Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинганида, тушиб кетган ҳомиланинг тўловига бир қул ёки чўрининг нархи берилиши ҳақида ҳукм қиладилар.
Ўшанда оқ танли қул ёки чўрининг нархига ҳукм қилинган экан. Дия - тўлов тўлаш лозим бўлганлар, бу бизда йўқ, дейишганда, ўнта туя берасизлар, деган эканлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Улар бунга ҳам имконимиз йўқ, дейишганда, бир юз йигирмата қўй берасизлар, деган эканлар.
Кейин жиноятчи аёл ўлганда унинг мероси болаларига ва эрига бўлиши, дия-хун тўловни эса ота томониданги қариндошлар-асабалар тўлаши ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукм чиқарган эканлар.
Чунки, у аёл тош билан ҳомиладаги болани ўлдириш учун урмаган эди. Бировни хато йўл билан ўлдириб қўйганда, хун тўловини, асабалар тўлайдилар.
Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақли бўладилар. Яъни, тириклик чоғида қариндошларининг оғир ҳолида ёнига кирганлари ёки киришга тайёр турганлари учун, у ўлгандан кейин қолган меросдан олишга ҳақли бўлганлар.
Бу ҳадисни ушбу фаслда келтиришдан асосий мақсад эса, ўлган аёлнинг меросидан эрига бериш ҳақида ҳукм қилинганлик тўғрисидаги гапдир.

Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар: «Дия – хун тўлови «Оқила»гадир. Хотин ўз эрининг дияси – хунидан ҳеч нарса олмайди», дер эди.
Ҳаттоки, унга Заҳҳоқ ибн Суфён: «Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ашям аз-Зибобийнинг хотинига эрининг дия – хун тўловидан мерос бер, деб ёздилар», деганидан кейин Умар розияллоҳу анҳу (ўз гапидан) қайтди
». Сунан эгалари саҳиҳ санад ила ривоят қилган.
Шарҳ: «Оқила» асаба деганидир. Яъни, ота томонидан бўлган эркак қариндошлар. Бировни хато йўл билан ўлдириб қўйган одамнинг оқила – асабалари хун тўлайдилар. Ана шу эътибордан Умар розияллоҳу анҳу ўз ижтиҳодлари билан ўлдирилган қариндош учун олинган дия – хун пулини ўша оқила – асабалар олади, хотиннинг ҳақи йўқ, чунки, у хун тўлашда иштирок этмайди, деб юрар эдилар.
Лекин, Заҳҳок ибн Суфён розияллоҳу анҳу бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳукм қилганларини айтганлар.
Заҳҳок розияллоҳу анҳу паҳлавон киши бўлиб юзта отлиққа тенг кўрилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларида қилич ушлаб қўриқчилик қилар эдилар. Кейинчалик, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини ўз қавмига волий қилиб юборган эдилар.
Ашям аз-Зибобий розияллоҳу анҳу ҳам саҳобалардан бўлиб, хато туфайли ўлдирилган эдилар. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Заҳҳок ибн Суфён розияллоҳу анҳуга мактуб юбориб, Ашям аз-Зибобийнинг хотинига унинг дияси – хун пулидан мерос бер, деган эдилар.
Заҳҳок розияллоҳу анҳу шу ҳақида ахборот берганларидан кейин Умар розияллоҳу анҳу ўз ижтиҳодлари хато эканлигини тушунганлар ва айтиб юрган гапларидан қайтганлар.
Хотин киши ўз эрининг хун пулидан мерос олиши ҳақида ҳукм қилганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz